Адибнинг дил дафтари
Устоз Хайриддин Султоннинг ижодий маҳорат ва ибрат мактаби
Донишманд адиб Пиримқул Қодиров, ёш авлод яхши фазилатларни фақат яхши инсонлардан ибрат олиб ўрганиши мумкин, деб сабоқ берган. Биз бўлғуси ижодкорларга сабоқ берар эканмиз, кўнгилда доим бир савол пайдо бўлаверади: бугун талаба-ёшларимизга қайси ёзувчи-шоир ёки публицистларни ибрат қилиб кўрсатсак тўғри бўлади?
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олиб, ўз ижодий маҳорат мактабларини яратиб кетган атоқли шоир ва адиблар талайгина. Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, ардоқли адиблар Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон… (Улар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин).
Очиғи, бу улуғ устозлар ҳаётлик чоғларида вақти-вақти билан университетга келиб, талабалар билан ижодий учрашувлар ўтказиб туришарди. Гоҳо талаба-ёшларни уларнинг ҳузурларига бошлаб борардик. Қовун қовунни кўриб ранг олар, деганларидек, бўлғуси ижодкорлар устоз ёзувчи-шоирлар суҳбатларидан ўзларига яраша сабоқ олар, ўша устозлар изидан боришга ва муносиб шогирд бўлишга интилардилар.
Ўтганларнинг охиротлари обод бўлсин, илоҳим. Уларнинг ижодий мерослари тенгсиз хазинага айланди.
Ёш авлод кўз ўнгида ибрат кўрсатиб юришган катта авлодга эргашади. Хўш, бугунги талабаларга кимларни ибрат қилиб кўрсатсак бўлади?
Айнан ўзимизнинг Миллий университетимиздан етишиб чиққан Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, атоқли адиблар Хайриддин Султон, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, академик Акмал Саидов, ардоқли шоирлар Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова… (Бу рўйхатни ҳам узоқ давом эттириш мумкин).
Бўлғуси ижодкор талабаларимизни аввало ўша устозлар даражасига етказа олсак, дилда армон қолмасди. Кейин замонасига қараб истеъдодига яраша янада юксакларга ўрлайверишлари ўзларига боғлиқ. Худо хоҳласа, бу эзгу ниятларга ҳам албатта эришамиз.
ЎзМУ Журналистика факультетида устоз ёзувчи-шоир ва публицистларнинг ижодий маҳорат мактабларини ташкил этишда уларнинг икки жиҳатига эътибор қаратамиз. Биринчиси, одамийлик мактаби! Иккинчиси, ибратли фаолияти ҳамда ижодий хазинаси…
Юқорида номлари қайд этилган устоз ёзувчи-шоир ва публицистларга ўзим 43 йилдан бери ҳавас билан қарайман. Муомала маданияти, ўзаро меҳр-оқибатни аввало ана шу устозлардан ўргансак арзийди. Уларнинг бирор марта кимнидир ранжитганини кўрмадим, дилоғриқлик ё бировни ғийбат қилганини эшитмадим. Уларнинг ҳамиша паст овозда, ўта майингина гапиришлари ўзи кўпчиликка ибрат, дегим келади. Бири-биридан камтар-у камгап устозларнинг ҳар бир сўзи салмоқли бўлади. Донишманд устозимиз Ғайбуллоҳ ас Салом таъбири билан айтганда, улар – ҳақиқий яхшиликшунослардир!
Бу меҳридарё устозлардан яхшилик кўрганлар жуда кўп. Бироқ, улардан шу кунга қадар ёмонлик кўрдим, деган бирор кимсани учратмадик.
Талаба-ёшларимизни одамийлик бобида ана шу улуғ сиймолар даражасида тарбиялай олсак, асло армон қолмасди…
Минг афсуски, ўша миллатимиз пешқадам зиёлиларига муттасил тош отган, уларнинг дилини оғритган манфурларни ҳам яхши таниймиз.
Ўзи, мевали дарахтга тош отилгани мисол азалдан фақат улуғ алломалар, атоқли ёзувчи-шоирлар қандайдир зуғумлар қурбони бўлишгани сир эмас…
Ижодий маҳорат мактабимиз тингловчилари шу тариқа оқ билан қорани, яхши ва ёмонни онгли равишда фарқлашга ҳам ўрганадилар.
Бўлғуси журналистларга устоз адиб Хайриддин Султоннинг ижодий маҳорат мактабидан ҳам сабоқ берилиши режалаштирилган. Вақти келганда устознинг ўзлари ҳам талабаларимиз билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишини кутиб қоламиз.
Унга қадар талабалар эътиборига устоз адиб ҳақида қуйидаги маълумотлар ҳавола этилади.
Хайриддин Султон ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетида ўқиб юрган 1974 йилдаёқ “Гулистон” журналида меҳнат фаолиятини бошлаган. Сўнг, 1982-1985 йилларда устоз шоир Эркин Воҳидов бош муҳаррир бўлган “Ёшлик” журналида, 1980-1982, 1985-1993 йиллари Адабиёт ва санъат нашриётида турли лавозимларда ишлаган.
Ўша кезлардаёқ ёш адибнинг асарлари миллий адабиётимизда ўзига хос воқеликка айлана бошлаган. Унинг “Қуёш барчага баробар” (1980) номли ҳикоялар тўплами ўз мухлислари қалбидан жой олди. “Бир кеча эртаги” (1983), “Она ер” (1987), “Ҳаёт эса давом этади…” (1988) каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари қўлма-қўл ўқиларди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи адабиётимиз бўстонида катта воқеликка айланган дамларда ёзувчи Хайриддин Султон Бобур сиймосини маърифий жиҳатдан ўзига хос тарзда кашф этаётганди.
Пиримқул ака ёш ёзувчи Хайриддин Султон ижодига алоҳида эътибор ва қизиқиш билан қарарди. Устоз адиб “Саодат соҳили” қиссасига юксак баҳо бериб, муаллиф шоҳ ва шоир Бобур ҳаёти ўзига хос маҳорат билан тасвирланганини муносиб баҳолаган. Кейинчалик “Бобурийнома” маърифий романи ўзбек насрида ўзига хос воқелик бўлганини атоқли адиб Пиримқул Қодиров эҳтиром ила эътироф этган.
Истеъдодли адиб Хайриддин Султон сценарийлари асосида суратга олинган “Чангак”, “Мозийдан бир саҳифа”, “Меҳробдан чаён”, “Эсда қоларли ёз хотиралари”, “Тушларим сен ҳақингда” каби фильмлар миллионлаб мухлислар қалбидан жой олди.
Адиб қаламига мансуб “Навоий – 30” китоби сўнгги ярим аср мобайнида ўзбек адабиётининг ёрқин кўзгусига айланди. Унда айнан сўнгги 50-60 йил орасида яшаб ижод этган кўплаб ёзувчи-шоирлар ҳаётида юз берган воқея-ҳодисалар ғоят қизиқарли бир тарзда тасвирланган.
«Хайриддин Султоннинг “Навоий-30” китоби ҳаммабоп, халқчил асар бўлиб, уни академик ҳам, оддий деҳқон ва қурувчи, талаба ҳам ўқиб тушунади ва эстетик завқ олади,– деб ёзади тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназар.– Эътиборга лойиқ тарафи шундаки, “жанри йўқ” деб номланган катта-кичик ҳикоялардан иборат бу китоб воқеалари ўқувчини тарих ва бугунги замон сари етаклайди, шу асосда ҳаёт ва инсон ҳақида мушоҳада юритишга ундайди».
Муаллифнинг қуйидаги фикрларига ҳам беихтиёр ошно бўлиб қоласиз: ўз фикрини шундай давом эттиради: ўз вақтида буюк Ибн Сино бобомиз яратган “Тиб қонунлари” китобида ҳам аввало руҳни даволашга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас, албатта. Агар менда имконият бўлса, касалхонада ётган ҳар бир беморнинг қўлига “Навоий – 30” китобини тутқазган бўлур эдим. Бу асар барча шифохона ва сиҳатгоҳларнинг кутубхоналаридан ҳам ўрин олса, айни муддао бўлур эди.
Устоз адиб анча йиллардан буён ғоят масъулиятли лавозимларда фаолият кўрсатишига қарамай адабий жараёнларга қанчалик ошно эканини «Хайриддин Султоннинг ижодий фаолияти ҳақида» деб номланган уч жилдлик салмоқли тўпламлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Адибнинг бир гуруҳ фидойи шогирдлари жамлаган мазкур тўпламнинг 1-жилдидан «Бадиий, публицистик ва кино асарлари, ёзишмалардан нумуналар» ўрин олган.
Тўпламни варақлар экансиз, турли йилларда Саид Аҳмад, Бахтиёр Назаров, Иброҳим Ғафуров, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов, Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов, Ҳасан Қудратуллаев, Саъдулла Мирзаев, Пирмат Шермуҳамедов, Норбой Худойберганов, Шуҳрат Сирожиддинов, Нурбой Жаббор, Баҳодир Каримов, Ҳамидулла Акбаров, Низом Комил, Машраб Бобоев, Шокирали Нуралиев, Сулаймон Раҳмон, Саъдулла Мирзаев каби атоқли олимлар, ёзувчи-шоирларнинг тақризлари, мақолалари ва Хайриддин Султон билан ёзишмалари ўқувчи қалбида қандайдир завқ уйғотади.
Эътибор қилинг, адиб асарларига муносабат билдирган ёки у билан мулоқот қилишган кишилар ҳам эл ҳурматини қозонган ибратли инсонлардир. Тўпламдан ўрин олган мақолалар, хатлар, битиклар замиридан ҳам ана шу сиймоларнинг ибратли жиҳатларини кашф этаверасиз.
Тўпламнинг иккинчи жилдидан асосан «Адабий мақолалар» ўрин олган. Унда бетакрор истеъдод соҳиби бўлган адибнинг имижини кўрсатган Иброҳим Ғафуров, Шукур Холмирзаев, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, Баҳодир Карим, Озодбек Назарбеков, Санобар Тўлаганова, Тоштемир Турдиев, Жуманазар Бекназар, Ғайрат Мажид, Шодмонқул Салом, Абдулла Улуғов, Абдухолиқ Абдураззоқов, Иброҳим Муҳаммад, Абдуҳамид Пардаев, Ғайрат Шералиев каби кўплаб зиёлиларнинг турли йиллар ва турфа нашрларда ёритилган мақолаларини мутолаа қилар экансиз, аввало ана шу замондошларнинг ўзлари ҳам ёшлар учун ибратли инсонлар эканлигини эътибордан четда қолдирмаслик мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Уларнинг ибратли фазилатлари ҳақида узоқ гапиришимиз мумкин.
Ёшлар айнан одамийлик бобида мана шундай сиймоларнинг издошларига айланиши орзу қиламиз.
«Мақолалар, ёзишмалар, нутқ-тезислар, қутловлар, дўсту қадрдонлар ёди» жамланган тўпламнинг учинчи жилди ҳам ўқувчида би ролам таассурот қолдиради. Тўпламни варақлар экансиз, миллатпарвар адибнинг ўз эли учун қанчалик жонкуяр эканини ҳис этасиз. Абдулла Қодирийдек улуғ аждодлар руҳига нақадар эҳтиром билан қарайдиган адиб ўз замондошлари қалбига ҳам худди шундай меҳр ила йўл топишга интилиши тўпламдан ўрин олган битиклар замирида акс этиб турибди.
Хўш, устоз адиб Хайриддин Султоннинг бадиий асарлари билан бир қаторда мазкур тўпламлардан ўрин олган битиклар моҳиятини теран ўрганган ва ўзларига яраша сабоқ ололган талаба-ёшлар онги-тафаккури қай даражада шаклланиши ва қанчалик комиллик сари қадам ташлашга қодир бўлиши мумкинлигини тасаввур этаяпсизми? Адибнинг ижодий маҳорат мактабидан кутганимиз ҳам аслида шу!
Асл мақсад ва муддао ҳам шу: талабаларимизни келгусида ана шундай улуғ устозлар даражасига етказишдир.
Қолаверса, Устозидан ўзмаган шогирд — шогирд эмас, нақлига амал қилиб, уларни янада юксаклик сари парвоз қилдириш асл ниятимиздир.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
“Уч илдиз” ижодий маҳорат мактаби раҳбари,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар