БИРЛАШИШ ВА КУРАШИШ МАСЪУЛИЯТИ

Фароғат Худойқулова — 1975 йилда Қашқадарё

вилоятининг Қамаши туманидаги Чим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Куй дилим, суйгулим”, “Айтолмаган сўзларим”, “Ойдинлик”, «Оқ хатлар», “Қоятошим” , «Муҳаббатга кўм, дилни» шеърлар ва «Илоҳий ижоднинг талх ва ширин азоби» номли эсселар тўплами муаллифи. «Шуҳрат» медали соҳибаси. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий тарғибот ва тадбирларни уюштириш бўлими бошлиғи.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

photo_2023-12-27_14-58-29

Муносабат 

   Биз шундай бир янгиланишлар даврида яшаяпмизки, замон ҳар биримизни кўз олдимизда халқимизнинг миллий тарихий хотираси, она тилимизнинг нуфузи тикланаётган жараёнларга гувоҳ қилмоқда ва бевосита бу жараёнларнинг иштирокчисига айлантирмоқда. 2023 йилнинг 22 декабрь куни янги йил байрами арафасида мамлакатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқилган масалалар ҳақидаги фикрларини тинглаб туриб, шу юртнинг бир куюнчак фарзанди сифатида бундайин қайғуриш ва масъулият умуммиллат келажаги, мамлакат ривожи, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун қўйилажак яна бир муҳим қадамлардан бири эканлигини ҳис қилдим.

Йиғилишда иштирок этган таниқли шоиру ёзувчилар, санъаткорлар, илм-фан арбоблари томонидан давлатимиз раҳбарининг ўзбек адабиёти, болалар адабиёти, жадид боболаримизнинг фаолиятини давом эттириш, “Огаҳий” номидаги Халқаро мукофотни таъсис этиш юзасидан қилган ташаббуслари ва “Жадид” номли газетани таъсис этиш бўйича билдирилган фикрлари, қолаверса, ўртага ташланган бошқа муҳим таклифлар Янги Ўзбекистоннинг бугунги кунда дунё ҳамжамиятида қандай ўрин тутаётгани ва бу даражани янада кўтариш учун ҳамма шароит ва имконлар борлигини ҳам ифода этди.

Бутун дунё давлатларининг тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар кетаётган бир вазиятда мамлакатимизда энг аввало ёш авлодни ўқитмоқ ва тарбия қилмоқ масаласи ўз долзарблиги билан барчамизнинг қалбларимизни яна бир бор хушёр торттирди. Бу йўлда амалга оширилаётган ишлардан эса давлатимиз сармояни аямаяпди. Ҳар бир хонадондаги ота-она ҳам. У ҳоҳ деҳқон бўлсин, ҳоҳ йўл тузатувчи бўлсин, ҳоҳ поъезд ҳайдовчиси бўлсин ўз фарзандининг илмли, дунё танийдиган, жамиятда ўз ўрнини топа оладиган, ўз фикри ва ўз сўзига эга инсон бўлиши учун давлатимиз билан биргама-бирга ҳаракат қилмоқда.

Айни дақиқаларда Абдулла Авлоний бобомизнинг:

         Идрок ила ақлинг-ла аюр яхши-ёмонни,

         Беҳудага сарф этма, шу қимматли замонни.

         Саъй эт, жадал эт, илму фунуна ҳаракат қил,

         Боқ, найладилар ҳикмат ила ушбу жаҳонни, —

дея қилган даъватлари, бошқа жадид боболаримизнинг бизга очиб берган саодатли, изтиробли ва шарафли йўли ва давлатимиз раҳбарининг “Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги, кучга, янги ҳаракатга айланиши керак” деган ғояси биз ўз эзгу мақсадимиздан қайтмаслигимизни, танлаган йўлимизда ишонч билан ижод қилишимизни ҳар дақиқада эслатиб турибди.

Юртбошимизнинг мазкур йиғилишда айтган ҳар бир гапида, иборасида, фикрларида нафақат миллат ва халқнинг шарафли ўтмиши, бунёдкорликка вобаста бугуни ва порлок келажаги тўғрисидаги ойдин хулосалари акс этди, балки шунинг баробарида шиддат билан ўзгариб бораётган умумдунёвий ўзгаришлар жараёнида биз зиёлиларнинг вазифаси нимадан иборат эканлиги, энг муҳими, ўзини шу халққа мансуб деб билган ҳар бир фуқаронинг зиммасида қандай масъулият турганлигини ҳам рўйи-рост, аниқ далиллар асосида кўрсатиб берди.

Айниқса, келажак ворислари бўлган ёшларнинг янгиланаётган жамият фаолиятида фаол иштирок этиши, бунинг учун эса мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилиши баробарида, ҳар бир ёшнинг чинакам ватанпарвар ва комил инсон бўлиб вояга етишида маънавият ва маърифат соҳаси вакилларининг, шоир ва ёзувчиларнинг, олимлар ва санъат аҳлининг беқиёс ўрни борлигини ҳам Юртбошимиз аниқ ҳаётий мисоллар ва таҳлиллар асосида тушунтирди.

Айтиш жоизки, чиндан ҳам лаҳза сайин ўзгариб бораётган дунёнинг сиёсий, ижтимоий, маърифий, маънавий, мафкуравий саҳнасида қандай мураккаб жараёнлар кечаётганини теран идрок қилиш учун бугун уни шунчаки, кузатиб боришнинг ўзи етмайди.

Балки, ана шу кечаётган мураккаб жараёнларни мустақиллигимиз, ўзлигимиз, озодлигимиз, миллийлигимиз, фуқаролик масъулиятимиз нуқтаи-назаридан чуқур таҳлил қилишимиз ва муайян хулосага келишимизни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Бунинг учун эса ҳар биримиздан ўз соҳасини чуқур билиш, давр мураккабликларини теран идрок этиш, қалбан огоҳлик ва уйғоқликни турмуш тарзимизнинг бир бўлаги деб қараш туйғусига эга бўлишимиз талаб этилади.

Кеча 25 декабрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта тадбирлар залида ушбу йиғилишда кўтарилган масалалар юзасидан ўтказилган баҳс-мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида устоз шоиру ёзувчиларимиз, адабиётшунос олимларимиз, ёш ижодкорларимиз —  мамлакатимиз ва дунё миқёсида кечаётган шиддатли жараёнларга, юртимиздаги бунёдкорлик ишларига, янгиланиш ва юксалиш йўлида чекилаётган заҳматларга зиёлилар ўзларининг холис муносабатини билдириши керак эканлиги ҳақида сўз юритиб, белгиланган вазифалар масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда, биргалашиб ҳаракат қилишимиз керак эканлигига урғу беришди.

Айни дамда бундайин ларзакор эврилишларнинг онгли ва фаол иштирокчиси бўлишда мамлакатимиз зиёлилари қудратли кучга айланиши керак.

Чунки бутун бир жамият ва халқни бирлаштириш улар зиммасидаги улуғ масъулиятдир. Бу масъулиятни ёшлар ҳам ҳис қилишлари учун бу эзгу ишларни улар билан биргаликда, халқимиз билан ҳамжиҳатликда амалга оширишимиз лозим. 

photo_2023-12-27_15-07-47

                         Фароғат Худойқулова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *