Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқи 


Қадрли анжуман иштирокчилари!

Аввало, сиз, азизлар билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида учрашиб турганимдан хурсанд эканимни билдириб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз.

Очиғини айтганда, мен бугунги учрашувга кўпдан буён тайёргарлик кўриб келаётган эдим. Юртимиз ёшларининг муносиб вакиллари, эртанги кунимиз эгалари бўлган сиз, азиз ўғил-қизларимиз даврасида ёшимиз, лавозимдаги фарқларга эътибор бермасдан, худдики сизлар билан тенг бўлиб, чин дилдан, самимий бир суҳбат қуришни анчадан бери орзу қилиб келар эдим.

Бугун сизларнинг қалбингиз, юрагингиздаги ўй-фикрлар, мақсад-муддаолар, керак бўлса, ушалмай турган ниятлар билан яқиндан танишиш, шу асосда ёшлар сиёсати бўйича олиб бораётган ишларимизни танқидий баҳолаб, тегишли қарорлар қабул қилишни мен ўз фаолиятим учун ғоят муҳим деб ҳисоблайман.

Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда.

“Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Барчангизга аён, ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда.

Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда.

Мана шундай ва бошқа кўплаб таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани – айни ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор этолмайди.

Бугунги учрашувимизда ана шу мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати қандай амалга ошириляпти, бу соҳада қандай муаммолар бор, уларни қандай ҳал қилишимиз керак, бу борада ёшлар ташкилотининг ўрни қандай бўлиши лозим, деган масалалар ҳақида атрофлича гаплашиб олсак, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларни модернизация қилиш ва янгилаш жараёнлари янги босқичда жадал олиб борилмоқда.

Ҳаёт талабларидан келиб чиқиб, юртимиздаги кўпгина давлат ва нодавлат ташкилотларининг фаолияти янада такомиллаштирилмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бугунги куни ва эртанги истиқболи барчамизни ўйлантириши табиий.

Сизларга яхши маълум, бундан 16 йил олдин, яъни, 2001 йилда ташкил этилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўтган давр мобайнида ёшлар ҳаётига кириб бориб, уларнинг маълум бир қисмини ўз атрофида бирлаштиришга, ўз Дастури ва Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни имкон даражасида бажаришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Ташкилот томонидан ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашиш бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилганини албатта эътироф этишимиз керак.

Айни вақтда таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, моҳият эътибори билан ёшларнинг ҳақиқий таянчи ва суянчи бўлиши зарур бўлган “Камолот” ҳаракати фаолиятида жиддий камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланмоқда.

Биринчидан, “Камолот” бутун Ўзбекистон ёшларини бирлаштирган, том маънодаги оммавий ҳаракатга айлана олмади. У асосан ўз атрофида Ҳаракат фаолиятига хайрихоҳ бўлган ёшларни уюштириб, фақат уларни қизиқтирган масалалар юзасидангина иш олиб борди.

Натижада ёшларнинг кенг қатламларига тааллуқли бўлган долзарб масалалар, аввало, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни катта мақсадлар сари сафарбар этиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, қисқача айтганда, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзини ҳақиқий ёшлар ташкилоти сифатида кўрсата олмади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда “Камолот”нинг 4 миллионга яқин аъзоси бор. Бу мамлакатимиздаги 10 миллиондан зиёд йигит-қизларнинг 40 фоизини ташкил этади.

Бир қарашда, 4 миллион – салмоқли рақам бўлиб кўринади. Лекин холисона айтганда, ташкилотга аъзолик кўп ҳолларда фақат қоғозда мавжуд, амалда эса аксарият аъзолар “Камолот” тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас, унинг мақсад ва вазифаларини билмайди, ўз етакчиларини танимайди, Ҳаракат фаолиятида иштирок этмайди.

Натижада юртимиздаги минглаб ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда нафақат “Камолот”нинг, айни вақтда давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмоқда. Улар билан ҳеч ким деярли шуғулланмаяпти, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, десак, аччиқ ҳақиқатни тан олган бўламиз.

Бунинг оқибатида уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда.

Ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак.

Албатта, бу борада ҳамма айбни фақат “Камолот”га юклаб қўйиш адолатдан эмас. Бу масалада маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар бўлимлари, прокуратура, суд, маҳалла идораларининг ҳам айби бор.

Айни вақтда бу масалада ёшлар билан доимо ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб яшаши, ишлаши керак бўлган “Камолот” ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг масъулияти кўпроқ, десак, тўғри бўлади.

“Камолот” фаолиятидаги бундай камчиликларнинг албатта объектив ва субъектив сабабларибор.

Объектив сабаблар шундан иборатки, биз ўз вақтида “Камолот”ни жамоат ташкилоти сифатида тузиб, лекин ундан катта бир вазирлик вазифасини талаб қила бошладик. Унга жуда кенг, улкан вазифаларни топширдиг-у, аммо уларни бажариш учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имконият ва имтиёзлар яратиб бериш ҳақида, афсуски, етарлича бош қотирмадик.

Оқибатда “Камолот” ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ҳамма нарсага жавоб берадиган ва айни пайтда ҳеч нарсага жавоб бермайдиган, мўрт ва заиф бир тузилмага айланиб қолганини бугун қанчалик оғир бўлмасин, эътироф этишимиз керак.

“Камолот” фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган субъектив сабаблар ҳақида гапирганда, унинг аксарият раҳбарлари ва ходимлари томонидан ишга расмиятчилик билан, юзаки ва лоқайд муносабатда бўлиш, маишатга, ичкиликбозликка берилиш каби салбий ҳолатларга йўл қўйилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

Мен бугунги анжуманда “ёшлар етакчиси” деган юксак номга мутлақо ярашмайдиган бундай нохуш ҳолатлар ҳақида гапириб, сизларни хижолатга қўйиш фикридан йироқман.

Сизлар қурултой мажлисларида бу масалаларни ҳам муҳокама қилиб, уларга тегишли баҳо берасизлар, деб ўйлайман.

Афсуски, биз “Камолот”ни ёшларимиз чин дилдан интиладиган, самарали фаолият олиб борадиган, замонавий кучли бир ташкилотга айлантириш учун ўз вақтида тегишли чоралар кўрмадик. Буни очиқ тан олишимиз ва зарур хулоса чиқаришимиз керак.

Мен бу гапларни осмондан олиб эмас, аниқ фактлардан келиб чиқиб айтяпман.

Мана, Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар билан танишиб кўринглар. Уларнинг аксарияти “Бизни ҳеч ким эшитмайди”, “Бизни ҳеч ким тушунмайди”, “Биз билан ҳеч ким қизиқмайди”, “Раҳбарлар ўзини ўйлаш билан овора” деган мазмунда ёзилган.

Ёшларга, уларнинг ташвиш ва муаммоларига ана шундай менсимасдан қараш ҳолатлари, афсуски, ҳақиқат.

Биз ёшларга мана шундай беписанд, бегона муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ – улар ҳам биздан бегоналашади.

Ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, халқимиз ибораси билан айтганда, қўлини ювиб, қўлтиғига уради.

Бу ҳақда гапирганда, нафақат жойларда, балки Ҳаракатнинг марказий идорасида ҳам меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган малакали кадрларнинг етишмаслиги жиддий муаммо бўлиб турганини таъкидлаш лозим.

Бунинг асосий сабабларидан бири шундаки, тизимда ишлаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга етарлича эътибор берилмаяпти.

Ўртача ойлик иш ҳақи 800 минг сўмни ташкил этаётгани учун уларнинг аксарияти ойлик маоши катта бўлган бошқа ишларга ўтиб кетяпти.

Бунинг устига, кўпгина вилоят ва туманларда “Камолот” ташкилотлари учун бинолар етишмаслиги, уларнинг моддий-техник базаси ночорлиги, зарур мебель ва инвентарлар, алоқа ва ташкилий техника воситалари билан етарлича таъминланмагани, хизмат машиналари йўқлиги ҳам ишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, ҳудудий бўлинмаларнинг 81 таси маҳаллий ҳокимликлар биносида, 96 таси турли корхона ва муассасалар биносида жойлашган. Бу ўз-ўзидан ёшларнинг ўз ташкилотига эркин кириб-чиқишини қийинлаштирмоқда.

Баъзи мисолларга мурожаат қилайлик.

Фарғона вилоятида Ёшлар маркази биносининг биринчи қаватида ёшлар учун мўлжалланган тўгарак ва клублар фаолияти тўхтатилиб, мазкур бино ҳокимлик томонидан бошқа ташкилотга бериб юборилган.

“Камолот”нинг Тошкент вилояти, Пискент тумани кенгаши туман ҳокимлиги биносида фаолият юритиб келган. Аммо ҳокимнинг топшириғига кўра, “Камолот”га тегишли хоналар “Маҳалла” фондининг туман бўлимига олиб берилган. “Камолот”га эса учинчи қаватдаги мажлислар залидан шунчаки номига жой ажратилган.

Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли, Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги “Камолот” ташкилотлари авария ҳолатидаги биноларда жойлашганига, айтинглар, нима деса бўлади?

Ана шундай чидаб бўлмайдиган яна бир мисолни келтирмоқчиман. “Камолот” ҳаракатининг Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши “Элегант” деб аталадиган келин-куёвлар либоси салонида жойлашган. Буни қандай баҳолаш мумкин?

Ҳаракатнинг жойлардаги тузилмалари фаолияти тор доирада чекланиб, асосан ўқувчи-ёшларга қаратилмоқда. Бунинг натижасида ёшларнинг катта қисмига Ҳаракатнинг сўзи ҳам, амалий таъсири ҳам етиб бормаяпти. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш масаласи эътибордан четда қолиб кетмоқда.

“Камолот” томонидан ўтказилаётган кўпчилик тадбирларнинг, тарғибот материалларининг мазмуни ва сифати пастлиги, улар замон талабларига жавоб бермаслиги, ёшлар аудиторияси билан иш олиб боришда интерактив усуллар қўлланмаётганини қайд этиш лозим.

Яна бир нохуш ҳолат шундан иборатки, маҳаллий ҳокимликлар томонидан “Камолот” раҳбарлари ва ходимларини уларга алоқаси бўлмаган вазифаларни бажаришга, жумладан, қишлоқ хўжалиги юмушлари, металлом топшириш, ободонлаштириш каби ишларга, энг ёмони, турли-туман мажлисларга жалб этиш авж олмоқда.

Бундай ачинарли ҳолат Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд бўлиб, “Камолот”нинг туман кенгашлари раислари ободонлаштириш ишлари, бинолар фасадини таъмирлашга сафарбар этилган.

Улар иш вақтининг асосий қисмини ўзларига бириктирилган “округ”ларда ўтказади. Кечки пайт эса ҳокимият мажлисларида ҳисобот беради. Ўзингиз айтинг, улар қачон ўзининг бевосита иши, яъни, ёшлар масаласи билан шуғулланади?

Энг ёмони, жойлардаги айрим раҳбарлар “Камолот” учун муносиб шароит яратиб бериш, ёшлар етакчиларига ёрдам бериш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлиш, обрўсини тўкишни “иш услуби”га айлантириб олмоқда.

Масалан, жорий йилнинг 4 май куни Навоий шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилган тарғибот тадбирларида хунук воқеа рўй берган. Ички ишлар бошқармаси раҳбарларидан бири “Камолот”нинг Навоий вилояти кенгаши раисини кўпчилик ўртасида ҳақорат қилиб, зўравонлик билан тадбирдан четлаштирмоқчи бўлган.

Қани, ички ишлар вазири, А.Азизов, сиз бу масалага қандай изоҳ берасиз? Навоий вилоят ҳокими, Қ.Турсунов, сизнинг бу ҳолатдан хабарингиз борми? Бор бўлса, бу масала бўйича қандай чора кўрдингиз?

Шу борада Андижон вилоятидан ҳам нохуш бир мисол келтиришга тўғри келади. Ўтган йили Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан вилоят “Камолот” ҳаракати кенгашига Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тантанали равишда янги автобус топширилган.

Лекин маросим тугаши билан автобус олиб қўйилиб, унинг ўрнига шалағи чиққан эски транспорт воситаси берилган. Айтинглар, бундай “ўйин”лар, кўзбўямачилик билан биз ёшларга қандай тарбия беряпмиз?

Андижон вилоятининг ҳокими Ш.Абдураҳмонов, сиз бунга нима дейсиз?

Афсуски, бундай камчиликларни республика миқёсидаги вазирлик ва идоралар фаолиятида ҳам учратиш мумкин.

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, айтинг-чи, сиз ўз тизимингиз бўйича ёшлар етакчилари билан қачон учрашгансиз? Сиз бошчилик қилаётган соҳада ишлаётган педагогларнинг неча фоизини ёшлар ташкил этади? Уларнинг қанчаси “Камолот” аъзолари ҳисобланади?

Ҳозирги вақтда кўпгина қишлоқ жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилма тармоқлари деярли йўқ. Масалан, Бахмал, Мирзаобод, Ховос, Ўрта Чирчиқ туманларида ёшлар учун истироҳат боғлари, кинотеатрлар умуман мавжуд эмас.

Яна бир мисол. Бухоро шаҳрида жойлашган Ибн Сино номидаги дам олиш ва истироҳат боғи Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2016 йилнинг ноябрь ойигача реконструкция қилиниб, “Камолот” балансига ёшлар маркази сифатида ўтказилиши зарур эди. Лекин маблағ етишмаслиги туфайли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари тўхтаб қолган.

Қани, ана шу шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари, тегишли мутасаддилар, бу масалаларга қандай баҳо беришингиз мумкин?

Сизлар раҳбар бўлган ҳудудларда яшайдиган ёшлар зерикканидан нима қилишни билмасдан, бемаза ишларга берилиши, безорилик, жиноят йўлига кириши, зарарли оқимларга қўшилиб кетиши мумкинлиги наҳотки сизларни безовта қилмаса?! Ёшлар учун барча шароитларни муҳайё қилдик, деб биз кимни алдаяпмиз?

Шу муносабат билан барча катта-кичик раҳбарлар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: биз энди сизларнинг фаолиятингизга пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Бундай танқидий фикрларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин мақсад – фақат танқид қилиш эмас. Мақсад шу гаплардан тўғри хулоса чиқариб, тилга олинган ҳар бир муаммо бўйича амалий ечим топишдан иборат.

Биз бугунги Ўзбекистон шароитида ёшлар ташкилоти қандай бўлиши керак, деган масалани тегишли раҳбарлар, олимларимиз, эксперт ва мутахассислар, ёшлар вакиллари билан кўп бор муҳокама қилдик.

Бу борада жаҳон тажрибасини, узоқ-яқиндаги турли давлатлар тажрибасини ўргандик. Дунёдаги ривожланган, демократик мамлакатларда ёшлар ташкилотлари дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш эмас, балки ёшлар билан бевосита ишлаш, улар билан амалий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган ҳаётий муаммоларни ҳал этишга асосий эътиборни қаратади.

Ҳозирги пайтда ҳаммангиз “ойнаи жаҳон” орқали кўряпсиз, биз жойларда жамоатчилигимиз, аввало, ёшларимиз вакиллари билан доимий мулоқотлар ўтказяпмиз. Бу учрашувларда бир фикр такрор ва такрор айтилмоқда. Яъни, Ўзбекистон ёшлари расмиятчиликдан, кампаниябозликдан холи, навқирон авлод манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўла оладиган демократик ёшлар ташкилотини тузиш ҳақида ўз хоҳиш-истакларини билдирмоқда.

Бунда илгаригидек барча ёшларни бир ташкилотга “ихтиёрий-мажбурий” асосда бирлаштириш эмас, аксинча, уларнинг орзу-интилишлари, ҳаётий ва касбий қизиқиш доираси, ижтимоий мақсадлари бўйича уюштириш тўғри бўлади, деган таклифлар илгари сурилмоқда.

Менинг назаримда, бундай фикрларда чуқур асос ва мантиқ бор. Бу таклифнинг афзаллиги шундаки, у мамлакат ёшларининг барча тоифа ва гуруҳларини қамраб олади, энг муҳими, уларни демократик принциплар асосида бирлаштиради.

Бу, ўз навбатида, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар жараёни билан ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир.

Ана шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган мутлақо янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этсак, нима дейсизлар?

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Маълумки, ҳар қандай ислоҳот, хусусан, миллионлаб ёшларнинг ҳаёти ва келажагига бевосита дахлдор бўлган ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб иш тутишни, етти ўлчаб, бир кесишни талаб этади.

Шу нуқтаи назардан биз бугун янги ёшлар ташкилотини тузмоқчи эканмиз, шошилмасдан, вазминлик билан иш кўришимиз, бу масаланинг барча ижобий ва салбий томонларини ўзимизга яққол тасаввур қилиб, шундан кейин бир хулоса ва қарорга келишимиз лозим.

Бу борада аввало бўлғуси ташкилотнинг ҳуқуқий мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боришини ҳуқуқий асосда белгилаб қўйиш даркор. Шу билан бирга, у Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланади.

Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланиши мақсадга мувофиқ.

Мана, кўриб турибсизлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг раҳбарларига қандай катта мақом ва ваколат бериляпти.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таркибий тузилиши ҳақида гапирганда, бир масалага алоҳида аҳамият бериш керак.

Маълумки, ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларидаги бошланғич синф ўқувчилари билан ишлаш учун “Камалак” болалар ташкилоти мавжуд.

Шунингдек, ёш тадбиркор ва фермерлар билан иш олиб борадиган Ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, истеъдодли ва ижодкор ёшлар билан ишлаш учунЁшлар ташаббуслари маркази каби тузилмалар ҳам ташкил этилган.

Лекин тан олиш керакки, бугун уларнинг аксарияти талаб даражасида иш олиб бормаяпти. Бу тузилмаларнинг фаолиятини жонлантириш, уларга янги мазмун ва руҳ бағишлаш керак.

Шу муносабат билан умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим тизимида “Камолот” нисбатан самарали фаолият олиб борганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу тизимдаги “Камолот” ташкилотлари негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бўлимларини ташкил этиш мумкин.

Келгусида эса ёшларнинг хоҳиши ва интилишларига кўра, Ёш олимлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳам тузилиши мумкин.

Албатта, бу тузилмаларни қандай номлаш, уларнинг вазифаларини белгилаш бўйича аввало сизлар барча тенгдошларингиз билан фикрлашиб, шу асосда бир қарорга келишингиз табиий.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳозир мавжуд бўлган ва келажакда тузиладиган бу уюшмаларнинг барчасини бирлаштириб, уларга нафақат молиявий, моддий-техник нуқтаи назардан, аввало, ғоявий-услубий, маънавий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатадиган, уларнинг ишини мувофиқлаштирадиган асосий ташкилот сифатида фаолият олиб боради.

Айни вақтда ҳаммамиз тушунамизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини дастлабки пайтда ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, унинг оёққа туриб олиши учун давлат томонидан зарур кўмак ва ёрдам берилиши лозим.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш наинки Президент девони, балки барча бўғиндаги давлат органлари раҳбарларининг доимий ишига айланиши зарур. Бундан буён бу соҳада аниқ тизим асосида иш олиб борамиз.

Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раисидан бошлаб, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Бош прокурор, вазирлик ва идоралар, компания ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарларигача марказда ва жойларда ҳар бир соҳа бўйича ёшлар билан учрашиб, доимий мулоқот олиб борадиган тартиб жорий этишимиз керак.

Шу муносабат билан аввало ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган тузилмалар билан, жумладан, таълим тизимидаги ёшлар ташкилотлари билан – Бош вазир А.Арипов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, халқ таълими вазири У.Иноятов, ҳамма соҳада Ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, Бош вазир ўринбосари З.Мирзаев ва Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан – Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ва маданият вазири М.Муратов доимий иш олиб бориши керак.

Шунингдек, келгусида ташкил этиладиган Ёшлар туризми уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шарапов, Ёш олимлар уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари У.Розиқулов ва Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари Ғ.Ибрагимов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси билан – Бош вазир ўринбосари Т.Норбоева ва соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази билан – Бош прокурор И.Абдуллаев ва адлия вазири М.Икромов тизимли асосда иш олиб бориши, бошқача айтганда, уларни оталиққа олиши мақсадга мувофиқдир.

Шу билан бирга, жойларда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ташкилотлари ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиши, уларнинг олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши зарур.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг жойлардаги кенгашлари раислари ва фаоллари албатта сайловларда иштирок этиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига, керак бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. У билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захирасини яратиши керак.

Шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ташкил этиш зарур.

Бош вазир А.Арипов, Давлат маслаҳатчиси У.Исмоилов ва академия ректори Р.Қосимовга бир ой муддатда шу масала юзасидан тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотларида ўзини ижобий жиҳатдан кўрсатган ходимлар Давлат бошқаруви академиясида билим ва малакасини ошириб, ҳокимлик ва вазирликлар тизимида раҳбарлик лавозимлари учун асосий номзодлар қилиб тайёрланиши керак. Бундай тажриба илгари ҳам бўлган ва яхши натижа берган эди.

Учинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг обрўси ва таъсирини ошириш учун мамлакатимизда ёшлар манфаатини таъминлашга қаратилган ишларда унинг иштирокини ҳар томонлама кенгайтириш зарур.

Ёшлар, ёш оилалар учун шахсий уй-жойга эга бўлиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, биз бу йўналишда бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришимиз керак.

Барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш бўйича тўрт йиллик аниқ режа ишлаб чиқиш ва 2018 йилдан уни бажаришни бошлаш лозим.

Бу борада аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийси вилоятларида, хусусан, шароити оғир бўлган Марказий Фарғона минтақасида ёш оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Умуман, қишлоқ ҳудудларида яшаётган, турар жойга муҳтож ёш оилаларни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жой билан таъминлаш бўйича ваколатни энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқига бериш масаласи Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Тўртинчидан, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи биз учун ҳамон энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда ёшлар учун янги иш ўринлари очиш, уларнинг ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиши мақсадида кўп ишлар қилинмоқда. Лекин, шунга қарамасдан, бу борада муаммолар ҳам оз эмас.

Юртимизда ишсизларнинг аксарият кўпчилик қисмини коллеж битирувчилари ташкил этмоқда. Масалан, 2016 йили 477 минг 743 нафар ёш йигит-қиз коллежларни битириб чиққан ва уларнинг 438 минг 503 нафари ёки 91,8 фоизи иш билан таъминлангани тўғрисида маълумот берилган.

Савол туғилади: бу рақамлар қанчалик тўғри? Агар барча коллеж битирувчилари ишга жойлашаётган бўлса, ишсиз ёшлар қаердан пайдо бўляпти?

Коллеж битирувчилари билан тўрт томонлама шартномаларни номигагина имзолаб, ўзимизни ўзимиз алдамаяпмизми?

Ёшларни иш билан таъминлаш учун аввало улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида биз бир қатор чора-тадбирларни кўзда тутмоқдамиз.

Бу борада Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш вазифаси топширилади.

Ана шу кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва Интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қиймати билан ижарага берилади.

Ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади.

Бундан ташқари, ўз бизнесини бошлаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли нархларда юридик, техник ва бошқа маслаҳат ёрдамларини кўрсатишни йўлга қўйиш лозим.

Бу масала бўйича молия вазири Б.Хўжаев ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов бир ой муддатда тегишли таклифларни ишлаб чиқиб, тақдим этиши зарур.

Шунингдек, тегишли иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бюджет маблағларини икки баробар кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, молия вазири Б.Хўжаев ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев бу масалага масъул ҳисобланади.

Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасига топшириқ: ҳунармандлик йўналишидаги тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиб берилсин. Бу борада бўш турган объектлардан имтиёзли шартлар асосида жой ажратиш, мини-технологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар ўрнатиб бериш кўзда тутилмоқда.

Жумладан, ёш ҳунармандларга хомашё сотиб олиш учун кредитлар бериш, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш тизими жорий этилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига топшириқ: синов тариқасида 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимига ўтиш муносабати билан бўшайдиган коллеж устахоналари негизида ёшларни, айниқса, уюшмаган ёшларни 6 ойгача бўлган муддатда бепул ўқитиш ва касбга қайта ўқитиш марказлари ташкил этилсин.

Айни пайтда қўлига диплом олиб, мустақил иш бошлаётган ёшларимиз учун ҳам қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиб берилади.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари бу имкониятлардан фойдаланади.

Яъни, таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган бўлса, уларнинг иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи биринчи йили 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йилларда эса 25 фоиз камайтирилади.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида барча турдаги солиқлардан 10 йилга озод қилинган шўъба корхоналари тузиш ваколати берилади. Ушбу корхоналар учун аниқ фаолият йўналишларини, мисол учун, турли фанлар, жумладан, чет тилларни ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш тизимларини белгилаш лозим.

Мазкур корхоналар томонидан тўланадиган солиқ тушумларининг 20 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ўтказиб бериш тартибини жорий этиш керак.

Яна бир масала – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва туманларда замонавий “Ёшлар кинотеатрлари”ни барпо этиш ишига бош-қош бўлса, яхши бўларди. Бунинг учун “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 5 йил муддатга бериладиган имтиёзли кредитлар асосида алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклиф этилади.

Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган, бакалавриат ва магистратура талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш истагини билдирган ходимларнинг ҳар йили 140 нафарига 25-30 фоиз миқдоридаги бошланғич тўлов ташкилот маблағлари ҳисобидан тўланади.

Шунингдек, Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш, ташкилотнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида «Асака» банкининг 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлари асосида уларга ўзимизда ишлаб чиқарилган “Матиз” ва “Дамас” автомобилларини шахсий мулк сифатида сотиб олишда қулайлик яратилади.

Агар ҳозирги нархда ўртача 46 миллион сўм бўлган бу кредитни қайтариш муддати амалда 3 йил, фоизи эса 30 фоиз эканини ҳисобга олсак, самарали хизмат қилаётган ёшлар етакчиси бундан қанча иқтисодий наф кўришини тасаввур қилиш қийин эмас.

Яна бир муҳим масала – энди вилоят ва туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиқларининг ёшлар бўйича ўринбосарлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан лавозимга тайинланади.

Бу албатта жойлардаги давлат бошқарув идораларининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилмалари билан ҳамкорлигини сифат жиҳатидан оширишга хизмат қилади.

Бешинчидан, ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-ниятлари, энг муҳими, уларни қийнаётган масалалар, афсуски, радио ва телевидение, газета ва журналларда ўз ифодасини тўлиқ топмаяпти.

Гўёки ҳамма нарса жойида, олам гулистон. Агар ҳаммаси жойида бўлса, тўғри йўлдан адашган ёшлар, жиноятчилик, ишсизлик қаердан пайдо бўляпти? Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?

Масалан, “Камолот” радиосини, “Камолот”нинг Интернет сайтини оладиган бўлсак, уларда ўтказилган юзаки тадбирлар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа нарсани деярли кўрмаймиз.

“Ёшлар” телерадиоканали ҳам ўз имкониятларидан самарали фойдалана олмаяпти. Шу муносабат билан ушбу канал фаолиятини кучайтириш, унинг 50 фоиз акцияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқига тегишли бўлиши, унинг директори мазкур ташкилот Марказий кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланиши бўйича Бош вазир А.Арипов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Х.Мирзоҳидов, адлия вазири М.Икромовга бир ой муддатда тегишли таклиф тайёрлаш вазифаси топширилади.

Ҳозирги вақтда ёшларга мўлжалланган “Туркистон” газетаси 9 минг 500 нусхада, “Молодёжь Узбекистана” газетаси 2 минг 800, “Ёш куч” журнали 3 минг нусхада чоп этилаётганини қониқарли баҳолаш мумкинми? Мамлакатимизда 10 миллиондан ортиқ ёшлар мавжуд бўлгани ҳолда, бу рақамлар биз учун уят эмасми?

Мисол учун, “Туркистон” газетасига Фарғона вилоятида 225 та, Сурхондарё вилоятида 134 та, Самарқанд вилоятида 54 та, Сирдарё вилоятида эса бор-йўғи 40 та обуна бўлганини, айтинглар, қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳолбуки, республикамиздаги барча вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар ходимларининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Лекин ана шу ташкилотларда ёшлар нашрларига обуна масаласи қандай?

Қани, “Ўзбекнефтгаз” компанияси раиси А.Султонов, сиз бу саволга қандай жавоб берасиз? Сиз ўз тизимингиздаги ёшлар қандай матбуот нашрларига обуна бўлгани, қандай китобларни ўқиётгани, умуман, уларнинг маънавий савияси, дунёқараши билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

Жаноб А.Султоновга берган бу саволимни мен бошқа кўп раҳбарларга ҳам беришим мумкин ва аминманки, жавоб мана шундай қониқарсиз бўлиши аниқ.

Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ёшларимиз ўзимизнинг газета-журналларимизни ўқимаса, ўз миллий адабиётимиз ва санъатимизни билмаса, улар қандай қилиб ватанпарвар бўлади? Уларнинг онгу тафаккури, дунёқараши нима ҳисобидан шаклланади?

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, катта-кичик раҳбарларнинг барчаси бу масала бўйича шахсан масъул эканини унутишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ.

Айни вақтда ёшлар аудиториясига ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ҳам ўз фаолиятини тубдан ўзгартириши лозим.

Аввало, қуруқ расмий гаплардан қочиш, танқидий таҳлил, креатив ёндашув, бугунги ҳаётни бутун кўлами, мазмуни, керак бўлса, мураккаблиги билан ёритишда журналистларимиз фаоллик кўрсатиши керак.

Шу маънода, янги ташкил этилган Халқаро пресс-клубга ўхшаб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳам ўз матбуот клубини очиш фойдадан холи бўлмайди.

Ўткир ва долзарб муаммоларни сизлар айтмасангиз, барибир халқнинг ўзи айтади. Ахир, сизларнинг вазифангиз ҳаётдан бир қадам олдинда юриш эмасми?

Биз учун энг муҳим бўлган яна бир масала – бу ёш қизлар тарбияси билан боғлиқ.

Шу муносабат билан Бош вазир ўринбосари Т.Норбоевага мурожаат қилмоқчиман: сиз бошчилик қилаётган Хотин-қизлар қўмитаси фақат “Зулфиячи қизлар” билан чекланиб қолмасдан, юртимиздаги барча қизлар билан фаол иш олиб бориши лозим.

Айниқса, қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш керак. Шу борада мен қизларимиз учун алоҳида бир нашр – майли, унинг номи “Қизларжон” бўладими, “Дугоналар” бўладими, янги журнал ташкил қилишни таклиф этаман.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани сизларга маълум. Лекин, кўплаб болаларимизкитобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани – бу ҳам бор гап.

Албатта, биз Интернет ва бошқа замонавий ахборот манбаларининг ўрни ва аҳамиятини инкор этмаймиз. Бугунги ҳаётимизни Интернетсиз тасаввур қилишнинг ўзи қийин.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Интернет тизими орқали маънавий тарғибот ишларини, жумладан, электрон китобхонликни кучайтириши зарур.

Нега деганда, биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз.

Аҳолимиз, энг аввало, ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби йўналишларда танловлар ўтказиш, якуний босқич ғолибларини тақдирлаш учун қимматбаҳо совғалар, жумладан, юртимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни мукофот тариқасида бериш, ўйлайманки, бу жуда катта рағбат бўлади.

Бош вазир А.Арипов ва Давлат маслаҳатчиси Х.Султоновга шу масала бўйича бир ой муддатда таклиф киритиш вазифаси топширилади.

Шунингдек, “Китоб олами” дўконлари тармоғини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига бериш ҳамда ёш ижодкорларнинг китоблари ҳамда “Туркистон”, “Молодежь Узбекистана” газеталари, “Ёш куч” журналларини чоп этиш учун “Ёшлар нашриёт уйи”ни ташкил этиш вақти келди, деб ўйлайман.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқига умумтаълим муассасалари кутубхоналарини 10 миллиард сўм маблағ ҳисобидан бадиий адабиётлар билан таъминлаш имконини яратиб бериш лозим. Тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда у ҳар йили умумтаълим муассасалари кутубхоналарининг талабини ўрганиб, бадиий адабиётларни харид қилиш ишларини ташкил этиши даркор.

Шу борада яна бир муҳим лойиҳа – 2020 йил 1 декабргача ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қарашли, барча қулайликларга эга бўлган кутубхона ва китоб дўконини ҳам ўз ичига олган кичик Ёшлар марказларини барпо этиш лойиҳасини амалга оширамиз.

Келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманда биттадан коллеж биносини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига бериш лозим.

Бу бинолар фақат ташкилотнинг бошқарув идораси бўлиб қолмасдан, уларда ёшлар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар, фан ва касб-ҳунар тўгараклари, спорт мусобақалари, адабий кеча ва мушоиралар, бадиий ва ҳунармандлик кўргазмалари ўтказишни албатта йўлга қўйиш керак.

Олтинчидан, юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий вазифа бўлиб турибди.

Мактабда, лицей-коллеж ёки маҳаллада бир бола адашиб, нотўғри йўлга кириб кетар экан, бундан аввало унинг тенгдошлари, ёшлар ташкилоти хабардор бўлиши, ҳеч кимни тинч қолдирмасдан, бонг уриши керак эмасми?

Шу маънода, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши зарур.

Бунинг учун бу масалани, яъни, ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди, деб ўйлайман.

Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, адлия вазири М.Икромов бир ой муддатда ушбу масала юзасидан тегишли таклифларни тайёрлаб, киритиши зарур.

Ҳозирги вақтда чет элда ишлаб юрган айрим ёшларнинг терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолаётгани билан боғлиқ муаммо барчамизни қийнамоқда.

Лекин, қайси ҳоким ёки вазир, қайси жамоат ташкилотининг раҳбари мана шу ёшлар хорижда нима қилиб юрибди, қандай кун кечиряпти, деб қизиқиб кўряпти?

Ҳолбуки, кўпгина давлатларда ўз фуқаролари бўлган, хориждаги ёшлар билан ишлаш бўйича тузилмалар бор. Уларнинг тажрибасини ўрганиб, биз ҳам чет элларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб борадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган бир ташкилот тузишимиз керак. Ўзимизнинг болаларимиз ҳақида ўзимиз ўйламасак, ким ўйлайди?

Бу масала бўйича Давлат маслаҳатчиси А.Юнусхўжаев, ташқи ишлар вазири А.Комилов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда таклиф киритсин.

Еттинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор, яъни нотинч оила фарзандлари, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган ёшлар билан индивидуал тарзда иш олиб боришга кўпроқ эътибор қаратиши лозим.

Иқтидорли, тарбияли болалар билан ишлаш осон, лекин ҳаётда қоқилган ёки ёмон муҳитга тушиб қолган ёшларни тўғри йўлга, эзгу мақсадга даъват қилиш, ишонтириш қийин. Янги ташкилот мана шу оғир, лекин ўта зарур вазифани ўз зиммасига олиши айни муддао бўлур эди.

Биз “уюшмаган ёшлар, уюшмаган ёшлар”, деб кўп гапирамиз. Лекин бу масалани ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан ҳал қилишга келганда, очиқ айтиш керак, кўпчилигимиз нима қилиш лозимлигини билмаймиз.

Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошчилигида, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида, бир илмий-амалий конференция ўтказиш ўринли бўлур эди. Унда уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳар томонлама асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш зарур, деб ўйлайман. Бу вазифа Давлат маслаҳатчилари О.Муродов ва Р.Комиловга топширилади.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратишни истардим.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жаҳон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросига ҳурмат, унга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, бу бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган мазмундор, таъсирчан лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатиши нур устига нур бўлур эди. Ҳозирча бу борада ёшлар ташкилотининг ишини қониқарли деб бўлмайди.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш, ёш авлод ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтиришда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиши лозим.

Маълумки, тарихда халқимиз орасидан кўплаб буюк саркардалар етишиб чиққан. Ана шундай мард ва фидоий аждодларимизнинг ҳарбий соҳадаги бой мероси, мардлик ва жасурлик фазилатлари ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур бобомиздек – у зот биронта жангда мағлуб бўлмаган – енгилмас саркарда ва давлат арбоби жаҳон тарихида камдан-кам топилади. Ўз яқинлари, замондошлари бу улуғ сиймони Темурбек деб атаган эканлар. Мен шу ҳақда ўйлаганимда, бир фикр хаёлимдан ҳеч кетмайди. Юртимизда ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларига“Темурбеклар мактаби” деб ном берсак, нима дейсизлар?

Бу масала бўйича Бош вазир А.Арипов Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, мудофаа вазири Қ.Бердиевга бир ой муддатда таклиф киритиш вазифаси топширилади.

Азиз дўстлар!

Юртимиз ёшлари ўртасида илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида, умуман, барча жабҳаларда жонбозлик кўрсатиб келаётган азамат йигитларимиз жуда кўп. Улар ўзининг жисмоний ва маънавий салоҳияти, истеъдод ва маҳоратини намоён этиши учун зарур шароитларни яратиб бериш борасида мамлакатимизда кўп ишлар қилиняпти ва келгусида ҳам уларни албатта давом эттирамиз.

Айни вақтда ҳалол ва самарали меҳнати, илмий-ижодий ютуқлари, Ватанга садоқатли хизмати билан барчага ўрнак бўлаётган мард ўғлонларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлиши зарур.

Сизларга маълумки, юртимизда иқтидорли ва фаол қизларимиз учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. Энди турли соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун “Мард ўғлонлар” деган ном билан Давлат мукофотини таъсис этсак, нима дейсизлар?

Шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларимизни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медалини ҳам таъсис этиш ўринли бўлур эди.

Нега деганда, ҳар қандай ютуқ, ҳар қандай ғалабанинг замирида аввало меҳнат ва қатъият, мардлик ва жасорат мужассам бўлиб, эл-юрт равнақи йўлидаги ҳалол хизмат албатта ўзининг муносиб баҳоси ва қадрини топиши керак.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир муҳим фикрни сизлар билан маслаҳат қилмоқчиман. Юртимизда байрамлар кўп, лекин ёшларга бағишланган алоҳида байрам йўқ. Бугун шу масалани ҳам ҳал этадиган вақт келди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилсак, қандай бўлади?

Ҳурматли делегатлар, азиз фарзандларим!

Мана, бугун сизлар билан мамлакатимиз ёшлари ҳаётига дахлдор кўпгина масалалар тўғрисида, жумладан, ёш авлодимизни ҳар томонлама етук инсонлар, биз бошлаган улуғ ишларнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш борасида олдимизда турган энг муҳим ва долзарб вазифалар ҳақида атрофлича гаплашиб олдик.

Тан олиш керакки, кескин танқидий гаплар ҳам бўлди. Лекин бу гаплар қанчалик аччиқ бўлмасин, улар ҳаққоний гаплардир. Мен ўйлайманки, биз бир-биримизни тўғри тушундик.

Бугунги муҳокама, билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг барчаси ягона, эзгу бир мақсадга, яъни халқимиз, энг аввало, ёшларимизнинг ҳаётини янада обод ва фаровон, мазмунли ва бахтли қилишга қаратилганини ҳаммамиз англаб турибмиз.

Бугун мана шу муҳташам залда тўпланган сиз, азизларни, вилоят ва туманларда видеоалоқа орқали анжуман ишини кузатиб бораётган йигит-қизларимизни, барчангизнинг ёниб турган кўзларингизни, азму шижоатингизни, навқирон куч-ғайратингизни кўриб, сизлар билан самимий суҳбатда бўлиб, очиғини айтсам, ўзим ҳам яшариб кетгандек бўлдим.

Бугунги учрашувдаги кўтаринки руҳ, баланд кайфиятни кўрган ҳар қандай одам беихтиёр машҳур шоиримиз Ҳамид Ғуломнинг:

“Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!” деган гўзал сатрини такрорлаши табиий, деб ўйлайман.

Ҳақиқатан ҳам, биз, ота-оналар, устоз ва мураббийлар сизларни, бутун Ўзбекистон ёшларини Ватанимиз, жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи деб биламиз ва сизлар ҳамиша халқимизнинг мана шундай юксак ишончига муносиб бўласиз, деб ишонамиз.

Сизларга яхши маълум, ҳозирги вақтда юртимизда “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган шиор кенг тарқалиб, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Лекин Ўзбекистонимизнинг мана шундай ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади?

Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз.

Мана шундай улуғ мақсадга эришиш йўлида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқини том маънода мамлакатимиздаги барча ёшларнинг таянчи ва суянчига айлантириш йўлида сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, бахт ва омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

Эътиборингиз учун раҳмат.

***

Ўзбекистон ёшларининг янги ташкилоти

Ўзбекистон ёшларининг янги ташкилоти Тошкентдаги Симпозиумлар саройида 30 июнь куни Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи бўлиб ўтди.

Анжуман дастури ранг-баранг тадбирларга бой бўлди. Қурултой делегатлари Ўзбек Миллий академик драма театрида “Тақдир синовлари” спектаклини томоша қилди. “Шаҳидлар хотираси” хиёбони ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ҳазрати Имом мажмуасини бориб кўрди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи, Яккасарой туманидаги 144-умумтаълим мактабида яратилган шароитлар билан танишди. Ёшлар ижод саройида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида академиклар ва ёш олимлар билан учрашди.

Қурултой делегатлари Мустақиллик майдонида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.

1 (2).jpg

Симпозиумлар саройида “Камолот”нинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари жам бўлди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қурултойи очиқ, деб эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Делегатлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш таклифини маъқуллади.

4 (2).jpg

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Б.Мамадалиев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси А.Данияров, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети магистранти О.Тўйчиев, “Result” ўқув маркази раҳбари А.Саъдуллаев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси М.Раимқулова, Сирдарё вилоятидаги “Сарвиноз Собиржоновна Файзи” фермер хўжалиги раҳбари С.Шокирова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи навқирон авлод орасига чуқур кириб борадиган муҳим институтга айланишини таъкидлади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси этиб Қаҳрамон Қуронбоев сайланди.

Темур Қурбонбоев (сурат), ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *