Қабул атрофидаги “қопқон”лар

уларга барҳам бериш ўз қўлимизда!

Фарзандини ўқишга юбораётган баъзи ота-оталарнинг хаёлидан аввало қандай ўй кечишини кўпчилик яхши билади: “Таниш-билишчилик қилсам, қанча билан ҳал бўларкин?” Чунки, қандайдир миш-мишчилар “Танишинг бўлмаса олий ўқув юртига кириш мушкул” деган бемаъни гапни уззу-кун тарқатганларидан кейин…

Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари худди ахборот хуружига ўхшайди. У хуруж тинчлик ва осойишталикка рахна солса, буниси ишонч туйғусини поймол қилади, умидларни пучга чиқаради… Хўш, бундай чиркин фикрлар онгимизга қачон ўрнашиб қолган? Бу иллатдан қутулишнинг йўли борми?

Сўнгги саволга мухтасар жавоб шу: ҳаётда имкони йўқ ишнинг ўзи йўқ! Демак, бу иллатдан ҳам тамомила халос бўлишимиз фақат ўз қўлимизда! Бу ҳақда аввал дангалига сўзлаймиз, кейин аниқ мақсадни кўзлаймиз, қинғирлик қиладиганларни боплаб тузлаймиз! Қарабсизки, адолатли жамиятимизда яна бир адолат байроғи кўтарилади!

 

АВВАЛ ЎЗИНГГА БОҚ

ёхуд ўзим “қанча билан ўқишга кирганим”ни айтайми?

 

Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга, деганларидек ўқишга кириш ҳақида ким билан баҳслашмайин, у мени шундай “мот” қилишга уринади: “тўғрисини айтинг, ўзингиз университетга қандай киргансиз? Унда сиз ёш бўлгандирсиз, балки отангиз “ҳал” қилганини сезмай қолгандирсиз?”

Уруш ногирони бўлган отамга бу қабилда тил теккизганларидан хафа бўлсам-да баҳс маданиятига риоя этишга ҳаракат қиламан. Бу билан “аввал ўзингга боқ, кейин нағора қоқ” дея писанда қилмоқчи эканликларини яхши тушунаман. Мендек бўла олсанг дўппингни осмонга от, дейишдан тилимни тияман. Негаки, айримлар бу гапимни мақтанчоқликка йўйиши мумкин.

“Таниш-билишчилик” деган иллатни 1980 йили мактабни тамомлаганда сезганман. Университетга бориш тараддудига тушганимда баъзилар: «таниш-билишинг бўлмаса, овора бўлма!” дея ҳафсаламни пир қилган. Ўшанда отам кўнглимни кўтарган: «акаларинг ўз кучи билан ўқишга кирган. Ҳеч кимга пул берганим йўқ!” (Кўз тегмасин, тўрт акам ва опам олий маълумотли, икки акам механизаторлик, шофёрлик касбини танлаган).

Аслида оиламизнинг бировга бирор тийин берадиган ҳоли ҳам йўқ эди. Ҳатто мен акаларимга торлик қилиб қолган кийим-кечакларини кийиб катта бўлганман…

“Арзончилик замони” дейиладиган ўша даврда қишлоғимдан Тошкентга бир келиб кетиш учун йўл ҳақи бир қоп олий навли уннинг пулига тенг эди. Отам билан келиб кетсак, одмигина яшайдиган оиламизни икки қоп ундан бенасиб қилиш дегани эди-да. Кейин катта шаҳарда юриш-туришнинг ўзи бўлмасди…

Хуллас пул топиш илинжида қишлоғимизда мардикорчилик қилиб ғишт қуйганимни ҳам яширмайман. Шу ҳолимизда кимга ҳам пул бера олардик?

Бир нарсага ишонардим: кириш имтиҳонларида саволларга тўғри жавоб берсам, атайлаб йиқитишмас! Уларда ҳам виждон бордир-ку!

Ҳақиқат бор экан! Ҳеч қанақа таниш-билишларсиз Ўзбекистон Миллий университети (ўшанда ТошДУ деб номланарди) Журналистика факультетига (ўз кучим билан!) ўқишга кирдим!

Ўшанда барибир қишлоғимизда “Тўлқин камида беш минг билан ўқишга кирган бўлса керак” деган миш-миш тарқаганди.

Бу миш-мишни кимлар нима мақсадда тарқатганини кейинроқ англадим. “Бирор ўқишга таниш-билишсиз кириб бўлмайди, келинг, яхшиси ўзим ҳал қилиб бераман” дегувчи “ҳожатбарор”лар атай гап чиқаришар экан…

Афсуски, ҳозир ҳам қишлоғу маҳаллаларимизда шунақа устамонлар йўқ эмас. Улар олий ўқув юртида ўқишни хоҳлаган соддадил ёшлардан тортиб ота-оналаригача “сиртмоқ”қа илинтириш пайида изғиб юрибдилар…

Бунга баъзи ота-оналар ҳам айбдор эмасмикин? Боласи ҳужжат топшириб улгурмасидан «таниш-билиш” излаб қолганларидан кейин…

Таассуфки, кейинчалик ҳам “таниш-билишчилик” деган гапларни кўп эшитдим, аммо шусиз кўп мақсадларимга эришиб келяпман. Таҳририятларга ишга қабул қилиндим, уйлар олдим, китобларим нашр этилди, мукофотлар беришди. Юртимиз мустақил бўлганидан буён ишларим ўн чандон юришаётганини чексиз эҳтиром ила айтаман! Тўғри, орзуларимга осонликча эришаётганим йўқ. Заҳматли меҳнатнинг нони эса нақадар тотли эканини ҳис этиб яшаяпман!!

Бироқ, салгина қийинчиликка дуч келгани ҳамоно “таниш-билиш”га кўз тикиш номаъқул ишлигини ҳам аллақачон англаб етганман.

Агар бошқалар ҳам шу ҳақиқатни англаб етсалар нима бўлади, деган ўй тинчлик бермайди баъзан. Билганим шуки, одамларнинг ҳуқуқий маданияти ошгани ва маънавий дунёси юксалгани сайин бунақа майда-чуйда иллатлар ўз-ўзидан барҳам топиб кетаверади.

 

ТАНИ БОШҚА БЎЛСА ҲАМ…

дардингизни билгандек ўзлари сизни топиб олишади!

 

Пул бўлса, чангалда шўрва, деган мақолни эшитгансиз. Пулингиз кўпроқ эканлигини билиб қолишса ўша “таниш-билиш”ларнинг ўзлари сизни топиб олишади! Улар пулни ҳидидан билишади. Болангиз мактабни тамомлашга улгурмасидан ўзлари уйингизгача кириб келадилар.

“Ўзимиз репититор ёллаб, тайёрлаймиз,– дейишади умид уйғотиб.– Сиз пулини тўласангиз бас”.

Очиғи, билимли болалар репититорларсиз ҳам юқори баллар билан олий таълим муассасаларига киришмоқда! Бўлмайдигани барибир бош оғриқ…

Мисолни ўз оиламдан олиб гапирсам:  қизим мактабда олган билими билан халқаро журналистика факультетига (ўз кучи билан бюджетга!) қабул қилинди ва имтиёзли диплом билан тамомлади. Ўзингиз қарашиворгандирсиз, дейсизми? Йўқ, аксинча, ўшанда қизимнинг дилини оғритадиган гаплар айтгандим. Яъни, мен кўрган уқубатлар камми, яхшиси онангга ўхшаб ўқитувчи бўла қол, дегандим…

Бугун оиламиз ҳақиқат нашидасини суряпмиз!

Катта ўғлим эса тўрт йил репититорга қатнаб, бешинчи йил деганда ўз кучи билан ўқишга кирганди.

Акасидан анча билимли иккинчи ўғлим ҳам бир йил ўқишга кира олмай, анча хуноб бўлди. Хайрият, иккинчи йили “контрак”ка илинди…

Отам мени қинғир йўллар билан ўқишга киритмаган эди, мен ҳам отам тутган йўлни танладим.

Бугун қизим бир таълим муассасасида мураббий, ўғилларим газеталарда фаолият кўрсатишаётганидан фахрланаман. Яратганга шукрона қиламан.

Бу мавзуда ёруғ юз билан гапиришнинг эса гашти бошқача экан!

 

ҲОЖАТБАРОР “ЗЕМЛЯК”ЛАР

баъзилари “машенник”лик қилгани чатоқ-да…

 

Лисонимизга ўзга тиллардан антиқа сўзлар кириб келган. Бир вилоятдан келганлар негадир “земляк” деб муомала қилишни хуш кўрадилар. Шаҳарда илгарироқ қўним топганлари айниқса боласини ўқишга етаклаб келганларига шу қадар меҳрибон бўлиб кетадиларки, хизматдан қайтаётган аскар болани талашган таксичилар ҳам йўлда қолиб кетади баъзан.

“Фалон пул сарфлаб меҳмонхона – мусофирхонада ётиб нима қиласиз,– дейди меҳрибончилик қилиб.– Юринг шу пулга бозорлик қилиб, бизнинг уйга бора қоламиз”.

Бозордан бели қийшайиб чиққан “земляк» тақдирга тан бермай кўрсин-чи… Меҳмондан бозор-ўчар, мезбондан қозон-тавоқ, чўмич-қошиқ…

“Земляк”лар баҳри дили очилиб қилган ҳангомаси: “Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси” деган мақолни эслатади. Меҳмон фарзандини ўқишга киргизиш қайғусида, мезбон эса унинг “атагани”ни бегона қилмаса!..

“Таниш-билишчилик” деганлари худди шу ердан бошланади. Мезбон ҳар қандай олий ўқув юртига “киргизиб” қўйишга қодирлигини дангал айтиб, “битириши гарантийний” деб қистириб қўяди.

Иложи борича – бюджетга! Бўлмаса, контракка… деган гаплардан қайси ота-она сармаст бўлмайди, дейсиз.

Шарти ўша-ўша, соққасини аввалдан бериши керак…

Тилимизга кириб келган яна бир антиқа сўз:“машенник”.

Ўзбекчасига уни: фирибгар, уччига чиққан устамон дейиш мумкин. Таассуфки, баъзи шаҳар кўрган “земляк”лар келиб-келиб ўз ҳамқишлоғига шунақа ҳунар кўрсатса-я… Умидвор боқиб турган ота-онанинг кўнглини пуч ёнғоққа тўлдиришни шу қадар қойиллатадики, асти қўяверасиз. У университет ҳовлисида ўзини эмин-эркин тутиб юради, битта-яримта таниш чеҳралар (иложи бўлса, домлалар, мутасаддилар) билан қуюқ сўрашади ва албатта тўрт-беш қадам кузатган киши бўлади, гўё шивирлаб нимадир дейди. Ҳатто, битта-яримта маъмурий биноларга кириб-чиққан, қандайдир ишни “есть” қилган бўлади. Қарабсизки, олисдан келган содда кишилар кўз ўнгида у гўё ҳаммасини дўндирди!

Илгари таниш-билишчиликлар озми-кўпми бўлгандир, яъни, имтиҳон оладиган домлага олдиндан “қистириб” қўйишгандир. Энди бирор киши бу ишга аралаша олмаслигини, тестнинг афзаллиги ҳам шунда эканлигини ким билмайди!

Қизиғи, шундай эканлигини билса ҳам фирибгарлар сиртмоғига бошини тутиб берадиган лақмалар кам эмас…

Ҳожатбарор “земляк”дан нима кетди. Ортидан қора тортиб келганлардан “заявка” қабул қилаверади. Ўнтасидан жилла қуриса тўрт-бештаси ўзи кириб кетар-ку! Шулардан қолган муллажиринг ҳам етиб-ортади!..

Ўқишга киролмаганларни юпатадиган гаплар ҳам топилади. “Пешонага ёзганини ўчира олмайсиз, йўғини ёза олмайсиз, тўғрими, ҳой мусулмон! Бу йил бўлмаса, келгуси йил бир гап бўлар. Эшикни қаттиқ ёпмасдан кетсангиз ўзингизга яхши бўларди…”

Улуғ каломларни эшитганда ҳайтовур анча-мунчаси тинчиб қолади. Шаҳар кўрган “земляги тушмагур” эса шунга шукр қилиб қолаверади…

Энг қизиғи, ўша «таниш-билиш”ларнинг деарли бирортаси бирор олий таълим муассасасида ишламайдиган фирибгарлардир…

Ачинарлиси шундаки, иши битганлар ҳам, битмаганлар ҳам олий таълим муассасаси, алалхусус, отангдан улуғ деб эъзозланадиган устоз-мураббийлар ҳақида ўзгача фикрда кетадилар…

Шу ўринда таниқли ҳажвчи Мухтор Худойқуловнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади:

 

Йўл қолиб сўқмоқни кўзлар барчаси,

Билмагайлар – бу жиноятдир холос.

Йўқ билимга “бор” деб имзо чекай?

Э, оғайни, салгина ўпкангни бос!

Ким ҳақиқий толиби илм – йўл очиқ,

Кўз бўяшлик сен каби ғирромга хос.

Ошнолар, менда ҳам бор бир илтимос:

“Илтимос”лардан тамом айланг халос!

 

ПУЛ БЎЛСА ЧАНГАЛДА ШЎРВА

бироқ, уни ўзингиз ҳузуридан чиқсангиз бўлмайдими!

 

Бераман, десангиз, оладиганлар топилаверади.

Қанча кўп берсангиз, қўйнингизни шунча пуч ёнғоққа тўлдираверади! Ҳалиги каломдаги гап бўлиб чиндан ҳам болангизнинг пешонасига ўқишга кириш ёзилган бўлса, “таниш-билишчилик” қилган кишингизга ҳам худонинг бергани шу-да!

Аслида, «таниш-билишчилик” қилганларнинг ўзлари шу иллатни баттар урчитмоқда, қонун тарозисига солиб айтганда – жиноий хатти-ҳаракатларни бошламоқда…

Бир нарсани аниқ биламан, жуда кўп иқтидорли ёшлар ўз билими билан ўқишга кириб кетади!

Иккиланиб ё қандайдир хаёл билан кимгадир пул бериб қўйган бўлса, унга «эсиз, эсиз…” дейишдан ўзга гап айта олмайсан.

Тасаввур қилинг, сиз ҳеч кимга ҳеч нарса бермасангиз, ким сизга қўл чўзади? Фарзандингизнинг кўксидан қайси номард итаради? Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ҳуқуқий маданиятингиз юксалиб, «таниш-билишчилик” деган иллатни ҳатто хаёлингизга ҳам келтирмасангиз нима бўлади?

Бирор киши шунақа номаъқулчиликка қўл урмаса, жамиятимиз қанчалик юксалишини тасаввур қиляпсизми, оғайни!

 

“ТАНИШ”ЛАРНИНГ ТАҚДИРИ

улар экканини ўришга маҳкум бўлдилар

 

Собиқ шўро даврининг “таниш-билишчилик” иллати урчиган дамларини ўз кўзим билан кўрганман. Чиндан ҳам баъзи тенгдошларим фалон пул билан ўқишга кирганини, талабалик даврида сессияларни қандоқ “ёпгани”ни оғиз кўпиртириб гапиришарди. Ҳар ким экканини ўради, деганларидек, уларнинг эсиз дипломлари уйида чанг босиб ётибди. “Олий маълумотли муҳандис” ёки “бухгалтер”ларнинг киракашлик ёки савдогарлик қилиб юрганларини кўриб куларингни ҳам, куярингни ҳам билмайсан…

Афсуски, бугун ҳам озми-кўпми шунақа қинғир йўл топиб олий таълим муассасаларига суқулиб кираётган кимсаларнинг эса эртага қисмати шу бўлса ажабмас…

 

“ЎЛЖА”ЛАР

кошки эди улар ўзларига завол етказмасалар…

 

Баъзи хом сут эмган бандалар гоҳо шундоқ хато қилиб қўядики, унинг заҳри бутун умрга татийди. Айтайлик, олий таълим муассасасида таҳсил олишдек энг улуғ ниятга кимки харом-хариш йўл билан эришмоқчи бўлса, уёғи ҳам шунга яраша бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Яъни, юқорида айтганимиздек, дипломи ҳам кераксиз нарсага айланиши ҳеч гап эмас экан…

Кимгадир ёққан, кимнингдир энсасини қотирган фикримизга қуйидаги сатрлар билан нуқта қўямиз:

 

“Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” – деган шеърга ўхшатма:

 

“Қопқон” излаганга қопқондир дунё,

Ўйламай сочганга ўпқондир дунё.

Ҳақиқат йўлини гар изласа ким,

Ҳақиқий бахтини топқондир дунё!

 

Тўлқин ЭШБЕК,

“Олтин қалам” халқаро мукофоти совриндори

“Даракчи” газетаси, 2008 йил 24 июль сонида, 37-38-бетлар.

You may also like...

13 Responses

  1. Juda to’g’iri. Hamma ota-onalar farzandiga ishonsa bu kabi gap so’zlar va ig’volar kamayardi. Hozir men ham ayni shu savollar girdobodaman. O’g’li yo qizi oliy o’quv yurtiga hujjat topshirgan ko’pchilik qo’nu qo’shnilar «biron iloji yo’qmi» deb so’rashadi. Tushuntirishga rosa urining ertaga yana «bir narsa qilsakchi» degan so’zni eshitasiz. Nima qilish kerak…?!

    • Уларга ҳам шу мақоламизни ўқиб чиқишни тавсия этинг! Токи, ўзларини ҳар хил гирдобга урмасинлар. Фарзанди яхши билимга эга бўлса албатта талабалик бахтига муяссар бўлади. Омад тилаймиз.

  2. Талабаларни ҳаяжонга солиб дарс ўтадиган ҳурматли устозимиз Тўлқин Эшбек бизга шундай ўргатганлар: “Фактсиз, исботсиз гапни ёзиш мумкин эмас!” Мана, ўзлари ёзибди-ку… “Қабул атрофидаги “қопқон”лар” сарлавҳали мақоласини ўқиб шундай хулосага келдим. Мавзу жуда долзарб! Агар устоз гапига ўзлари амал қилганларида нур устига аъло нур бўлур эди. Яъни, ўша устаси фаранглардан бир-иккитасини мисол келтирганида бошқача бўларди-да! Буни тажрибали журналистга ўргатишга ҳожат бўлмаса керак. Суд идораларига мурожаат қилсалар, бас, шунақа жинояти учун жазога тортилганлар топиларди. Ўшанда устоз биз шогирдларига ҳақиқий ўрнак кўрсатган бўлур эдилар, деб ўйлайман.

    Танти ТАЛАБА,
    Андижон вилояти

  3. Намангандан Тошкентга боришда ҳам, қайтишда ҳам ҳайдовчиларнинг икки хил хатти-ҳаракати эътиборимни тортади. Йўл назоратчиси таёғини кўтаргани ҳамоно ўзимиз ўтирган машина ҳайдовчисини кузатаман. Баъзилари жимгина кутиб туради. Назоратчи келиб, «честь” бергач, ойнадан ҳужжатларини узатади. Шу тахлитда яна ҳужжатларини қайтариб олгач, йўлимизда давом этаверамиз.
    Бундай тўғриликдан қанчалик енгил тортсак, айрим эгриликлардан дилимиз хуфтон бўлади. Яъни, назоратчининг таёғини кўргани ҳамоно айрим ҳайдовчилар типирчилаб қолишади. Мудҳиш фожеа юз бераётгандек унга қўшилиб йўловчилар ҳам жонларини ҳовучлайдилар. Ҳайдовчи машинасини йўл четига тўхтатади-ю қўлини чўнтакка тиққанча назоратчи томон югуради. Ҳаял ўтмай қўли бошқа чўнтакка кириб чиққач, сўнг, манзилга етгунча ҳайдовчи йўл назоратчиларини ғийбат қилиб келади… Тўлқин Эшбекнинг “Қабул атрофидаги “қопқон”лар” мақоласидаги “Бераман, десангиз, оладиганлар топилаверади” деган гапи шунақа ҳайдовчиларга ҳам тааллуқли, деб ҳисоблайман.
    Назаримда, ҳаёт сўқмоқларида кўп кишилар ана шу ҳайдовчиларга ўхшаб икки хил йўл тутадилар. Тўғри қадам босаётганларнинг йўлларида ҳақиқат байроқлари ҳилпираб тураверади, эгрилар эса ўзларини ўзлари ҳар балога гирифтор қилаверади…
    Ушбу мақолада қинғирликни ўзлари бошлаётган лақмалару уларни чув тушураётган фирибгарлар боплаб фош этилган.

  4. Тўлқин Эшбекнинг “Қабул атрофидаги “қопқон”лар” мақоласини қизиқиш билан ўқир эканман, кўз олдимда бир манзара қайта-қайта жонланаверди. Олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш чоғида айрим “тажрибали” талабаларнинг икки-учтадан абитурентни етаклаб юрганини кўриб ҳайрон қоламан. Ўқиш даврида улар ёлчитиб ўқимайди, ҳар хил баҳоналар билан дарсларга келмай, “давомат”ни орқага тортиб, устозларни хуноб қилишади. Бировлар ўқишга кираётган пайтда эса уларнинг “жонбозлигини” кўрсангиз…
    Шу ўринда айтишим мумкинки, тўрт йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олиб, бирорта аълочи, маънили талабанинг шунақа қинғир ишга аралашганларини кўрмадим. Узр, “қаланғи-қасанғи”га ўхшашлари ўша мақолада тилга олинган “земляк”лар, “машенник”ларга хизмат қилиб юришларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ – хирмонда ҳозир, деганларидек, таълимдан қочган, тарбиядан йироқ “талаба” қиёфасидаги ўша “ҳожатбарор”лар эртага ким бўлиб етишаркин?

    Умида ҚАМБАРОВА,
    Қашқадарё вилояти,
    Китоб тумани

  5. Талабалар шаҳарчасида бир гуруҳ ота-оналар ва уларнинг абитуриент бўлган ўғил-қизлари “Даракчи” газетасини қўлма-қўл ўқишаётганини кўриб, нима гаплигига қизиқиб қолдим. Улар “Қабул атрофидаги “қопқон”лар” деган мақолани муҳокама қилишаётган экан. Кимдир ҳақиқат гаплар ёзилганини, ўзи чув тушганини энди англаганини айтиб, афсусланаётган бўлса, бошқаси мақолада “нишонга тегмаган ўқлар” борлигини танқид қиларди.
    Ўзим мақолани обдан ўқиб чиққач, шундай хулосага келдим: эҳтиросга берилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Бугун аксарият кишиларнинг ҳуқуқий онги, маданияти анча ошган. Бўлар-бўлмасга лаққиллаб қоладиганлар камайиб бормоқда. Муаллиф ана шунақа кимсаларни ҳам огоҳликка даъват этганини тўғри англамоқ керак.

    Сайфулла ҲАЙДАРОВ,
    Тошкент шаҳри

  6. Тўппа тўғри устоз! Киши ҳаракат қилса, Аллоҳ унинг ҳаракатларини албатта ёрлақаши муқаррар! Мана мен ҳам тўртинчи йил деганда ўқишга қабул қилинганман. Бизнинг курсимизда мен каби «йиқилиб» ўқишга кирганлар кам эмас! Ҳамма курсдошларим ўз билимларига таянган ҳолда, ўз ҳаракатлари билан ўқишга кирганлар. Абитуриент эзгу ниятлри билан ҳаракат қилса, астойдил билим олса албатта имтиҳондан юқори балл билан ўтади. Қандайдир таниш-билишларга ишонса, ишониб қолиб кетаверади. Умуман, мен ҳаётда инсон фақат ўзига ишониши керак, деб ҳисоблайман. Таниш-билишлар келажакда қандай кадр бўлишларини ҳам ҳал қилиб беролмайдику! Нўноқ, тўрт йил ўқиб бориб бир ишни қойиллатолмайдиган ёшлар ҳам ана шу бўлмағур таниш-билиши борлар аслида.

  7. Бугун юз берган воқеани ёзсам: Бир танишим эрталабдан телефонимга жавоб бермади. Нуқул рақам банд деб кўрсатаверади. Бир амаллаб тушликка яқин қўнғироғимга жавоб берди. «Яхши эмас!», деб айтсам, «Ўзи кайфиятим йўқ, хафаман», дейди. «Тинчликми?», десам, «Жиянимни ўқиши ўхшамади», дея жавоб қайтарди. «Энди кейинги йил ўқиб, тайёрланиб, албатта, ўқишга киради», дедим. У эса «Қўйинг, ўзи хафаман, яна асабга тегманг», деса борми?! «Сиз нега хафа бўласиз», дедим жаҳлим чиқиб. «Аслида, Сиздан хафа бўлиш керак, шунча шароитлар яратилганда нега ўқимасдан вақтини бекор ўтказиб, шундай ўқишга кириб кетишини ўйладингиз?», десам, гапларимни ўйлаб кўрди шекилли, «Тўғри айтасиз, инсон ўзининг билимига ишониши керак экан. Шунда доим иккиланиб қолмаскан», деб айтди. Устоз бугун мен билан юз берган юқоридаги ҳолат ҳам фикрларингиз тасдиқламоқда. Демакки, абитуриентлар «қопқонлар»ни четлаб ўтиб, билими ва кучига ишонишсин! Меҳнат қилган, ҳаракат қилган эса баракали бўлади, ниятига албат етишади!

  8. Домла, сиз таниқли ижодкорлигизни ҳамма билади. Нега ижодий танловларда қатнашмайсиз? Аҳмаджон Мелибоев, Юсуф Ҳамдамов домлалар ҳам ижодни яхши тушунадилар, деб ўйлаймиз. Хуллас, ижодкор домлаларимизнинг айнан ижодий танловларда кўринмаслиги ажабланарли… Ҳеч қабулда қатнашганмисиз?

    • Ҳамма қўлидан келадиган ишни қилиши керак. Мен талабаларни ижод оламига олиб кириш, маҳорат сирларини ўргатишни истайман ва бу истагимга эришиб юрганимдан бахтиёрман. Аҳмаджон домла эса ўқув газетаси чиқаришни қойиллатмоқда. Юсуфжон домланинг ҳам ўзига хос мураббийлик йўли бор. Қабулдаги «бош оғриқ»ларга тоқатимиз йўқ… Шу ишни эплаётган, қойиллатаётган ҳамкасбларимизга тасанно, деймиз холос.

  9. Bu borda ancha gapirsak shuncha oz. Yaqindagina mendan ham talabaligimni bilgan mahalladoshlar,qo’ni -qo’shnilar xatto uyimgacha kelib «Siz o’qiyotgan o’qishingizga byudjet qancha bo’layapti?Eng «arzon» fakultetlar qancha? Boshqa o’qishlarni bilmaysizmi?» degan tinimsiz savollaridan hunob bo’ldim. Eng qiziqarlisi ishonch bilan «o’zingiz nech pul berib kirgansiz? Tanishlaringiz bormi?» deyishi jahlimni chiqardi. Odamlarning o’zi bunday yo’llarni izlab topayapti,agar hamma o’z bilimiga ishonib,tayanib hujjat topshirsa albatta TALABA bo’ladi. Men ham uchinchi yilgi urinishim (repititorga qatnab) talaba bo’lganman. Haqiqat bor faqat uni buzguvchilar ham bor oramizda…

  10. Bu borda qancha gapirsak shuncha oz. Yaqindagina mendan ham talabaligimni bilgan mahalladoshlar,qo’ni -qo’shnilar xatto uyimgacha kelib «Siz o’qiyotgan o’qishingizga byudjet qancha bo’layapti?Eng «arzon» fakultetlar qancha? Boshqa o’qishlarni bilmaysizmi?» degan tinimsiz savollaridan hunob bo’ldim. Eng qiziqarlisi ishonch bilan «o’zingiz nech pul berib kirgansiz? Tanishlaringiz bormi?» deyishi jahlimni chiqardi. Odamlarning o’zi bunday yo’llarni izlab topayapti,agar hamma o’z bilimiga ishonib,tayanib hujjat topshirsa albatta TALABA bo’ladi. Men ham uchinchi yilgi urinishdan so’ng (repititorga qatnab) talaba bo’lganman. Haqiqat bor faqat uni buzguvchilar ham bor oramizda…

  11. Абдумалик-адвокат:

    муайян маълумотли бўлиш учун, шу орқали ўз келажагига пойдевор қуриш мақсадида аввало ўз билими билан ҳаракат қилиш лозим экан, ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган «олий маълумотли бўлиш» қурилган пойдеворни албатта дарз кетиб, синиб, кейинчалик қулашига олиб келади, бу ҳаёт қонунидир. Шундай экан, ёзилган мақола — тиббиёт соҳа вакиллари тили билан айтганда, «тарқалган касаллик» учун иммунитет ҳосил қилувчи вакцина.

Добавить комментарий для Нозима Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>