Академикнинг шогирди

Ҳамкасблар ҳақида ҳикоялар

н2 н1

Математик олимларнинг ҳар бири ўзига хос бир олам.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Математика факультети профессори, физика-математика фанлари доктори Бозор Исломов ҳақида гап кетганда ҳамкасблари унинг ажиб тадқиқотлари ҳақида эҳтиром билан тилга олишади.

Изланувчан олим текисликда ва фазода иккита бузилиш чизиғига эга бўлган хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар, юкланган тенгламалар ва учинчи тартибли тенгламалар назарияси, ядросида Гаусс, Бессел ва Мейер фукнцияларини ўз ичига олган каср тартибли умумлашган интегро-дифференциал операторлар соҳасидаги чуқур фундаментал изланишларнинг муаллифи сифатида эътибор қозонган.

Бозор Исломовнинг математика ва физикага бўлган қизиқиши мактабда ўқиб юрган пайтлардаёқ бошланган. Бу қизиқиш уни Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги Физика-математика интернати (ҳозирги Сағди Сирожиддинов номли академик лицей) сари етаклаган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Математика факультетида (1975-1980 йилларда) таҳсил олиб юрган кезлари академик Маҳмуд Салоҳиддинов дарсларида дифференциал ва математик физика тенгламалари фанига бўлган қизиқиши янада ортди. Бу фанни ўзлаштиришдаги қобилиятини сезган устози уни илмий ишга таклиф қилди. Шу тариқа устози раҳбарлигида сингуляр коэффициентли эллиптик-гиперболик типдаги тенгламалар учун Трикоми масаласига ўхшаш янги типдаги масалаларни ечиш билан илмий изланишларини бошлади.

1980-1981 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Кибернетика институти «Логик программалаш» лабораториясида фаолият кўрсатиб юрган иқтидорли тадқиқотчи ЎзФА Математика институтига таклиф этилди. Бу даргоҳда у илмий изланишларини давом эттирди. 1983 йил октябрь ойида В.Романовский номли Математика институтида сиртқи бўлим аспирантурасига кириб, 1986 йил декабрь ойида «Битта ва иккита бузилиш чизиғига эга бўлган умумлашган аралаш типдаги тенгламалар учун чегаравий масалалар» мавзуидаги номзодлик, 2000 йил феврал ойида эса «Иккита бузилиш чизиғига ва текислигига эга бўлган аралаш типдаги тенгламалар назариясига оид» мавзуидаги докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлади. 2006 йилда эса профессор илмий унвонига сазовор бўлди.

Бозор Исломов устози билан ҳамкорликда иккита ички бузилиш чизиғига эга бўлган эллиптик-гиперболик ва параболик-гиперболик типдаги тенгламалар учун қўйилган Франкл шартли локал ва нолокал масалаларини ўрганиш бўйича ўтказган илмий тадқиқотлари туфайли олган натижалари алоҳида аҳамият касб этади. 1990 йилда фан ва техника соҳаси бўйича у дифференциал тенгламалар назариясига оид туркум изланишлари учун «Ўзбекистон ёшлари» мукофотига сазовор бўлди. Ҳозирги кунда унинг тадқиқотлари мамлакатимизда ва чет элларда кўплаб соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотган. Зеро, унинг сермазмун маърузалари Германия, Испания, Болгария, Польша, Корея, Россия, Қозоғстон, Озарбойжон давлатларида ўтказилган халқаро симпозиум ва илмий анжуманлар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган.

1986 йилдан буён «Олий математика» ва «Дифференциал тенгламалар» кафедраларида фаолият кўрсатиб келаётган фидойи олим 1 та монография, 5 та ўқув қўлланма, 4 та услубий қўлланма, 15 тадан ортиқ намунавий ва ишчи дастур ҳамда 160 тадан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир.

Академикдан сабоқ олган олимнинг шогирдларидан 5 нафари физика-математика фанлари номзоди, 10 нафари физика-математика фанлари бўйича философия доктори (PhD) бўлса, 5 нафари докторлик диссертацияси устида ишламоқда.

Ҳикоямиз қаҳрамони бўлган математик олим устози – академикка муносиб шогирд, дегимиз келади. 2017 йили “Олий ўқув юртининг энг яхши педагоги” республика танлови ғолиби бўлган ҳамкасбимизга омадлар тилаб қоламиз.

 Нўъмонжон МАМАДАЛИЕВ,

ЎзМУ Касаба уюшма қўмитаси раиси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *