ЎзМУда таҳсил олиб бахт топганлар

Бахтли инсон унга қандоқ эришганини эҳтиром ила эътироф этади.

Бу шундоқ улуғ даргоҳ ҳақида ўйламай-нетмай гапирадиган (ижтимоий тармоқларда ёзадиган) баъзи собиқ талабаларимизга сабоқ бўлмоғи лозим, дейди Дониш домла. Биз Журфакка қабул қилинган 1980 йилда Маруса опа юқори курсларда таҳсил олишарди. Ижод бўстонида ўзларини намоён эта бошлаган ака-опаларимизга ҳавас билан қарардик. Улар дарсларда фаол иштирок этиши, машғулотларга ҳеч қачон кеч қолмасдан келиши, одоб-ахлоқи, муомала маданияти ҳам қуйи курсларда ўқиётганларга ибрат мактаби эди. Мана, маънан етук Маруса опамиз бугунги бахтига қандоқ эришгани ҳақида ЎзАда ёзганларини эътибор билан ўқиб кўринг. Журфакда ўша анъаналар изчил давом этишини жуда-жуда хоҳлар эдик.

ш3

«Олтин қалам» совриндорлари

"Олтин қалам" совриндорлари

Юракдан ёзиш керак

Ижод кўнгил иши, қалб амри. У ҳудуд, макон танламайди. Жорий йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ўтказилган журналистика соҳасида «Олтин қалам» XIV Миллий мукофоти ғолиб ва совриндорлари рўйхатида «Дўстлик» ордени соҳибаси, «Инсон ва қонун» газетасининг Навоий вилояти бўйича мухбири Маруса ҲОСИЛОВА ҳам бор. У халқаро ҳамкорлар таъсис этган номинациялар бўйича Хитой Халқ Республикаси элчихонаси томонидан тақдим этилган «Бир макон – бир йўл» лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик» мавзуига бағишланган энг яхши материал учун мукофотга сазовор бўлган. ЎзА мухбири журналистга саволлар билан мурожаат қилди.
– Нодавлат даврий нашрлар ва хусусий телеканалларнинг нуфузи кундан-кунга ортиб бормоқда. Сизнингча, хусусий нашр ва телеканаллар кишиларнинг маънавиятига қандай таъсир қилмоқда?
– Менимча, биз «сариқ» матбуот деб атайдиган даврий нашрлар ўрнини веб-сайтлар эгаллаб бормоқда. Чунки, ушбу нашрларда бериладиган “олди-қочди” маълумотларни ҳар лаҳзада ижтимоий тармоқлар, сайтлар узатиб турибди.
Хусусий телеканаллар эса айни дамда давлат каналлари билан рақобатга киришган. Баъзан уларнинг қўли баланд келаяпти ҳам. Сабаби, хориж сериалларини қалаштириб, кетма-кет узатяпти, уларни оилаларда хотин-қизлар болаларини атрофида жамлаб томоша қиляпти. Бир маъракада синфдош дўстларим билан тўпланиб қолдик. Афсуски, эркакларимиз ҳам шу “машмашаларга тўла” фильмларни кўраяпти.
Хусусий телеканалларнинг мақсади реклама орқали бизнесга қаратилганини оддий халқимиз қаердан ҳам тушунсин?! “Борига барака”, деса телевизорга кириб кетгудек бўлиб томоша қилади.
Ўтган йили Президентимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Соҳада катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Мен айтмоқчи бўлганим, шоир, ёзувчилар ва улар яратган асарларни тарғиб қилиш алоҳида белгиланди. Давлат телерадиоканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Хусусий телеканалларда адабий жараёнга оид бирор кўрсатувга кўзим тушмади. Шоу қилсаям саккизта эстрада хонандаси, байрам дастури қилсаям, ўшалар… Тонгги дастурдаям, тунги дастурдаям ўша-ўша … Адабиётимизнинг заҳматкаш ижодкорлари, ёш ижодкорлари чеҳрасини халққа таништиришга хизмат қиладиган дастурлар тайёрланса, шу халқ учун, ёшларимиз маънавий олами учун фақат фойда бўлади, деб ўйлайман.
Албатта, бутун бошли телеканаллар фаолиятини қоралаш ноўрин, халққа манзур бўлаётган, давр муаммоларини очиб бераётган ахборот-таҳлилий кўрсатувлар ҳам бор. Аммо бугун одамлар енгил-елпи нарсаларга қанчалик ўч бўлмасин, телевидение хоҳ хусусий бўлсин, хоҳ давлатники жиддий, салмоқли кўрсатувларни кўпайтириши керак, ОАВ орқали инсонларни маънавиятга, одобга чақиришни кучайтириш лозим.
– Тошкентда ўқигансиз, бугун бу ерда ижодий муҳит қайнайди. Нега марказга интилмагансиз?
– Тошкентда биз талабалик давримизда ҳам ижодий муҳит қайнар, адабий жараёнлар қизғин эди.
Тошкент мудом менга яхши хотираларни эслатади. Чунки пойтахтда таҳсил олишдек бахтга ҳам осонликча эришмаганман. Ўрта мактабни тугатганимдан сўнг ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга ҳужжат топширганман. Биринчи йил ўқишга киролмаганман. Навоийга қайтганман. Ҳозирги »Кармана овози» газетасида оз муддат ишлаб тажрибамни оширганман. Сўнг ўқишга қабул қилиндим. 1977-1982 йиллар мобайнида талабаликнинг олтин даврини пойтахтнинг диққатга сазовор кўчаларида, маданият ва маърифат масканларида, юз ёшни қарши олган муҳташам Миллий университет кутубхоналарида ўтказганман. Ўқишни тугатиб вилоятга қайтишга тўғри келган. Ўша йиллар Навоий вилояти янги ташкил этилаётган эди. Биз каби ёш кадрларни вилоятга жўнатишган. Ҳудудий нашрларни янада такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшганмиз. Орадан вақтлар ўтди. Ижод қилдик, яшадик. Оз бўлсада, вилоятимиз ривожига ўз улушимизни қўшдик. Бундан афсусланмайман. Тошкент эса мен ҳар қачон ошиқадиган, ўзига мени оҳанрабодек жалб қиладиган маскан бўлиб қолаверади.
–Ижодни севадиган, сўзни қадрлайдиган тажрибали журналист сифатида ёшларга, энди ижод остонасида турган қаламкашларга қандай маслаҳатлар берасиз? 
 
AFZ_2123.jpg
–Аввало, ёшлар устозлар этагидан маҳкам тутишлари, тажрибали ижодкорлар сабоғини олишлари лозим, деб биламан. Менинг энг катта бахтим – яхши устозларнинг шогирди эканлигим. Миллий университетда ўқиб юрганимда ҳам, иш жараёнларида ҳам салоҳиятли устозларим бўлган. Воҳид Абдуллаев, Очил Тоғаев, Мухтор Худойқулов, Анвар Шомақсудов, Тоҳир Пидаев, Абдуғафур Расулов, Нажмиддин Комилов, Қосим Ҳасанов, Тошпўлат Ҳамидов, Умид Сатторов, Саъдулла Ҳаким, Сайди Умиров, Абдусаид Кўчимов, Одил Ҳотамовлар мени ҳар жабҳада қўллаб қувватлади, ўз тавсияларини бериб чарчашмади. Ҳозир ҳам улар берган ўгитларга мудом амал қилиб келаман.
Ёшлар ўз йўлини тополмасдан, ижоднинг турли йўлларида омади келмасдан адашиб юришида фақат ўзлари айбдор эмас. Уларнинг устозлари ҳам бунга сабабчи. Устоз шогирддан меҳрини, вақтини аямаслиги керак. Улар ёш қаламкашларнинг ижод намунасини таҳрир қилишга, кўриб беришга ҳафсала қилишлари керак. Устоз ёш ниҳолларнинг тўғри ўсишида кўмак берса, улар ҳам тез орада устоздек бўлишга интилади. Бунга жавобан ёш ижодкорлар ҳам юракдан ёзмоғи, чин дилдан ижод қилиши керак.
Дилобар Маматова, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА
http://uza.uz/oz/society/oltin-alam-sovrindorlari-08-05-2019

You may also like...

1 Response

  1. Menga Marusa opaning fikrlari yoqdi. Inson o’z hayotidan doimo mamnun yashashi kerak. Ijodkor sifatida dunyoqarashlari o’ziga xos. Bizga ham ezgu yo’lida baxtga erishgan ustozlarimizning yo’lidan yurish nasib qilsin.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>