Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёт сифатини яхшилаш – бош мақсадимиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июнь куни

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, аҳоли яшаш жойларини обод масканга айлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёт сифатини яхшилаш – бош мақсадимиз

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йилда 159 та тумандаги 386 та қишлоқда қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қишлоқларда 142 мингта якка тартибдаги уй-жой ва 1000 дан зиёд кўп қаватли уйни таъмирлаш, 2,5 минг километр электр, 495 километр газ, 2 минг километр ичимлик суви тармоқларини тортиш ва қайта тиклаш, 17 минг дона канализация қудуғи ва 3 минг километр йўлларни таъмирлаш, 2 минг 400 та бозор ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш белгиланган.

Бундан ташқари, 388 мактаб, 313 боғча, 168 тиббиёт муассасаси, 38 маҳалла биноси ва 55 бошқа ижтимоий соҳа объектини қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган.

Бугун кунга қадар 51 минг 660 якка тартибдаги уй-жой, 518 кўп қаватли уй, 610 километр электр тармоғи, 66 километр газ қувури, 398 та трансформатор пункти таъмирланган.

Йиғилишда бу борадаги дастлабки натижалар атрофлича таҳлил қилинди. Дастурда белгиланган ишларни ташкил қилиш ва амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, дастурга қўшимча киритилган 64 қишлоқнинг 44 таси бўйича, хусусан, Андижонда – 22, Навоийда – 6, Тошкент вилоятида – 13, Хоразмда – 3 та қишлоқнинг бош режаси ишлаб чиқилмаган.

Президентимиз дастурни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларни шакллантириш борасидаги ишлар сусткашлик билан олиб борилаётганини танқид қилди. Қатор ҳудудларда уй-жойларни таъмирлаш ишлари ҳануз талаб даражасида ташкил этилмаган. Мисол учун, 54 қишлоқдаги жами 14 мингта уй-жойни таъмирлаш ишлари бошланмаган. Қишлоқ жойлардаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишлари талаб даражасида эмас.

Йиғилишда дастур доирасида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасидаги ишларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланиб, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида сув тармоқларини қуриш ишларини жадаллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Ўтказилган таҳлиллар қишлоқларда сизот сувлар сатҳини пасайтириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаганини кўрсатмоқда. Сизот сувлар сатҳини пасайтириш учун 2,2 минг километр мелиорация тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш талаб этилади. Бироқ, бугунги кунда атиги 220 километр коллектор-дренаж тизимида ишлар бажарилган.

Давлатимиз раҳбари икки ҳафта муддатда қишлоқларда ирригация ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни якунлаб, ишларни бошлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

Йиғилишда 73 қишлоқда 455 километр электр тармоқларини ҳамда 40 аҳоли пунктида 76 километр газ таъминотини таъмирлаш ишлари ҳалигача бошланмагани алоҳида кўрсатиб ўтилди. «Ўзбекэнерго” АЖ раҳбариятига бу қолоқликни тезда бартараф этиш, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга икки ҳафта муддатда ушбу қишлоқларда электр энергияси тармоқларини таъмирлаш ишларини бошлаш вазифаси топширилди.

Шунингдек, чекка ҳудудларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш бўйича кунлик график ишлаб чиқиб ижросини таъминлаш, дастурга киритилган қишлоқлар ва уларга туташ ҳудудларда автомобиль йўлларини таъмирлашни кузга қадар якунлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Дастурга киритилган қишлоқларда ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш ишлари орқада қолмоқда. Жумладан, 318 мактаб бўйича лойиҳа-смета ишлари якунланмаган. 109 оилавий поликлиникани таъмирлаш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни жадаллаштириш зарур. Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ишлари кечиктирилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари фақат Бухоро, Жиззах, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўз муддатида бажарилмоқда.

Қишлоқ жойларда замонавий савдо нуқталари ҳамда маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этиш қишлоқ аҳолиси турмуш шароити яхшиланишида муҳим самара беради. Бундан 2 ой олдин ўтказилган йиғилишда қишлоқларда 368 савдо комплекси қуриш бўйича топшириқ берилган эди. Айни кунда уларнинг 52 тасини қуриш бошланган, 36 тасига ер ажратилган, 66 таси реконструкция қилинмоқда.

Йиғилишда 214 супермаркет типидаги савдо комплексларини қуриш, қишлоқларда маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ва ҳаммомларни намунавий лойиҳалар асосида барпо этиш учун бўш турган бино-иншоотларни тадбиркорларга бериш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча вилоятларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Йиғилишда ҳудудларга қурилиш материалларини узлуксиз ва етарли миқдорда етказиб бериш, қишлоқларда шундай маҳсулотлар дўконлари очиш зарурлиги таъкидланди. Бу белгиланган тадбирларнинг сифатли ва муддатида бажарилишини таъминлаб, қурилиш ишлари нархи ошиб кетишининг олдини олади.

Маълумки, Президентимиз шу йил 1 июнь куни Чилонзор туманидаги Хирмонтепа ва Тирсакобод маҳаллаларида бўлганида “Обод маҳалла” дастури лойиҳасини шакллантириш бўйича топшириқ берган эди.

Бугунги кунда тажриба сифатида Тошкент шаҳрининг 11 тумани ва юртимиздаги 30 шаҳарда 1 тадан маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги маҳаллаларни ўрганиш борасида бошланган ишлар хусусида тўхталар экан, пойтахтимиздаги аҳвол вилоятлардаги энг чекка қишлоқлардан ҳам ачинарли эканини афсус билан қайд этди.

– Халқимиз бир ойдан буён Тошкент шаҳридаги маҳаллалар аҳволи тўғрисидаги телекўрсатувларни кўриб бораяпти. Нафақат Чилонзорда, балки шаҳарнинг деярли барча туманида Манасдаги шароитдан баттар жойлар борлигини ҳокимлар ва мутасадди идоралар раҳбарлари билмайди. Сабаби, раҳбарлар бундай жойларга умуман бормаган, – деди Президентимиз. – Қачонгача ҳокимликлар ва мутасадди идоралар раҳбарлари юқоридан топшириқ келишини кутиб ўтиради, қачон улар муаммо ва камчиликларни ўз ташаббуси билан бартараф этишни бошлайди? Афсуски, шу вақтгача бу саволга ҳеч кимдан жавоб олмадим.

Ана шу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури тажрибасидан келиб чиқиб, “Обод маҳалла” дастури қабул қилинди.

Ушбу дастурга мувофиқ, жорий йилда ҳар бир шаҳарда камида 2 тадан ва 2022 йилгача ҳар йили камида 3 тадан маҳалла қиёфаси тубдан янгиланади. Ичимлик суви, электр ва табиий газ, канализация тармоқларида қурилиш-таъмирлаш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 5 минг 607 километр ички йўллар, 369 ижтимоий соҳа объектини таъмирлаш, 969 бозор инфратузилмаси объекти ва сервис шохобчалари барпо этиш мўлжалланган. Бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “Обод маҳалла” жамғармалари тузилади.

Дастурни амалга ошириш учун 2018-2019 йилларда жами 3 триллион 130 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бир сўз билан айтганда, мазкур дастур маҳаллаларни обод қилишда муҳим қадам бўлади.

– “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш ислоҳотларимиз ичида энг муҳим ўринлардан бирини эгаллайди, – деди Президентимиз. – Чунки биз халқимиз олдида уларнинг муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёти сифатини яхшилашга бурчлимиз.

Йиғилишда дастурга мувофиқ қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг сўзсиз ижросини таъминлаш юзасидан қатъий назорат механизмини янада кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни ҳамда уй-жойлар, ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилишини ташкил этиш юзасидан “тармоқ жадвали”ни тасдиқлаш зарурлиги таъкидланди.

Ҳар ҳафтанинг чоршанбаси “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” куни деб белгиланди. Шу куни республика – вилоят – туман даражасидаги барча ташкилотлар билан ушбу дастурлар ижросини танқидий муҳокама қилиб, муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.

– Жойлардаги ҳақиқий аҳволни биз халқимиздан яширмаймиз ва борини қандай бўлса, шундай кўрсатиб борамиз. Албатта, бу кўпчиликка ёқмаяпти, кўп раҳбарлар буни ҳазм қила олмаяпти. Лекин, биз бу борадаги барча ҳолатни ва бошлаган ишларимизни халқимиз билан бамаслаҳат ва жамоатчилик назорати остида амалга оширамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини ўз вақтида, сифатли таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасадди раҳбарлар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

 http://uza.uz/oz/politics/obod-ishlo-va-obod-ma-alla-dasturlarini-amalga-oshirish-b-yi-27-06-2018

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *