ВАФО ВА ЖАФО
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига
Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидир
Ҳар кимки жафо қилса жафо топқусидир
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз
Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топқусидир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
* * *
“…Шоҳруҳ мирзо жамиъ Мовароуннаҳр вилоятини улуғ ўғли Улуғбек мирзоға бериб эди. Улуғбек мирзодин ўғли Абдуллатиф мирзо олди. Беш кунлик ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди.
Агарчи ўзи ҳам беш-олти ой салтанат қилмади, бу байт машҳурдиким:
Падаркуш подшоҳеро нашояд,
Агар шояд ба шаш моҳаш нанояд”.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг
“Бобурнома” асаридан
(Байт мазмуни: “Падаркуш шоҳ бўла олмайди, шоҳ бўлганида ҳам олти ойга бормайди”. Бу қайғули воқеалар 1450-51 йил орасида бўлиб ўтди. – Муаллиф)
* * *
“Ушбу йили Султон Ҳусайн мирзо била Бадиуззамон мирзо орасидағи ниқорлар урушға тортти. Тафсили будурким, ўтган йил Балхни ва Астрободни Бадиуззамон мирзоға ва Музаффар мирзоға бериб, юкундуриб эдиларким, нечук мазкур бўлди, ўшул муддатдин бу муддатқача ғалаба элчилари бордилар ва келдилар.
Охири Алишербек ҳам элчиликка келди. Ҳарчанд саъй қилдилар, Астрободни инисига бермакка рози бўлмади. Дедиким, менинг ўғлум Муҳаммад Мўмин мирзони хатна қилғонда мирзо анга боғишлабтур.
Бир кун Алишербек била мирзонинг орасида бир суҳбате ўттиким, мирзонинг тез фаҳмлиғиға ва Алишербекнинг риққати қалбиға долдур. Алишербек сиррий сўзларни мирзоға гўшаки ғалаба айтти. Дағи дедиким:
– Бу сўзларни унутинг.
Мирзо филҳол айттиким:
– Қайси сўзларни?
– Алишербек бисёр мутаасир бўлуб кўп йиғлади”.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг
”Бобурнома” асаридан
(Тўққиз юз иккинчи (1496-97) йиллар воқеалари).
(Султон Хусайин мирзо тўнғич ўғли Бадиуззамон ва кичик ўғли Музаффар мирзога Балх ва Асрободни бошқаришни топширганди. Музаффар мирзо акаси Бадиуззамон тўнғич ўғли Муҳаммад Мўмин мирзога суннат тўйи қилганида ўзига бошқариш учун топширилган Астрободни жиянига оғизда тўёна қилган экан. Бадиуззамон мирзо ана шу оғзаки сўзга асосланиб, ўн икки ёшлардаги ўғли Мўмин мирзони Астробод ҳокими этиб тайинлайди. Бундан катта малика Хадичабегим тарбиясини олган Музаффар мирзо норози бўлади ва Астрободга қўшин тортиб, жияни Мўмин Мирзони асирга олиб, Ихтиёриддин қалъасига қамаб қўяди. Бундан ғазабланган Бадиуззамон жанг билан ўғлини қутқариб олишга тайёргарлик кўраётганида, Султон Ҳусайин мирзо Алишер Навоийни элчиликка юборади. Навоий ҳар қанча уруниб ҳам, Бадиуззамонни ниятидан қайтара олмай, ота-бола шоҳлар аросидан оқибат кўтарилгани сабабли аччиқ-аччиқ йиғлайди.
Навоий афсус ила Балхдан Ҳиротга қайтганида, бошқа бир фожеа кутиб турган чиқади. Хадичабегим Султон Ҳусайн мирзо мастлиғидан фойдаланиб, Мўмин мирзо қатли учун фармон чиқартурғон ва шоҳ узугидаги муҳрни бостириб олган, ҳамда қатлни зудлик билан ижро эттирган экан.
Султон Ҳусайн мирзо бундан хабардор бўлганида вақт ўтган эди. Ота ва валиаҳд Бадиуззамон орасида уруш бошланади. Бундан изтиробга тушган Алишер Навоий улар ишига бошқа аралашмай, узлатга чекинади ва оғир хасталаниб, 1501-йили бандаликни бажо келтиради. – муаллиф).
* * *
“– Топмайсенми ҳали? Топмайсенми?! Мана топмасанг!– Девдай зўр Мансур бахшининг бир зарби билан Хадича бегим суви муздай сардобага шалоплаб қулаб тушди. Мансур бахши уни сочидан тортиб чиқариб олди-ю, ҳарамга томон судраб кетди.
Бу қийноқлар уч кун давом этди, аммо олтин гул топилмади. Хадича бегимнинг жони қаттиқ экан, тирик қолди…”
Пиримқул Қодировнинг
“Юлдузли тунлар” романидан.
* * *
Вафо ва жафодан сўз очмак мушкул,
Бири олов эса, бири совуқ кул.
Бири – Оби ҳаёт, бошқаси – мамот,
Айланар шу икки теграда ҳаёт.
Ой Ерга вафодор, юлдузлар – мубҳам,
Вафодир қийновчи, ўртовчи шубҳам.
Вафодорми дўстлар, ёру фарзандлар?
Мустаҳкамми оқибат аталган бандлар?
Иймоним солимми ва ёким сустми?
Сизда ҳам саволлар устама-устми?
Одамзодни қийнар шу мавзу азал,
Қанча шеър ёзилди, қанчалаб ғазал…
Бобур сиймосига қилсам мурожаат,
Топмадим бирорта ризоликдан хат:
“Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?
…Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?”
* * *
Бир манзилдан чиққанлар етишгай ўзга манзилга,
Кунлар – ҳафта, ҳафталар – ой, ойлар-чи етишгай йилга.
Бобур эса ғам уйидан суввора бўлса-да доим,
Яна ғам уйига етган ва бўлган тақдирга қойим.
Унга дарс ўринга ўтмиш неча ўтган вақойилар,
Зулм бобида бўлса-да даҳр Ҳотами-Тойилар.
Ўзига устози аввал билиб шеърда Навоийни,
Жойига қўймоқға жаҳд этти шеър ила рубойини.
Навоийдан яна журъат сифотин анча ўрганди,
Нафс шерини ёшликдан этурди ғуллара банди.
Ки ўзни Султон Ҳусайний киби шоҳликка чоғларди,
Алишербек каби саркори бўлмоғини хоҳларди.
Тақозо этса тақдир – шоҳдек амр этсин керак они,
Шоҳ, магар тан эса, оқил вазирдир бебаҳо жони!
Вафо тимсоли – Навоий, вафо доим қадр топмас,
Вафодор ит тилаб нонни кўчада дарба-дар чопмас.
Талоқ сўрди тағо қизи кетар пайтида ҳорижга,
Эмасди ҳеч бу асно мос ахир “сан-ман”га боришга.
Ки овга ҳеч ярармиди този, боғлиқда гар бўйни,
Ки яйрарми ўзин бегонадек тутганда ёр, қўйни?!
Киши нетиб-ки ўргатгай ўзига сарв қоматни?
Нетиб ўзига боғлатгай даромад ҳамда омадни?
Садоқат боғини қайси миришкор айлагай бунёд?
Не зоҳидлик-ки Тенгри шукрини айлагай ҳар кун ёд?
Бу олам моясида йўқ азалдан ҳеч вафо ранги,
Чашмни тарк этар нури, соқолнинг-чи чиқар чанги.
То эммак қайғуси борлар юрур аноси ёнида,
Инин тарк айлагай бургут қаноти қотган онида.
Жаҳон молига шайдода қуруқ қўл ила қарс бўлгай,
Илмга қўйганинг кўнгил вафосизларга дарс бўлгай.
* * *
Эрон шоҳи бўлган Хусрави Парвез,
Орзу қилар экан шароб ичган кез:
“Қанийди тож-тахтда бўлсайди вафо,
Уни деб, бунчалар чекмасдим жафо!”
Хусравнинг аёли – малика Ширин
Ташлабди киноя ила кўз қирин:
“Узр, сўзларингиз ғалати, бирам,
Тожу тахтда вафо бўлсайди, тўрам,
Отангиздан сизга ўтарми эди?”
Хом гапирган подшоҳ пишиқ панд еди!
Шоҳлар хатоси ҳам бўлғуси улкан,
Шам шуъласи қайда, қайдадир гулхан!
Ёмонлик, хиёнат бирга юрармиш,
Бирин бошқасига касри урармиш.
Биридан бошқаси бўлармиш пайдо,
Самонни “Зар!” – дея қилармиш шайдо.
Тахт деб ўғил қони бошига урди,
Абдуллатиф бир он довдираб турди:
“Тортиб олсанг магар отанг тахтини,
Раво кўргай тақдир Жамшид бахтини!”
“Отанг дини ислом йўлини бузди,
Юрт қолиб, самовот жадвалин тузди!”
“Тахтга уканг эмас, сен чин муносиб,
Сениинг шонинг олий, уканг – бир косиб!”
Шу ҳол тўнғич ўғил бўлди падаркуш,
Кутган олий нишон тарқалди нақ туш.
Ўзи ҳам айланди ерга озуққа,
Нима дейсиз энди бундай ёзуққа?!
Хадичабегим ҳам экканин ўрди,
Ахир кеча-кундуз нафсини қўрди!
Шаҳзодалар аро солди низолар,
Тенгри куттирмади кўп ҳам жазолар.
Бу каби нифоққа тўла тахт гирди,
Тинчгина кунларни берсайди эрди.
Кўпингга тоқату, озингга сабр
Қилолсанг ўзингга қилмайсан жабр!
Аммо юртда кўпдир кутганлар пора,
Нафс қули ул – бечорадан бечора.
Намакоб каби ул оширар чанқоқ,
Порасиз қолганда – хаёли тарқоқ.
Оз ишлаб, кўп топсам деганлар қанча,
Халқ мулкин каппалаб еганлар қанча!
Рибо кўлмагига чўкканлар талай,
Раҳбарлик обрўсин тўкканлар талай!
Ўз касбига фидо, халқига содиқ,
Хаёллари теран, вазмин ва босиқ,
Замондошлар ила яшнар бу бўстон,
Фидойинг бўлгаймиз, Ҳур Ўзбекистон!
Тўлқин ЭШБЕК
Иштихон ижод мактаби
2023 йил 18 август
Сўнгги фикрлар