Ўзбек тили – миллий қадриятларимиз гултожи

Тарих зарварақларида зарҳал битиклар жуда кўп.

Шундай битиклардан бири – 21 октябрь, яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кундир. Ҳар йили шу куни Тил байрами ўтказиш ўзига хос анъанага айланган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабалари истиқомат қилишаётган 9-Талабалар турар-жойида “Ўзбек тили – миллий қадриятларимиз гултожи” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Факультет деканининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳикмат Полвонов буюк тарихимизни, шу соҳага оид фанларни пухта ўрганишда она тилимиз қанчалик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

тар1 тар2 тар3 тар4

Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек ҳар бир талаба келгусида ўқимишли инсон бўлиши зарурлиги ҳақида сўз юритди. Яъни, ўқимишли инсон айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Ўқимасдан гапирган одам хатоликка йўл қўйиши кўп кузатилган. Маълумки, ҳар бир фикр ёки сўзнинг қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Маънавият бобида сўз юритганда ҳам аввало унинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказишини маърузачи қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик сўзларнинг ҳам мазмун-моҳиятини тушуниб олиш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилиб турган зиёли ютқазмайди.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир. Суҳбат асносида маърузачи сўнгги пайтларда “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзи кимсалар “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини, ваҳоланки, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилганини изоҳлаб берди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг яқинда нашр этилган “Сўз латофати” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.

Маърузачи, халқнинг жонли сўзлашув тили – шеваларнинг адабий тилимизни бойитиб боришдаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, улар орасидаги айрим кулгили эшитиладиган, мантиқсиз, моҳияти ўзгача сўзларга барҳам бериш ҳамда ёшларни тўғри гапиришга ўргатиш ғоят муҳимлигини қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди.

Бўлғуси тарихчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 Насиба Нарзуллаева,

Тарих факультети талабаси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *