Аждодлар жасорати – авлодлар мероси
Ўтмишда ўнлаб, юзлаб буюк аждодларимизнинг биз учун ҳам ибратли ишлари
ва улар қолдирган бой мерослари ҳақида ҳамиша фахрланиб гапирамиз.
Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида уззу кун сергак бўлиб хизмат қилаётган ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган ижодий учрашувда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбекнинг Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳаёт йўли ва ижодиги бағишланган “Аждодлар жасорати – авлодлар мероси” мавзуидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– XX аср зиёли ўзбеклари томонидан “маънавий илҳомчи”, “буюк миллатнинг буюк келажак мақсадлари учун туну-кун тиним билмаган халқ хизматкори”, дея эътироф этилган адабиётшунос, тарбиячи, муҳаррир, маориф, жамоат арбоби Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой ижодий меросини теран нигоҳ ила ўрганишимиз зарур,– деди маърузачи.– Улуғ аждодимиз 1878 йил Тошкент шаҳрининг ҳозирги Шайхонтоҳур тумани, Дархон маҳалласида ўқитувчилар оиласида туғилган. Эшонқули додгоҳ (Тошкент) ва Мирараб (Бухоро) мадрасасида таълим олгач, Тошкентнинг Дархон масжидида имом бўлиб ишлайди. ХIХ аср охирида Мунаввар қори жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок этади. 1901 йил аввал ўз уйида жадидчилик мактабини очади, кейинроқ Тошкентнинг бошқа даҳаларида ҳам очади. У мактаблар учун грамматика ва алифбо асослари ифодаланган “Биринчи устоз” номли янги усулдаги илк дарсликни тайёрлайди. “Иккинчи устоз” деб номланган иккинчи китобида ўқиш ва ёзишга қаратилган услубни, шунингдек, оиладаги ўзаро муносабатларни ёритган. Мунаввар қори, шу билан бирга илк математика дарслигини тайёрлаган. «Тажвид ал-Қуръон», “Ер майдони” каби қўлланмалар тайёрлаб, уларни нашрдан чиқаради. Болакайлар учун эса шеър ва ҳикоялар ёзади. 1909 йил Тошкентда “Жамияти хайрия” иттифоқини ва “Турон” уюшмасини ташкил қилади.
Мунаввар қори 1906 йил “Хуршид” биринчи газета таҳририятини очади. Кейинроқ у ердаги “Нажот”, “Кенгаш” газеталарида муҳаррир, “Садойи Туркис-тон” газетасида эса бош муҳаррир лавозимларида фаолият юритади. У ўзбек театри асосчиларидан бири. У театр ёрдамида “бузуқ одатлар” ва уларни тузатишни кўрсатган. Унинг труппаси “Турон” деб номланган. Труппа 1914 йилдан 1924 йилга қадар фаолият кўрсатган.
1917 йил февраль революциясидан сўнг Мунаввар қори Туркистон халқ демократик давлатининг яратилиш ғоясини очиқдан-очиқ ифода қилади. У Қўқонда яратилган “Туркистон Мухторияти”ни қўллаб-қувватлайди. 1918 йил апрель ойида Туркистон давлат университети ректори этиб тайинланади. 1918 йил “Турк ўчоғи” илмий-маърифий жамиятини очади. У 20-йиллар “Миллий иттифоқ” ва “Миллий истиқлол” яширин ташкилотларига бошчилик қилган. Шунинг учун Совет ҳукуматининг биринчи рақамли душмани, деб ҳисобланиб, озодлик учун ўзбек курашчиларининг бошчиси бўлмиш Мунавварнинг фаолиятини ўрганиш тақиқланган эди. 20-йиллар ўрталарида репрессия кучаяди ва Мунаввар қори барча лавозимлардан четлатилади. Бу уни мустақиллик ғоясини илгари суришига тўсқинлик қила олмади. У 1929 йил ҳибсга олинган ва 1931 йил отиб ташланган. Москвадаги Ваганьково қабристонига қўйилган.
Улуғ аждодимизнинг маънавий жасорати ўз даврида ҳам қаҳрамонлик эди. У Ҳамза, Элбек, Ойбек, Акмал Икромов, Абдулҳай Тожиев, Салимхон Тиллахонов, Қаюм Рамазон, Баҳром Ҳайдарий, Маннон Уйғур каби маданият арбоблари, адабиётшунослар, олимларга ҳам устозлик қилган.
101 йил илгари ташкил этилган ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг биринчи ректори сифатида дорилфунунимизнинг фахрига айланган улуғ устознинг бетакрор маънавий мероси – бугунги аждодлар учун ҳам ғоят қадрлидир.
Ижодий учрашувда тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар