Қалбга муҳрланган битиклар

Муборак кунда устоз Ўткир Ҳошимовнинг руҳлари шод бўлсин,

дейди Дониш домла дуо қилиб .

УХошимова1

Атоқли адиб Ўткир Ҳошимов 1985 йилда “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири этиб тайингач, бу таҳририят ёш ижодкорлар учун “маҳорат мактаби”га айланганди. Устоз ўгитларини “Ён дафтар”имга қайд этиб борардим. Шу асосда қилган суҳбатимиз “Ўзбекистон матбуоти” журналининг 1991 йил 6-сонида “Кураш ва изланиш йиллари” сарлавҳаси остида ёритилган. Ўша пайтлардаёқ устоз қуйма фикрларини “Дафтар ҳошияси”га қайд этиб бораётган эди. “Эл дарди билан яшаётган ҳар бир ижодкор халқимиз турмушига тўғаноқ бўлаётган муаммолар, уларнинг илдизлари тўғрисида кўпроқ ёзса яхши бўларди”, деган эди устозимиз. Орадан шунча йиллар ўтиб бу суҳбатни эслашимиз боиси – “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” ўша даврда ҳам теран нигоҳ ва иштиёқ билан ёзилаётганига гувоҳ бўлганмиз.

Мазкур тўпламнинг 2001 йилги нашрида муаллиф шундай ёзади: “Бу китобчани қарийб қирқ йил ёздим. Булар – менинг Кузатувларим. Ўйларим. Бир қадар армонли, бир қадар истеҳзоли, бир қадар табассумли Хулосаларим…”

Адиб кейинчалик ҳам “битиклар”ини анча бойитган. Олий Мажлис биноси биринчи қаватида (1999-2002 йилларда) фаолият кўрсатиб юрган кезларим устозлардан анча сабоқ олиш имкони пайдо бўлган. Ўша бино иккинчи қаватида Эркин Воҳидов, учинчи қаватда Ўткир Ҳошимов ва Иброҳим Ғафуров доимий асосда фаолият кўрсатишар эди. Улар кўпинча тушликдан кейин ўша муҳташам бино атрофида сайр қилишар экан, ажиб мавзуларда гурунглари қизирди. Бир куни улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов “Устоз отангдан улуғ” мақолини баъзи газеталарда “Устоз отангдек улуғ” шаклида бузиб ёзишаётганини куюниб гапирди. Шунда Ўткир ака ўша тўпламидан ўрин олган “Устоз” сарлавҳали битигини ўқиб берганди:

“Устоз отангдан улуғ, деганлари бежиз эмас, Ота ҳаёт беради. Устоз эса яшашга ўргатади. Туғилишдан кўра яшаш қийинроқ…”

Кейинчалик улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов ҳам “Сўз латофати” (“Ўзбекистон” нашриёти, 2014 йил) китобида шундай ёзган:

“Халқда Меҳмон отангдан азиз, Устоз отангдан улуғ деган ҳикмат бор”.

Улуғ устозларнинг энг нозик мавзуларда ҳам якдил фикрда бўлишлари ёш ижодкорлар учун катта ибрат мактаби, дегимиз келади.

Бугун шу икки забардаст адиб ва шоир орамизда жисман бўлмаса-да, руҳан барҳаётдирлар! Уларнинг минглаб нусхаларда қайта-қайта чоп этилаётган китоблари бугунги мухлисларини ҳам топаётгани қувончли ҳолдир.

“Дафтар ҳошиясидаги битиклар” тўпламидан ўрин олган қуйма фикрлар атоқли адибнинг қанчалик улкан тафаккур соҳиби эканлигини кўрсатади. Бир ўринда устоз ёш ижодкорларга, роман қуввати билан қисса ва қисса қуввати билан ҳикоя ёзишни маслаҳат бергани ёдимда. Ана шу ҳикматига аввало ўзи амал қилган адибнинг деарли ҳар бир битиги – яхлит мукаммал асар бўлгани кўриниб турибди. Уларнинг ҳар бири қисса, ҳикоя қуввати билан битилган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу битикларда чинакам донишмандлик, халқпарварлик ва яхшилик нури акс этиб турганини ҳис этасиз. Табиатан сермулоҳаза ва камгап устозимиз билан ҳар бир ижодий учрашувидан ҳам мухлислари кўп маънавий озиқ олганларини эътироф этишарди. Боиси, улкан истеъдод соҳиби бўлган адибнинг доно ўгитлари, ажиб афоризмлари, ташбеҳлари, қуйма фикрлари китобхонларни сеҳрлаб қўярди. Ана шу қуйма фикрлар қоғозга тушиб, бетакрор битикларга айланганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Юртимиз истиқлолга эришиши арафасида муқаддас китоб – “Қуръони карим”нинг ўзбек тилига таржима қилиниши ва ўша суронли йилларда “Шарқ юлдузи” журналида ёритилишида устознинг ҳам хизмати катта бўлгани ҳаммага аён эди. Муқаддас китобимизни теран нигоҳ билан ўқиган адибга у туганмас илҳом бахш этгани ҳам табиий. Адибнинг фалсафий-адабий жанрда ёзган бетакрор битиклари моҳиятида ана шу муқаддас каломлар руҳини ҳис этасиз. Шул боис ҳар бир битик ўқувчини фикрлашга, мушоҳада юритишга, баҳсга чорлаб, маънавий хазинасини бойитади.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси масъул котиби, филология фанлари номзоди, доцент

