Амир Темур даврида илм-фан, санъат ва маданият ривожи
Улуғ бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётгани ёшлар қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да бўлиб ўтган “Амир Темур даврида илм-фан, санъат ва маданият ривожи” мавзуидаги давра суҳбати ҳам талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатёр Жумабоев, Тарих факультети декани Муродулла Ҳайдаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Амир Темурнинг улуғ номи тикланиб, 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили, деб эълон қилингани, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонлангани, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда бу аждодимизнинг муҳташам ҳайкаллари қад ростлагани, 2011 йили давлатимиз раҳбари сўзбошиси билан “Темур тузуклари” мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилгани халқимизнинг ғурури ҳамда ифтихорига айлангани ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Бобокалонимиз Амир Темурнинг таваллудининг 680 йиллиги айни кунларда юртимизда ва халқаро миқёсда нишонланаётгани бугунги авлодлар қалбида ҳам чексиз ифтихор туйғусини жўш урдирмоқда.
Давра суҳбатида тарихчи олимлар Жумабой Раҳимовнинг “Соҳибқирон Амир Темур – адолат ва қудрат тимсоли”, Аброр Хидировнинг “Амир Темур тарихий портретига чизгилар”, Неъмат Полвоновнинг “Амир Темур ва темурийлар даврида таълим тизими”, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбекнинг “Адабиётларда Амир Темур сиймосининг акс этиши” мавзуидаги маърузалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Маърузаларда қайд этилганикек, атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” асари улуғ Соҳибқирон ҳақида тўлақонли ва ҳаққоний тасаввур беради. Асарда ўтмишда содир бўлган оламшумул тарихий воқеалар моҳияти, бу воқеаларнинг бош қаҳрамони Амир Темур шахсияти қизиқарли тарзда, пухта ўйланган бадиий композиция асосида ўзига хос жозиба билан тасвирланади. Она-Ватанни босқинчилар асоратидан озод қилиш, халқни мустамлака зулмидан қутқариш йўлидаги курашлар, бу борадаги қаҳрамонликлар тарих саҳифасидан, халқ хотирасидан асло ўчмайди. Соҳибқирон Амир Темур қадимий Ватанимиз Турон — Туркистонни чингизийлар империясининг бир ярим аср давом этган жабру зулмидан халос қилиш учун халқ озодлик ҳаракатига етакчилик қилиб, узоқ йиллар давомида мардона кураш олиб борди. Соҳибқироннинг улуғ зафарлари Олтин ўрда ва Йилдирим Боязид босиб олган ўлкаларда ҳам мустамлака зулмини тугатишга замин яратди.
— Амир Темур мавзуси уммондай чексиз,— дейди асар муаллифи.— Уни бир китобда тўлиқ қамраб олиш имкондан холи. “Темур тузуклари” асрлар давомида унинг авлодлари томонидан қандай эҳтиёткорлик билан сақлангани ва уларга қандай дастуруламал бўлиб хизмат қилганлиги, сўнгги асрларда ёруғ дунё юзини кўргандан кейин ҳам қандай мураккаб йўлларни босиб ўтганлиги ўзига хос ажойиб бир тарих бўлгани учун биз бу тарихга батафсил тўхталишни лозим топдик.
Энди бевосита бу асарнинг таҳлил ва талқинига қайтайлик.
“Темур тузуклари”нинг пухта ўйланган композицияси бор. Биринчи китобда Амир Темур тарих саҳнасига чиққан пайтдан бошлаб, то Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонгунча бошдан кечирган қирқ йиллик тарихий воқеаларни ихчам шаклда ҳикоя қилади. Бунда у ўзи эришган зафарларнинг ички сирларини авлодларга очиб кўрсатади. Айни вақтда бошдан кечирган саргузаштларининг мағзини чақиб, улардан чиқадиган фалсафий хулосаларни мутафаккир сифатида умумлаштиради: “Мен ўн икки тамойилни ўзимга шиор қилиб олиб, ўн икки тоифадаги кишилар билан салтанатимни мустаҳкамладим… Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим”.
Амир Темур фалакиёт илмини яхши билган. Осмоннинг ўн икки буржидаги Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон каби юлдузлар осмон жисмлари орасида мувозанат сақлашда ва қуёшнинг коинот бўйлаб ҳаракатланишининг алоҳида дақиқаси-ю, сониясигача аниқ-равшан кўрсатиб тушишда инсон зоти учун илоҳий бир ибрат бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун Амир Темур ўз қўшинларига ҳам ўн икки қавмдан чиққан сипоҳийларни асос қилиб олади.
“Қарамоғимдаги қирқ аймоқдан қуйидаги ўн иккитаси менинг хос навкарларим бўлиб хизмат қилади: барлос, тархон, арғун, жалоир, тулкичи, дўлдай, мўғул, сулдус, тўғай, қипчоқ, орлот, тотар”.
Амир Темур ўзига хос образли тафаккур ёрдамида салтанатнинг тартиб-қоидаларини фалакнинг ўн икки буржидаги мувозанат ва уйғунликка муқояса қилиб яратганлиги Соҳибқироннинг ҳамма масалага мутафаккир сифатида ёндашадиган ва тарихда мисли кўрилмаган янгиликларни кашф этишга қодир ижодкор бўлганидан далолат беради.
Амир Темур устози Абубакр Таёбодий берган доно маслаҳатларнинг тўғрилигини ўз фаолиятида синаб кўрилган ёрқин воқеалар тасвири орқали исбот этади. Жумладан, 1366 йилда Қарши қалъасини 243 кишилик сара жангчилар билан тунда қандай забт этгани, кейин Амир Мусо кабиларнинг бу қалъани қайтадан босиб олишга урингани, унинг ўн икки минг кишилик аскарларини қандай мағлуб этганини ва уларни 6 фарсаҳ (30 чақирим) жойгача қандай қувиб борганини Тузукларнинг алоҳида бир бобида ажойиб маҳорат билан ҳикоя қилади. Вахш дарёси бўйида мўғул хони Илёсхўжанинг сон жиҳатидан тўрт баробар кўп бўлган лашкарини қандай тор-мор этгани ҳам авлодларга ибрат бўладиган даражадаги ёрқин тафсилотлари билан кўрсатилади.
Бобокалонининг тенгсиз саркардалик тажрибасини Бобур Мирзо “Темур тузуклари” орқали чуқур ўзлаштиради. Орадан бир юзу қирқ беш йил ўтганидан кейин 1511 йилда худди шу Вахш дарёси бўйида, Пули Сангин деган жойда Бобур Мирзо ҳам Чингизхон авлодларидан бўлган Шайбонийзодаларга қарши Темурбек ишлаган ҳарбий тактика ва стратегияни амалда тадбиқ этиб катта ғалабага эришади. Бобур Мирзонинг 1526 йилда Шимолий Ҳиндистонда, Панипат деган жойда Иброҳим Лоди устидан эришган ғалабаси ҳам Амир Темурнинг худди шу Панипатда 1399 йилда Султон Маҳмуд ва Маллухонлар билан жанг қилиб, зафарга эришганига кўп жиҳатдан ўхшаб кетади.
Бу фактлар Амир Темур авлодларининг “Темур тузуклари”ни чиндан ҳам ўзлари учун ибрат манбаи деб билганликларини ва ундан дастуруламал сифатида самарали фойдаланганликларини кўрсатади.
Айниқса, Шоҳруҳ Мирзо Амир Темурнинг қуйидаги эътиқодига астойдил амал қилади. “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир, маслаҳат, қолган бир улуши қилич билан амалга ошишини англадим”, — деб ёзган эди Соҳибқирон ўз асарининг “Кенгашлар ва тадбирлар” деб аталган қисмида… — Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири — тил учида айтилгани, иккинчиси юракдан чиққани. Тил учида айтилганини шунчаки эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим. Қайси киши ақлга сиғадиган бир ишни куйиниб таклиф қилса, суюниб эшитардим: Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим… Фақат ҳар бир маслаҳатни яхши ўйлаб кўргач, энг тўғри ва савоблироғини танлаб олардим”.
Амир Темур ўз тажрибасида синаб кўрилган бу тамойилларнинг тўғрилигини ҳам ёрқин ҳаётий мисоллар билан кўрсатиб беради. Шунинг учун Шоҳруҳ Мирзо отасидан кейин парчаланиб кетган салтанатни қайта тиклашда ва уни яна қирқ йилдан ортиқ муваффақият билан бошқаришда “Темур тузуклари”да атрофлича баён қилинган йўл-йўриқларга изчил амал қилади. Худди Соҳибқирон васият қилганидек, Шоҳруҳ подшо ва унинг буюк ўғли Улуғбек давлат ишларининг ўндан тўққизини тадбир, кенгаш, муроса-ю мадора йўли билан адо этадилар. Фақат бунинг иложи бўлмаган ўндан бир ҳолатларда қўшинни ҳам ишга солиб, жанг қиладилар ва аксарият ҳолларда ғалаба қозонадилар.
Тақдир тақозоси билан бу фоний дунёдан боқий дунёга кетиш пайти яқинлашганини сезган Соҳибқирон умрининг охирги соатларида ҳам ўзини мардона тутади ва донишмандларга хос равшан тафаккур билан яқин одамларига дил ёриб васиятлар қилади. Шунда севимли умр йўлдоши Сароймулкхоним, набиралари Улуғбек ва Иброҳим Мирзолар, содиқ беклари Шоҳмалик, шайх Нуриддинлар кўзига ёш олиб дейдилар: “жонимиз сизга садақа, кошки худо бизнинг жонларимизни олиб, сизнинг жонингизни бағишлагай” дейдилар. Соҳибқирон дейди: “Сизларни Худога топширдим. Ҳазрат ҳақдин умидим борки, менга раҳмат қилғайким, золимларнинг эликларини мазлумлардин қисқа қилибдурмен”.
Шу сўнгги дақиқаларда ҳам Амир Темур фарзанд ва невараларига аталган қуйидаги дил сўзларини айтади:
“Ҳар неким мамлакат маслаҳати учун айтдим, қулоғингизда тутинглар… Агар менинг васиятимга амал қилиб адлу эҳсон билан оламни обод қилсангиз, кўп йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғусидир”.
Сирдарё бўйида Ўтрорда 1405 йилнинг 18 февралида айтилган бу сўнгги сўзлар “Темур тузуклари”да яратилган улкан ижодий кашфиётларга қўшилиб, темурийлар сулоласининг салкам беш аср ҳукм суриши учун маънавий асос бўлди. Амир Темурнинг бутун ҳаёти ва фаолиятида ижодкор шахснинг янгилик яратиш ва кашфиётлар қила олиш қудрати кўзга яққол ташланиб туради. Соҳибқирон яратган янги давлатнинг фаолияти ҳам унинг кашфиёти эди. Бундай давлат тузуми ундан олдин ҳеч бир мамлакатда айнан шу тарзда фаолият кўрсатган эмас эди. Янги типдаги бу давлатнинг адолат асосига қурилганлиги, золимлардан мазлумларни ҳимоя қилгани, бунёдкорлик ва илму маърифатни ривожлантиргани, халқнинг тенг ярмини ташкил этадиган аёлларга жўмардларча муносабатда бўлганлиги Амир Темурнинг васиятларига астойдил амал қилган Шоҳруҳ подшоҳ, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Бобуршоҳ, Акбаршоҳ ва Шоҳжаҳонлар фаолиятида кўзга яққол ташланиб туради.
Амир Темур асос солган ва “Темур тузуклари”да ижодий кашфиёт тарзида лойиҳаси яратиб қолдирилган сулола Турон, Хуросон ва Афғонистонда бир ярим аср ҳукм суради. Беш қўл баробар эмас. Падаркуш Абдуллатиф ва Султон Абусаид каби тождорлар бу сулоланинг Туронда ва Хуросонда инқирозга учрашига сабаб бўладилар. Шунда Бобур Мирзо бобокалонининг ижодий кашфиётларини Ҳиндистон заминида амалга тадбиқ этиб темурийлар сулоласини янги тарихий босқичга кўтаради. Бу улуғ сулола ҳинд заминида Баҳодиршоҳ II давригача яна 332 йил ҳукм суради. Баҳодиршоҳ II нинг кундаликларида ва ҳинд кинематографчиларининг унга бағишлаб яратган беш қисмли видеофилмида Амир Темур салкам беш юз йил тарих саҳнасида фолият кўрсатган сулоланинг асосчиси сифатида ифтихор билан тилга олинади.
Амир Темур сиймосига аталган меҳр ва эҳтиром, айниқса, унинг туғилиб ўсган юрти Ўзбекистонда истиқлол йилларида мисли кўрилмаган юксакликларга кўтарилди. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов халқимизнинг Амир Темурга аталган чексиз меҳр ва эҳтиромини “Маънавий юксалиш сари” китобида қуйидагича ифодалаган эди: “Ҳамиша эл ғамини, юрт ғамини ўйлаб яшаган Соҳибқирон ёвлар оёғи остида топталган ўлкани дунёнинг энг қудратли салтанатига айлантирган эди. Келинглар, азиз дўстлар, барчамиз якдил бўлиб, ҳалол меҳнатимиз, ақлу заковатимиз, Ватанга муҳаббатимиз билан Ўзбекистонни жаҳон ҳавас қиладиган буюк давлатга айлантирайлик! Бу йўлда бобокалонимизнинг “Адолат ва озодлик — дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин” деган доно ўгитлари доимий шиоримиз бўлсин!”.
Донишманд бобокалонимизнинг тарихий ўгитлари Ўзбекистон истиқлоли даврида халқимиз ва раҳбариятимиз томонидан изчил амалга оширилаётганига бизнинг ҳар биримиз нафақат гувоҳмиз, балки бу улуғ ишларга заррача бўлса ҳам ҳисса қўшиш орзусида меҳнат қилмоқдамиз.
Давра суҳбатида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг тўрт жилддан иборат “Улуғ салтанат” деб номланган роман-эпопеяси Амир Темурнинг тўрт ўғли ҳаёти ва фаолиятига бағишлангани ҳақида ҳам сўз юритилди. Эпопеянинг бош қаҳрамони Амир Темурдир. «Жаҳонгир Мирзо», «Умаршайх Мирзо», «Мироншоҳ Мирзо», «Шоҳрух Мирзо» китоблари орқали ўқувчилар темурийзодалар ҳаёти билан яқиндан танишадилар.
Давра суҳбатида талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.
Улуғбек Усмонов,
ЎзМУ Олий журналистика курси магистранти
***
Ушбу мавзуда ЎзА мухбирининг қуйидаги хабари ёритилди:
Илм-фан ва маданият ҳомийси
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида “Амир Темур даврида илм-фан, санъат, маданият ривожи” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан ташкил этилган тадбирда олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидланганидек, тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу улуғ сиймо қудратли салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, маънавият ривожига кенг йўл очди.
Мамлакатимиз таълим тизимида, маънавий-маърифий ишларда ёшларга Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўргатиш, навқирон авлодни уларнинг муносиб давомчилари этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Тадбирда Амир Темур ҳукмронлиги даврида илм-фан, маданият, ҳунармандлик ривожлангани, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани, Соҳибқирон қурдирган обидалар башариятнинг маънавий мулкига айлангани таъкидланди. Бобокалонимизнинг ҳаёти, давлатчилик сиёсати, жаҳон цивилизациясида тутган ўрни, “Темур тузуклари”нинг мазмун-моҳияти, ушбу даврга оид янги тадқиқотлар хусусида сўз юритилди.
Амир Темур ва темурийлар даврига оид бадиий асарлар асосида тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Amir Temur! Bu ulug’ nom bir paytlar Osiyo-yu Yevropani larzaga va hayratga solishiga sababchi bo’lgan nomlardan biri. Ulkan imperiya asoschisi ,yirik davlat arbobi,madaniyat va ma’rifat yetakchisini biz eslamay kim eslashi kerak?! Sohibqironning 680 yillik tavalludi xalqimizga muborak bo’lsin!
Mazmunli davra suhbati bo’lgani aniq. Haqiqatdan ham bobomiz Amir Temur shaxsiyati ulkan meros.
Соҳибқирон сиймосига эҳтиром
Буюк бобокалонимиз Амир Темур хиёбони 9 апрел тонгидан гавжум бўлди. Соҳибқирон таваллудининг 680 йиллигига бағишланган тантанали тадбирга давлат ва жамоат ташкилотлари, хорижий мамлакатлар элчихоналари, зиёлилар ва кенг жамоатчилик вакиллари жамулжам бўлишди.
Қутлуғ санага бағишланган тадбирни Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Нозим Хабибуллаев очди.
Дарҳақиқат, Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги олдидан академик лицей, коллежлар, олий ўқув юртлари, маҳаллаларда давра суҳбатлари, учрашувлар, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида илмий анжуманлар ўтказилди, жорий йилнинг май ойида эса Нидерландиянинг Лейден университетида халқаро миқёсда илмий анжуман ташкил этилиши режалаштирилган.
Истиқлол йилларида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ташкил этилиб, Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ўрганиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди,турли илмий ва бадиий асарлар нашр этилди, кўплаб қадимий ноёб тарихий асарлар ўрганилиб, оммага етказилди, шунингдек, чет элларда ҳам Амир Темур ва Темурийлар тўғрисида китоблар чоп этилди. Фонд раҳбари бу борада режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам муфассал тўхталиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси,халқ ёзувчиси Муҳаммад Али Амир Темурнинг давлат ва жамият тарихининг турли жабҳаларида тутган ўрнини тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этиб, унинг давлат бошқарувидаги адолатпарварлик, ҳақиқат, инсонпарварлик, бунёдкорлик ғояларини ёш авлод онгу шуурига сингдириш, унинг тарихий меросини ўрганишга кенг йўл очилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбирда сўз олган таниқли сиёсатшунос, олим ва таржимон Акмал Саидов соҳибқироннинг турли хорижий мамлакатлар билан олиб борган ёзишмалари, ўзига хос дипломатияси борасида сўз юритди, бу мавзу хорижий элчихоналар вакиллари томонидан ҳам ўзига хос таҳлил этилди. Дунёнинг машҳур адиблари, олим-у фузалоларининг Амир Темур ҳақидаги қимматли фикрлари бир гуруҳ олий таълим муассасалари талабалари томонидан ўзбек, япон, инглиз, форс ва рус тилларида янгради.
“680 йилга – 680 минг қадам” шиори остида жорий йилнинг 25 мартида Шаҳрисабздан йўлга чиқиб, 9 апрелда Тошкентга етиб келган Қашқадарёлик 64 ёшли ҳамюртимиз Абдужаббор Холбоев марафон давомида мамлакатимизнинг турли шаҳар, қишлоқларида жуда катта қурилиш ва ободончилик ишлари олиб борилаётганини, халқимизнинг юз-кўзидаги қувончларни кўриб, беҳад шодланганини катта мамнуният билан таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Тантаналар дастурига кўра, Темурийлар тарихи давлат музейида янги бадиий ва илмий нашрлар кўргазмаси ҳамда Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган илмий анжуман ҳам ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати.
«Amir Temur» bu nomni eshitsam juda to’lqinlanib ketaman. Sababi bu turkiylarning, bizning buyuk bobomiz. Ul zotning nomini ulug’lab turli tadbirlar uyushtirilmoqda. Shulardan biri bu «Amir Temur day» xeshtegini dunyo trendiga chiqarish tadbiri ham juda chiroyli o’tkazildi.
Amir Temur ibn Amir Tarag’ay ibn Amir Barqul hazratlarini nafaqat turkiylar balki Yevropa xalqlari ham juda hurmat qilishadi va e’zozlashadi. Buning isbotini fransuz yozuvchisi Marsel Brionning «Men kim Sohibqiron Temur» asarini o’qib ham bilishimiz mumkin.
Amir Temur millatimiz tarixida katta o’rin tutadigan buyuk daho. U kishining shaxsiyat, qoldirgan ma’naviy merosi, qurdirgan inshootlari mana qariyb 7 asrdan beri yashab kelmoqda. Buning sababi shuki, qahramonlarni, ezgu ishlari bilan tanilgan insonlarni millat, xalq, dunyo hech qachon unutmaydi.
Amir Temur mo’g’ullar istilosidagi Movarounnahrni ozod etdi va poytaxti Samarqand bo’lgan ulkan imperiya tuzdi. Buyuk ipak yo’lini qayta tikladi, rivojlantirdi. Adolatni bosh shior qildi.»Temur tuzuklari» ni o’qir ekansiz, Sohibqironning naqadar ilmli va donishmand bo’lganliklariga amin bo’lasiz. Asarda shunday yozadilar : «Dushmandan qo’rqma, munofiqdan qo’rq». » Buyurdimki, har bir gadoga vazifa topshirsinlar, toki shu yo’l ila gadolig’ rasmi yo’qolsin». «Kimki biror sahroni obod qilsa, yoki ko’riz qursa, yoki bog’ ko’kartirsa, yoki biror vayrona yerni obod qilsa, buyurdimki, undan birinchi yili hech narsa olmasinlar».
Men Amir Temur tug’ilga yurt — O’zbekiston farzandi ekanimdan faxrlanaman!
Amir Temur kabi buyuk bobolarimiz bizning faxrimizdir.
Uzr, ustoz, Sohibqiron Amir Temur tavalludi bitta maqolada ikki xil shaklda yozilibdi:
«Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги»
«Бобокалонимиз Амир Темурнинг таваллудининг 680 йиллиги»
Техник хатога барҳам берилди, ташаккур. Сиздан ҳақиқий Бош муҳаррир чиқишига ишондим, дейди Дониш домла.