Ўзбекистон минтақа таълим хабига айлана оладими?

Дунё цивилизацияси ўтмишига назар солсак, Шарқда илм-фан бир

пайтлари ўзининг юксак чўққисига чиққанига гувоҳ бўламиз. Хусусан, ислом дини ривожланган мамлакатлар олимлари тамаддун бешигини тебратиб, жуда кўп кашфиётларни башарият учун тақдим қилгани айни ҳақиқат.

Шубҳасиз, уларнинг орасида буюк бобокалонларимиз муносиб ўринларига эга. Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби кўплаб мутафаккирларимизнинг изланишлари, ихтироларидан Ғарб дунёси ҳозир ҳам ўз тараққиёти йўлида фойдаланиб келинаётганидан ҳамон фахрланамиз.

Энди фақат мақтаниб юриш билан чекланиб қолишнинг даври ўтди. Аксинча, тарихдан ғурурланиш ҳиссини бугун ва келажак учун бевосита кўчириш палласи келди. Зеро, юртимизда сўнгги йилларда таълим соҳасидаги ислоҳотлар курси мутлақо ўзгаргани ана шундай дейишимиз учун тўла асос беради. Буларнинг самарасини, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, вақт ўтиб, болаларимиз ҳам Улуғбек, Ибн Сино, Беруний бўлганида кўрамиз. Биз бунга албатта ишонамиз.

4

Нега машъала Ғарбга топшириб қўйилди?

Аввало, бу йўлда ўзимизга-ўзимиз бир савол беришимиз керак: хўш, нима учун бугун Машриқ оламининг асосий қисми пешқадамлик машъаласини илғор Ғарбга топшириб қўйди, жуда кўп соҳаларда у тарафлардан анча орқада қолмоқда?

Жавоб оддий. Муаммо — илм-фан тараққиёти ва таълимга бўлган эътиборнинг сустлигида. Келинг, фикримизни аниқ рақамлар асосида тушунтириб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардаги ҳолатни олиб кўрайлик. Бу мамлакатларда илм-фанга ажратиладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши жуда паст. Агар бу кўрсаткич ривожланган давлатларда 5 фоизгачани ташкил этса, унинг ИҲТ миқёсидаги умумий миқдорда 1 фоизга ҳам етмас экан.

Шундай бўлгандан кейин, илм-фанга эътибор ўзининг ёрқин натижаларини биринчи навбатда ана ўша илғор мамлакатларда беради-да. Дунёда нуфузи бўйича юқори ўринда турадиган Нобель мукофотига сазовор бўлганлар орасида ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари бармоқ билан санарли эканлигидан ажабланмаса ҳам бўлади. Физика, кимё йўналишларида эса бир ёки иккита ғолибни топиш мумкин, холос. Ҳатто тиббиёт соҳасида жаҳон илм-фанига тамал тошини қўйган Абу Али ибн Синолар етишган юртлардан бирорта ҳам совриндор чиқмаган.

БМТ тадқиқотларига қараганда, таълим даражаси индекси бўйича рейтингда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида  Қозоғистондан ташқари бирортаси ҳам «Топ-50″таликка кирган эмас.

Бундай паст натижаларнинг сабаби нимада? Чунки буни иқтисодий тил билан тушунтирганда, ушбу давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам узоқ йиллар давомида «билим» ишлаб чиқарилмади. Бугунги пандемия шароитида бунинг оқибатлари яққол сезилмоқда.

Яна бир далил. Замонавий дунёда маълум бир мамлакатда илм-фан қанчалик ривожланганлигини ундан экспорт қилинадиган юқори технология воситалари сонидан ҳам билиб олиш мумкин. Масалан, Покистоннинг бир йиллик экспорт товарларидан фақатгина 1 фоизини юқори технологиялар ташкил қилади. Саудия Арабистони, Марокаш, Кувайт, Жазоирда вазият янада ачинарли. Уларда бу бор-йўғи 0,3 фоизга тенг. Ваҳолонки, Шарқнинг энг митти бўлаги — Сингапурда мазкур кўрсаткич 58 фоизга тенг.

Хулоса аниқ: Машриқ оламининг аксарият вакиллари илм-фанни амалда деярли самарали қўллай олмаяпти. Келажак эса билимни чуқур эгаллаган жамиятларга тегишли бўлади.

Таълим — бу бизнесми ёки…

Бунинг яна бир жиҳати бор. Яъни кўпгина илғор мамлакатларда таълим аллақачон бизнесга айланган. Ва ушбу соҳада кучли рақобат муҳити ҳукмрон.

Бинобарин, Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда таълим тизимига нодавлат ва хусусий секторнинг кириб келаётгани ижобий ҳолат. Бу энди давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасидаги ижобий маънодаги ўзаро рақобатни таъминлайди. Зеро, тизимда бозор қонунлари ишлай бошлайди. Бозор қонунлари эса, маъмурий ва мажбурий бошқарувга бўйсунмайди ва жуда шафқатсиз. Унда натижа муҳим ҳисобланади. Натижа қачонки рақобатбардош маҳсулот яратилсагина, кутилгандек юқори бўлади. Таълим хизматлари бозорида буни фақат малакали кадрлар тайёрлаш билан амалга ошириш мумкин.

Маълумки, таълим хизматлари бозорининг маҳсулоти инсон капитали ҳисобланади. Юқори интеллектуал салоҳиятга эга инсон капитали замонавий иқтисодиётда тобора қадр-қиммати, жойи келса айтиш мумкинки, қиймати (иш ҳақи) ошаётган ресурсдир. Шунинг учун ҳам, таълим бизнеси бу мавсумий характер касб этадиган эмас, балки борган сари ривожланиб борадиган фаолият тури ҳисобланади. Ўзбекистон шароитида бу борада ҳар томонлама пухта ўйланган ёндашув зарур, яъни «сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик» жуда муҳим ҳисобланади.

Зеро, юртимизда аҳолининг 12 — 15 фоизи камбағаллик шароитда кун кечираётган ҳозирги кунда таълим ислоҳотларида ижтимоий ҳимоя масаласига ҳам устуворлик берилиши керак, албатта.

Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларда бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда. У нималарда кўзга ташланмоқда?

Аввало, янгича мазмун ва шаклда очилаётган Президент ва Ижод мактаблари давлат бюджетидан молиялаштирилади ва у ерда ўқиш бепул. Қобилиятли ўқувчиларни саралаб олишнинг очиқ ва ошкора механизмлари асосида ўқишга қабул қилинган ўғил-қизлар турли ижтимоий қатлам вакиллари фарзандларидир.

Бундай ёндашув олий таълимда ҳам акс этмоқда. Зотан, давлат раҳбари ҳам парламентга мурожаатномасида “Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз. Бу борада шуни унутмаслик керакки, олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарур. Шуни ҳисобга олиб, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтирамиз… Қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади…” дея алоҳида таъкидлаб ўтган. Шунингдек қонунчиликка мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасалари талабаларини ижтимоий муҳофаза қилиш доирасида талабага энг кам иш ҳақининг олти баробаригача бир йўла моддий ёрдам ва базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бир марталик рағбатлантириш чоралари жорий этилганлигини келтириб ўтиш мумкин.

Шуларнинг ўзиёқ таълимдаги ислоҳотлар чуқур ўйланган ҳолда жадал олиб борилаётганини англатади. Кейинги йилларда олий таълим муассасалари сони бир нечтага ошгани ҳам бунинг яна бир тасдиғидир. Бу яқин ўтмиш билан солиштирилганда, жуда катта кўрсаткич.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сўнгги тўрт йилда 43 та янги олий таълим муассасаси очилиб, уларнинг жами сони 121 тани ташкил этмоқда. Айни пайтгача юртимизда янги очилган олий таълим муассасаларининг 14 таси хорижий ОТМлар эканлиги диққатга сазовордир. Латвия Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги, Пучон, Аджу, Амити, Шарда, Вебстер университетларининг Тошкент шаҳридаги, Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университетининг Самарқанд шаҳридаги филиаллари шулар жумласидандир. Бу эса Ўзбекистоннинг таълим соҳасида Марказий Осиёнинг хабига айлантириш йўлидаги дастлабки қадамлардир.

Сон кўпайса, сифатга қандай таъсир қилади?

Юртимизда хорижий ОТМлар сонининг кўпайиши бир томондан яхши. Бу ўзаро соғлом рақобатни кучайтиради, илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириш имкониятини беради. Иккинчи томондан соҳа мутасаддилари олдига яна қатор жиддий вазифаларни қўяди.

Олий таълим билан қамров даражасини босқичма-босқич ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқув юкламаларини оптималлаштириш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, ОТМларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш шулар жумласидандир.

Ўз навбатида таълимда хусусий секторнинг ролини ошириш, таълимни коррупциядан холи соҳага айлантириш, нуфузли чет эл олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорликни кучайтириш, таълим сифатини ошириш, ўқув адабиётлари ва дарсликларни такомиллаштириш кун тартибидаги масалалар ҳисобланади.

Энг асосийси эса — тизимда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар замонавий таълимга қўйиладиган талабларга жавоб бера олиши шарт. Айнан педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимининг жорий этилгани бу борада муҳим ҳисобланади. Бу ишларни амалга ошириш, аввало, тизимдаги раҳбарлардан замонавий фикрлашни ва хориж амалиётини яхши билишни талаб қилади. «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан олимлар, профессор-ўқитувчиларни чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юбориш амалиёти йўлга қўйилгани айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Коррупция — таълимнинг энг катта душмани

Таассуфки, таълим соҳасидаги коррупция ҳолатларининг учраб турганлиги миллат тараққиётига путур етказмоқда. Бундай балои қазолар давлатнинг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий ва ҳатто гуманитар ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, шунингдек унинг халқаро майдондаги имиджига қора доғ туширади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлишига олиб келади.

Давлат раҳбари томонидан айнан мана шу ҳақиқатлар очиқ-ойдин айтилган ҳолда, сўнгги йилларда таълимни коррупциясиз соҳага айлантириш вазифаси қатъий тарзда кун тартибига қўйилди. Бугунги кунга келиб олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари шаффофлаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Ўз кучига, билимига ишонган ёшлар учун турли имтиёзлар бериляпти. Дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемияси шароитига қарамай жорий йилда тест синови жараёнларини шаффоф ва карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиб, стадионларда видеокамералар билан жиҳозланган ҳолда уюшқоқлик билан ўтказилаётгани бунга мисол бўла олади. Албатта, ҳали бу борада қилинадиган ишлар кўп, камчиликлар кўзга ташланмоқда.

Жумладан, олий таълимни курмаклардан тозалаш ҳамон долзарб бўлиб турибди. Бу бўйича нохуш ҳолатларнинг мавжудлиги ОАВда рўй-рост айтилмоқда. Бу каби манзара ҳали тизимда коррупцияни бартараф этиш учун кўп ишлар қилиниши кераклигини кўрсатиб турибди. Аммо, энг муҳими, ана шу нуқсонларни бартараф этиш йўлидаги амалий қадамларни қатъий ташлаш учун барча шароитлар яратиб берилди. Президентнинг 2019 йил октябрь ойидаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал ҳисобланади.

Рейтинглар сари қадамлар

Ушбу Концепцияда мамлакатимиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи «Топ-1000» талигига киритиш вазифаси белгилаб берилган. Бунинг замирида эса олий таълим тизимини ислоҳ этиш, навқирон авлоднинг сифатли билим олиши учун барча шароитларни яратиш, глобал рақобат бозорига чиқиш, профессор-ўқитувчилар зиммасидаги шарафли масъулиятни янада кучайтиришдек муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.

Бундай вазифаларнинг қўйилиши бекорга эмас. Очиғини тан олиш керак, бугун мамлакатимиздаги бирорта олий ўқув юрти жаҳоннинг ривожланган мингта университети рўйхатидан жой эгалламаган. Ушбу муаммоли ҳолатга эса нафақат соҳадан келиб чиқиб, балки тизимли баҳо бериш керак.

Албатта, қисқа вақт ичида айрим натижаларга эришилди. Масалан, дунё университетларининг 2016 йил БМТ томонидан қабул қилинган барқарор ривожланиш мақсадлари нуқтаи назаридан ўз мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссасини баҳолаш бўйича рейтингда Ўзбекистон Миллий университети «Таълим сифати», «Иқлим ўзгаришига қарши кураш», «Гендер тенглиги», «Камбағалликни бартараф этиш» каби кўрсаткичларда яхши кўрсаткичларга эришди.

Ўз навбатида бу йўлда таълим тизимни янада очиқлаштириш, олий таълим муассасаларининг мустақиллигини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ҳамон долзарб бўлиб турибди. Бинобарин, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 35 та ОТМ ва улар филиалларининг халқаро андозаларга асосланган кредит-модуль тизимига ўтказилмоқда

Маҳлиё бўлиш вақти ўтди

Мухтасар айтганда, замонавий, инновацион, шаффоф ва энг асосийси коррупциясиз олий таълим — фаровон турмушни таъминлаб берадиган муҳим бўғин деганидир. Аслида эса бу биргина таълим тизимига тааллуқли бўлмасдан, балки жамиятнинг барча жабҳаларига бирдек дахлдордир.

Пандемияга қарамай ёшларимизда билим олишга бўлган чанқоқлик бугунги тест синовлари даврида ҳам яққол сезилиб турибди. Буни ОТМга ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1,4 миллиондан ошиб кетгани ҳам тасдиқлайди. Шундай экан, ёшлар, айниқса, уларнинг ота-оналарига ҳалол бўлишлари, ўқишга кириш учун энг асосий восита билим эканини яна бир бор чуқур англашлари зарур. Зеро, ҳар қандай кўринишидаги коррупция жамиятни, шунингдек, давомчиларимиз бўлган ёш авлоднинг келажагига болта уришдир!

Қувонарлиси, Ўзбекистонда мана шундай иллатларни бартараф этиш йўлидаги қатъий ислоҳотлар биринчи навбатда ахборот ва рақамли технологиялар, инновацияларга асосланиб олиб бориляпти. Бу эса тараққиётнинг биринчи шартидир. Боз устига, дунёда воқеалар ривожи навбатдаги уйғониш даври Шарқдан бошланишидан далолат беряпти. Қадимдан илм-фан, маданият бешиги бўлган Марказий Осиёнинг уриб турган юраги бўлмиш Ўзбекистон эса ана шу ривожланиш марказига айланиши мумкин. Бунинг учун эришган ютуқларимизга маҳлиё бўлмай, олға қадам босишда давом этишимиз шарт.

 

Шуҳрат ТОШМАТОВ,

Ўзбекистон Миллий университетининг

Ўқув ишлари бўйича проректори

“Халқ сўзи” газетасининг 2020 йил 22 сентябрь сонидан олинди.

You may also like...

1 Response

  1. В нынешнее неспокойное время, Данная статья для меня, как глоток чистого воздуха. Пребольшое спасибо. Пожелаю Вам процветания.

Добавить комментарий для Наталья Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>