Ўткир Ҳошимов ва Тўлқин Эшбек 2009 й. талабалар даврасида

БИТИКЛАРДАН БИР ШИНГИЛ

***

ТАҚДИРИ АЗАЛ

 Худо ёзганини бандаси ўчиролмайди.

Худо берганини бандаси тортиб ололмайди.

 ДЕВОНАИ ҲАҚГЎЙ

 Телбаларга таъзим қилинг!

Юзта донишманд айтолмаган ҳақиқатни битта телба айтади!

 

ДАРВИНГА ЭЪТИРОЗ

 Дарвин таълимоти нотўғри. Одам маймундан эмас, маймун одамдан тарқаган. Оёғи ердан узилмаганлар одам бўлиб қолган. Оёғи ердан узилганлар эса маймун бўлиб дарахтга чиқиб кетган… Бу жараён ҳамон давом этмоқда…

 

МУНОЖОТ

 Худодан, умр бер, деб сўраганларни кўрдим.

Худодан, бахт бер, деб сўраганларни кўрдим.

Худодан, фарзанд бер, деб сўраганларни кўрдим.

Худодан, давлат бер, деб сўраганларни кўрдим.

Худодан, омад бер, деб сўраганларни кўрдим.

Фақат… Худодан, эй, яратган Эгам, мен — нодонга бир чимдим ақл бер, деб сўраган бандасини кўрганим йўқ!

 

ЎКИНЧ

 Дарахтнинг мева тугишга шай турган қанчадан-қанча гулларини бемаврид шамоллар учириб кетгани сингари умримнинг қанчадан-қанча онлари ҳасадгўй ва мунофиқлар етказган жароҳатлардан оғринишу, турмуш икир-чикирларини ўйлаш билан бесамар ўтаётганига ўкинаман…

 

ЭНГ АҚЛЛИ ЖОНИВОР

 Дунёда энг ақлли жонивор — балиқ! Биринчидан, соқов. Иккинчидан, муттасил думини ликиллатади!

 

«ТАБИАТ ГУЛТОЖИ»

 Кийик оч қолмаслик учун кўкат ейди. Аммо бир-бирини ўлдирмайди. Шер оч қолмаслик учун кийикни ейди. Аммо бир-бирини ўлдирмайди. Одам кўкатни ҳам ейди. Кийикни ҳам ейди. Кўнгил хуши учун шерни ҳам ўлдиради… Кейин… уруш қилиб, бир-бирининг бошини ейди…

 

«БИЛИМДОН»

 Ҳамма нарсани биламан, дейдиган одам ҳеч нимани билмайди!

 

ЧЕГАРА

 Одамзот нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, ғозонига тушади-ку.

Одамзот нима учун булбул чах-чахини эшитганда энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, нафсини қондиради-ку.

Одамзот нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади? Юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку.

Одамзот нима учун китоб ўғиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса йиғлайди? Уни ёзувчи «ичидан тўғиб чиқаргани»ни билади-ку?

Одамзот нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирсаю, иттифоқо болалиги кечган кулбаси тушига кириб қолса, туни билан йиғлаб чиқади? Ахир у шоҳона қасрда яшайди-ку.

Одамзот нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса ухламайдими?

Одамзот нима учун неварасини етаклаб неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади? Марҳум уларни кўрмайди-ку?!

Гап шундаки, Одамзотни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи Маънавият деб аталади!

 

ЙИГИРМАНЧИ АСР

 Йигирманчи асрда сил, безгак, чечак каби бедаво дардларга шифо топилди ва миллионлаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Йигирманчи асрда «спид» деган бедаво дард пайдо бўлди ва миллионлаб инсонлар ҳаёти хавф остида қолди.

Йигирманчи асрда даҳрийлар тузуми барҳам топди ва миллионлаб инсонлар иймон сари юз тутди. Йигирманчи асрда диний экстремизм авж олди ва миллионлаб инсонлар ҳаётига қутқу солди.

Йигирманчи асрда мустамлакачиликка чек қўйилди ва миллионлаб инсонлар ҳурликка чиқди. Йигирманчи асрда фашизм ва тоталитаризм авж олди. Миллионлаб инсонлар Гитлер ва Сталин қамоқхоналарида қурбон бўлди.

Йигирманчи асрда «учар гиламлар», «ойинаи жаҳонлар», компьютерлар кашф этилди ва миллионлаб инсонлар уларнинг хизматидан баҳраманд бўлди. Йигирманчи асрда икки дафъа жаҳон уруши рўй берди ва миллионлаб инсонларнинг ёстиғи қуриди.

Йигирманчи асрда самовий кемалар яратилди ва инсон қадами Ойга етди. Йигирманчи асрда миллионлаб инсонларни қириб ташловчи ядро қуроли ўйлаб топилди ва синовдан «муваффақият билан» ўтди…

Йигирманчи аср — донишмандлар асри.

Йигирманчи аср — телбалар асри.

 

ХУДБИН

 Ўзидан бошқа ҳаммани ёмон кўрадиган одам охир-оқибат ўзидан бошқа ҳамманинг нафратига йўлиқади.

 

ХАВФЛИ ОДАМ

 Яхшигаям, ёмонгаям бирдек яхши кўринишга уринадиган одам энг хавфли одамдир!

 

ИНСОН ВА ШАЙТОН

Баъзиларга ҳайрон қоласиз. Қилғиликни қилиб қўяди-да, «Билмай қолдим, шайтон йўлдан урди», дейди… Тўғри, одамзот қонида шайтон васвасаси айланиб юриши — бор гап.

Аммо… Шунақанги эркаклар борки, қирқта урғочи шайтонни болалатиб ташлайди. Шунақанги аёллар борки, қирқта эркак шайтонни алимент тўлайдиган қилиб қўяди…

Ҳамма айбни шайтон шўрликка тўнкайверманг!

 

АЁЛ ҚАЛБИ

Аёл қалби тескари магнитга ўхшайди: яқинлашсанг — узоқлашади, узоқлашсанг — яқинлашади.

 

ЁҚИМЛИ ДУШМАН

Умрбод ортингдан эргашиб юрадиган ёқимли душман — нафс!

 

САЛТАНАТ

Салтанат – қуёшга ўхшайди. Жуда яқин борсанг, ёниб кетишинг, жуда узоқ кетсанг, музлаб қолишинг мумкин.

 

ГЎДАК ИСИ

Аёл гўдак исини биринчи фарзанди туғилганидаёқ ҳис этади. Эркак эса гўдак иси нималигини неварали бўлганидан кейин англайди!… Биз – эркаклар доим кечикиб юрамиз….

 

ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР

У оддий одам эди. Ҳаммолчилик қиларди. Тўрт қиз, уч ўғилни оёққа турғазди. Ўғилларини уйлантирди. Қизларини чиқарди. Ҳаммасини уйли-жойли қилди.

Кўз юмаётганида «Ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман»,— деди…

Қарашса, кафанлиги йўқ экан…

 

АНДИША

Ота-боболаримиз шундай деб танбеҳ берадилар: «Ўчоқбошини ҳеч қачон қўшнининг деворига ёпиштириб солма. Таом пишираётганда ўчоғингдан чиққан тутун қўшнининг кўзини ачитса, еган овқатинг ҳаром бўлади!»

…Ўзбекнинг андишасини исботлаш учун яна қандай мисол керак?

 

НОАҲИЛЛИК

Олтмишинчи йиллар латифаси.

Қадим замонда бир юрт подшосининг ҳазинасидан бебаҳо гавҳар йўқолибди. Бошқа юртлардан келган савдогарлар гумон билан ҳибсга олинибди. Атрофига қилич яланғочлаган соқчилар қўйилибди. Иттифоқо ўша юртга тўрт нафар ўзбек савдогари ҳам бориб қолган экан. Уларни ҳам ҳибсга олибдилар. Аммо тепасига соқчи қўйишмабди. Сабабини сўрашса, «буларга соқчининг кераги йўқ, бири қутулмоқчи бўлса, иккинчиси тутиб беради», дебдилар…

Етмишинчи йиллар латифаси.

Арман радиосига савол берибдилар:

– Париждаги кўрикда уч юлдузлик арман коньяги олтин медал олди. Беш юлдузлиги нима учун ҳеч нима олмади?

Арман радиоси жавоб берибди:

– Ва-а-ах! Ўзимиз ҳам ҳайронмиз! Иккаласи битта бочкадан қуйилган эди-ку!

Саксонинчи йиллар фожиаси.

Юртимизда «ўзбек иши» деган қатағон рўй берди. Минглаб бегуноҳлар қамоққа тиқилди, олис юртларга бадарға қилинди. Ўзбек «қўшиб ёзувчи» бўлди. «Порахўр» бўлди. «Боқиманда» бўлди. Азбаройи «қўшгани» учун эмас, лоқайдлиги учун. Азбаройи пора олгани учун эмас, бир ёқадан бош чиқаришни билмагани учун. Азбаройи текинхўрлиги учун эмас, ноаҳиллиги учун!

Иккинчи мингинчи йил саволи.

Қачон қовушамиз? Қачон?!

ҲАҚИҚАТ

Шу қадар ширинки, тотиб кўргинг келади. Шу қадар аччиқки, тилингни куйдиради!

Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобидан

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>