Бир учрашув тарихи
Сайтимизга хат келди: Кибриё Қаҳҳорова дийдори…
1988 йил 1 октябр куни Касби тумани Хўжаҳайрон қишлоғидаги янги қурилган мактабга адиб Абдулла Қаҳҳор номи берилиши муносабати билан шаҳри азим Тошкентдан Кибриё Қаҳҳорова, «Шарқ юлдузи» журнали бўлим мудири, адабиётшунос Ортиқбой Абдуллаев, шоир Маъруф Жалил Қарши шаҳрига ташриф буюришди. Сафарда меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари сифатида каминага юклатилганди.
Бир томони яйдоқ даштга туташ майдон, унга зеб бериб турган, ҳали бўёқ ҳиди аримаган янги мактаб биноси остонасида бизни карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Кибриё опа анвойи гуллар оғушида қолди… Туман раҳбари табригидан сўнг, мактаб рўпарасидаги гулзор ўртасида ўрнатилган адибнинг бронзадан ишланган бюсти устидаги парда кўтарилди. Йиғилганлар кўз ўнгида (маҳаллий ҳайкалтарош Бахтиёр Анваров ишлаган) Абдулла Қаҳҳорнинг ўйчан ва жиддий қиёфаси намоён бўлди. Олқиш садолари янгради. Дастлаб адабиётшунос олим Ортиқбой Абдуллаев ва шоир Маъруф Жалил адиб ижоди ва ҳаёти билан боғлиқ хотираларидан сўзлаб беришди.
Ниҳоят, кутилган дақиқалар келди. Сўз навбати таниқли таржимон, адабиётшунос, адибнинг рафиқаси Кибриё Қаҳҳоровага берилди.
Одмигина, дид билан кийинган етмиш беш «баҳорни қаршилаган» бўлса-да, аммо ёшига нисбатан тетик Кибриё опанинг талаффузидан ҳаяжон оғушида эканлиги яққол сезилиб турарди:
— Муҳтарам устоз адиб Абдулла Қаҳҳорнинг адабиётга меҳрли шундай муҳиблари борлигидан азбаройи бошим кўкка етди,— деди самимий тарзда Кибриё опа.— Қалбимда мавж урган яна бир туйғу шундан иборатки, сиз билан айни устоз вафотига 20 йил тўлган паллада учрашиб, ул зоти муборакнинг руҳларини шод қилиб ўтирибмиз. Очиғи, мен азиз инсонимдан ажрагач, бу ёғига узоқ яшай олмасам керак, деб ўйлагандим. Аммо Абдулла Қаҳҳордек сўз санъаткори билан ўтказган чорак асрлик умримнинг нурли хотиралари мени шу ёшгача олиб келди. Қалбим тўрида сақлаб келаётган зариф хотираларни одамларга айтиб бериш, лозим бўлса қоғозга тушириш учун ҳам яшашим керак, деб ўйладим…
Албатта, йигирма йил муқаддам ўтган бу мулоқотда бошдан-оёқ, «нима гап-нима сўз бўлгани»ни бугун тўлалигича баён этишим мушкул. Аммо «Кундалик» тутганлигим учун қоғозда муҳрланиб қолган айрим тафсилотларни келтириш имкониятига эга эканлигимдан мамнунман. Кибриё опанинг ўша анжуманда изҳор қилган фикрлари кейинчалик юзага келган у кишининг «Чорак аср ҳамнафас» китобида акс этди.
— Эзгуликнинг катта-кичиги бўлмайди. Сизларни ишонтириб айтаманки, ҳали йиллар келадики, устоз, беназир сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳорнинг номи муносиб тарзда ўз қадрини топади, — деганди қатъий ишонч билан у .
Учрашув ўрталарига келиб сочини бошига чамбарак қилган, одмигина чит кўйлаги нозиккина қоматига мос тушган қиз шаҳдам қадамлар билан даврага чиқиб келганча адибнинг рафиқасига гулдаста тақдим этди.
— Узр, опа… Далада ушланиб қолдим. Кейин, кечикмай дея от чоптирганча келяпман! Йўл-йўлакай чўл гулларидан атайин сизга…
Қиз бироз тин олди. Сўнг кўзларидан учқунлар сачратганча сўради.
— Кибриё опа… Айтинг-чи, мени кимга ўхшатяпсиз?
Кибриё Қаҳҳорова бир гулдастага, бир қизга синчков тикиларкан, майин кулимсиради.
— Шижоатингиз, нозик-ниҳоллилигингиз… от чоптириб юришингиз… ўзи айтиб турибди-ку! Албатта, Саида… «Синчалакхон» — сиз-да!
Ёш-яланглар турган орқа тарафдан гуррос кулги кўтарилди. Қиз уларга қараб қўл силкитиб қўяркан, шўх-шондонлигининг тахини бузмади.
— Қойил, топдингиз! Фақат исмим Саида эмас, уйқаш… Сайгул! Орзу-ниятим, келажакда севган ана шу қаҳрамоним сингари ҳаётда ҳар қандай қийинчиликлардан чўчимайдиган жасур ва шижоатли бўлиш… Сиздан илтимос, бугун дала шийпонимизда меҳмон бўлсангиз. Қизларимизнинг сизга айтадиган сиру-синоатлари бир дунё!
Сайгулнинг рафтори тансиқ ҳисларни қўзғаб юбордими, Кибриё опа завқ билан энг тотли хотираларини эслади, бир соатдан кўп тингловчиларни ўзига қаратиб ўтирди.
Учрашув ниҳоясида кўкси орден-медалга тўла, кекса киши минбарга кўтарилди-да:
— Кибриёхоним, синглим… Менинг ёшим саксондан сакраган. Кекса маорифчи педагог, уруш қатнашчисиман. Адиб Абдулла Қаҳҳорнинг памфлет, фелетонларини жангоҳларда ўқиб руҳланганман. Ҳаётга муҳаббат, инсонларга меҳр кўрсатишга ундаган туйғуни ҳам ана шу севимли ёзувчимиз асарларидан олганман. Аммо биз бугун Абдулла Қаҳҳорни қайтадан кашф этдик. Буларнинг барчаси, албатта, сиз туфайли. Яна шунга имон келтирдикки, тақдир сиздай умр йўлдошини туҳфа этиб, Абдулла Қаҳҳорга бебаҳо бахт ато этган экан! Пойқадамингиз хосиятли, фаришта аёл экансиз! Умрингиздан барака топинг…, — деди ҳаяжон билан.
«Умр деганлари — оқар сувдек гап», деб бежиз айтишмаган-да. Ўша учрашувда мухлисларига кўпдан-кўп ибратли ҳикоялар, дилбар шеърлар ўқиб берган устоз Абдулла Қаҳҳорнинг умр йўлдоши, адабиётшунос Кибриё Қаҳҳорова ҳам хокисор шоир Маъруф Жалил ҳам бугун ҳаёт эмаслар. Аммо ўша учрашув ҳамон менинг ёдимда. Ўйлайманки, унда иштирок этганлар ҳам унутишмаган.
Кези келганда таъкидлаш лозим, Кибриё Қаҳҳорова учрашувда башорат тарзида айтган: «Буюк сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳорнинг номи муносиб тарзда ўз қадрини топадиган кунлар»га етиб келдик. Бунга исбот сифатида шу йил адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантаналарни эслаш кифоя.
Муҳаммад Очил
Сўнгги фикрлар