Абдулла Қаҳҳор ўгитлари

17 сентябр – улуғ ўзбек адиби Абдулла Қаҳҳор таваллуд топган кундир.

Ёзувчи 1907 йилнинг 17 сентябрида Тожикистоннинг Ашт туманида темирчи уста Абдуқаҳҳор оиласида таваллуд топди. Унинг болалик хотиралари, кечмишлари “Ўтмишдан эртаклар” автобиографик қиссасида батафсил баён қилинган.

Ўтган асрда яшаб ижод қилган таниқли ижодкорлар – Одил Ёқубовдан Пиримқул Қодировгача, Ўткир Ҳошимовдан Шукур Холмирзаевгача, Ўлмас Умарбековдан Носир Фозиловгача, Саид Аҳмаддан Озод Шарафиддиновгача, Абдулла Ориповдан Эркин Воҳидовгача барчаси Қаҳҳорни ўзига устоз санар эди.

Абдулла Қаҳҳор мураккаб даврда яшаб ижод қилди. Унинг социализм ва коммунизмни улуғлаб ёзган мақолалари кўплаб топилади. Шу билан бирга мустабид даврда ҳақни айтишга ўзида куч топа билди. Бу ҳақда адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг сўзларига эътибор беринг:

“Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Пахта яккаҳокимлиги авжига чиқаётган кезлар. Ўзбекнинг етти ёшидан етмиш ёшигача пахта даласида. Ёшу қари гўё эгатларга сочилиб кетган. Қилча бўлсин, норозилик билдириш мумкин эмас. Масковдан белгиланган йиллик режани бажармагунча на қиз-жувон, на болаларда тиним бор. Кузнинг вужудни жунжиктирувчи изғирин ва совуқларини енгиб, ниҳоят, вилоятлар бирин-кетин кўзланган марраларни эгаллай бошлайди. Қўлга киритилган улкан ғалаба билан пахтакорларни қутлаб ёзувчи, шоир ва олимлар ҳам телевизорга чиқади. Табрик сўзлари ниҳоятда кўтаринки, бири биридан силлиқ ва ялтироқ. Иттифоқо, Абдулла Қаҳҳор ҳам юртдошлари — Фарғона меҳнаткашларини телевизор орқали қутлайди. Лекин унинг қутлови ҳеч кимникига ўхшамасди: сўз ҳам, гап ҳам жуда оддий ва табиий. Деҳқоннинг қувончига шерик бўлиш, кўнглини кўтариш ниятида айтилаётган фикрлар ҳам тошдай оғир. Мен ўша даврда пахтакорни табриклаш учун радио ёки телевизорга чиққан бирон бир ижодкорнинг журъат билан «Машина пахтакорнинг меҳнатини нақадар енгиллатган, уни машаққатдан нақадар қутқарган бўлса ҳам, ҳануз қиз-жувонларимизнинг ҳусн-латофати пахтазор жўякларида қолиб бораётипти, студентларимиз ҳануз тўлиқ таҳсил кўрмаётипти, қишлоқ болалари ҳануз мактабдан чаламулла бўлиб чиқаётипти» деганини эслай олмайман…

Ёв қочса, ботир кўпаяр, деганларидек, қайта қуриш ва ошкоралик замонларида қўлига қалам ушлаган зот борки, пахтакорнинг аҳволига қайғурадиган, пахта ишининг оғирлигидан бонг урадиган бўлиб қолди. Бу «қалтис» масалада шу қадар кўп гапирилдики, охири тинглашга ҳам тоқат қолмади. Айниқса, айрим журналист ва ёзувчиларнинг бийронлиги, чечанлиги андишасизликкача етиб борди. Ҳолбуки, ғамкашлик ва муҳофизлик кайфиятидаги ўша фикр-мулоҳазаларни бир жойга жамласангиз, уларнинг маъно салмоғи Абдулла Қаҳҳорнинг юқоридаги уч жумласига яқин ҳам йўламайди”.

Республика раҳбари Шароф Рашидов тўғрисида “Рашидовнинг адабий фаолияти адабиётга катта зиён келтираётибди… Уни ҳеч ким танқид қилолмайди, танқид қилган киши “қора рўйхат”га тушади… Ўзини зўр ёзувчи ҳисоблайди, ўз оғзи билан эмас, лаганбардорларнинг оғзи билан мақтанади… Рашидовдан мақтанчоқроқ шахсни тасаввур қилиш мумкин эмас… Пахта далаларида одамларнинг ўлгани, аёллар майиб бўлиши, болаларнинг пачақ бўлиб ўсиши билан иши йўқ”, дея олиш учун киши билимдан ташқари, катта журъатга эга бўлиши керак.

Абдулла Қаҳҳорнинг мазмундор ҳикматлари ва лутфларини саралаб, тақдим этамиз. Улуғ адибнинг ақл-заковатидан тўкилган қисқа ва лўнда, майин юморга бой, афоризм сингари жарангловчи ҳикматларни ўқинг ва мулоҳаза қилинг.

  • Халқнинг қалбига узоқдан қўл солиб бўлмайди, қўл солиш учун унинг олдига бориш керак.
  • Юртни обод қиламан деган киши ўзи обод бўлади.
  • Юртдан чиқиш тириклай гўрга кириш деган сўз.
  • Кўз ёши е кўнгилдаги ғам-ғуссанинг дамини кесиш, ё бераҳмнинг раҳмини келтириш учун тўкилади.
  • Одам боласининг ўлим кутишига, яъни дунёдан умид узишига ишонмайман.
  • Мустамлакачилик фақат мамлакатни ғорат қилмайди, ундан ҳам ёмонроғи одамларни, халқни руҳан ғорат қилади, шундай қиладики, қул ҳаётини кечираётган, инсонга номуносиб ҳаёт кечираётган одамда шу ҳаётга қарши норозилик, исён руҳи буткул сўнади.
  • Урушда вайрон бўлган иморатни тиклаш осон, лекин мустамлакачилик қўл-оёғини боғлаб, тақдир ҳукмига топширган одамни бу фалокатдан халос қилиш қийинроқ!
  • Халқнинг кўзи боғланса, қулоғига қўрғошин қуйилса, тақдир ҳукми ўлимдек ҳақ, деган ақидани унинг зеҳнига сингдириш осонроқ бўлади.
  • Ҳамма жойда бир нарса кўзга ташланиб туради: баланд даражали тўқ одам бор, тубанларнинг тубани оч одам бор. Ҳамма нарса тўқ одамларники, ҳамма оч одамлар мана шу тўқларнинг ишини қилиш учунгина яшайди, яшайди эмас, тупроқдан ташқарида умр кўради.
  • Қашшоқлик, тенгсизлик, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган бошқа ҳамма нарса ҳам ўтади: уйсиз уйлик бўлади, оч тўяди, гап бунда эмас, ҳамма гап шундаки, мана шу одамларда одамлик ғурури карахт бўлган, бу одамларда шундай ҳаётга қарши исён руҳи йўқ, аксинча, булар шу ҳаётни қариликдай табиий, ўлимдек ҳақ, деб билишар экан .
  • Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир. Санъат асарида яхшини яхши деб одамларга ибрат қилиш, ёмонни ёмон деб одамларни ундан жиркантириш учун шижоат керак бўлса, шижоат ҳалолликни талаб қилади. Шунингдек шижоатсиз ҳалолликнинг ўзи ўлик сармоядир.
  • «Мумкин эмас»ни «қийин»дан ажратиш керак. Қийин — кўпроқ меҳнат талаб қилинади, деган сўз.
  • Сенинг кўкрагингда ўт бор, соч шу ўтни, ҳўлу қуруқ баравар ёнсин.
  • Танингда филнинг кучи, чумолининг ғайрати бўлсин.
  • Тинмай қоққан эшик очилади. Ғойибдан қандайдир бир илоҳий куч кутиб яшаш — сувга суянгандай гап.
  • Улуғ Навоий ҳақ-ҳаққониятга келганда, вазирлик либосини ечиб ташлаб «қора халқ» қучоғига отилган, Фурқат ёлғончилик уяси бўлмиш бойларнинг юзига «туф» деб шеър ёзган, Чехов билан Короленко ҳаққониятсизликка қарши норозилик юзасидан академик унвонидан воз кечган эди-ку! Короленко ўзи маҳбус бўлгани ҳолда, чор ҳукуматининг бутун бир халққа зулм ўтказаётгани тўғрисида баланд товуш билан қичқирган, буюк француз Эмиль Золя ўз ақидаси учун курашда ўз халқини қўйиб, «буюк миллат» Рус халқига ўғил бўлган эди-ку! Ниҳоят М. А. Шолохов культ даврининг энг даҳшатли кунларида ноҳақ халқ душмани унвони тақилган кишиларни ҳимоя қилган, уларни қутқариш учун аждаҳонинг оғзига қўл тиққан эди-ку! Буларнинг ҳаммаси мазкур ёзувчиларнинг гражданлик шижоати талант кучидан кам бўлмаганини кўрсатмайдими?
  • Шариатнинг йўли кўп, биттаси берк бўлса ўнтаси очиқ.
  • Ароқ баттолнинг бир томчиси қирқ оғиз гап.
  • Наша чекиш айб, кўкнор ичиш уят. Нима учун ичкилик ичиш айб-уят эмас?! Нима учун тўйни айб-уятликдан қолишмайдиган ичкилик билан безаймиз? Наша Бангиликка, кўкнор кўкнориликка элтиб кишиларни одамгарчиликдаи чиқаради деймиз, нима учун пиянистани одам ҳисоблаймиз?… Пиянистанинг қилмаган жинояти йўқ-ку! Шуми ичкиликнинг бошқа бангилардан афзаллиги!
  • Ўғри мол ўғирласа, ичкилик жон ўғирлайди, жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди.
  • Бир нарса ҳақида биргина одам гапирса балки ҳали ҳеч нима юз бермагандир. Лекин бошқалар ҳам гапира бошладими, демак, бир гап бор, бу ишга энди диққат қилмоқ лозим.
  • Одам ўз гуноҳини бировнинг гуноҳи билан ювмоқчи бўлиши чакки, чунки гуноҳни гуноҳ ҳеч қачон юва олмайди.
  • Чаласавод киши ўзидан паст, нима деса «ҳикмат» деб турадиган одамлар билан улфатчилик қилишга мойилроқ бўлади.
  • Ўлик тирикнинг жонига оро киради.
  • Одамларки бор, ҳалол меҳнат билан ўзини кўрсатгани эринади-ю, оламда борлигини маълум қилиб туриш учун кўпроқ гапиришга ҳаракат қилади; мажлис-пажлисда сўз тегиб қолса, фойдали бирон фикр айтиш учун эмас, гапириш, фақат гапириш учун гапиради. Жамиятда ўзи кўринмай фақат товуши чиқадиган бу хилдаги одамлар, текин қулоқ топилса, битта эски дўппи тўғрисида саккиз соат сув ичмасдан гапиради. Одамлар эснайди, мудрайди, мажлис раисига хўмрайиб қарайди…
  • Амалдорни мақтаган одам бориб уни қулоғига мақтайди. Кўпчилик ўртасида мақтайди. Бу ўша амалдорга обрў келтиради. Ва у обрўни майдалаб пул қилади.
  • Биров порахўрнинг билагидан оққан мойни итдай ялайди; биров «порахўр ҳуркмасдан олсин, бемалол есин» деб поранинг отини «совға», «ҳадя», «тўёна», «ёрдам» қўйиб беради.
  • Битта гўл порахўрни тутишдан кўра йигирмата учар ўғрини тутиш осонроқ. Ўғри урган киши «дод, ўғрини ушла» дейди, пора берган киши «дод, порахўрни ушла!» демайди.
  • Бошига иш тушган одамни шилиш — ўликнинг кафанини ечиб олишдай гап.
  • Ўғри кечаси йўлингизни тўсиб чўнтагингизга қўл солади, пулингизни олади, олади-ю, қочади-кетади. Порахўр куппа-кундуз куни, яна ҳукумат идорасида ўтириб чўнтагингизга қўл солади, пулингизни олади-ю, қочиб кетмайди, жиноятга сизни шерик қилади.
  • Биров гапни ёғлаб гапиради, биров тиканак боғлаб гапиради, …одам гапни қай тарзда гапирганига эмас, нима деганига қаралса, дуруст бўлар…
  • Амалпарастлик амалпарастларни бирлаштирмайди.
  • Подшо «сен» деган кишини бутун мамлакат «сиз» дейди.
  • Раҳбар томоғига зўр бердими, обрўдан путур кетгани бўлади.
  • Талант учун энг хавфли шира «офарин»чиликдир.
  • Ташкилотчиликнинг аҳамияти катта, лекин ташкил қилинган одамлар ташкилотчининг соясида қолиб кетмаслиги керак.
  • Таъна, дашном, танқид ва бошқа минг турли дўстона, хайрихоҳона товушларга таҳсин аралашса, қулоққа фақат таҳсингина киради.
  • Хушомадгўй-лаганбардор деган махлуқ мансабдорни сигирдай ялаб, жунини тескари қилиб ташлайди.
  • Мансабдор ҳам хуш ёқиб, бузоқдай бўйнини эгиб тураверади.
  • …Тоғни қўпориб ташлашга қодир одам бир кетмон уриб қўйиб керилмайди, ўзини елпимайди, таҳсин ва офарин кутмайди. Бир кетмон уриб, таҳсин ва офарин умидида атрофга қараган одам шу билан иккинчи кетмон уришдан ожиз эканини кўрсатади.
  • Замонамизда интилган киши ниятига етади.
  • Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман.
  • Адабиётда ёлғоннинг катта-кичиги йўқ. Ҳаммаси ҳам баравар зарардир.
  • Бир маротаба ёлғон ишлатган одамнинг иккинчи маротаба ёлғон ишлатмаслигига ким кафолат бера олади — ҳеч ким!
  • Кўп сўз ёлғоннинг юзини пардозлаш учун керак. Ҳақиқат шундай жононки, пардоз унинг ҳуснини бузади.
  • Рост гап ўла-ўлгунча эсдан чиқмайди, ёлғон гапчи, дарров унутилади-қолади.
  • Чиройли лоф-қофдан хунук ҳақиқат яхши.
  • Ҳақиқат қанчалик кўп қаршиликка учраса, кишиларнинг қалбидан шунча чуқурроқ ўрин олади.
  • Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катта қилиб кўрсатадиган микроскоп керак. Сатира ўтига учраган киши виждони бўлса одамларнинг юзига қаролмайди, виждони бўлмаса оғзидан кўпик сочиб, ёзувчининг кетидан болта кўтариб югуради.
  • Имон деган нарса дилда бўлади.
  • Оёғи ёки тили билан гандираклаб юрган мастга, қўлга тушиб ёки қўлга тушишдан қўрқиб эс-ҳушини йўқотган ўғрига, хийла-найранги фош бўлиб безрайиб турган товламачига, дуч келган аёлга эшак тили билан «муҳаббат» изҳор қилган махлуққа разм солинг, буларнинг қайси бири ва нимаси ҳайвондан ортиқ? Тил-жағи дейсизми?
  • Уят фақат инсонга хос туйғудир.
  • Дунёдан умиди бўлмаган одамда дид ҳам, орзу-ҳавас ҳам сувга уриб кетар экан.
  • Ёш боланинг қуввати икки оёғида бўлади — юриб, югуриб чарчамайди; йигитнинг қуввати белида бўлади — меҳнат қилиб чарчамайди; қариларнинг қуввати қаерида бўлади?— Дилида бўлади. Ҳеч ким бардош бера олмайдиган ғамга қари одам бардош беради.
  • Тасалли бериб айтилган ҳар бир сўз ишончга раҳна, кўнгилга ғулғула солиши мумкин.
  • Ёлғизликнинг ўзи бир тутқинликдир.
  • Жўн нарсаларни билиб олишга мураккаб йўл билан эришади киши.
  • Камбағаллик ҳамма вақт, ҳамма одамнинг жонига теккан нарса. Лекин одамзод жонига теккан нарсадан қутулиш йўлини билмаса осмон йироқ, ер қаттиқ бўлади, унга кўникади, шунчалик кўникадики, бу нарса жонига текканини ҳам пайқамай қўяди.
  • Катакда семириб ётган товуқ учишнинг фойда-зиёнини қаёқдан билсин.
  • Қайсидир бир мамлакатда… ҳайвонот боғида кекса фил бор экан, занжирбанд фил юз йил давомида қозиқ атрофида айланибди. Оқибатда занжир ейилиб, узилибди. Шундан кейин ҳам фил маромини бузмасдан узилган занжирни судраб қозиқ атрофида яна юз йил айланган экан.
  • Катталар учун ёзилган китобда йўл қўйилган хатони тузатиш мумкин, лекин болалар учун ёзилган китобда кетган хатони тузатиб бўлмайди, бу хатодан болани огоҳлантирилса, хато унинг зеҳнига чуқурроқ ўрнашади.
  • Она куни биткач дунёдан кўз юмганда боладан рози бўлиши зарур, лекин куни туғилиб дунёни энди кўрадиган болани рози қилиб кетиши ундан ҳам зарурроқ экан.
  • Ота-онаси эрка ўстирган бола кўпинча худбин бўлади.
  • Ўз қадрини билган хотинга эркак киши ёмон кўз билан қарашга ботинолмайди.
  • Бахтни бировларнинг остонасидан қидиришнинг ўзи бахтсизликнинг боши.
  • Одам ҳаётда из қолдириб олтмишга кирса, ёшликдаги кайфият, ғайрат тураверар экан.
  • Уй-жой бахт бўлса, иссиқ оғилда кавш қайтариб ётган сигирдан бахтлироқ жонвор бўлмас эди.
  • Умрдан бошка ҳамма нарса қисқа бўлгани яхши. Умр сал узун бўлса зарари йўқ.
  • Боланинг ўгайи бўлади, аммо хотиннинг ўгайи бўлмайди.
  • Ташаббус эркакдан бўлиши керак, булбулнинг ҳам эркаги сайрайди.
  • Эри рашк қилмайдиган хотиннинг ҳаёти ёвғон ошга ўхшаса керак.
  • Эркак киши қай маҳал кўчага чиқиб кетади? Агар қидирганини уйидан тополмаса!
  • Одам дунёга чўчқадай семиришу, битдай болалаш учун келмайди.
  • Сиз куйиб-пишиб гапириб турганингизда сигир маъраб қолса, сизга эмас, сигирга қарайдиган одамга гап таъсир қилмайди.
  • Бугунги кунда рус тилининг аҳамияти тўғрисида гапириш офтобнинг аҳамиятини тушунтиришдай бир гап.
  • Гап қанча яхши бўлса, у шунча қисқа бўлади.
  • Институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, испан, француз тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларинга чет тиллар билан бирга (балки биринчи навбатда) ўз она тилимиз — ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоятда чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифода қилишга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!
  • «Ўзбек тили барибир йўқолиб кетади, конституциядан ўзбек тили — давлат тили деган гапни чиқариб ташлаш керак», деган товушлар совет кишиларининг товушлари эмас, империализмнинг шалтоқ пропагандасига озиқ берадиган иғвогарларнинг товушидир!
  • Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?
  • Рус тилини иккинчи она тилимиз дейишимиз учун ўз она тилимизни билишимиз керак!
  • Ўзбек тилида яхши фикр ва туйғуларни ифода қилиб бўлмайди деган назарияни Навоий бундан беш юз йил бурун тор-мор қилган.
  • Классиклардан ўрганиш деган сўз классик асарлардаги… меҳригиёни топишга уриниш, топишдан иборат бўлса керак.
  • Мен «майда», «йирик» мавзу деган гапни тан олмайман. Наинки, пахта учун кураш «йиригу», бола тарбияси ёки оила «майда» мавзу бўлса!
  • Семиз китобнинг юраги яхши тепмайди.
  • Маҳорат ҳар бир сўз устида узоқ, тер тўкиб ишлашда эмас, айнан ўша сўзни топа билишдадир.
  • Палағда тухумга мурч сепиб берган билан уни еб бўлмайди.
  • Толстой бобонинг асарлари қазига ўхшайди, чайнаган саринг мазаси чиқаверади.
  • Ўқувчига китобнинг «ориғи» маъқул.
  • Катта кўрмаганни кичик кўради, кичик кўрмаганни катта кўради, иккаласи биргалашиб қараса ҳеч нарса кўздан қочмайди.
  • Кишан олтин бўлса ҳам ҳарқалай кишан!
  • Қисир сигир кўп маърайди.

http://sof.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *