Билак кучини ақл ва юрак кучига айлантирайлик!

Ҳаётимизда учраётган баъзи сўнгги воқеалар менинг эътиборимни тортиб,

маълум фикрларни уйғотдики, сизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Архив фото

Биринчиси, шу кунларда Тошкентнинг тунги клубларидан бирида билаги ва бели кучга тўлган йигитчаларнинг ўзаро муштлашуви бўлса, кейингиси шу ҳафта оммалашган фейк хабар — Диний идора номи билан қилинган сохта фатво, бугунги хабар эса спортчилардан бирининг пичоқлангани бўлди. Учаласининг тубида ҳам ёввойилик, маълум маънода мутаассиблик ётади.

Мени бир савол қийнайди, нима учун қадим Турон заминида тараққиёт, ривожланиш бошланса, меъёр қолиб кетади-да, жиловлар ечилиб ашаддий жаҳолатга берила бошлайди. Миллатимиз тарихида бундай ҳолатлар кўп ҳолларда фалокатга, мамлакатдаги вазиятни жар ёқасига олиб келиб қўйганини кузатганмиз. Бугун дунёда ривожланган, аҳолиси асосан мусулмон фуқаролар бўлган, иқтисодиёти мўъжизаларга эришаётган давлатлар бундан мустасно, албатта.

Жисмоний куч билан масалани ҳал қилиш одамни тош асрига қайтаради. Билими ва илми йўқ инсон учун кимнидир уриб-ағдариш, жамоавий муштлашиш ёки уни жисмонан йўқ қилишга чорлаш энг осон йўл. Бу деградация, бу деморализация, курашнинг энг пасткаш, жирканч — примитив кўриниши.

Инсон бу дунёга бир маротаба келар экан, Яратган Эгам унга чиройли яшаб, из қолдириши ва охирати учун замин яратишига имкон беради. Эскича айтганда, зурриёт қолдириб, иморат қуриб, бир кўчат экиш имониятидир. Билими, билагида кучи бор одам аслида кучини шунга сарфлаши керак. Ақлни фейсбукдаги тортишувларга, ғийбат қилиш, ёки кимнидир уриб, ўзича “жазосини” беришга эмас.

Шу яқин вақт орасида Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий сўзлашувида ва жуғрофий харитасида учта “М” пайдо бўлди. Бу янги қўшилган шаҳар ёки қишлоқ эмас, бу Президент Шавкат Мирзиёев бизнинг эътиборимизни қаратган учта “М”дир. Булар ободликнинг “О” ҳарфи қолмаган Манас, Оролқум ичидаги Мўйноқ, харобага айланган Мирзачўлдир. Аслида, бу ҳудудлар аввал ҳам бўлган, аммо биз ушбу ҳудудлардаги ҳолатга кўниккан, эътибор бермай қўйган эдик.

Қадимда одамлар буюк қурилишларда иштирок этиб фахрланганлар. Бугун бизга қадимги Миср эҳромлари ёки қудрат белгиси бўлган Колизей каби тарихий обидаларни қуриш имконини берди. Тан олиб айтиш керакки, ўтган асрнинг ўрталаридаги БАМ қурилиши, Мирзачўл ўзлаштирилиши, Фарғона каналининг қазилиши, Халқлар дўстлиги саройининг қурилиши сингари қаҳрамонликларга интилиш охирги пайтда юртимизда сўнган эди.

Сохта тавозе билан эмас, чин кўнгилдан айтмоқдаман, бугунги ислоҳотлар бизга қаҳрамонлик кўрсатиш, матонат кўрсатиш, билагимиз ва белимиздаги кучдан фойдаланиб, тарихда қолиш имкониятини бермоқда. Халқимиз “Меҳнат инсонни улуғлайди” деб бежиз айтмайди.

Бугун XXI асрда қўшнимиз дунёнинг 50 та мамлакати орасида бўлганида, дунё ёшлари глобал муаммолар билан шуғулланиб, буюк кашфиётлар қилаётганида биз ҳам ўзимизнинг йўлимизни топишимиз керак. Бунга эса фақат меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат олиб боради. Бизга ҳеч ким четдан келиб қилиб бермайди, бу аниқ! Қилиб бериши ҳам керак эмас, аслида!

2016 йилнинг кузида Президент сайловолди кампаниясида бошланган ўзгаришлар, янгиланишлар бизда ижобий ва кўтаринки кайфият уйғотди. Аммо эмоциялардан амалий меҳнатга ўтиб, қўлимиздан келадиган меҳнат билан мамлакатимизни ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз керак. Бу эйфория эмас, бу ҳиссиётларсиз куч ва қудратимизни кўрсатиб, мамлакатни ўзгартириш имкониятидир. Ахир қаерда илм, таълим-тарбия бўлса, жоҳилликка ўрин қолмайди. Билак кучини ақл ва юрак кучига айлантирайлик!

Кучини қаерга ишлатишни билмайдиганларга мурожаат этмоқчиманки, ана, Мўйноққа боринг, Манасга боринг, Мирзачўлга боринг. Юрт ободлигига ҳисса қўшинг!

шер

Шерзодхон Қудратхўжаев, сиёсий фанлар номзоди.

http://xs.uz/uzkr/post/bilak-kuchini-aql-va-yurak-kuchiga-ajlantirajlik

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *