Ўзбек ёзувининг шаклланиш тарихи

Сайтимизга хат келди: тарих зарварақларида ижод (журналистика!) пойдевори

Ўрта Осиёдаги халқлар, шу жумладан ўзбек халқи жуда қадим ёзув маданиятига эга халқлардан биридирлар. Улар ўтмишда турли ёзувлардан фойдаланиб келганлар. Бу ёзувлар ўз тизимига кўра, асосан фонографик-ҳарф-товуш ёзувлардан иборат бўлган. Бунда сўғд, паҳлавий, урхун-энасой (руник), уйғур, араб ёзувлари аҳамиятли. Юқоридаги ёзувлар деярли оромий ёзуви билан боғлиқ ҳолда шаклланган.

Оромий ёзуви. Қадимий финикий (сом) ёзуви асосида пайдо бўлган консонант (ундош) деб аталувчи ёзувдир. Бу ёзув милоддан аввалги. 1-минг йиллик бошларида пайдо бўлган. Кўчманчи асли арабистонлик сом қабилаларига мансуб оромийлар мил.ав. ХIV-XI асрларда Ғарбий Осиё ерларига келиб ўрнашган, оромийлар мил.ав. 1-минг йиллик бошида Финикия (ҳозирги Суриянинг бир қисми) да Финикия ёзуви билан танишадилар ва уни ўзларига — оромий тилига мослаштирадилар. Дастлаб оромий ёзуви финикий ёзувидан фарк килмаган. Мил.ав. 1-минг йиллик ўрталарида улар финикий ёзувига айрим ўзгаришлар киритишади, яьни, кўплаб ҳарфларнинг шаклларини соддалаштирганлар. Оромий ёзуви тез ва кўп ёзиш заруриятидан, яъни савдо-сотиқ ва маьмурий- хўжалик ишларида кенг қўлланилиши учун зарур бўлган. Оромий ёзуви 22 та ундош ҳарфдан ташкил топган. Оромий ёзувида сўзлар тик чизиқ ёки нуқта билан ажратиб ёзилган. Кейинчалик сўзлар уларнинг ўртасида бўш жой қолдириш билан ажратилган. Ғарбий Осиёда оромий тили ва ёзуви мил.ав. VIII асрдан халқаро тил ва ёзув даражасига эришган. Аста-секин бу ёзуви араблар, форслар, уйгурлар ва бошқа халқлар ўзлаштириб, ўз тилларига мослаштиришган.

Милоддан аввалги IV асрда оромийлар ва арабларнинг ассимиляция бўлиши, кейинги асрларда араб тили ва ислом динининг ҳукмрон мавқеини эгаллаши натижасида оромий ёзуви муомаладан йўқолган. Оромий ёзуви битилган энг қадимий битиклар мил.ав. IX-VIII асрларга оиддир. Мил.ав. II-I асрлардан милодий VIII-аср ўрталаригача қадимий Хоразм давлати тилида (хоразмий тилида) оромий алифбоси асосидаги ёзувдан фойдаланилган. Тупроққалъадан топилган Хоразм архивига оид ҳужжат шундан далолат беради.

 Суғд ёзуви оромий асосида шаклланган ҳарф-товуш ёзувидир. Бу ёзув қарийб минг йил давомида ҳозирги Ўзбекистон ва қисман Тожикистон ерларида (Зарафшон водийси) жойлашган қадимий Суғдиёнада қўлланилган. Суғд ёзувининг милодимиз бошларига оид энг қадимий намунаси Ўзбекистонда Самарқанд яқинидаги Талибарзу тепалигидан топилган. Энг кейингилари эса VIII асрга оид бўлиб, 1933-йилда Тожикистондаги Муғ қалъаси харобасидан топилган Панжакент ҳокими Диваштич архивининг қолдиқларидан иборат. Ҳужжатларнинг аксар қисми чарм, қоғоз, тахтачаларга суғд ёзувида, туркий тилда битилган.

Суғд ёзуви сомий алифболар каби консонант ёзув бўлган, яни ҳарфлар, асосан, ундош товушларни ифода этган. VII-VIII асрларда суғдлар ўз алифболарини 23 ҳарфдан иборат деб белгилаганлар, бу ҳарфлар оромий алифбосидаги тартибда жойлашган. Битта қўшимча 23-ҳарф эса 12-ҳарфнинг такроридан иборат бўлган. IV асрнинг бошларидан айрим ҳарфлар алифбодан чиқиб кетган, айрим ҳарфлар эса бир-бирига ўхшаш шаклда ёзила бориши натижасида бир ҳарфга келиб қолган. Ана шу тариқа суғд алифбоси 17 ҳарфдан иборат бўлиб қолган. Суғд ёзуви дастлабки пайтларда график шаклига кўра, оромий ёзувидан жуда кам фарқ қилган. VII асрнинг ўрталарида эса ёзма хат шакллана борган, натижада қўшиб ёзиш шакллари кўпайган. Кўп ҳарфларнинг ёзилиши бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб қолганидан суғд ёзма хатини ўқиш ва тушуниш қийинлашган. Айрим ҳарфлар график шаклининг ўхшаш бўлиб қолиши турли диакритик белгилар қўллашни тақазо этган.

Суғд ёзувида “б” ва “г” товушлари учун алоҳида ҳарф бўлмаган, бу товушларни ифодалаш зарур бўлганда (ўзлашган сўзларда) <п> ва <к> товушларидан фойдаланилган. Суғд ёзуви, асосан, горизонтал ҳолатда ўнгдан чапга қараб ёзилган. Аммо суғдлар VI асрнинг охирларидан вертикал йўналишда ҳам ёзганлар (Буғут ёдгорлигида топилган). Бино деворлари ва қоятошларда сақланиб қолган суғд ёзувлари шу йўналишда ёзилган. Бундай вертикал сатрлар чапдан ўнгга қараб жойлашиб борган.

Паҳлавий ёзуви оромий ёзув кўринишларидан бири асосида (милодий III-асрда) Сосонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида пайдо бўлган ҳарф-товуш ёзувидир. Дастлаб паҳлавий алифбоси 22 ҳарфдан иборат бўлган. Кейинчалик айрим ҳарфларнинг ёзилиш шаклларида содир бўлган ўзгаришларга кўра фақат 15 та белги фарқланадиган бўлган. Ёзув асосан ўнгдан чапга қараб ёзилган. Фақат нисбатан кейинги ёзма ёдгорликлар (VIII аср)нинг айримларида вертикал-юқоридан пастга қараб ёзиладиган ҳолатлар ҳам кузатилади. Ушбу ёзувнинг бир кўриниши (моний ёзув тизими) туркий халқлар ёзувининг шаклланишига маълум даражада таъсир кўрсатган.

Урхун-енисей ёзуви Урхун-енисей ёзуви туркий халқларнинг энг қадимги ҳарф-товуш ёзувидир. Бу ёзув «Енисей-урхун ёзуви», «Сибирь ёзуви», «Туркий руник ёзув», каби номлар билан ҳам юритилади. Руник деб аталишига сабаб бу ёзувнинг ташқи кўриниш жиҳатидан герман руник ёзувларига ўхшаш эканлигидир.

Урхун-енисей ёзувининг келиб чиқиши ҳақида мутахассислар ўртасида тан олинган ягона фикр йўқ. Бу ҳақдаги нисбатан кенг тарқалган қарашга кўра, айни суғд ва паҳлавий ёзувлари орқали оромий ёзувига бориб тақалади. Суғд ёзувининг туркий тилларнинг фонетик ва морфологик хусусиятларига мослаштирилиши жараёнида у сезиларли, кескин ўзгаришга учраган. Урхун-енисей ёзувининг пайдо бўлиш жойи ва вақти ҳам ҳозиргача узил-кесил ҳал қилинмаган. Мутахассислар айни ёзувнинг 3 кўринишига асосланиб, у ўз тараққиёти давоимда 3 босқични босиб ўтган, деб ҳисоблайдилар: 1) архаик босқич (Еттисув ёдгорликлари, VI-VII асрларда, Енисей ёдгорликлари VII-IX а.лар.); 2) классик босқич (ик- кинчи ҳоқонлик ёдгорликлари, VIII асрнинг 1-ярми); 3) сўнгги босқич (Уйғур ҳоқонлиги даври ёдгорликлари, VIII асрнинг иккинчи ярми – IX аср, Шарқий Туркистон ёдгорликлари, IX аср) бу ёзув пайдо бўлиш ўрни ва вақти билан боғлиқ бўлган айрим график хусусиятлари туфайли урхун, турфон, Енисей вариантларига эга. Буларнинг энг қадимийси урхун вариантидир. Улар умумий ёзув шаклига кўра бир-бирларидан кескин фарқ қилмайди. Улар ўртасидаги фарқ ҳарф вариантларининг кўп-озлиги жиҳатидан, холос. Урхун-енисей ёзуви ҳарфларининг вариантларини ҳисобга олмаганда, асосан, 35 та ҳарфдан иборат. 8 та унли ифодаси учун 4 та ( Енисей вариантларида 5 та) ҳарф ишлатилган. Айрим ҳарфлар бир товушни эмас, балки бирдан ортиқ товушлар мажмуини ифодалаган. Ундошлар қаттиқ ва юмшоқ вариантларга эга бўлган, шунинг учун юмшоқ ундош учун алоҳида ҳарф, қаттиқ ундош учун алоҳида ҳарф мавжуд бўлган.

Урхун-енисей ёзувида тиниш белгилари бўлмаган. Сўзлар, баъзан бирикмалар бир-биридан икки нуқта (:) билан ажратиб кўрсатилган, бу икки нуқта шартли равишда айиргич деб юритилади. Бу ҳарф ўзидан кейинги ҳарфга қўшилмаган, уланмаган ҳолда алоҳида-алоҳида ёзилган. Урхун-енисей ёзуви горизонтал ҳолатда ўнгдан чапга қараб ва вертикал ҳолатда юқоридан пастга қараб ёзилганда, ҳарфлар чап ёнга ётқизилган ҳолатда бўлган ва сатрлар ўнгдан чапга қараб жойлашиб борган.

Туркий халқларнинг кўпчилиги кейинроқ араб алифбосига ўтган, аммо урхун-енисей алифбоси ўша даврдаги туркий тиллар учун жуда ҳам қулай бўлган, у ҳар қандай туркий тил ифодаси учун беқиёс даражада мослашган эди, айниқса, тилдаги сингармонизм қонуниятларини тўлиқ акс эттира олган. Бу маънода урхун-енисей ёзуви унинг ўрнига келган уйғур ва араб ёзувларига қараганда ғоят мукаммал ва қулай алифбо бўлган.

Уйгур ёзуви суғд ёзуви асосда сурёний ёзувининг таъсири остида пайдо бўлган ёзувдир. қадимги уйғур ёзувидаги ёдгорликларнинг аксарияти диний тусда бўлиб, буддавийлик, монийлик ва ислом ақидаларини акс эттирган. Уйғур ёзувидаги энг қадимги ёдгорликлар VIII-IX асрларга оид деб тахмин қилинади. Қадимги уйғур алифбоси X асрнинг бошларигача ҳам қўлланилишда давом этган, Ҳатто “сариқ уйғурлар’’ деб аталувчи этник гуруҳ XIX асрда ҳам шу ёзувдан фойдаланилган.

Уйғур ёзуви дастлаб, худди суғд ёзуви каби, соф консонант(ундош) ёзув бўлган. Уйғур алифбоси 19 харфдан ташкил топган. Ҳарфлар 3 хил график шаклга эга бўлган, яъни ҳарфларнинг сўз бошидаги, ўртасидаги ва охиридаги шакллари фарқланган. Уларнинг алоҳида шакли бўлмаган. Консонант суғд ёзувини унли товушларга бой бўлган уйғур тилига мослаштириш осон кечмаган. Бора-бора айрим ҳарфлар (алиф, вов, йо, ва ҳ.к.) унли товушлар ифодаси учун ҳам қўллана бошлаган. Суғд тилида товушларнинг жарангли – жарангсизлиги фарқланмаган, шунинг учун ёзувда ҳам фақат жарангсиз ундош учун ҳарф мавжуд бўлган. Бу ёзув асосида шаклланган уйғур ёзувида айни хусусият сақланган, яъни ундошларнинг жарангли-жарангсиз жуфтликлари (мас; б-п, з-c, m-д, к-г) бир ҳарф билан ифодаланган. Булар, албатта, уйғур ёзувидаги матнни ўқишни қийинлаштирган, чунки уйғур тилида ундошларнинг, жарангли-жарангсизлиги, унлиларнинг қаттиқ-юмшоқлиги ва шу кабилар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Шунга кўра кейинчалик бу каби хусусиятларни ёзувда акс эттириш учун турли қўшимча белгилар қабул қилинган. Шу тариқа унлилар ҳам у ёки бу тарзда ифодалана бошлаган. Уйғур ёзуви, асосан, вертикал ҳолатда юқоридан пастга қаратиб ёзилган. “Меърожнома”, “Ўғузнома”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Юсуф Хос Ҳожибнинг машҳур “Қутадғу билиг” каби кўпгина асарлар уйғур ёзувида кўчирилган.

 Кушон ёзуви милоддан аввалги 140-130 йиллар ораларида кўчманчи ючжи қабилалари Ўрта Осиёнинг жанубидаги қадимги юнон-Бақтрия давлатига бостириб келгач, бу ерда Кушонлар империясини тузишади. Кушонлар ўтроқ аҳоли билан чатишиб, ерли аҳолининг маданий турмушига сингшиб кетади. Маданий ва совдо-сотиқ алоқалари ривожи асосида оромий ёзуви негизида ўзларининг кушон ёзувини шакллантиради. Қадимги Термиз ёдгорликларини ўрганиш натижасида оромий ёзуви асосидаги кушон–бақтрия алифбосидаги ёзув наъмуналари топилган.

Кушон империясида кушон ёзуви мавжуд бўлиб, унда ҳарфлар бурчакли, тўртбурчакли ва айлана шаклда бўлган. Кушонда ёзув қадимдан мавжудлигини Сурхкўтал (Афғонистондаги Қундуз шаҳри яқинида) ёдгорлигида топилган юнон алифбосидаги кушон битиглари ҳам тасдиқлайди. Амударёнинг қуйи оқимида, Зарафшон ва Қашқадарё воҳаларида ҳам оромий ёзуви асосидаги хоразмий ва суғдий ёзувлари ҳам кенг тарқалган.

 Араб ёзуви сомий ҳарф-товуш ёзувининг энг ёш, нисбатан кейин юзага келган тармоғидир. Бу ёзув ислом динининг пайдо бўлишидан бир оз аввалрок қўллана бошлаган. У келиб чикиши жиҳатидан наботий (набатей) ёзуви орқали оромий ёзувига бориб тақалади. Араб ёзуви моҳият эътибори билан консонант ёзувидир. У милоддан аввалги сўнгги асрларда оромий ёзуви негизида юзага келади. Наботий ёзуви ҳам, оромий ёзуви каби, 22 ундош ҳарфдан иборат бўлган, аммо бу ёзув оромий ёзувидан чизиқларнинг нозиклиги, қўшувчи белгиларнинг кўп қўлланиши, ҳарфларнинг сўз бошида ва охирида турли хил кўринишга эга бўлиши биланн фарқ қилади. Дастлаб наботий ёзуви оромий тили ифодаси учун қўлланган. Милодий III асрдан наботий ёзувида арабизмлар пайдо бўлган. IV асрдан эса у араб тили ифодаси учун қўллана бошлаган. Араблар ислом динини қабул қилганларидан кейин (VII асрнинг 1-ярми) араб ёзувининг 2 та асосий график кўриниши юзага келган: Куфий (қадимги шакли) ва насх. Куфий хатида (Фрот дарёси бўйидаги Куфа шаҳар. номидан олинган) ҳарфлар йирик ва деярли алоҳида-алоҳида ёзилган, асосан Қуръони Каримни кўчиришда, шунингдек, турли ёдгорликлар, тангалар, давлат ҳужжатларида фойдаланилган. Насх хати ҳозирда. китобий ёзувга асос бўлган, у асосан адабий ва илмий матнларни кўчиришда ишлатилган.

VIII асрнинг охирларига келиб, Араб халифалиги бир қанча мустақил давлатларга бўлиниб кета бошлади. Аммо бу давлатларга араб тили ва ёзувнинг ҳукмрон мавқеи бари- бир сақланиб қолаверади, лекин шу билан бирга араб ёзувининг бирмунча фарқли томонларга эга бўлган янги график кўринишлари вужудга кела бошлади. Шу тариқа араб ёзувининг жуда кўплаб турли кўринишлари юзага келган (настаълиқ, таълиқ, риқъа, сулс ва ҳ.к.). Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда ҳукмронлик қилиб турган вақтида араб ёзувининг турли шаклларида ёзиладиган бир хат яратган. Бу хатда араб ёзуви туркий тил ифодаси учун мослаштирилган бўлиб, у нозик ва ингичка бир шаклда ёзилган. Бобур тарафидан ихтиро этилган бу хат «Хатти Бобурий» деб аталган ва шу ном билан кенг шуҳрат қозонган.

Араб тилининг муҳим хусусиятларидан бири ундош товушларининг кўплигидир. Аммо қадим. Араб ёзувида оромий ва наботий ёзувларидаги каби ҳаммаси бўлиб 22 ундош ҳарф бўлган, ҳатто ҳарфлар шаклларини соддалаштириш натижасида айрим ҳарфлар қисқариб, ундош ҳарфлар сони 17 тага келиб қолган эди. Араблар исломни қабул қилганларидан кейин Қуръони Каримни тўғри ва аниқ ўқиш зарурати араб ёзувидаги ҳарфлар сонини кўпайтириш ва турли қўшимча белгилар қабул қилишини тақозо қилди. Ана шу зарурият билан ундош ҳарфларнинг устига ва остига биттадан учтагача нуқта қўйиб, ундош ҳарфларнинг маънолари фарқлана бошлади. Натижада араб алифбосидаги ҳарфлар сони 28 тага етди. Ҳозирги. араб ёзувидаги 28 та ҳарф ва бир қанча диакритик белгилар тилининг товуш қурилишини тўлиқ акс эттиришга ёрдам беради.

Форслар ва туркий халқлар араб ёзувини қабул қилиб, араб тилида бўлмаган, лекин ўз тилларида бўлган товушлар – п, ч,ж («гижда» сўзидаги каби ), г товушлари учун алифбодаги муайян ҳарфларга тегишли белгилар қўйиб, янги ҳарфлар яратиб, алифбодаги ҳарфлар сонини 32 тага етказганлар. Ўзбек халқи ҳам асрлар давомида ана шу мослаштирилган араб ёзувидан фойдаланиб келди(эски ўзбек ёзуви). Ўрта Осиёдаги яшаб ижод қилган буюк алломалар бу ёзувда битилган улкан ва бетакрор илмий маданий мерос қолдирганлар.

Шўролар тузими ҳукм сурган 1920-1921 йилларда араб ёзуви ислоҳ қилиниб, Ўзбекистонда 1929 йилгача қўлланилган. Шундан сўнг 1929-1940 йилларда юртимизда лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси жорий қилинган. Сўнгра бир қанча баҳс-мунозаралардан сўнг собиқ Иттифоқ тазийиқи билан 1940 йилдан Ўзбекистонда крилл-рус ёзуви асосидаги алифбо жорий этилган. Рус алифбоси 33 ҳарфдан иборат бўлиб, унинг асосида ҳозирги ўзбек алифбоси 35 ҳарфдан иборат ҳолда ташкил этилган. Рус алифбосидаги “ш” ва “ы” ҳарфларидан ташқари 4 та қўшимча ҳарф (“ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ”) киритилган.

Мутахассислар бир неча бор кирилл алифбосининг ўзбек алифбоси учун қулай эмаслиги ҳақида узоқ вақт мунозара юритдилар ва ўзбек тили товуш қурилишини тўла, тўғри ифодаланиши учун лотин алифбосига ўтиш долзарб бўлиб қолди. Истиқлол шарофати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1993 йилнинг 2 сентябрида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Бу қонунга ва уни амалга киритиш тартиби ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарорига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2004 йил 30 апрелда ўзгаришлар киритадиган қонун қабул қилинди. Бу Қонунга кўра янги алифбога ўтиш 2010 йилнинг 1 сенябрига қадар амалга оширилиши белгиланган эди. Бу алифбо 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмасидан иборат.

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбекистон энсклопедияси 2007 йил.
  2. Ш.Каримов ва б.. Ватан тарихи. 2003 йил.

 

Мунаввар Очилова,

Тошкент хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежининг

маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>