Ватан кўксидаги дур

Ифтихор туйғуси

1

Ватанни онага қиёс айлаб, уни – она Ватан, дея ардоқлаймиз.

Энг фидойи оналар кўксига тақилган Қаҳрамонлик юлдузи, орденларга ҳавас ила боққанмисиз? Ўзбекистон Республикаси Давлат гербини она Ватан кўксида то абад дурдек порлаб турган нишонга қиёс этсак арзийди.

Юртимиз давлат мустақиллигига эришгач ўз рамзлари саналмиш – байроғи, герби ва мадҳиясига эга бўлди.

1992 йил 2 июль – «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида» Қонун қабул қилинган кунни мудом эҳтиром ила эслаймиз.

Нақадар юксак дид билан тайёрланган давлатимиз гербига боқсангиз, унда пурвиқор тоғлар, серсув дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб турган ажиб манзаралардан дилингиз яйраб, қалбингизда ифтихор туйғуси жўш уриб кетади. Жаннатмакон юртимизнинг бутун суратию сийрати, бетакрор манзаралари, чексиз меҳр нури ана шу жозибали тасвирларда ўз аксини топганини ҳис этасиз.

Гербнинг юқори қисмида республикамиз ҳур диёр эканлигини ифода этувчи саккизбурчак тасвирланган. Бу ноёб шаклга разм солсангиз, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Бу шунчаки тасвир эмас, балки унинг замирида олам-олам маъно мужассам. Биринчиси, муқаддас китобларимиз таълимоти ила қарор топган қадриятларимиз ой ва юлдузлар тимсолида акс этган бўлса, иккинчи томондан, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби аллома аждодларимизнинг бетимсол кашфиётлари ана шу осмон жисмларига бахш этилгани жумлаи жаҳонга яхши маълум.

Ҳаётда инсон учун энг азиз инъом – бахт ва эрк туйғусидир. Ана шу туйғулар ифодасини герб марказида акс этган афсонавий Ҳумо қуши тимсолида кўрасиз. Ҳумо қуши қанотларини кенг ёзган ҳолати тасвирида сиз том маънодаги бахт ва эрксеварликнинг рамзини ҳис этасиз.

Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

Ранглар жилосида ҳаётимиз гоҳо янада жилвали кўринади. Гербимиздаги Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви – олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда; чаноқлардаги пахта – оқ рангда; лента – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар – оқ рангда тасвирланганига эътибор билан боқсангиз она Ватан кўксидаги дурдек гербимиз мазмунан нечоғли бойлигини теран англайсиз. Унга термулган сари дил тубидан шундай ўйлар кечади: ҳаётда ҳеч қачон шунчаки яшамаймиз. Мустақил юртимиз рамзлари – фахру ифтихоримиздир!

Бу рамзлар орасида она Ватан кўксидаги дурдек гербимиз то абад мангу машъала янглиғ порлайверсин.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *