Адвокат таклифи: қамашдан аввал ўзи “ўтириб” кўрсин!..

Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бироқга, деган нақл бежиз айтилмаган.

Касбим тақозосига кўра жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан мулоқотда бўламан. Суд-ҳуқуқ тизимида узоқ вақт прокурор, судья, терговчи каби юқори мансабларда ишлаган бир гуруҳ шахсларнинг айблари фош бўлиб, жиноий жавобгарликка топтилганларини жамоатчилигимиз қизиқиш билан кузатмоқда. Афсуски, уларнинг суддан кейинги тақдирлари ҳақида ОАВда етарли хабар, таҳлилий мақола ё кўрсатув берилмади…

Маҳкумлар билан учрашар эканман, биринчи ўйлаган фикрим: аввало улар ҳам инсон! Жиноий хатти-ҳаракатига яраша жазосини олаётгани бор гап, бироқ, бутун фаолиятлари давомида яхши ишлари ҳам бўлганини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Суҳбат чоғида биринчи галда маҳкумларнинг гапларини, фикрларини тўлиқ эшитаман. Шунда уларнинг ички туйғулари, руҳий кечинмалари билан ўртоқлаша оламан Турли лавозимларда ишларини қандай ташкил этганликлари, бунда йўл қўйган хато ва камчиликлари нимадан иборат бўлганини хаёлдан ўтказиб, ниҳоят хулосага келаман. Уларнинг дардларини тинглаб, озодлик – нақадар улуғ неъмат эканлигини қалбдан, вужудим билан ҳис қиламан. Ҳар бир озод инсон шукрона айтиб яшаши жоизлигини бонг уриб айтгим келади.

Ҳа, ҳар бир инсон жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузиб, жиноятга қўл уришдан олдин жазо муқаррарлигини, ва бундай бахтиқаролик жаврини бир бора кўз олдига келтириши лозимлигидан ҳаммани бохабар этиб тургим келаверади. Ўзини ҳурмат қилган инсон жамият қонунларини асло оёқости қилмай, уни ҳаёт маёғи деб билмоғи шарт! Қонун ва жамиятгага хиёнат қилмаганлар ҳеч қачон ўзини хорлик гирдобига маҳкум этмайди!

Демак, ҳуқуқий маданиятни аввало шу соҳа вакилларининг вужудига, қалбига сингдириш мақсадга мувофиқ, дегим келади. Билмасдан жиноят қилганларга нисбатан тегишли қонунларда ҳам шавқат қилиш, кечириш ё жазони енгиллатиш каби адолатпарварлик тамойиллари кам эмас. Бироқ, айнан қонун ҳимояси бўла туриб, кўриб-билиб қонунбузарлик қилганларга нима дейиш мумкин?

Таклифим шуки, терговчи, прокурор ёки судья лавозимига тайинлашдан олдин бу соҳа ходимларига “амалий машғулот” сифатида аввало бир ой жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар қатори “ўтириш”ни таклиф этаман. Улар худди жазога тортилган маҳкумлар либосида, чинакам жазо ўтаётганлар қаторида “ўтириб” кўрсин. Бундай ҳолда, биринчидан, ўзи жазога ҳукм қилаётган инсонлар қандай аҳволда “ҳаёт кечириши”ни ҳам кўпроқ ҳис этадилар. Маҳкумларнинг оила аъзолари билан учрашув жараёни қай аҳволда эканини, белгиланган тартибдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қандай берилаётгани ва бошқа жараёнларини ўз кўзлари билан кўрсинлар. Ана шундагина аввало ўзлари ҳеч қачон жиноят ботқоғига ботмайдиган бўлади. Иккинчидан, фаолияти давомида бошқа жиноятчиларга ҳукм чиқаришдан илгари тарозининг палласини тўғрироқ ўлчайдиган, адолат мезонлари ва инсон ҳуқуқларини амалий жиҳатдан теран англайдиган бўладилар.

Энг муҳими, жамиятимизда инсонпарварлик тамойили янада юксак даражада бўлади, айнан қонун ҳимоячилари қонунбузарлик қилмайдиган бўладилар.

 

Абдумалик Абдуллаев,

адвокат

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *