Ваҳимакашлик васвасаси
Ҳаёт сабоқлари
Баъзи пашшадан фил ясашга устаси фарангларнинг миш-миши вируслар ҳақидаги гап-сўзлардан ҳам ошиб тушади-я… Ҳаётдаги баъзи ҳодисотлардан кўра у ҳақдаги ваҳима юракка ғулғула солади. Миш-мишга ишонган харом ўлармиш, деган мақол бежиз айтилмаган экан-да…
Биз тенггилар бундан миллиард марта каттароқларини кўрганимиз боис юрагимизга ғулғула тушмайдиган бўлган. Ўтган аср саксонинчи йиллари даҳшатли самовий ҳодиса юз бергани ёдимизда. Қуёш атрофида айланаётган 9 та сайёра (ўша сайёралар атрофидаги йўлдошларини ҳам қўшиб тасаввур қилсанг, бошинг айланиб кетади) бир томонда саф тортгандек қаторлашиб қоларкан. Бутун олам тортишиш қонунига биноан бу ҳол Ернинг айланиш тезлигига таъсир қилиши ҳеч гапмас. Ўз ўқи бўйлаб 24 соатда бир бора айланаётган ёки қуёш атрофида секундига салкам ўттиз километр тезликда учиб кетаётган Еримиз секинлашиб ёки тезлашиб кетса борми, бир неча дақиқада бутун сайёрамиз юзаси тухумдек силлиқ бўлиб кетаркан, деган миш-мишларга ишонмай бўладими? Ер ўз “йўли”дан чиқиб кетса ё Қуёшга, ё қўшнимиз – Марсга уришиб, ёпишиб қоларкан…
Нақадар илмий асосларига эга бўлган бўлган бу коинот ҳодисаларининг олдини оладиган куч топилмасди. Бутун дунё бирлашиб курашганида ҳам сайёраларни изига солиб юборишга ожизлик қиларди.
Тунлари осмонга боқиб, Марс, Юпитер, Сатурн, Венера ва ўзимиз яшаб турган Еримиз билан қўшиб ҳисоблаганда бешта сайёрани мароқ билан кузатганмиз. Меркурий, Уран, Нептун, Плутонларни оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Эҳтимол, уларни улкан телескопларда кузатганлар бўлгандир…
Ўша пайтда “Худосиз жамият яратаман” деб юрган лидерлар ҳам ич-ичидан “Эй, Худойим, ўзинг асра!” деб юборганлари аниқ!
Хайриятки, бир сафга тизилган оға-ини сайёралар Яратганнинг қудрати ва каромати ила тинчгина “тарқалиб”, Қуёшнинг чор тарафига ўтиб кетишди.
Ўн йилча бурун яна бир самовий ҳодисасидан ўтакамиз ёрилай деганди. Ой Ер томонга қараб бирнеча минг километр яқинлашаётгани ҳақида гап чиқди. Тунда осмонга боқсам, тўлин ой ҳамишагидан анча катта кўринди. Чиндан ҳам Ой қулаб тушганида нима бўлишини тасаввур этишнинг ўзи даҳшатли…
Сўнгги ўн йилликларда бир неча бор улкан астроидлар Ерга урилиши хавфи пайдо бўлганди. Бир гал қайсидир астроидга қарши АҚШ ракетаси зарба бериши ва унинг йўналишини ўзгартириб юборишга уриниши ҳақида хабарлар ўқигандик. Худо кўрсатмасин, чиндан ўша баҳайбат астроид биз томонга кела бошласа, танкка қарши таёқ билан чиққандек бир-иккита ракета таъсирида уёқ-буёққа бурилиб кетармикин, деб ўйланиб қолгандик.
Ақл тарозисига солиб кўринг, ўша самовий фалокатларнинг олдида кўз илғамас коронавируси нима бўпти! Бу балони даф этамиз, дея давлатларнинг қудратли кучлари ишга солинаётган, аёвсиз курашларда шифокорлар ғалаба байроғини кўтаётган бўлса! Сизга яна нима керак, биродар?
Ваҳимали гаплар вақти-вақти билан урчиб туришига ўрганиб қолганмиз.
Ўтган аср 90-йилларида қайсидир хорижлик олим “Инсоният XXI-асрни кўрмайди” деган мазмунда гапи тарқатганди. Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов унга жавобан “омон бўлсак, албатта кўрамиз!” дея муносабат билдиргани ёдимизда. Тақдир табассумини қарангки, буюк шоир XXI-асрда ҳам 15 йилча умр кўрди! Бундай бахт ваҳимакаш хорижлик олимга насиб этмаган бўлса не ажаб?!
Гоҳо Ер қимирлаб туради. Ярим тунда кўпқаватли уй деворлари шақира-шуқур қилганида жон қоладими? Етти-саккиз йил илгари одамларнинг юраги зилзиладан безиллаб қолган кунлардан бирида кечқурун ишдан қайтаётсам, ҳовли тўла одам. Ҳамма кўч-кўронини, бир-икки кунлик егулигини кўтариб чиққан… Ҳайрон бўлиб, суриштирсам, даҳшатли зилзила бўлиб, ҳаммаёқ теп-текис бўларкан, деган ваҳима…
Бир четда турган рафиқам ҳужжатларни олиб чиқишга улгурмаганини айтиб қолди.
– Уйга кирманг,– деди у хавотирга тушиб.– Нима бўлса бўлар… Керак бўлса, эртага қулаган деворлар орасидан кавлаб олармиз…
Мен учун нақадар азиз бойликларим қат-қат деворлар тагида қолишини кўз олдимга келтириб, чидай олмадим. Қоронғи йўлакдан ичкарига ўзимни урдим. Тўртинчи қаватга чиқиб, чироқни ёқдим. Телевизорни қўйсам, турли каналларда қизиқарли дастурлар намойиш этилмоқда. Шунчалик таҳликали вақтда бир оғиз ахборот берилмайдими? Таниш-билишларимга телефон қилсам, ҳаммаси кўчада экан… Бутун шаҳар алғов-далғов бўлиб кетибди-ю…
Вақт борида жуфтакни ростлаб қолиш керак. Тезда ҳужжатларимизни олдим. Раҳматли ота-онамнинг портретлари, альбомлар, Қуръони Карим, Ҳадислар, Ҳидоя, Мухтасар каби дурдона китобларга қўшиб ўзимнинг тўпламларимни ташлаб кета олмасдим. Ҳаммасини қопга жойладим. Ҳали чоп этилмаган қўлёзмаларим уч бухча бўлди. Элликтача видеокассетага (ҳар бири яримта ғиштдек келарди) ота-онам, қишлоқдаги тўйлар, қариндошлар, собиқ синфдош ва курсдош дўстлар билан учрашувлар тасвири олинган эди. Бу бебаҳо хазинани ташлаб кетиб бўладими? Ноёбу нодир бойликларим анчагина экан, тўрт-беш киши зўрға кўтариши мумкин. Улардан айрилгандан кўра, бирга қўшмозор бўлиш афзал эди. Хуллас, уйдан чиқмай ўтиравердим. Худойимнинг раҳми келди, шекилли, зилзила бўлмади! Ҳовлида дилдираб ўтирган қўни-қўшнилар ҳам бирин-кетин уйларига киришди. Кўп ўтмай ҳаммаси унутилиб кетди!
Бир пайтлар осмондан учар ликопчалар тушибди, бир-иккита қизларни олиб кетиб, яна қайтариб ташлаб кетганмиш, деган антиқа гаплар тарқаган… Кейин йўқолиб қолиб, топиладиганлар кўпайди… Ана сизга комедия…
Бу шов-шувга раҳматли Ҳожибой Тожибоев кулгили ҳангомалари билан нуқта қўйганди. “Тошкентга учар ликопча келганига ишонса бўлади, бизнинг қишлоққа чўмич ва қошиқлар, қўшни шаҳарга катта қозон тушганганидан кейин бу ерга ликопчалар тушади-да…” Қаҳ-қаҳ отиб кулган одамлар учар ликопча ҳақидаги миш-мишларга ишонмай қўйишганди.
Дунё бўйлаб “чўчқа грипи”, “парранда грипи” тарқалибди, деган миш-мишлар ҳам анча бошоғриқ бўлгани эсдан чиққани йўқ…
Бир гал шаҳримизни чигиртка босиб кетгани ёдингиздами? Йўлларда машиналар баллонига қат-қат ёпишиб, баъзилари ҳатто юролмай қолганини кўргандирсиз? Ўшанда маҳалламизда бир ваҳимакаш “бу охирзамон белгиси” дея жавраётганида оғзига учар чигиртка кириб кетиб, ўтакаси ёрилганча бандаликни бажо келтирган…
Яна қай бир йили қўшнимиз августнинг фалон куни аниқ охирзамон бўларкан, деб ваҳима қилиб юрди. Уч ойча ўтиб ўша кунга етганда ваҳимачи қўшнимиз тилдан қолиб, юраги уришдан тўхтаганига шоҳид бўлгандик…
Ҳар кимнинг тилагига яраша бўлиши ўз исботини топганди гўё…
Иккинчи жаҳон урушида отам раҳматли 4 йилча қон кечиб, кўкси ордену медалларга тўлиб қайтган. “Қирқ йил қирғин келса, ажали етган ўларкан, болам” деган ҳикоятлари мағзини энди чақаяпман…
Қиссадан ҳисса шу, яшайман, деган инсонга имкониятлар етарли!
Ўлчаб берилган умр поёнига етганида бандаси энг бехавотир шароитда ҳам омонатини топширмай иложи йўқ…
Ҳаёт тажрибасига эга одам сифатидаги хулосам шуки, бу коронавирус деган дард ваҳима қилишга арзимайди. Фақат, баъзиларнинг ваҳимаси ўша дард устига чипқондан бошқа нарса эмас! Коронавирус жонингга тажовуз қилди нима, баъзи очкўз бандалар эл ризқига кўзола бўлди нима?! Оддий ниқоб зарурлигини билиб, атай нархини ошириш орқали чўнтагини қаппайтириш илинжида бўлаётганларнинг ўз элига дўстлиги борми? Миш-миш, ваҳима, ёлғон хабарлар тарқатиб ҳузур қилаётганлар ўша вируснинг “қадрдони” эканини кўрсатмаяптими аслида? “Иллат излаганга – иллатдир дунё” деганлари шу эмасми?
Бир ёмонликнинг бир яхшилиги, деганларидек, коронавирус балосига қарши кураш асносида баъзи ҳодисаларни кўриб, дунёқарашимиз, ҳаётга, жамиятга муносабатларимиз ўзгармоқда. Жумладан:
- Биз талабаларга “глобаллашув” назариясини тушунтирардик. Амалда катта воқеликка айланиб кетганининг исботини кўраяпмиз. Ўзбекистонимиз бугунги кунда кўплаб давлатлар билан илмий, техникавий, иқтисодий, йўл-транспорт ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликлари, борди-келдилари айнан глобаллашувнинг кўринишлари, таъбир жоиз бўлса, меваларидир.
- Минг-минглаб фуқароларимиз ҳаёти ва фаолияти кўплаб давлатларга, ўз навбатида, хорижликлар Ўзбекистонга “боғланиб” қолгани ойдинлашди.
- Дунёни таҳликага солган балога қарши умумжаҳон бирдамлигини, каттаю кичик давлатларнинг ҳамкорликда курашга бел боғлаганини кузатиш ўзи мароқли. Бугун “бу балодан ўзимиз қутулсак бўлгани, бошқалар билан ишимиз йўқ” дейдиган одам йўқ. Қанийди, бутун дунё мамлакатларининг шу дўстлиги, бирдамлиги абадий бўлса!
- Давлат ва халқимиз бирдамликда ҳар қандай оғир синовдан ўтишга қодирлигини кўрсатмоқда. Ахборот-коммуникация технологияларини бутун халқимиз ўзлаштириб олибди! (Мамлакат бўйича бундай муваффақиятга эришиш осон эмас!) Битта масъул идорадан берилаётган ахборотдан ўша лаҳзада бутун халқимиз бохабар ва огоҳ бўлиб туриши катта ютуғимиздир.
- Дўст кулфатда билинар, деганларидек, вирусга қарши кураш жараёни ўзбекнинг қанчалик мард ва танти қаҳрамонлари борлигини намойиш этди. Ўнлаб вилоят, шаҳар ва туманларнинг мутасаддилари, тадбиркорлар пойтахт шаҳримизда таҳсил олаётган фарзандларини арзон нархларда, ҳатто текинга манзилларига етказиб қўйишлари, моддий ёрдам кўрсатишлари оддий ҳодиса эмас!
- Юртимиз истиқлолга эришиш арафасида ва ундан кейинги йилларда бир-икки марта пул алмашиб, иқтисодиётимиз “қалқиб” кетганини кўрган эдик. Ўшанда одамларнинг дўкону бозорлардаги бор товарларни қандоқ тала-тала қилиб олишгани сира кўз олдимдан кетмайди. Ҳатто кафанлик “талон” билан берилишгача боргани аянчли ҳол эди. “Карантин” ҳақидаги гаплар чиққани ҳамоно кўп одамлар худди ўша даврдагидек ўзларини бозору дўконларга урдилар. Омборлари тўлгунича кўнгиллари жойига тушмади. Бу ҳам бир синов эди. Баъзи нафсибузуқлар пайтдан фойдаланиб қолишга ҳам уриниб кўрдилар. Шукрки, иқтисодиётимиз пойдевори мустаҳкамланибди, мол-дунёмиз керагича ғамланибди! Бирорта бозор ёки дўкон ҳувуллаб қолганини кўрмадик! Ноинсоф олиб-сотарлар ҳам дарров жиловланди. Нарх-наво ҳаволаниб кетмади! Турмушимиз осойишта давом этмоқда!
Такрор айтаман, бундай муваффақиятларга осонликча эришилгани йўқ!
- Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан қатъий ва режали чора-тадбирларнинг амалга оширилаётганлиги халқимизни бир мақсад сари яна бир бор бирлаштиргани ҳам улкан ютуғимиздир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг қанчалик муҳим аҳамият касб этаётганини халқимиз дилдан ҳис этиб турибди.
- Бу синов одамларни яна бир бора ғафлат уйқусидан уйғотиб, маънан тоблади, руҳан бирлаштирди!
Биз фақат ўз юртимизни ўйлашимиз камлик қилар экан. Бу балони Ер юзидан баҳамжиҳатлик билан даф қилсаккина глобаллашувнинг меваси татишини жумлаи жаҳон англаб етди!
Ҳадемай тинч ва осойишта ҳаётимиз яна давом этади! Энди уни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини синовларда тобланган элга тушунтиришга ҳожат қолмади, деган умиддамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика факультети кафедра мудири,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати,
“Дўстлик” ордени соҳиби
«Миллий Тикланиш» газетаси 2020 йил 20 май, №13-14, 7-бет
Дилмурод Орипов (https://www.facebook.com) дан олиб жойлаштирилди:
Тулкин Эшбек Ассаллому алайкум! Ҳурматли Тўлқин Эшбек!
Мақолангизни ўқиб, биринчи галда, маҳоратингиздан маза қилдим. Иккинчи ва охирги галда, бугунги кунимиз муаммолари ўткинчи эканидан анча енгил тортдим.
Мақолангиз раҳматли Ҳожибой Тожибоев тахмин қилган, афсонавий «Васвасагин» дорисининг журналистикадаги, ҳаётдаги ёрқин мисолига айланди, менимча ва мен учун.
Айниқса, уни уйғонишим билан «ичганим» жуда яхши таъсир қилди. Энди бутун куним ва қолган умрим осуда ўтишига ишонаман.
Сиздан бу каби «Васвасагин»ларни кўп миқдорда «ишлаб чиқаришингиз»ни сўраб қоламан.
Тўлқин домла, раҳмат!