Анда жоним қолди менинг…

Андижон ҳақида сўз кетганда шу заминда таваллуд топиб, дунёга довруқ

таратган буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Анда жоним қолди менинг” деган шоҳ сатрлари бот-бот ёдга тушади.

Бугун ҳам Андижонга ташриф буюрган киши то абад унга мафтун бўлиб, анда жони қолиб кетади, десак асло муболаға бўлмайди.

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлган Ангрен-Поп темир йўлини таърифлашга тил ожизлик қилади. Бу йилдан эътиборан Тошкентдан олтин водий сари йўл олганлар “Ўзбекистон” тезюрар поездида боришлари мумкин!

2 3

Қамчиқ туннели “Аср мўъжизаси” сифатида эътироф этилмоқда. Бу янги темирйўлни олтин водийнинг олтин остонаси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Узунлиги 123,1 километрлик Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда 19,2 километрлик Қамчиқ туннелининг фойдаланишга топширилиши истиқлол яратган тенгсиз мўъжизалардан бири бўлди. Довон оша электрлаштирилган темир йўлда “Ўзбекистон” поезди ҳаракатланиб, Марказий Осиёдаги ягона туннелдан ўтиш жараёнини ҳаяжон билан кузатган водийликларнинг қалбида ғурур ва ифтихор, битмас-туганмас завқу шавқ туйғуларини жўш урдиргани қаламкашларга ҳам илҳом бахш этади. Довондаги узундан-узун “пўлат из”лар, маҳобатли кўприклар, замонавий вокзал ва бекатларни кўриб ҳайратга тушасан. Агар кимдир Юртбошимизнинг “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳикматли гапининг маъно-мазмунини янада яхшироқ англамоқчи бўлса, унга, авваламбор, Ангрен-Поп темир йўлини, ушбу йўлда бунёд этилган туннелни бориб кўринглар, дегимиз келади!

Мафтункор гўшамиз Андижонга бу галги сафардан мақсад: “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?” деб номланган тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштирок этиш эди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур акция андижонликлар қалбида ҳам умрбод муҳрланиб қолган бўлса ажабмас.

Тадбир аввалида вилоят ҳокимлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Маҳаммаджон Нишонов йиғилганларни яқинлашиб келаётган байрам билан қизғин қутлаб, туманларда ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлар, самимий мулоқотлар вилоят аҳлига алоҳида шукуҳ бағишлашини алоҳида таъкидлади.

Республика Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг бўлим бошлиғи Жамолиддин Узоқов таниқли санъаткорлар, ижрочилар, театр ва кино юлдузлари, ёзувчи ва шоирлар билан бўлажак учрашувларнинг ўзига хос хусусиятлари сўз юритар экан, шу кунга қадар мамлакатимизнинг 7 та вилоятида бўлиб, ёшлар билан мулоқот бўлиб ўтгани, уларда 800 минг нафардан ортиқ йигит-қиз бевосита иштирок этганини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гавҳар Зокирова, Абдурайим Абдуваҳобов ҳафта давомида андижонликлар ҳузурида мустақилликнинг улуғ неъматлари ҳақида самимий мулоқотлар янгидан-янги ижодий режаларга куч бағишлашини таъкидладилар.

Пойтахтдан ташриф буюрган адабиёт, санъат намояндалари, миллий истиқлол ғояси тарғиботчилар Асака, Бўз, Балиқчи, Жалақудуқ, Избоскан, Марҳамат туманларида бўлдилар. Самимий мулоқотларда шонли тарихимизнинг йигирма беш йиллик олтин саҳифаси бош мавзуга айланди.

Асака туманидаги Қадим қишлоғи аҳолиси вакиллари меҳмонларни тантанали равишда қарши олдилар. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, Асака шаҳри ҳокими Инъомжон Мамадалиев ўзбек автомобилсозлигининг бешиги ҳисобланган мазкур гўзал ҳудуд хусусида сўз очди.

– Эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодга ишонамиз,– деди киноактёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рихсивой Алиев.

– Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир инсонлар билан фахрланамиз, – дейди киносанъаткор Анжелина Есембетова.

«Ниҳол» мукофоти совриндори Шаҳзодбек Собиржоновнинг янгроқ овози даврага файз киритди. «Олтин қалам» мукофоти соҳибаси Замира Рўзиеванинг шеърларида мустақиллик, она юртга меҳр-муҳаббат туйғулари тараннум этилди.

Таниқли санъаткор Рихсивой Алиевнинг асакалик ўзбек жанг санъати бўйича Жаҳон чемпиони Моҳигул Аҳмаджонова билан самимий мулоқоти чоғида бу қиз Францияда спорт шоҳсупасига кўтарилганлигини айтганида барча қарсаклар билан олқишлади.

Тарғибот гуруҳи аъзолари Асака туманидаги Лочинбек Абдураҳимов раҳбарлигидаги «Асака-гринярд» интенсив олма боғи мисолида деҳқонларнинг мустақиллик йилларида эришаётган ютуқлари билан яқиндан танишдилар. 18 гектар майдонда Голландия ва Сербиядан келтирилиб, парвариш қилинаётган кўчатларнинг қирмизи меваларини кўриб тасаннолар айтдилар. Фермерларга берилаётган имкониятлар ва ёрқин самаралар хусусида гапирдилар. Хўжалик аъзоларининг дам олишлари учун бунёд этилган кошонада бўлиб, улар билан дилдан суҳбат қурдилар.

Автомобилсозлар даврасида, яъни, «GM-Uzbekistan» автомобиль заводидаги ишлаб чиқариш жараёни, мураккаб техникаларни бошқараётган ёшлар билан суҳбатлар, юртимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга корхонанинг дастлабки фаолияти, автомобилларнинг янги авлодини ишлаб чиқариш борасида олиб борилаётган изланишлар кўнгилларга қувонч олиб кирди. Ўтган йигирма беш йил давомида қўлга киритилаётган ютуқлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Янги марралар сари руҳлантирдилар.

Асаканинг обод ва сўлим масканларига уюштирилган саёҳат маданият ва истироҳат боғида гала концертда эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

Бўз туманидаги 2-умумтаълим мактабида бўлган учрашувда «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқ мустақиллик шарофати халқимизнинг дунёқарашида, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

– Мен ҳар гал ўзимга «Ким эдигу ким бўлдик?» дея савол берганимда қалбим беқиёс ифтихорга тўлади,– дейди истеъдодли шоир.– Андижонликлар эса бу ифтихор туйғусини икки баробар ортиқ ҳис қилиши, шубҳасиз. Чунки, бу вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мамлакат миқёсида ҳам эътироф этилган. Вилоятнинг биргина ўзбек автомобилига бешик бўлганлигининг ўзиёқ таҳсинга лойиқдир.

Ўзбекистон халқ артисти Ражаб Адашевни танимайдиган кишининг ўзи йўқ экан. Машҳур «Абдуллажоннинг отаси» тўлқинланиб, санъаткорнинг ёрқин тақдири хусусида сўзлайди. Тумандаги болалар мусиқа ва санъат мактабида давра аҳли қўшиқларга жўровоз бўлди. Мулоқотларни таниқли эстрада хонандалари Гули Асалхўжаева, Фирдавс Фазлиддинов, Баҳриддин Зуҳриддинов ижро этган дилтортар наволар безади.

Туманнинг энг чекка қишлоқларида ҳам она юрт, бетакрор ўлкамиз ҳусни жамоли, 25 йилда эришган ютуқларимиз, меҳнаткаш инсонларни мадҳ этган шеър ва қўшиқлар янграб, барчани даврага бошлади.

– Ёшим 100 га яқинлашяпти,– дейди янгиқишлоқлик Ҳайрихон буви Юсупова.– Шундай дориломон кунларга етганимга шукроналар айтяпман. Бугун Ўзбекистон халқ артисти ўзим суйган Маликахоним Ибрагимова билан бирга рақс тушдим. Яшариб кетгандай ҳис қиляпман ўзимни.

Даврада «Ниҳол» мукофоти совриндори Фирдавс Фазлиддинов «Сўлим» қўшиғини ижро этганда, ҳамма янада тўлқинланиб кетди.

– Мустақиллик менга нима берди, деб эмас, мен мустақилликка қандай ҳисса қўшдим, деган саволни бугун барчамиз онгу тафаккуримиздан ўтказяпмиз,– фикр билдиради таниқли адиб Қамчибек Кенжа.– Истиқлолнинг буюк неъмати, тинчлик-осойишталикда, шунинг баробарида хотиржамлик ва тўкинчиликда эканини англаб етдик. Бу қутлуғ кунларга шукрона келтирмоқ ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тумандаги 3-, 6-, 20-умумтаълим мактабларида бўлган учрашувларда Гули Асалхўжаева, Наргис, Баҳриддин Зуҳриддинов сингари эл севган хонандалар, таниқли театр ва кино юлдузлари иштирок этдилар. Улар юртимиз шаънини дунёга таратаётган меҳнаткаш, фидойи деҳқонлар, фермерлар ва ёшларга тасаннолар айтдилар. Қўшиқларда Ўзбекистон номи жаранглаб турди.

Балиқчи туманидаги индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежига йиғилган тадбир иштирокчилари Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурайим Абдуваҳобовни кўрганлари ҳамоноқ, унинг «Шум бола» сини эсга олиб саволга тутдилар. Санъаткор бугунги кунда рўёбга чиқарилаётган хайрли ишлар хусусида ҳаяжонини яшира олмай сўзлай кетди. Эстрада хонандаси Жаҳонгир Позилжонов ёшларнинг ҳақиқий шайдосига айланганлигини у жўшиб қўшиқ куйлаганида яққол сезиб олиш мумкин эди. Дарҳақиқат, бугунги ўт-олов йигит-қизлар ғайрат-шижоат, жўшқинлик шўх-шодон қўшиқларда ифода этилишини хоҳлайдилар.

Ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ, маънавият тарғиботчиси Муҳаммаджон Йўлдошев энг улуғ, энг азиз байрам юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир хонадонига фаровонлик олиб келаётганлигини ғурур билан тилга олдилар.

Балиқчи туманидаги 10-, 16- умумтаълим мактабларида, ижтимоий-иқтисодиёт коллежида бўлиб ўтган учрашувларда иштирокчилар тарғибот гуруҳи аъзолари – Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Баҳодир Мирмақсудов, таниқли киноактриса Гулзода Исроилова, шоирлар Ойдиннисо, Наби Жалолиддин, ёш хонандалар Аъзамжон Султонов, Ойбек Позилжонов, Дониёр Тўраев ва олим Абдумажид Бўронбоевларни суҳбатга чорладилар. “Ким эдигу ким бўлдик?” мавзуидаги видеоролик, Баҳодир Мирмақсудовнинг гиёҳвандлик офатларини фош этувчи спектаклдан ўқиган монологини мухлислар қарсаклар билан олқишладилар.

Киноактриса Гулзода Исроилованинг актёрлик сир-асрорлари ҳақидаги фикрлари, қизиқарли чиқишлари барчага завқ улашди.

Мустақил давлатимизнинг 25 йил ичида босиб ўтган шонли йўли ҳақидаги маърузалар барчада шукроналик туйғуларини уйғотди. Отахон ва онахонлар юртимизга тинчлик-омонлик, тараққиёт тилаб, дуолар қилдилар.

Истиқлолни шарафловчи, бугунги тинч ва фаровон ҳаёт қадрини англатувчи бир-биридан мазмунли, серзавқ тадбирлар Балиқчининг чекка-чекка қишлоқларида ҳам давом этди. Олимлар Муқаддасхон Абдуллаева, Мадаминжон Мадазимов она Ватанимизнинг кечаги куни, бугуни ва истиқболини ҳаётий мисолларда қиёслаб бердилар.

Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежидаги учрашувда Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Нодирахон Маҳмудовани “меҳмонжонлардан айланай” деб олқишладилар.

Жалақудуқдаги 13-болалар мусиқа ва санъат мактабига 200 нафардан зиёд киши йиғилди. Кечагина оддий қишлоқ мактабида қиш кунлари қунишиб ўтириб, тор, биқиқ хоналарда илм олишга, китоб варақлашга кўниккан кишиларнинг авлоди бугун муҳташам кошоналарда, компьютер қаршисида жаҳон билан юзлашаётгани оддий ҳақиқатга айланди. Мусиқа ва санъат мактабида жалақудуқлик болалар бугун Моцартни, Шопенни, Бетховенни, Бахни жуда яхши биладилар ва уларнинг сюиталарини маромига етказиб ижро этадилар.

Даврага «Ниҳол» мукофоти совриндори Ёдгор Мирзажонов Ўзбекистонни улуғловчи жарангдор қўшиғи билан кириб келди. Андижонимизнинг Бўз туманида туғилиб ўсган, эндиликда мамлакатимиз ёшларининг севимли хонандаларидан бирига айланган «бўзбола»нинг наволари дилларга сурур бағишлайди.

Ардоқли шоира Зулфия Мўминова қай бир даврада шеър айтмасин, мухлисларининг ҳаяжонлари бир олам бўлади. Эл орасида камолга етган шоира ҳамиша эл дарди ила яшаши ва қалам тебратишини ҳар бир ижодий учрашувида кузатиш мумкин.

Севимли шоирамиз Мунаввара Усмонова тақдим этган шеърий гулдасталари, дилтортар суҳбатлари мухлисларига олам-олам завқ-шавқ бахш этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рихсивой Алиев кейинги йилларда кино ихлосмандларининг тилига тушди. Ўзининг ҳам драматик, ҳам комик роллари ор-қали кўпчиликка таниш актёр ижросидаги образлардан бири отахон сиймоси бўлиб, салмоқдор сўзлари билан эсда қолди. Санъаткор кечаги кун ва бугунги давр хусусида сўзлаганида гўё тирик тарихга айланади.

– Инсон ва унинг тақдири учун чексиз ғамхўрлик кўрсатадиган юрт қайда бор?! Шунинг учун ҳам мустақилликнинг қадрига етмоғимиз, Юртбошимиз раҳнамолигида рўёбга чиқарилаётган буюк ўзгаришларга баҳоли қудрат улуш қўшмоғимиз шарт, – дейди у.

Избоскан ижтимоий-иқтисодиёт педагогика коллежига учрашувга келганлар санъаткорнинг пурҳикмат сўзларини эътибор билан тингладилар. «Ниҳол» мукофоти совриндори Машҳурбек Раимжонов (ҳа, ўша, Олтинкўл фарзанди, ўзимизнинг Машҳур), ёшларнинг «хит» қўшиқчиларидан бири Шаҳзод Собиржонов ижросидаги тароналарни тинглаб, рақсга тушмай бўладими, ахир?! Киноактриса Анжелина Есембетова ўз фикр-мулоҳазалари, шоира Замира Рўзиева шеърлари билан даврага файз киритдилар.

Марҳаматнинг Полвонтош адирлари ҳақида бир пайтлар шоир ажойиб сатрлар битган. Бу ерда салқин шаббодалар эсади. Бугун одамларнинг руҳи тетик, кайфиятида кўтаринкилик. Ватан мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси ҳар бир қалбда фахру ифтихор туйғуларини жўш урдирмоқда. Меҳнат қилиб, пешонаси ярқирамаган, ўзи етиштириб, ўзи бебаҳра қолган деҳқонлар бугун Полвонтош адирлари бағридан дуру гавҳар ундирмоқдалар. Ғалла ҳосилдорлиги, мева-чевалар тўкинлиги рўзғорларга барака келтирмоқда. Шунинг учун ҳам содда ва самимий халқ санъатни, фозилу фузалолар суҳбатини хуш кўради.

Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри артисти Беҳзод Ҳамидов, кинорежиссёр Тўхтасин Муродов, шоир Зуҳриддин Исмоил Истиқлолимизнинг улуғ неъматлари ҳақида сўз юритдилар. Мана шундай нурли истиқбол бугун чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг ҳаётига ўзгача шукуҳ киритаётганлигини эътироф этдилар. Эстрада хонандалари Наргис, Ойбек Позилжонов куйлаган қўшиқлар 26-болалар мусиқа ва санъат мактаби саҳнасидан янграб, Полвонтош адирлари узра таралди.

Юртимиз мустақиллиги йилларида халқимиз қўлга киритаётган ютуқларнинг қиёси йўқ. Сўнгги йилларда ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришлар аҳамияти ва қадр-қиммати бундан 25-30 йил аввалги ҳолат билан таққосланганда кўзга янада яққолроқ ташланади. Акция доирасида уюштирилган “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?”, “Кеча ва бугун”, “Ибратли йўл” деб номланган фотокўргазмалар, кечаги ўтмиш ва бугунги воқеликларни муқояса қилувчи фильм андижонлик нуроний отахону онахонлардан тортиб баркамол ёшларгача барчада катта таассурот уйғотди.

Учрашувлар давомида шу заминда меҳнат қилишаётган деҳқон-у боғбонлар, турли касб эгаларининг ҳам дил сўзлари тингланди. Асакалик меҳнат фахрийси Одилжон Каримов дил сўзларини шундай ифода этди:

– Умрим деҳқончилик соҳасида ўтди. ХХ асрнинг етмишинчи йилларида пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан эди. Туманимизда 11 минг гектардан зиёд майдонга пахта экиларди. Болалар боғчасининг гулзорига қадар чигит қадаганимиз бор гап, ахир. Даладаги пахтага сув берамиз, деб туман суғориш тармоқлари идорасида тонггача чироқ ўчмас, ариқда келаётган ҳар бир қатра сув ҳисобда эди. «Бир томчи сув – бир ҳовуч пахта!» деган калом деҳқонларнинг онгига сингдирилганди. Беда, ғалла ва сабзавот «қора экин» деган рўйхатда турарди. Ўзимиз етиштирган неъматдан ўзимиз бебаҳра эдик… Давр ўзгарди. Истиқлол шарофати билан Асака тумани мева ва сабзавотчиликка ихтисослашган ҳудудга айлантирилди. Олтин қуёш тафтидан яшнаган боғларимизни, хилма-хил сабзавотларга бой экин майдонларимизни кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилиб кетади. Мана, шундоқ яшаса, шундоқ меҳнат қилса бўлар экан-ку, дейман. Халқимиз эркин ва фаровон ҳаёт кечириб, янги-янги бунёдкорликларни амалга ошириш йўлидан бормоқда. Юртдошларимизнинг даромади ортгани уларнинг моддий аҳволига ижобий таъсир кўрсатяпти. Кутубхоначи қизим газетадан ўқиб берди: бугунги кунда мамлакатимиздаги оилаларнинг деярли барчаси музлаткичлар, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозлари, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангютгич, микротўлқинли печларга эгалиги, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланаётганлиги тўкинчиликнинг яққол тасдиғи эмасми? Тўғри, бугун биз бу нарсаларга унчалик эътибор ҳам бермаймиз ва уларни одатдаги буюмлар сифатида қабул қиламиз. Ўзингиз ўйланг, бундан 25 йил аввал мобиль телефон, ноутбук, тюнер, ДВД (приставкаси), кабелли телевидение, сув иситиш бойлери, духовкали электрпеч деган ашёлар ҳақида ҳеч нарса билмасдик. Ҳозир уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Мени қувонтирган нарса эса, мана шу ашёларнинг аксарияти ўзимиздаги корхоналарда ишлаб чиқариляпти. Ўйлаб қарасам, қирқ беш йил дала кезибман. Илгари юқоридан рухсат бўлмаса, экин эколмасдик. Бугун қишлоқда фермер янги мулкдорга айланди. Ғалла майдонининг ёқасидаги ариқ бўйига ошқовоқ экиб қўйяпти. Шийпонининг атрофини гулзорга айлантиряпти. Паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик дейсизми, барчасини уддалаяпти. Ҳеч қандай ғов, тўсиқ йўқ. Кўчага кўксини тўлдириб, виқор билан чиқяпти.

Сермазмун суҳбатлар, ижодий учрашувлардан баҳраманд бўлган ёшлар қалбида қандай туйғулар жўш ураётганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Улар шу тариқа умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида камол топаверадилар. Ёшлар онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, эндигина улғайиб келаётган ўғил-қизларимизда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда бундай тадбирлар қанчалик самара бераётганини минглаб ўғил-қизларнинг юз-кўзларидан, шижоатларидан ҳам кўриш мумкин. Очиғи, ижодий учрашув ва давра суҳбатларида юртимизда собиқ мустабид тузум даврида ҳамда мустақиллик йилларида таълим ва бошқа турли соҳаларда эришилган ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида олиб борилаётган вазифалар, Қуролли Кучларимиз, миллий армиямизнинг куч-қудрати ва салоҳияти ҳақида билдирилган фикрлар айниқса ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу тариқа мазкур акция давомида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари Андижон вилоятининг 16 та шаҳар ва туманида 200 га яқин учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказдилар.

Ниҳоят, Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг Амфитеатр мажмуасида катта гала концерти тинчлик, фаровонлик, ғурур-ифтихор айёмига айланиб кетди.

Катта экранда «Ким эдигу ким бўлдик?» видеоролиги намойиши давлатимиз гимнининг тантанавор садолари остида бошланди. Музаффар давлатимизнинг байроғи баланд ҳилпиради.

Мустақиллик шарофати билан бугун озод ва обод юртидан, миллатидан, ўзлигидан фахрланиб, эмин-эркин ижод қилаётган ёзувчи ва шоирларнинг бу мавзудаги суҳбатлари андижонликларда катта қизиқиш уйғотди. Наздимизда, “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?” деб номланган тарғибот-ташвиқот тадбирлари юксак савияда ўтказилганини ҳар бир андижонлик йигит-қизлар, отахону онахонлар юз-кўзларидан англаш мумкин эди.

Бир ҳафта мобайнида вилоят бўйлаб ўтказиладиган тадбирлар вилоят телевидениеси ва радиканалларида, “Андижоннома” газетаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди.

Бугун кундан-кунга чирой очиб, дунёга юз тутаётган мустақил юртимизни ҳар қандай одам, шоир бўлмаган киши ҳам мадҳ этгиси, жўшиб куйлагиси келади. Шундай экан, тўлқинланмай, юрт мадҳига байт айтмай бўладими? Биз ҳам эссемизга андижонлик ҳассос шоира Хуршида Қўчқорованинг қуйидаги сатрлар ила нуқта қўйишга жазм этдик:

 

Халқим, тегрангга боқ, ҳар ён мусаффо,

Осмон мусаффодир – замон мусаффо,

Мусаффодир диллар – виждон мусаффо,

Не бахт, томирда қон – туғён мусаффо!

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

 

Беқиёс бу Ватан васфидир сўзсиз,

Ифтихор – Ватандек муқаддас бир ҳис!

Гарчанд жисми тупроқ қаърида, сассиз

Улуғлардан ёдгор – забон мусаффо,

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

 

Ватан Истиқлоли йўлида қурбон

Зотлар, иншоаллоҳ, топгай пок макон,

Фитрату Абдулла, Усмону Чўлпон

Чин ҳаққи-ҳурмати иймон мусаффо

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!..

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *