Ҳикматлар хазинаси

Ўқинг аъло, бўлинг доно! Китобларда кўпдир маъно, дейди Дониш домла.

 …Қишлоғимизда китобхонлик урф бўлган. Турфа давралар, тўй-маъракаларда ҳам қайсидир ёзувчи ё шоирнинг бирор асари ҳақида жўшиб сўзлаётганларни кўрардингиз. Гўдаклигимизда ота-онамиздан эшитган эртак ва достонларни кейинчалик китоблардан ҳам иштиёқ билан ўқиганмиз. Давралардаги дилтортар суҳбатлардан сармаст бўлиб, китобни қўлда тутганча мутолаага шўнғирдик. Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Миркарим Осим, Пиримқул Қодиров, Худойберди Тўхтабоев, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Оқилжон Ҳусан, Умар Хайём, Лев Толстой, Чехов, Шолохов, Шукшин, Жек Лондон, Александр Дюма, Чингиз Айтматов каби кўплаб ёзувчи-шоирларнинг китоблари шу тариқа ҳар куни қўлма-қўл эди.

Китоб «жинниси»га айланганимизнинг боиси шундандир эҳтимол…

Адабиёт дарсида асосий мавзу ўтиб кетган ёзувчи-шоирларнинг таржимаи ҳоли ҳақида бўлар, улар ёзган асарларни эса ўқиш «тавсия» этиларди, холос. Ўша асарларнинг мағзи чақиб берилмасди ҳисоби. Шу боис, Мир Алишер Навоий асарларининг номи, шоирнинг «Сўз мулкининг султони» эканидан бошқасини унчалик билолмасдик…

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Эркин Воҳидовнинг «Танланган асарлар» китоби тақдимотида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо айтган гап ҳазрат Навоийни ўрганиш қизғин кетаётган паллада айни муддао бўлди:

«Биз таълим соҳасидаги мутасаддилардан бирига «Алишер Навоий асарларини бошланғич синфлардан бошлаб ўқитиш керак», десак, «Навоий асарларини ўзимиз тузукроқ тушунмаймизу, мактаб ўқитувчиси қаёқдан ўргатсин?!» деб жавоб берди. Унга: «агар сиз ҳам Алишер Навоий асарларини бошланғич синфларда ўқиганингизда яхши тушунар эдингиз ва бугун бу гапни айтмасдингиз, дедик». Дарҳақиқат, шоирнинг гапида жон бор.

Аслида бу долзарб масалани ҳал этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кам эмас. Атоқли адиб Пиримқул Қодиров «Тил ва эл» бадиасида ёзганидек, «Адабиётшунос ва тилшунос олимларимиз Алишер Навоий ғазалларининг тасаввуф билан боғлиқ бўлган ботиний маъноларини шарҳлаб очиб бериш йўлида самарали ишлар қилганлар».

Профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг «Алишер Навоий» деб номланган китобида қайд этилганидек, «Ўзбек олимларининг улуғ шоир лирикаси ва достонлари, бадиий маҳорати ва ижодий методи, сатираси, анъналари ва новаторлик жиҳатлари, дунёқараши ва фалсафаси, ижодида муҳим ўрин тутган халқ оғзаки ижоди ва адабиётлараро ўзаро таъсир масалалари бўйича олиб борган чуқур илмий тадқиқотлари навоийшуносликнинг алоҳида илмий йўналиш даражасига кўтарилишига хизмат қилади».

Сўнгги ўн йилликлар мобайнида бир адабиёт мухлиси сифатида Порсо Шамсиев, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Азиз Қаюмов, Нажмиддин Комилов, Суйима Ғаниева каби атоқли олимлар, Пиримқул Қодиров ва Эркин Воҳидов сингари севимли ёзувчи-шоирларимизнинг Алишер Навоий асарлари тадқиқи ҳамда таҳлилига қаратилган китобларини иштиёқ билан ўқиб, мутафаккир аждодимиз маънавий хазинасидан озми-кўпми баҳраманд бўлдим. Даҳо шоирнинг ҳар бир сатри замирида олам-олам маънолар мужассамлигини англаган сари ул зот руҳи олдида таъзим бажо айлагинг келади.

Навбатдаги ана шундай маънавий хазиналардан бири – «Sano-standard» нашриётида 2016 йили 10 000 нусхада чоп этилган (520 саҳифалик) «Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар» тўплами бўлди.

Филология фанлари номзоди Абдумурод Тиловов ва тадқиқотчи Иброҳимжон Сайдуллаев нашрга тайёрлаган мазкур китобда Алишер Навоийнинг «Хамса», «Насойим ул муҳаббат» ва «Лисонут-тайр» асарларидаги айрим ҳикоятларнинг содда насрий баёни, шунингдек, мутафаккир шоирнинг ҳикматли сўзларидан намуналар ўрин олган.

Айрим ҳикматларга берилган шарҳлар, ҳикматларнинг мазмун-моҳияти ифодаланган баёнлар «Қалбга малҳам ўгитлар», «Навоийнинг нигоҳи тушган ўгитлар», «Навоий — болажонларга» деб номланган бўлимларда тақдим этилган.

Китобни ўқиб-ўрганиш учун фақат мутолаанинг ўзи камлик қилар экан. ЎзМУ 2-талабалар тураржойида ўтказилган ижодий учрашувда филолог олим Абдумурод Тиловов мазкур тўпламдан ўрин олган қатор ҳикоятлар, даҳо шоир Алишер Навоий ижодидан айрим сатрларини изоҳлаб берганида тингловчилар бир олам таассурот олди. Муаллиф тўпламдан ўрин олган ҳикоятлар ва ҳикматлар ҳақида сўз юритиб, қуйидаги сатрларни талабалардан бир неча бор такрорлашни сўради:

Тухм (уруғ) ерга тушуб чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!

