Бобурнинг беқиёс маънавий хазинаси
Моддий ва маънавий бойликлар – мисоли бир қушнинг икки қанотидир.
Маънавияти бой инсон чинакам моддий бойликлар яратишга қодир бўлади. Шул боис “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкида тез-тез маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Буюк аждодимиз, тарихда шоҳ ва шоир сифатида ёрқин из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни муносабати билан ташкил этилган “Бобурнинг беқиёс маънавий хазинаси” мавзуидаги ижодий кеча ҳам банк ходимларида катта таассурот қолдирди.
Тадбирда Шайхонтоҳур тумани Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Элёр Жўраев, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Ходимлар билан ишлаш департаменти директори Қобилжон Жўраев, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Трастбанк” бошланғич ташкилоти етакчиси Шуҳрат Панжиев ва бошқалар буюк аждодимизнинг бой маънавий хазинасидан баҳраманд бўлиш, “Бобурнома” каби бетакрор асарларни мутолаа қилиш молия-иқтисод соҳаси ходимларини ҳам маънан камол топишларига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбекнинг буюк аждодимиз Мирзо Бобурнинг ибратли ҳаёт йўллари, бебаҳо маънавий мерослари ҳақида қилган маърузаси банк ходимларида катта қизиқиш уйғотди.
– Биз буюк аждодимиз Бобурнинг ёрқин сиймосини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи орқали янада теранроқ англаймиз,– деди маърузачи.– Тарихий манбаларда қайд этилишича, Мирзо Бобур 12 ёшида тахтга ўтиргач, унинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади У 1499 йили Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди, 1500 йили Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади. Бироқ, шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар. Бобур темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. Бобур 200-300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб, Қобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Қобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади. 1507 йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди. Аммо бу уриниши муваффақиятсиз тугаб, яна Қобулга қайтади. Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради. Шайбонийхон Эронни забт этиш учун юриш бошлаганда Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, октябр бошларида Самарқандни яна қўлга киритади. 1512 йил 24 ноябрида Ғиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Қобулга қайтишга мажбур бўлади. Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узил-кесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади. 1519 йил баҳорида Ҳиндистоннни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5-6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскар билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди, кўп ўтмай Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади. Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди. Бобур шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган. У Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фузалолар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва зазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди. Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада, асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дил-дилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади. Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган. Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 1530 йили 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик 1539 йилда васиятига мувофиқ ҳоки Қобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди. Бобур Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз юртида қадр-қиммат топди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти фармонига кўра 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги кенг нишонланди. Ўзбекистон ФАнинг Бобур номидаги медали таъсис этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Давлат драма театри актёри Шукурулло Сўфиевнинг бадиий чиқишлари, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаларининг Бобур ғазалларини куйга солиб ижро этган ашулалари даврага янада файз киритди.
Сабоҳат Ҳайитқориева,
“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки
Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар