Ўзбек ўғлонларининг жасоратлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоб

Байрамга туҳфа

Ўзбек ўғлонларининг жасоратлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоб

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Ватан ҳимоячилари куни олдидан тадбир ўтказилди. Тадбир доирасида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “Мардлик мактаби” китобининг тақдимоти уюштирилди.

“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси Шуҳрат Жалилов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова ва бошқалар тинчлигимиз замирида аввало ота-боболаримиздан қолган ватанни севиш, уни эъзозлаш каби улуғ қадриятлар борлиги, тарихнинг ҳеч бир саҳифасини унутиб бўлмаслиги, аксинча, ўтмишни ҳар онда хотирлаш зарурлиги ҳақида гапирди. “Мардлик мактаби” китобида дунёдаги миллионлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган Иккинчи жаҳон уруши ҳақиқатлари акс этгани, ундаги шеър, публицистик мақола ва ҳикоялар ўша давр ҳаётини очиб бергани қайд этилди.

– Устоз шоиримиз “Уруш номинг ўчсин жаҳонда”, деганда нақадар ҳақ эди, – деди шоира Ш.Салимова. – Иккинчи жаҳон уруши якунланганига 75 йил бўлди. Лекин, ҳали ҳамон унинг оғриқлари инсонлар қалбидан аригани йўқ. Бу уруш кимнидир отаси, кимнидир бобоси ва яна кимнидир яқин инсонидан айирган. Ушбу китобга Иккинчи жаҳон уруши даҳшати, ўша давр воқеалари ҳақида турли жанрларда ёзилган асарлар киритилган. Ўзбек ўғлонларининг жасоратлари ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур китобдан ўрин олган асарлар бугунги тинч ҳаётнинг қадрига етишга, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

“Нуроний” жамғармаси томонидан ўтган йиллар мобайнида ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг уй-жойларини таъмирлаш, уларнинг сиҳатгоҳларда даволанишларини ташкил этиш, “Уч авлод учрашуви”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш каби бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.Ушбу хайрли тадбир асносида​ Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси ҳам маълум маънода таъминланмоқда.

Китоб “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйидан чоп этилган бўлиб, унга 70 га яқин ёзувчи, шоир ва публицистнинг асарлари киритилган.

Дилобар МАМАТОВА, ЎзА 
http://uza.uz/oz/society/bayramga-tu-fa-08-01-2020
***
1

Масъул муҳаррир

Муҳаммад АЛИ

Муҳаррир

Тўлқин ҲАЙИТ

Тақризчилар

Бахтиёр НАЗАРОВ, академик

Акмал САИДОВ, академик

Тўпловчи ва нашрга тайёрловчилар

Шавкат МИРАЛИМОВ

Тўлқин ЭШБЕК 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 майдаги Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк Ғалаба ҳақидаги адолат ва ҳақиқат тантаналаридан бири бўлди. Чиндан ҳам, буюк Ғалабада ўзбек халқининг ҳам улуғ ҳиссаси бор. Мард ва фидойи ота-боболаримиз Россия ва Европа майдонларида рус ва бошқа халқлар қатори жон олиб, жон бердилар, озод ҳаёт учун курашдилар, фашист-газандаларининг юртимиз Ўзбекистонгача бостириб келишига йўл қўймай, қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу – ҳақиқат! Фронтда “Ўзбек двизияси”нинг довруғи достон бўлгани, ўзбек ўғлонларининг жасоратлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий ва публицистик асарлар бугунги тинч ҳаётнинг қадрига етиб яшашга, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, деган умиддамиз.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>