Талабалар бу сатрларни жўровозда такрор айтишар экан, борган сари унинг беқиёс мазмун-моҳиятини англаб бораётганини таъкидлашди.

Мана, ўша фикрлар, хулосалар ҳосиласи: ҳар бир инсон ўзига ўзи мудом шундай савол бериб юрмоғи даркор: чечакка айланган гул уруғичалик, ипак яратган қуртчалик ғайрату ҳиммати бўлмаган одам – ўзини одам деб ҳисоблаши мумкинми?!

Ваҳоланки, мукаммал инсон бўлиб яралганмиз. Оёқ-қўлларимиз ҳар ишга қодир! Ақлни пешласак, тўғри ҳаракат қилсак, қанчалик наф келтирадиган одам бўлишимиз мумкин, деган ўй, фикр ҳеч биримизга тинчлик бермаслиги керак. Мана, пурмаъно сатрлардан олинадиган сабоқ!

Тўпламдан ўрин олган қуйидаги сатрлар ҳам барчанинг вужудини титратиб юборди:

Бўл банда ато-аноға яксон –

Ким Ҳақ деди: «волидайи эҳсон».

Қуллуқларин айла расму одат,

Кавнайн аро бил саодат.

Бунинг маъноси қуйидагича экан: ота-онангга бир хилда қуллуқ қил, чунки Оллоҳ таоло: «Ота-онангга яхшилик қил», деган. Уларга хизмат қилишни расму одат айлаб, бу ишни икки дунёнинг саодати деб бил…

Яна фикрдан фикр унса, қандай хулосаларга келиш мумкин? Ушбу сатрларни барча бирдек ёшлигиданоқ (мактаб партасидаёқ) қалбига жо қилганида, ота-оналарини хўрлайдиган нобакорлар бўлмасмиди… Ўшанда номи «Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати» бўлса-да, аслида моҳияти «ёрдамга муҳтож қариялар уйи»га ҳожат қолмасмиди!..

«Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар» тўпламидан ўрин олган қай бир асар мазмунини ўрганманг, ҳаётнинг яна ажиб сиру синоатини англаб етгандек бўласиз. Уни теран нигоҳ ила ўқиган сари маънавий оламингиз бойиб бораверади.

Яна бир «нозик» гап. Алишер Навоий асарлари тилини тушуниш қийинроқ экан, деб ўқимай қўйиш — маънавий фожеадан бошқа нарса эмас! Атоқли шоир Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, ўзбек Навоийни ўқимай қўйса, пайтаванинг салла бўлгани шу-да…

Ҳазрат Навоий асарларининг мазмунинигина билиб олиш камлик қилади. «Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар» китобининг катта ютуғи — мутафаккир шоирнинг шоҳ сатрларини ўқиб кўришга ҳам чорлайди. Яъни, китоб саҳифаларида аввало Навоий сатрлари, тагида насрий мазмуни баён этилган. Бугунги лисонимизга мос шарҳини ўқиш баробарида унинг аслиятини кўриш мумкин. Бу эса китобхонни Навоий бобомиз маънавий хазинасига ошно қилиб, ул зот сўз бойлигидан баҳраманд этади. Бундай бебаҳо асарларни қанчалик кўп ўқиб, мазмун-моҳиятини теранроқ англаб етсанг, маънавий оламинг шунчалик бойийди.

Маънавияти юксак инсон ҳеч қачон тубанлик ботқоғига ботмайди, ўғрилик, босқинчилик, порахўрлик, таъмагирлик, ғийбат қилмайди, она Ватанини, миллатини, иймонини сотмайди. Бундай иллатлардан ўзини йироқ тутади. Шу мезондан туриб қараганда, Алишер Навоий асарлари авлодларни комиллик сари чорлаётган эзгулик маёғига ўхшайди. Демак, бу маънавий хазинадан бебаҳра одам маънан қашшоқлигича, маърифат нурларидан бебаҳра зулмат ичра қолаверади.

Алишер Навоий асарларини бошланғич синфлардан бошлаб ўқитишда «Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар» тўпламининг камарбаста бўлишига ишонамиз. Аввало, мазкур тўпламни энг аввало ўқитувчилар ўқиб-ўрганишлари учун мамлакатимиздаги ҳар бир мактабга биттадан бўлса-да етказиб беришга эришиш лозим.

Иккинчиси, бу китобни шу асосда бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланадиган дарслик сифатида қайта тайёрлаб, лотин алифбосида нашр қилиш ва таълим жараёнига татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.

Учинчиси, республикамиздаги ўқитувчилар малакасини ошириш институтларида Алишер Навоий асарларидан дарс берадиган педагог ходимлар учун қисқа муддатли ўқув семинарларини ўтказиш ва унга навоийшунос олимлар ва заҳматкаш профессор-ўқитувчиларни ҳам жалб этиш зарур.

Юқорида қайд этганимиздек, пурмаъно китобни ўқиш, улар ҳақида адабиётшунос олимларнинг дурдона фикрларини тинглаб, мазмун-моҳиятини уқиб олиш даркор. Айниқса, Алишер Навоийдек ҳар бир сатри замирида оламча маъно мужассам бўлган мутафаккир асарлари маъносини теранроқ англаган ҳолда ёш авлод онгига етказиш — улар қалбига эзгулик уруғини экиш билан баробардир.

з3

Тўлқин ЭШБЕК,

филология фанлари номзоди, доцент

http://navoiy-uni.uz/uz-l/node/922

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *