Ҳақиқий олий таълим — ҳаққоний қабулдан бошланади

Абитуриентларни қабул қилиш авжи палласига кирган шу кунларда “Маҳалла”

телеканалида “Халқ билан мулоқот” кўрсатувининг навбатдаги сони шу мавзуга бағишланди.

Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, бошқа олий таълим муассасалари вакиллари, мактаб ўқитувчилари, таниқли журналистлар ва бошқалар иштирок этдилар.

1

Кўрсатув бошловчиларидан бири Рўзибой Қўлдош фейсбукдаги саҳифасида бу борада шундай хабар ёритди:

“Фақат битта муаммо. Таълим билан бевосита шуғулланадиган масъул идоралар ходимлари яна кўрсатувда қатнашмади. Ҳолбуки, кўрсатувда айтилган танқидий мулоҳазаларга улар муносабат билдиришлари керак эди. Шундай бўлсада, кўрсатув қатнашчилари таълим тизимидаги ислоҳотлар йўлидаги тўсиқларни ошкора айтдилар. Ҳаммасини айтиб қўймайлик, яхшиси кўрсатувни томоша қилинг”.

Таниқли олим ва сўз устаси Раҳимбой Жуманиёз ҳам шундай хабар ёритди:

“Iqtidorli telejurnalistlar Ro‘ziboy Qo‘ldoshev va Lazizbeklarning «Xalq bilan muloqot» tok shousida ishtirok etdik. Ta’lim tizimidagi muammo va yechimlar borasida bahs yuritdik. «Mahalla» telekanali orqali efirga uzatiladigan ushbu ko‘rsatuv o‘z maqsadi va zalvorli muammolarni ko‘tarib chiqishi bilan e’tiborga molikdir”.

Устоз журналист Сафар Остонов бир ажойиб янгилик айтди. Норвегияда ўқувчиларининг мактабда ўқиб, тўплаб юрган баллари, ижодий изланишлари ҳақидаги маълумотлар интернетда бериб борилар экан. Уларни кузатиб борган олий ўқув юртлари ўзларига маъқул кўринган иқтидорли ўқувчиларни ўқишга таклиф этиб, розилик билдиришса, биратўла қабул қилиб қўя қолишар экан. Ўқишга кириш учун қандайдир тест синовлари ё имтиҳонларига ҳожат қолмас экан. Агар ўша усулда ўқишга қабул Ўзбекистонда ҳам жорий этилса борми!.. Коррупциянинг “к” ҳарфи ҳам қолмас эди.

Даҳо шоир ва арбоб сифатида миллионлаб мухлисларининг қалбидан мангу жой олган раҳматли Эркин Воҳидовнинг “Шум болага” ёзган шеърида, сен ёлғон гапирадиган одатим борлигини айтган эдим-ку, деб қутуласан, менинг ҳам бир айбим бор: рост гапириб қўяман, деган мазмундаги сатрларига ҳавас қилиб юрамиз. Хуллас, кўрсатувда камина ҳам анча-мунча рост гапириб қўйишга ҳаракат қилдим.

Бир эътироф шуки, бу йил олий таълим муассасаларига қабул борасида жуда катта ижобий қадамлар қўйилмоқда, адолат ўрнатилмоқда, хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Қолганини яқин орада намойиш этиладиган кўрсатувни томоша қилиб, ўзингиз хулоса чиқарасиз, деган умиддамиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Қабул комиссияси Ахборот хизмати раҳбари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *