Дониш домла дафтаридан
Нонингни бер душманга,
Душман қолсин пушмонга!
***
Ким ғийбатга тутса қулоқ,
Шўри қуриб бўлар улоқ…
***
Катта жойда бўлгач шарманда,
Тош отмоқда энди армонда…
***
Эрта турмуш қурманг, қизлар!
Кеч ҳам қолиб кетмангизлар…
***
Баъзи талабалар дарсларга нега келмаслигининг ягона сабаби — улар ўқишни истамаса-да шундоқ улуғ даргоҳга ота-онаси қинғир йўллар билан «киргизиб» қўйганлар, вассалом. Қинғирлик билан бошланган қадамлар унча-мунчага тўғриланиб қолмайди… Ўқишни истамаган бечора болани «дарсга кел» деб қандоқ зўрлай оласиз?..
Ўша ота-оналарга «қарашивориб» пулини чўнтакларига урганларнинг фикрича: «домласи яхши дарс ўтолмаётгани» сабабли давомат яхши бўлмаётган эмиш…
Нега энди шўрлик домлалар — умрини илму маърифатга бахшида этган ҳалол профессор-ўқитувчилар балога қолиши керак?
Домлалар орасида битта-яримта «нўноқроғи» бўлса, уни аниқлаб олиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш қийин эмас-ку…
Ўқишни истамай шу даргоҳга кириб қолганлар дарсга келишни истамаса, бунинг учун домлаларни айбдор қилиш катта гуноҳ-ку! Шу ўринда Алишер Навоийнинг «Хазоинул маоний» асаридаги «Ким, кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият, Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами» деган сатрлари ёдга тушади.
Гапнинг пўсткалласини айтганда, ўқишни истамаган болага ҳазрат Алишер Навоий ёки Мирзо Улуғбек боболаримиз тирилиб келиб маъруза ўқишса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, ўқишни истамаган «талаба» барибир дарсга келмайди…. Унақалар ва уларни шу кўйга солганлар ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одами…
Бу чигал вазиятдан осонгина, дилоғриқсиз чиқиб кетишнинг ҳам йўли бор аслида. Илм олиш мақсадида эмас, фақат дипломга эга бўлиш (ва эртага бирор мансабни эгаллаб кўпроқ пул топиш) учун бу даргоҳдаги ўринларни банд этаётганларни бир дақиқа ҳам дарс қолдирмайдиган қилиб қўйишнинг иложи бор албатта. Фақат, уни бу ерда ошкора айтиш бефойда. Керакли мутасаддилар сўраса, албатта эзгулик йўлида билдириб қўйишимиз мумкин.
Дониш домла
2004 йил
Ажойиб мақоллар!
bosayotgan qadamimiz ertamiz uchun xizmat qilmasa nima qildik qadam tashlab
O.Dostonov
Ана хазинаю мана хазина
Бу шеърларнинг асли муаллифи Тўлқин Эшбек домлами? Шуни аниқ билишни истардим. Энг муҳими, бу қисқа сатрлар замирида катта ва жўяли маънолар мужассамлашган!
Дониш домла — Тўлқин Эшбекнинг тахаллуси эканини кўпчилик билса керак…