Қўшма мажлис қарори демократик ва қонунийдир

Сайтимизга хат келди: ҳуқуқшуноснинг таҳлилий фикрлари.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2016 йил 8 сентябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.

Ушбу қўшма қарор Олий Мажлис томонидан айни вақтда узоқни ўйлаб, мамлакат тинчлиги ва халқ фаровонлигининг таъминлаш мақсадида қабул қилинган муҳим тарихий қарор десак муболаға бўлмайди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ўйлаймизки, мазкур қўшма қарор шундай конституциявий нормаларнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – олий давлат вакиллик органи бўлиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ халқ номидан иш олиб боришга ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги ўта муҳим бўлган масалалар юзасидан халқ номидан қарорлар қабул қилишга ваколатли давлат органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 10-моддасида баён этилишича Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафот этиши муносабати билан юзага келган вазиятда халқ номидан иш олиб боришга фақатгина Олий Мажлис ҳақлидир. Бошқа бирон бир давлат органи, мансабдор шахс, жамоат бирлашмаси ва алоҳида шахс бундай ваколат ёки ҳуқуққа эга эмас. Шу сабабдан, мазкур қўшма қарорни қабул қилишга Олий Мажлис тўлақонли ваколатли ҳисобланади.

Иккинчидан, Олий Мажлис томонидан мазкур қўшма қарорни қабул қилиш жараёни демократик мезонлар ва тамойиллар асосида амалга оширилди десак хато бўлмайди. Чунки, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги ҳақидаги норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида белгилаб қўйилган. Ўзбек халқи ўзига тегишли бўлган ушбу ҳуқуқни демократия кўзгуси бўлган сайловлар орқали амалга оширади. Яъни, ўзбек халқи ўзига тегишли ҳокимиятни унинг номидан амалга ошириш учун парламент – Олий Мажлис зиммасига юклайди. Олий Мажлис ўз зиммасига юклатилган бундай ваколатни халқ манфаатларини кўзлаб, Конституция ва қонунларга асосан амалга оширади. Шу нуқтаи назарда олиб қараганда ҳам, Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ушбу қўшма қарор демократик ва ҳуқуқий деб баҳоласак бўлади.

Учинчидан, Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ушбу қўшма қарор муҳим сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини барқарор фаолият юритишини давом эттиришга хизмат қилади. Шу жиҳатдан ушбу қўшма қарорни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қабул қилиш ўринли амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин. Ушбу конституциявий нормалар мазмунидан биринчидан, палаталарнинг қўшма мажлисида ўта муҳим, давлат ва жамият ҳаётининг устувор соҳаларига боғлиқ бўлган масалалар кўриб чиқилиши, иккинчидан палаталарнинг қўшма мажлисининг чақирилиши ва ўтказилиши сабаб бўлувчи масалалар доираси чекланмагини, давлат ва жамиятнинг кейинги ривожига ва барқарорлигига таъсир кўрсатувчи ҳар қандай масала кўриб чиқилиши мумкинлигини англашинади. Шу жиҳатдан ҳам ушбу қўшма қарор билан тасдиқланган масалани Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилиши унинг ваколати доирасида бўлиб, қонуний ҳисобланади.

Тўртинчидан, Олий Мажлис томонидан қабул қилинган мазкур қўшма қарорнинг юридик кучи ҳақида фикр билдириб ўтиш ҳам ўринлидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 79 ва 80-моддаларига мувофиқ Олий Мажлис палаталари сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар кўринишдаги қонун ҳужжатлари қабул қилишга ваколатли ҳисобланади. Ўз навбатида Конституциянинг

82-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонунларнинг 11-моддаларига мувофиқ, палаталар бундай масалаларни қўшма мажлисда муҳокама этса, бу борада палатлар қўшма қарор қабул қилади. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонунлар ҳисобланади. Шунга асосан, Олий Мажлиснинг ушбу қарор қонун бўлиб, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар учун амал қилиниши мажбурий ҳисобланади.

Бешинчидан, Олий Мажлис Сенати Раиси томонидан палаталарнинг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига юкламасликни сўраб мурожаат қилиши тўлиқ қонуний асосга эга ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Сенат аъзоси палата мажлисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга ва ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ҳақли. Шунга асосон, Сенат Раисининг бундай таклифни Сенатга киритиши, палаталарнинг ўзаро келишуви билан бу борада қўшма мажлис чақирилиши ва ушбу мажлисда Сенат Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш таклифи бўйича асосланган маъруза қилиши қонуний ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 2016 йил 8 сентябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор демократик ва қонунийдир.

 Дилшод Ражабов,

Тошкент давлат юридик университети

ўқитувчиси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>