Газеталар ададини миллионлаб нусхага оширса бўлади

Республикамиз ва маҳаллий газеталар обунаси, адади борасида кўп баҳслар бўлмоқда.

Бу муаммони ҳал этишнинг синалган усули ва керак бўлса, бу борада ибрат олишимиз зарур бўлган халқаро тажриба бор-ку! Синалган усул шуки, собиқ мустабид тузум даврида газета нархи 2 тийин, болалар нашри — 1 тийин эди! Нон — 10-15 тийин, газета ундан 5-7 баробар арзон эди. Ҳамма жон-жон деб обуна бўлар, ҳар куни бутун республикамизнинг чекка-чекка қишлоқларидаги хонадонларигача камида 2-3 тадан газета кириб борарди! Замондан ортда қолган собиқ шўро газета, журнал, китобларни арзимас чақага бутун халқига етказишнинг уддасидан чиққанди. Одамлар шунга яраша ёппасига саводли эди! Фақат… мафккурасини асло оқлаб бўлмасди. Бироқ, барча нашрларни бошдан-оёқ тузум мафкураси эгаллай олмасди. Бизнинг замондошлар неча ўн йиллар мобайнида миллий нашрларимизда Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Комил Алиев, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Оқилжон Ҳусанов, Шукур Холмирзаев, Неъмат Аминов, Эркин Эъзамов, Аҳмаджон Мухторов, Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров,Ойдин Ҳожиева, Шарифа Салимова, Дилбар Саидова каби юзлаб буюк ижодкорларнинг публицистика ва долзарб мавзудаги мақолаларидан баҳраманд бўлиб улғайганимиз билан фахрланамиз. Улар  миллатни — миллат, элни — эл қилишга, маънавиятимизни изчил юксалтириб боришга хизмат қилганидан асло кўз юма олмаймиз! Ўша пайтларда газетани 20-30 тийин қилиб қўйишганида деарли ҳеч ким обуна бўлмасди ва биз ҳам маънавий қашшоқ, саводи ҳаминқадар бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмасди… Бу нархда қалин-қалин журналлар, ҳатто китоблар олиш мумкин эди ва жон-жон деб олардик ҳам! Ваҳоланки, ўша даврда битта газетанинг таннархи 1 сўмдан кам бўлмаган экан…

Газета, журнал ва китобларни нашрга тайёрлаш шу қадар катта меҳнат талаб этардики, бугун уни ёшлар тасаввурига ҳам сиғдира олмайди… Юртимиз мустақиликка эришгунга қадар ва истиқлолнинг дастлабки йилларида ҳам ҳар бир босма ҳарфни сувдек эритилган қўрғошинда ясаганимизни эсласам, ҳали-ҳануз этим увишиб кетади…

Бугун-чи? Ҳаммасини муаллифлар ўз компьютерида тайёргина қилиб тайёрлаб таҳририятларга етказмоқда! Энди босмахоналар тайёр саҳифаларни кўпайтиради холос!..

Энди халқаро тажрибага эътибор қилсак, АҚШнинг 80-100 бетлик газеталари ўртача таннархи 6 долларга тушганида ҳолда улар бор-йўғи 40 центдан сотилмоқда. 80 бетлик газета — 20 та «Халқ сўзи»га тенг! Энди 40 центни 20 га бўлинг-чи…

Японияда баъзи газеталар 60-80 саҳифада куни икки марта — эрталабки ва кечки сонлари миллион-миллион нусхаларда чиқиб туради. Нарх-навосини жайдаригина қилиб айтганда — сувтекин!

Бу икки давлатда интернет минг ривожланиб кетмасин газеталар ҳам асосий «ҳаёт кўзгуси»лигича турибди! Бу газеталар ҳар куни, ҳатто якшанба кунлари ҳам чиқиб туради. Бу давлатларда одамларнинг янги газета ўқимайдиган куни бўлмасди!

Бошқа ривожланган мамлакатларда ҳам шундай ҳавас қилса арзигулик манзараларни кўриб ҳавас қиламиз.

Шунинг учун ҳам уларнинг тараққиёти юксалгандан юксалиб бормоқда!

Қиссадан ҳисса, инвестиция деган илғор саъй-ҳаракатларни журналистика соҳасига ҳам йўналтириш механизмини топишимиз зарур. Токи, газеталаримизнинг саҳифаларини 60-80 саҳифага етказган ҳолда сотувдаги ва обуна нархини — 100 (юз) сўмдан оширмасликка эришишимиз лозим. Ана унда кўринг ўша газеталарнинг ададлари ошиб-тошиб кетишини!

Бунинг учун журналист кадрлар сонини ва салмоғини ошириш йўлларини ҳам изчил амалга ошириш зарур. АҚШда 500 дан, Россияда 100 дан, қўшнимиз Қозоғистонда 25 дан ортиқ олий таълим муассасаларда журналистика факультетлари бор экан, биз шу қадар улкан юкли вазифани биргина ЖОКУ зиммасига юклаб қўйишимиз мантиққа тўғри келмайди. Бу йилдан кечиктирмасдан ЎзМУ ва ЎзДЖТУ Журналистика факультетларига қабулни давом эттириш, квоталарни кескин ошириш зарур. Ўзи бу факультетларга ҳужжат топширадиганлар сони 1500 тага бормайди. Мамлакатимизда 1500 дан ортиқ ОАВ борлигини эътиборга олсак, бу абитуриентларнинг ҳаммасини ўқишга қабул қилсак ҳам бир неча ўн йилдагина кутилган кадрлар салоҳиятига эга бўлишимиз мумкин.

Қанийди, бизнинг республика газеталари таҳририятларида ҳам 2000-3000, туман таҳририятларида 200-300 нафардан журналистлар фаолият кўрсатишса!

Бу ёзганларим дунёги ривожланган мамлакатлар учун мутлақо янгилик эмас. Демак, умумжаҳон синовидан аллақачон ўтган тажрибани дадил қўллашга киришайлик.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Изоҳ: Қуйида ЎзАда эълон қилинган маълумотномани ўқиб… ўксиниб кетдим…

Йил бошида қайси газета қанча нусхада чоп этилмоқда?

Йил бошида қайси газета қанча нусхада чоп этилмоқда?

Дунё тажрибасида бугунги матбуот қайси йўлдан бормоқда, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Келинг, шу ўринда, аввало, ўзбек матбуоти нашрлари ададига бир назар солсак. 
“Халқ сўзи”
2018 – 144165 нусха
2019 – 60129 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 84036 тага камайган
“Маърифат”
2018 – 52038 нусха
2019 – 12700 дан ортиқ нусха
Ўтган йилга нисбатан: 39338 тага камайган
“Народное слово”
2018 – 33763 нусха
2019 – 13728 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 20035 тага камайган
“Ёшлар овози”
2018 – 24014 нусха
2019 – 4735 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 19279 тага камайган
“Қишлоқ ҳаёти”
2018 – 21130 нусха
2019 – 5834 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 15296 тага камайган
“Правда Востока”
2018 – 24470 нусха
2019 – 9073 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 15097 тага камайган
“Ўзбекистон овози”
2018 – 13830 нусха
2019 – 4315 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 9515 тага камайган
“Оила даврасида”
2018 – 7602 нусха
2019 – 900 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 6702 тага камайган
“Жамият”
2018 – 7074 нусха
2019 – 1500 дан ортиқ
Ўтган йилга нисбатан: 5574 тага камайган
“Адолат”
2018 – 8294 нусха
2019 – 3378 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 4916 тага камайган
“Овози точик”
2018 – 4883 нусха
2019 – 1267 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 3616 тага камайган
“Ишонч”
2018 – 31439 нусха
2019 – 28025 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 3414 тага камайган
“Нурлы жол”
2018 – 4304 нусха
2019 – 1494 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 2810 тага камайган
“Маҳалла”
2018 – 25651 нусха
2019 – 23841 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 1810 тага камайган
“Ватанпарвар”
2018 – 42246 нусха
2019 – 43983 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 1737 тага кўпайган
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
2018 – 5085 нусха
2019 – 5661 нусха
Ўтган йилга нисбатан: 576 тага кўпайган
Адади энг кўп камайган нашрлар: “Халқ сўзи” (84036), “Маърифат” (39338), “Народное слово” (20035), “Ёшлар овози” (19279) ҳамда “Қишлоқ ҳаёти” (15296)газеталаридир.
Адади ошган нашрлар: “Ватанпарвар” (1737) ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (576) газеталаридир.
P/S: “Ҳуррият”, “Жамият”, “Миллий тикланиш”, “Оила ва жамият”, “Оила даврасида”, ХХI аср… каби нашрлар ҳали ҳам чоп этилгани йўқ. (2019 йил 4 январь ҳолатига кўра)
Муаммо нимада?
 
Нима учун партиялар нашрларининг аҳвол аянчли ҳолга келган?
 
Жамиятни комиллик сари бошлаган маърифатпарвар йўналишнинг кашшофлик сафари қаридими ё?..
 
«Отахон» газеталарнинг умри тугаб бораяптими? 
 
Муассислар қаерга қараяпти? 
Халқ таълими тизимида нечта ўқув даргоҳи, қанча ўқувчи ва ўқитувчилар бор? Тизимда мажбурий обунанинг ўрнини босувчи “муқобил вариант” борми?
ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *