Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА УНИ БИТИРИБ, ЮКСАК ЮТУҚЛАРГА ЭРИШГАН

НОМДОР ШАХСЛАРНИНГ ҲОМИЙЛИК ХАЙРИЯ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИГА ШАКЛЛАНТИРИЛАДИГАН БИТИРУВЧИЛАР ЖАМҒАРМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармониижросини таъминлаш ҳамда таълим муассасаларига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар, иқтидорли ўқувчи ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш, битирувчилар ва таълим муассасалари ўртасида фаол алоқаларни ўрнатиш орқали таълим соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармаси ташкил этилсин.
2. Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармаси тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 17 апрель,
321-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 321-сон қарорига
ИЛОВА
Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига битирувчилар жамғармаларини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этиш, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитаси тасарруфидаги таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Жамғарма ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар давлат, нодавлат таълим муассасаларида ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган хорижий таълим муассасаларининг филиалларида таълим муассасалари раҳбарларининг тегишли буйруғига мувофиқ ташкил этилиши мумкин.
Таълим муассасаларида жамғарманинг ташкил этилиши мажбурий эмас.
3. Жамғарма маблағларини шакллантиришда ҳомийлик хайриялари орқали иштирок этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мазкур Жамғарма фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.
4. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари таълим муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида (ғазна ижроси билан қамраб олинмаган таълим муассасаларида уларнинг махсус ҳисоб рақамларида) жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
5. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган номдор битирувчиларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;
Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағларини банк депозит ҳисобварақларига жойлаштирилишидан олинган фоиз даромадлари.
6. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларни молиялаштиришга йўналтирилади:
иқтидорли, билимли ўқувчи ва талабаларнинг ўз билимларини янада мустаҳкамлашлари учун зарур бўладиган ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозларни харид қилиш;
иқтидорли, билимли ўқувчи ва талабаларнинг ўз устида ишлашлари ва билимларини мунтазам ривожлантиришга интилишларини моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
ўқувчи ва талабаларнинг туманлар, вилоятлар, республика ва халқаро миқёсида ўтказиладиган (билимлар соҳаси, спорт, маънавий-маърифий ва бошқа тадбирлар) турли мусобақаларда фаол иштирокини таъминлаш;
кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи ўқувчи ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш;
профессор-ўқитувчилар ва ходимлар меҳнатини рағбатлантириш;
ижтимоий фаол ва таълим муассасасида кўп йиллар мобайнида меҳнат қилган профессор-ўқитувчилар ва ходимларни моддий рағбатлантириш;
таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан бино ва иншоотларни таъмирлаш, зарур замонавий ўқув ва илмий-лаборатория ускуналари, мебеллар, инвентарлар ҳамда ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозлаш ва бошқа товар-моддий бойликларини харид қилиш;
фаол ўқувчи ва талабалар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини ҳамда уларнинг устоз ва мураббийларини тақдирлаш ва рағбатлантириш;
Жамғарма маблағларини ушбу бандда назарда тутилмаган мақсадларга йўналтиришга йўл қўйилмайди.
7. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш таълим муассасалари томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.
8. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига зарурат бўлганда, йил давомида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш
9. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш таълим муассасалари раҳбарлари раислик қилувчи Жамғармани бошқариш кенгашлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида Кузатув кенгашлари (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан амалга оширилади.
10. Кенгаш 7 — 9 нафар таркибда шакллантирилади ва таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади. Кенгаш таркибига таълим муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари, ўқувчи ва талабалар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари ҳамда мазкур таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган номдор битирувчилар киритилади.
11. Кенгаш мажлиси аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Қарор қабул қилишда овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Кенгаш раиси томонидан ҳал қилувчи қарор қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда таълим муассасаларининг баённома асосида қабул қилинган буйруғи билан амалга оширилади.
12. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда камида бир маротаба, зарурат бўлганда навбатдан ташқари чақирилади.
13. Кенгаш:
Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилайди;
ҳар чорак якуни ва ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
14. Жамғарма фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унга таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган битирувчиларнинг ҳомийлик маблағларини жалб этиш таълим муассасаси номидан амалга оширилади.
15. Таълим муассасасининг молия-ҳисоб бўлинмаси Жамғарманинг ишчи органи (кейинги ўринларда Ишчи орган деб аталади) ҳисобланади ва Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатлар Ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.
16. Ишчи орган:
Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тузади, шунингдек уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади ва тасдиқлаш учун тақдим этади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисоб ва ҳисоботини юритади;
ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.
17. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва тасдиқланади.
18. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва бошқа мақсадлар учун олиб қўйилмайди.
19. Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағлари таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг молиявий барқарор ва тўлов қобилияти юқори бўлган банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин ҳамда олинган фоиз даромадлари ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфланади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисобот ва назорат
20. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида, бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади.
21. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот таълим муассасасининг йил якунлари бўйича ўтказиладиган йиғилишида Кенгаш аъзолари иштирокида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
22. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (иш ва хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари таълим муассасасининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий-веб сайтларида эълон қилинади.
23. Ишчи орган Жамғарма маблағларининг қонунийлиги ва мақсадли йўналтирилиши, шунингдек Жамғарма фаолияти бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлари ташкил этилиши учун жавоб беради.
24. Давлат таълим муассасаларида Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
5-боб. Якуний қоидалар
25. Жамғармани қайта ташкил этиш ва уни тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
26. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
27. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.04.2019 й., 09/19/321/2952-сон)
http://www.lex.uz/docs/4290661

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>