Адабий тилимиз меъёр ва қоидалари бузилишига йўл қўйилмайди!

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши «Давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини юксалтиришнинг долзарб масалалари» мавзуида очиқ мулоқот ўтказди.

ЎзА мухбири Нурилло Насриевнинг шу мавзудаги мақоласида қайд этилганидек, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида «Давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини юксалтиришнинг долзарб масалалари» мавзуида очиқ мулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Саъдулло Отамуродов, университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов ва бошқалар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихи, давлат тилининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва бу борада парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги ҳақида сўз юритди.

Миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилига юксак эътибор туфайли 1989 йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Конституциямизнинг 4-моддасида ўзбек тили давлат тили мақомига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг рамзлари қаторида турадиган ва қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди.

Истиқлол йилларида давлат тилини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилди. Ҳар йили 21 октябрни тил байрами сифатида нишонлаш анъанага айланди. Ўзбек тилини илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, она тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган туркум илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалар, янги луғатлар чоп этилди.

Мулоқотда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олиш ва маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида «Миллий тикланиш» демократик партияси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *