ЎзМУда Германиялик олима сабоқлари

Германиянинг Мюнстер университети таркибидаги Германистика институти доценти

Кордула Шулце хонимни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультети немис тили йўналишида таҳсил олаётган талабалар устоз сифатида эътироф этадилар.

не4 не1 не2 не3

Шу муносабат билан Кордула Шулце хоним “Ўзбекистон Миллий университети” газетаси мухбирига қуйидаги интервьюни берди:

– Мен Ўзбекистонга 2009 йилдан бери тез-тез келиб тураман. Бу ташрифлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Германиянинг Мюнстер университети таркибидаги Германистика институти ўртасида илмий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, деган умиддаман. Бу ҳамкорлик алоқалари 2001 йилда “Немис филологияси” кафедраси мудири Адолат Исҳоқова ва германиялик профессор Томас Томасек томонидан ўрнатилган. Уни янада такомиллаштириш мақсадида 2003 йилда университетларимиз ўртасида тегишли шартномалар имзоланган. Мазкур шартнома асосида ҳозирги қадар профессор-ўқитувчиларнинг илмий тадқиқот ишлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

ЎзМУнинг “Немис филологияси” кафедраси ҳамда бизнинг университетимиз профессор-ўқитувчилари ҳамкорликда адабиётшунослик, тилшунослик, чет тилини ўқитиш методикаси йўналишларида қатор илмий тадқиқот ишларини амалга ошираётганларини ижобий баҳолаш мумкин. Бу ишлар самарасидан икки давлат ёшлари ҳам бирдек манфаатдор эканликларини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

ЎзМУ Хорижий филология факультети талабаларга Мюнстер профессор-ўқитувчилари тилшунослик, адабиётшунослик фанларидан маърузалар ўқишади. Ўз навбатида ўзбекистонлик олимларнинг турли анжуманлардаги маърузалари ҳам германиялик талабаларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

2008 йилдан буён ҳар йили икки марта Ўзбекистон Миллий университети талабалари Германияда, айни пайтда германиялик талабалар ЎзМУда билим ва малакаларини оширадилар. Сўнгги йиллар мобайнида университетларимиз ўртасида беш марта “Deutsch-usbekische Studien” мавзусида халқаро конференциялар уч марта Мюнстерда, икки марта ЎзМУда бўлиб ўтди.

нем1

Биз яқинда Ўзбекистон Миллий университети ректори Абдураҳим Абдушукуров билан атрофлича суҳбатлашиб, ушбу илмий ҳамкорликни янада изчил давом эттириш юзасидан келишиб олдик.

– Сиз Ўзбекистонга ҳар гал ташриф буюрганда олдингизга қандай мақсадларни қўясиз?

– Ҳар гал Ўзбекистон сари отланар эканман, кўз олдимда кўплаб илмга чанқоқ ўзбек ёшлари гавдаланаверади. Улар мени катта қизиқиш ва эҳтиром билан кутишларидан мамнун бўламан. Менинг семинарларимда жуда иқтидорли талабалар иштирок этадилар. Улар билан фаол иш олиб бораман. Бизни жуда қувонтирган ҳол шуки, Мюнстердан келган талабаларимиз Ўзбекистондаги тенгдошлари билан жуда тез дўстлашиб кетмоқдалар. Улар ҳамжиҳатликда ва бир мақсад йўлида таълим олмоқдалар, биргаликда семинарларда қатнашмоқдалар, фикр алмашмоқдалар. Четдан қаралганда ўзбек ва немис ёшлари худди бир оила фарзандларига ўхшайдилар. Ўзбекистонлик ёшлар ривожланган мамлакатлар қатори Германияга, унинг адабиёти, санъати, маданияти, илм-фани, илғор технологияларига катта қизиқиш билан қарайдилар. Шунга монанд бизнинг мақсадимиз ҳам ўзбек ёшларида Германия ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш, немис тилини мукаммал ўргатиш, ёшларимиз ўртасида ана шу дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашдир.

– Илм ва маърифат жуда қадимий тарихга эга. Жаҳон цивилизациясида ўзбек олимларининг ўрни ҳақида Сиз қандай тасаввурга эгасиз?

– Жаҳон цивилизациясига ўзбек алломаларининг қўшган беқиёс ҳиссалари ҳақида бутун дунё илм аҳли, хусусан, германиялик зиёлилар ҳам яхши тасаввурга эга. Ал Хоразмий, Аҳмад ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек даҳоларининг беқиёс илмий меросларидан баҳраманд бўлганлар шундай тараққиётга эришганларини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий асарлари, ғояларига немислар қанчалик қизиқиш билан қарашларини шу йил февраль ойида Германияда Навоий ижодига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуман мисолида ҳам кўриш мумкин. Унда ўзбек олимлари ва ижодкорлари ҳам иштирок этгандилар.

– Бугунги тараққийпарвар Германия таълим тизими, илм ва маданияти қайси жиҳатлари билан биз ўзбекистонликлар учун ибратли бўлиши мумкин, деб ҳисоблайсиз?

– Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кузатиб турибмиз. Айниқса, жаҳон таълим стандартларига мос режалар ишлаб чиқилиши ва уларни амалга ошириш асносида Ўзбекистон таълим тизими Европа, хусусан, Германия таълим тизими билан уйғунлашиб бормоқда. Демоқчиманки, Германия таълим тизими, илм ва маданиятининг бугун ўзбекистонликлар учун янгилиги қолмаяпти. Университетларимиз ўртасида йўлга қўйилган халқаро илмий ҳамкорликлар, талабалар алмашинувлари асносида бир-биримизнинг илғор, ибрат олса бўладиган жиҳатларимизни ўрганиб боришга ҳам имкон яратмоқда. Айтайлик, бундан бир неча илгари ЎзМУ учун янгилик саналган электрон таълим тизими бугун ўзбек профессор-ўқитувчилари ва талабалари фаолиятида ҳам оддий воқеликка айланиб кетди.

– Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбат асносида Кордула Шулце ЎзМУ ректори Абдураҳим Абдушукуров билан ўтказган суҳбатини www.uchildiz.uz сайтидан ўқиб мамнун бўлганини алоҳида таъкидлади. У германиялик талабалар ва Бонн шаҳридаги ҳамкасбларига www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz сайтларини кузатиб боришларини тавсия этишини қайд этди. Келгусида илмий алоқаларни янада ривожлантиришда мана шундай виртуал оламдан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани, бу борада ҳам режалар пайдо бўлаётганини эътироф этди.

Таҳририятдан: ушбу суҳбатни ўзбек ва немис тилларига маҳорат билан таржима қилиб туришган ЎзМУ Илмий тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси Наримонбек Элчибеков ва Хорижий филология факультети “Немис филологияси” кафедраси мудири Наталья Тенга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

 Тўлқин Эшбек,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари,

Насиба Нарзуллаева,

“Ўзбекистон Миллий университети” газетаси мухбири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>