“Ўзбекистон мўъжизаси”

Украинанинг “112.ua” ахборот агентлиги веб-сайтида халқаро

муносабатлар бўйича сиёсатшунос Георгий Кухалейшвилининг Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни ва уларнинг натижаларига бағишланган таҳлилий мақоласи эълон қилинди. Эътиборингизга ушбу мақоладаги энг муҳим жиҳатларни шарҳлаб берамиз.

00:31 25 Апрель 2020 Сиёсат

Янги давр

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон халқаро матбуот ва экспертлар диққат марказидаги мавзулардан бирига айланди. 2016 йили илгари Бош вазир сифатида фаолият кўрсатган Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти лавозимига сайлангач қисқа вақт ичида ўзини самарали менежер ва ислоҳотчи сифатида кўрсата олди.

2016 йилдан сўнг бошланган ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон сиёсий тизими жиддий эволюцияга юз тутди. Мамлакатда болалар ва мажбурий меҳнатга тақиқ белгиланди. Сиёсий сабаблар туфайли қамалган кўплаб шахсларга озодликка чиқарилди. Очиқлик сиёсати бошланиб, мустақил экспертлар ва оммавий ахборот воситалари пайдо бўлдики, натижада илгари кўтарилиши мумкин бўлмаган кўплаб мавзулар кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилина бошланди. Президент Мирзиёев ташаббуси билан Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, ҳар қандай фуқаро ўзининг муаммолари ҳақида давлат органларига хабар бериши ва зарур ёрдам олиши мумкин. Давлат раҳбари коррупция ва унинг мамлакат тараққиётига салбий таъсири ҳақида очиқ гапириб келмоқда. Унинг ташаббуси билан 2017 йили “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва тегишли Давлат дастури қабул қилинди. Давлат органлари фаолияти самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Янги иқтисодий тараққиёт

Ўзбекистонда иқтисодий соҳада том маънодаги фундаментал ўзгаришлар юз бермоқда. Айниқса, Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида халқаро экспертлар иштирокида амалга оширилган республика солиқ тизими ислоҳоти катта аҳамият касб этди. Ушбу ислоҳотларга қадар Ўзбекистонда корхоналарга катта солиқ юки мавжуд бўлиб, уларни солиққа тортиш мураккаб қоидаларга асосланган эди. Фуқаролар кўплаб солиқлар тўлашга мажбур эдилар, масалан: 7,5 дан 22,5 фоизгача бўлган ва ҳар бир шахс учун алоҳида ҳисобланадиган даромад солиғи, Пенсия жамғармасига 8 фоизлик тўловлар, корхона миқёсидан келиб чиққан ҳолда 15 дан 25 фоизгача ягона ижтимоий тўлов сингари.

Солиқ ислоҳоти натижасида жисмоний шахслар даромадлари учун ягона солиқ ставкаси жорий қилинди. Юридик шахслар оладиган фойда учун солиқ 14 дан 12 фоизга, банклар учун — 22 дан 20 фоизга камайтирилди. Кичик бизнес, жумладан, савдо нуқталари эгалари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди. Мутахассисларнинг қайд этишича, амалга оширилган солиқ ислоҳоти Ўзбекистонда аҳоли даромадлари ортишига хизмат қилиши кутилаётир.

Республикада бизнес юритиш учун яратилган шароитларни юқори баҳолаш мумкин. Хусусан, мамлакатнинг турли ҳудудларида йигирмадан ортиқ махсус иқтисодий зоналар ташкил этилиб, уларда хорижий инвесторларга қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиляпти. Экспорт билан шуғулланадиган корхоналарга савдо ҳажмидан келиб чиққан ҳолда солиқ ставкаси камайтирилди. Янги ташкил этилган корхоналар юридик шахслар мол-мулк солиғидан икки йилгача озод этилмоқда. Инвесторлар олиб кириладиган мол-мулк учун божхона божидан озод қилинган. Электрон товарлар, қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда уч йилдан етти йилга қадар солиқларнинг бир қисмидан озод қилинадилар.

Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистонда валюта тизимининг эркинлаштирилиши мамлакатнинг муҳим тарихий ютуқларидан бири бўлди. Президент ташаббуси билан нафақат миллий валютага нисбатан чекловлар бартараф этилди, балки экспорт билан шуғулланадиган корхоналарнинг валютада оладиган даромадини мажбурий сотиш амалиёти ҳам бекор қилинди.

Президент давлат корхоналарини хусусийлаштиришни устувор масала сифатида белгилаб берган. Мингдан ортиқ давлат корхоналарини хусусий мулкдорларга сотиш режалаштирилмоқда. 2020 йил январь-февраль ойларининг ўзида 148 та давлат активлари 6,8 миллион долларга, 37,73 миллион доллар инвестиция киритиш ва мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш шарти билан хусусийлаштирилгани бу борадаги ишлар катта кўламга эгалигидан далолат беради. 69 та компанияда давлат улуши камайтирилмоқда, улар орасида Навоий ва Олмалиқ шаҳарларидаги тоғ-металлургия комбинатлари, “Ўзбектелеком”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзметкомбинат” ва бошқалар бор. Президент қарори билан “Ўзагроэкспорт” компаниясининг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишга монополияси бекор қилинди. Натижада ҳар қандай қишлоқ хўжалиги корхонаси ўз маҳсулотини чет элга сотиш имкониятини қўлга киритди.

Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари туфайли республикадаги сармоявий муҳит яхшиланди. 2016 — 2019 йиллар мобайнида хорижий инвестициялар оқими 1,7 дан 4,2 миллиард долларга ортди. Ўтган йили уч мингдан ортиқ инвестиция лойиҳалари Хитой, Жанубий Корея, Россия ва бошқа давлатлар инвесторлари иштирокида амалга оширилиши бошланди.

Геосиёсий омил

Марказий Осиё ва Ўрта Шарқни боғлайдиган йўллар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ташқи сиёсати Шавкат Мирзиёев Президентлиги даврида Россия ва Ғарб ўртасидаги “тартибсиз ҳаракатланишлар”дан турли куч марказлари билан прагматик изчил ҳамкорликка ўтди. Президент қўшни давлатлар билан муносабатларни йўлга қўйди, Тожикистон билан Роғун гидроэлектростанцияси туфайли мавжуд келишмовчиликка чек қўйди. Ислоҳотлар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларга замин яратди. Республика Хитой томонидан амалга оширилаётган “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида ҳам шерик сифатида иштирок этмоқда. Кўплаб давлатлар фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари учун виза тартиби бекор қилинди.

Хулоса ўрнида

Амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ нуфузли “The Economist” Ўзбекистонни иқтисодиётни либераллаштириш ва сиёсий ўзгаришлар жиҳатидан 2019 йилда “Йил мамлакати” сифатида эътироф этди. Ислоҳотлар динамикаси, миллий тараққиёт ва инвестицияларни жалб қилиш борасида Ўзбекистон иккинчи Қатарга айланмоқда.

Анвар МИРЗАЕВ

(“Халқ сўзи”) тайёрлади.

http://xs.uz/uzkr/post/ozbekiston-mozhizasi

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>