Германиялик олимлар билан учрашув
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети дунёдаги энг ривожланган давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантирмоқда.
ЎзМУ Хорижий филология факультети Немис филологияси кафедраси 1994 йилдан буён Германиянинг Вилгелм номидаги Вестфалия университети билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу борадаги ўзаро манфаатлар тобора такомиллашиб, 2003 йилдан буён талабалар, илмий тадқиқотчилар алмашинуви амалга оширилмоқда.
Ўтган давр мобайнида кўплаб дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва бадиий асарлар немис тилидан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан немис тилига бевосита таржима қилинди ва бу жараён ҳамон давом эттирилмоқда. ЎзМУнинг ўнлаб талабалари ва тадқиқотчилари Германияда билим ва малакаларини оширган бўлсалар, германиялик мутахассислар ва талабалар Миллий университетда таълим ҳамда тадқиқот ишларини давом эттирдилар.
Шу йил 8 сентябрь куни ЎзМУ ректори Абдураҳим Абдушукуров билан Германиянинг Вилгелм номидаги Вестфалия университети профессори Kordula Schulze ўртасида бўлиб ўтган суҳбатда асосий эътибор ана шу ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантиришга қаратилди.
Kordula Schulze хоним Ўзбекистон Миллий университети билан илмий ҳамкорликлар ижобий самарасини кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, университетларимиз ўртасида амалга оширилаётган талабалар алмашинуви ёшлар ўртасида дўстлик, меҳр ришталарини мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди. Албатта, бу ёшлар бир кун улғайиб, етук мутахассис бўлиб етишганларида ана шу дўстлик алоқаларини ҳар томонлама давом эттиришларига умид қилса бўлади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бу йил 5 нафар германиялик талабалар Миллий университетимизда ўқишни давом эттиришса, ЎзМУ талабаларидан Фариджон Усмонов ва Сабина Гайнутдиновалар Германияда таҳсил оладилар.
Суҳбат давомида университетлараро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, бу борадаги янги лойиҳалар хусусида фикрлашиб олинди.
Эркин УСМОНОВ,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар