Журналист бўлиш осонми?

Энг мураккаб ва машаққатли соҳалардан бири – журналистика. Бир устоз таъбири

билан айтганда, ақл қаймоғи, юрак қийноғи, қалб қўри, кўз нури, сўз дури – журналистика!
Бу касб масъулияти ва машаққатини унинг заҳматини чекканлар кўпроқ билади. Бир пайтлар, аниқроғи 1999 йилда юқоридаги сарлавҳа остида бир мақола ёзиб, “Ҳуррият” газетасига олиб бордим. Бош муҳаррир ўқиб чиқди-ю тепасига “Номерга!” деб ёзиб қўйди. Эртаси куниёқ газетада қарийб бир саҳифа бўлиб чиққан мақолам анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлди. Кимдир “бунча ҳаддингдан ошма” дея дашном берган ҳам бўлди.
2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Адашган қиз қисмати” деб номланган ҳангомалар, ҳажвиялар, ҳикоялар тўпламига шу мақола ҳам киритилди. Тўпламга сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчи Пиримқул Қодировнинг ушбу сўзларидан таскин топган эдим: “Журналист бўлиш осонми?” сарлавҳали публицистик асарида ижодкор бўлишнинг масъулияти ҳамда ўтиш даври қийинчиликларига бўй бермай, ҳақиқат ва адолат учун фидойиларча курашиш зарурлиги тўғрисида сўз юритади”.
Долзарблигини аллақачон йўқотган бу мақоладаги айрим ҳангомалардан бугунги азиз ўқувчиларимизни ҳам баҳраманд этиш истаги пайдо бўлди.

и2

* * *

Касбидан нолиганнинг қорни тўймас экан…
Қайси замонда журналистнинг маоши «қулоғига ўлчаб» берилган?
Бардошли ҳамкасбларим ҳамиша борига қаноат қилишади. Таҳририятнинг тошу тарозисига дош беролмай ўзини бозорга урган Тошмат тажангни ҳисобга олмаганда бошқа ҳеч ким нола-фиғон қилгани йўқ. Тажанг – ўз номи билан тажанг-да! Ҳадеб маошимни сўраши жонга теккан. Катта газеталардан бирига бўлим мудири бўлганимни эшитган, шекилли, атай сим қоқди:
– Табриклайман!– Пичинг қилди у яна одатига кўра.– Хўш, маоши қанча экан?
Атай сўз “ўйини” қилдим:
– Ў…олти минг.
– Ўн олти минг?! Йўғе!– Кутганимдек хато эшитганини сездириб қўйди ўртоғим. У барибир “эгар”дан тушмай, қитмирлигини давом эттирди.– Шуям маош бўптими? Илгариги нарх-наво бўлганидаям бошқа гап эди. Ҳозир бозорга кирсанг борми…
Бу гапига тоқат қилолмадим:
– Нима, ҳар гал бозорга кирганида ўн минг сўмлаб сочаверадиган ахмоқ бораканми? Эплашниям билиш керак-да, ошна! Мана, биз оилада олти жонмиз. Ишлаб топганимга яраша қора қозонимиз қайнаб турибди.
Тажанг яна қитмирлик қилди:
– Буям гурунгда: қозонинг қанақа қип қайнаётганини би-ир ҳисоб-китоб қиламизми?
Ҳаёт ҳақиқати ҳақида исталганча баҳслашишга тайёрман. Қитмирни “мот” қилсам қилай деган ўйда буюрдим:
– Жа-а билишни истасанг қўлингга қоғоз-қалам ол!
– Рўйхат қиламизми? Бўпти!– Амримга мунтазирдек ёзишга киришди шекилли.– Хў-ўш, биринчи галда нафас олишингдан бошласак.
– Нима?!
– Сен ҳузур қилиб симирадиган “ҳаво” – шубҳасиз ўзимизнинг “Хон” тутуни-ку!– Писанда қилди тажанг.– Ҳар куни бир пачкадан чексанг, ойига – нақд уч минг сўмдан зиёдроқ кетаркан!..
Капалагим учиб кетди. Наҳот, ҳисоб-китоб қилмасдан чекавераман? Отангга балли, тажанг! Шу тобда кўзимни мошдек очдинг! Чекиш фақат соғлиққа эмас, чўнтакка ҳам катта зарар экан-ку. Маошимнинг нақ ярми-я. Жингала сочли ҳамкасбимнинг ҳар куни бировлардан сўраб, аниқроғи – тиланчилик қилиб чекиши сабаби буёқда эканда. Об-бо муғомбир-ей!
Шу тобда хумори тутиб эмас, балки, аламимдан сўнгги папиросни лабимга қистирдим. Аччиқ тутунни беаёв сўрарканман, дилимдаги тилимдан чиқиб кетди:
– Мана шу охирги чекканим бўлсин!
Шафқат билмас тажанг бамайлихотир саволга тутарди:
– Томоқни ҳўллаб туриш одатинг ҳам қолмагандир? Қайси пулингга ичяпсан? Ё, жингалак сочга ўхшаб “текини танни тоза қилади” деган гапга амал қиляпсанми?
– Чекишни ташлаган одам ичишниям бас қилади-да. Ичганларнинг шохи чиқармиди? Қара-я, топган-тутганимизни ўйламай-нетмай ичиш-чекишга сарфлаворарканмиз-а?! Лаббай? Неча сўм сарфлардинг, дейсанми? Намунча инжиқлик қилмасанг? Онда-сонда ичгандаям қалам ҳақи – қўшимча даромад ҳисобидан ичгандирман-да. Бўлди, бунисиниям ҳисобга қўшмай турасан, уқдингми?
Гўшакдан тажангнинг минғирлаган товуши эшитиларди:
– Хўп, сен айтганча бўлсин. Тўй-пўйларда ичганинг ҳам ҳисобмас.
– Тўйларда ичганларимни тўйимда қайтараман, насиб этса!
– Қачон тўй қилмоқчисан? Қатордан “хато” бўлиб қолмайлик…
– Тўй қилсам, сен айтилмасдан қолмайсан!
– Кўрамиз ўшанда!–Унинг овози ўзгарди. – Гапни бошқа ёққа бурмай тур. Ҳисоб-китобдан адашиб кетаёздим. Хў-ўш, сен учун сув билан ҳаводек зарур газета-журнал, янги китобларга сарфланадиган пуллар…
– Ўзим таҳририятда ишлаб, газета сотиб оламанми?– Гапини бўлдим суҳбатдошимнинг.– Бунисиниям ҳисобга қўшма.
– Аҳа, бошқа таҳририятдагилар билан ол товоғим-бер товоғим, қилишларинг ёдимдан кўтарилибди. Ҳақиқий иқтисодчи бўп қолибсан. Бирам тежамкорсанки…
– Сенга ўхшаб ўйламай-нетмай сочаверайликми?
– Бор бўлса сочасан-да!– Ўзича “мот” қилмоқчи бўлди тажанг.– Хўш, нималарга пул сарфлаяпсан ўзи?
– Биринчи навбатда – нонга! Энг азиз неъмат – нондан бошла, барака топгур.
– Кунига қанча нон сотиб оласан?
– Тўртта буханка, тўртта бозор нон бемалол етади.
– Икки юз сўмдан ошаркан.– Электрон ҳисоблагичдек рақамини зумда айтди ошнам.– Ойига олти минг сўмдан кам бўлмаскан. Ана, ёздик. Аммо-лекин, нонни сал кўпроқ истеъмол қиларкансилар-а?..
Бор гапни босиқлик билан тушунтирдим:
– Рўзғорчилик, ошнам! Бошқа егулик топилмай қолганидаям нон ҳаммасининг ўрнини босиши мумкин. Мабодо ортиб қолганиям увол кетмайди. Чунонам зўр талқон бўладики, кўрсанг сўлагинг оқади. Болаларга талқон ейишниям ўргатиш керак, оғайни! Иннайкейин, келди-кетдилар ҳам кам эмас. Йўқлаб турадиган талаба укалар, сингиллар, жиянлар кўп. Силласи қуриброқ келганлари ҳам тетиккина бўлиб кетишади. Эсингдами, ўзимиз ҳам талаба бўлган пайтимиз оч қолсак, Оқилжон Ҳусановни соғиниб қолардик. Устоздан ҳол-аҳвол сўраб келиш асносида қорин ҳам тўярди!..
Хандон отиб кулишдик. Бу ёғига ошнам илиб кетди:
– Оқилжон аканинг оиласи – опамиз паловхонтўрани жа-а боплардилар! Таъми ҳалигача танглайимда!.. Хўш, сен ҳам энди шунақа ошларни шогирдларингга ошатиб турибсанми?
– Етса – молим, етмаса – жоним, дейман-у ҳозирча унчалик етмай турибди.
– Аввало болачақангни яхшилаб парвариш қилгин, уқдингми? Сут, қаймоқ деб хархаша қилишса, сира йўқ дема. Қаймоқчи хола сизларни кўчадаям каллаи саҳарлаб “кеп қолинг” деб турса керак! Қаймоғи жа-а лаззатлида!
– Фақат… сал қимматроқ.– Яширмасдан очиғини айтдим.– Сут ёки қатиғидан бир литрдан олиб турамиз.
– Ўртача етмиш сўмдан ҳисобласак, ҳар ойда икки минг сўмдан салгина ошаркан.– Пичинг аралаш минғирлади тажанг.– Хўш, ҳафтасига қанча гўшт кетади?
– Бир килони амаллаш мумкин. Ҳа деб қозон кабоб ё қовурма ейиш шарт эмаску…
– Буям икки минг сўмдан ошаркан.
– Бўлдими?
– Хў-ўш, рўзғорга ҳар куни гугурт, туз, чой, ёғ, сарёғ, пиёз, картошка, шолғом, сабзи, турп, турли кўкатлар, ун, гуруч, макарон, шакар, қанд, мева-чева керак. Хўш, буларга қанча пул сарфлайсан? Иннайкейин, тиш чўтка ва пастаси, шампун, совун, кир совун…
– Бўлди-е. Индамасам, рўзғоримни тафтиш қилаётганга ўхшайсан-а.
– Хуллас, ўша харажатлар учун ҳар ойда камида йигирма беш минг сўм керак!
– Жаа оширивормадингми?– Нафасимни ростлаб, ўзимни қўлга олдим.– Менга қара, бозорда қайси ахмоқ ноинсоф сотувчи билан муомала қилади? Дуч келганга дардингни достон қилмайсан-у, шундайми? Инсофлилар жуда кўп! Ҳақиқий деҳқондан харид қилсанг борми, пулим ёнимга қолди, деявер.
– Кунига соқол-мўйловни қиртишлаш, юзингга хушбўй нарсалар сепишга ҳам пул керак. Тойчоқларинг билан сартарошхонага бориб туриш ҳам текинга бўлмас?..
– Мунча майдалашмасанг?!
– Дарвоқе, йирикроқларини унутаёзибмиз.– Чамаси, пешонасига шапатилаб қўйди ошнам.– Уй, сув, газ, ток, телефонга тўловлар қанчага тушяпти?
– Хотиним ўқитувчи, давлат бизга қанча имтиёзлар берганини биласанми? Шу имтиёзлардан мазза қип фойдаланяпмиз, қойилмисан!
– Ёзлик, қишлик кийим-кечакларниям вақтида олиб туриш зарур. Қурмағур пойафзалларнинг афзалроғи, чидамлироғини топиш амримаҳол. Пулига чидасанг – зўр моллар бозорларимизда ошиб-тошиб ётибди!
– Пулига қараб – оёқ узатиладида,– дедим шунга ўхшаш мақолни “ўзлаштириб”.
– Жиянларим томошага бораман, дея хархаша қилишмайдими?
– Болаларни берган худо ризқиниям кам қилмаскан. Кичкинтойлар нимаики хоҳлашса, ҳаммасини муҳайё этишга имкон топилади.
– Мактабда сўрашяпти, деб тўрт фарзандинг ҳар куни неча сўмдан санаб олишади? Ўша ҳисобга китоб-дафтари, ручка-қалами ҳам кирадими, йўқми?
– Олтинчи ва бешинчи синфда ўқийдиган ўғилларимнинг бўйлари деярли тенг. Икковига битта спорт формаси олсам ҳам бўлаверади. Энг кичигимиз бу йил мактабга борибоқ Юртбошимизнинг совғасини олган, билдингми! Дунё тургунча турсинлар, илоҳим. Китоб-дафтарга тўла сумкасидан тортиб кийим-кечагигача совға тариқасида берилган. Каттароғи икки йил олдин шунақа совғалар олган. Дарвоқе, бундай совғалардан ўзингнинг ўғил-қизларинг ҳам бенасиб қолмаганди, шекилли. Сен ношукур шуларни ҳам биласанми?
– Юртбошимизнинг бундай ғамхўрликларини кўролмаган кўр бўлади!– Хижолатомуз оҳангда минғирлади тажанг. Ҳаёт ҳақиқати олдида ортиқча баҳслашаётганини билиб-билмасликка олаётгани аён сезилиб турарди.– Энди фарзандларимиз шунга яраша соғлом авлод бўлиб улғайсалар, муносиб инсонлар бўлиб камолга етсалар бўлгани!..
– Ана, энди ўзингга келдинг.
– Рўйхатни давом эттираверайми?
– Бемалол.
– Шаҳарда юриш-туришнинг ўзи бўлмайди. Ҳар куни тушлик ошхонада бўлса керак.
– Таҳририят ошхонасида овқатлар анча арзон. Икки юз сўмга бемалол қорин тўяди!..– Луқма ташладим унинг гапини бўлиб.
– Дам олиш кунларини ҳисобга олмасак, ойига беш минг сўм нари-бери кетаркан, тўғрими?– Ҳисоблагич машинадек ҳисоб-китоб қиларди тажанг.– Метрода виждонсизлик қилиб бўлмайди. Автобус, трамвай, троллейбусларда ҳам найранг қилмасанг, ҳар куни йўл ҳақи қанчага тушади? Бир ойда-чи?
– Ойлик йўл чиптаси олсанг, мушкулинг енгиллашади, барака топгур! Таҳририятимиз иқтисодий базасини мустаҳкамлаб олса, ходимларга ойлик йўл чипталари бериларкан,– дедим ўзим ҳам ўша чиптадан умидвор бўлиб.
– Овқат пули-чи?
– Насиб этса, уям берилиб қолар?
– Иссиқ жоннинг иситмаси бўларкан. Дори-дармонларнинг нархи сал қимматроқ-да.
– Нафасингни иссиқроқ қилсанг-чи.
– Буни ҳаёт дейдилар, ошна. Эҳтиёти шарт тўрт-беш минг сўм заҳира қилиб қўйсанг ёмон бўлмасди.
– Маслаҳатинг учун раҳмат. Одам деган соғлом фикрли бўлиши керак, уқдингми. Даромаду буромадни ўйлайверсанг, тез қарийсан. Шул сабаб, қўлингдаги қоғозниям йиртиб ташла. Ҳе, тафтишчига ўхшамай кет!..
– Жўравозлик қилиб айтган гапимга хафа бўлдингми?
– Мақсадингни тушунолмаяпман.
Жўрам энди дардини достон қилди:
– Очиғи, таҳририятга ишга қайтмоқчиман. Қабул қиласиларми?
– Таҳририятда нима бор? Бозор-ўчарингни қили-иб юравермайсанми?
Гўшакдан негадир “уфф” деган товуш эшитилди. Сўнг тажанг ялингудек бўлиб шундай деди:
– Кетказаман, десанг – ойига юз минг сўм урвоқ ҳам бўлмайди, етказаман десанг – ўн олти минг сўмниям эпласа бўларкан. Маошларинг ошгани рост бўлсин. Баракасини берсин! Аммо, гап пулдами? Жўражон, бугун кўзим мошдек очилди. Энди мен ҳам тежамкор бўламан. Сенинг оилангда олти жон бўлсаларинг, меникида беш жонмиз. Сенга етган ўн олти минг сўм менга камлик қилармиди? Ўн олти минг сўмлаб маош бераётган муҳаррирнинг отасига раҳмат!
Ошнамга дашном бердим:
– Катта охурдан ем еб, ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган сендек бойваччага журналистика соҳасида нима бор? Журналистиканинг нони – ҳақиқий журналистлар учун ширин, билдингми!
Тошмат тажанг бўғилиб қолди. Бўғиқ-бўғиқ йўталиб олгач, гина қилгандек тўнғиллади:
– Нега ундай дейсан? Ахир, мен ҳам қишлоқдан қорин қайғусида келмаган эдим-ку. Ёзганларинг жа-а зўр, деб ўзинг холис баҳо бермасмидинг!
– Ижод қилиш учун айнан таҳририятда ишлаш шарт эмаслигини тушунтирмоқчи эдим. Бозорда бўш вақтинг кўпроқ бўлса керак. Ёзганларингни юборавер, ёритиб туриш биздан! Қалам ҳақини ҳам санаб олаверасан! Фақат, қалам ҳақи – “шугина”ми, дея хархаша қилмасанг бўлгани. Биласанми:

Ким олади, ким олади “шугина”ни-ё,
Ман оламан, ман оламан “шугина”ни-ё!
Журналистман, деганларнинг кўпчилиги-ё,
Ололмайди, ололмайди “шугина”ниё.
Муҳаррирман, деганларнинг айримлари-ё,
Беролмайди, беролмайди “шугина”ни-ё!..

– Ҳай-ҳай, жа-а ашула қивординг-у…– Кинояли товуши эшитилди ошнамнинг.– Айтсанг-айтмасанг ўзи қалам ҳақига кўз тикиб яшаш бефойда. Эркин Воҳидовнинг бир шеъри маъноси ёдимда: маош – жуфтиҳалолга, қалам ҳақи – онда-сонда учраб турадиган шўх жононларга ўхшаркан!..
Шеърпараст ошнамнинг гапига кулгим қистади. Гапига яраша устознинг “Муҳаррир” деган шеъридан саккиз қаторини ёддан айтдим:

Нега ҳадеб менга танбеҳ берасан,
Нега ўз ҳолимга қўймайсан, ахир?!
Нега ҳар сўзимдан айб қидирасан,
Беомон, ноинсоф қаттол муҳаррир.
Қачон бу зулматдан бўлурман озод,
Қачон тугар экан бедодлик, ахир!
Афсуски, ҳеч кимга деёлмайман дод,
Чунки, мен ўзимман ўша муҳаррир…

– Эй, яша!– Бу гал унинг товуши қўнғироқдек эшитилди. Ҳақиқий муҳаррир – Бош муҳаррир бўладиган инсонсан-да! Ўзинг бир таҳририят, муҳарририятсан! Сен Бош муҳаррир бўлсанг, биздақа журналистларнинг ҳам елкасига офтоб тегарди. Зар қадрига етадиган ҳақиқий заргарсан-да!
– Ҳали зарга ўхшайман дегин-а!
– Ишонмайсанми?
– Мутлақо.
– Нега?
– Ҳақиқий журналист бойлик орттириш учун ўзини бозорга урмайди!
Гўшакдан маҳзун товуш эшитилди. Чамаси, у бутун дарду аламларидан бир хўрсинишда фориғ бўлди. Сўнг, тавбасига таянган одамдек ялинганнамо оҳангда минғирлади:
– Увоқдеккина бўлсаям журналистиканинг нони ширин экан. Йў-ўқ, тушунмадинг, гапимни бўлмай эшитсанг-чи, “увоқдеккина” деб рамзий маънода гапирдим. Ноннинг увоғиям – нон, деган мақол бор-ку. Озми-кўпми ўз касбимнинг орқасидан топган нонимнинг қадрига етмоқчиман, тушундингми!
– Яна нима демоқчисан?
– Мени таҳририятларингга ишга қабул қилинглар… Ўлай агар, мана бундоқ ишлаганим бўлсин! — Чамаси Тажанг ўзича бош бармоғини кўрсатиб қўйди.— Топшириқларингни ғинг демай бажараман, изланаман…
Суҳбат чўзилиб кетди. Энди “қарта”ни очмасам бўлмайди, шекилли:
– Маошимиз камлик қилиб қолса чи?
– Ўн олти минг сўм маошни ҳам кам десак инсофсизлик бўлар-ов…
– Қанча?
– Ўн олти минг сўм, дединг-ку.
– Қачон, қаерда?
– Боя, бошда телефонда айтганларинг эсингдан чиқдими?
– А, сал нотўғрироқ эшитибсан, шекилли.
– Нимани нотўғри эшитибман?!
– Ўн олти, деганим йўқ! У, яъни, маошим – олти минг сўм, дедим, шекилли. Одамнинг сўлагини нега оқизасан, галварс!..
…Телефон гўшаги “тарақ” эткизиб қўйилди.
Аслида у тўғри қилди. Мени ҳам, ўзиниям хижолатдан қутқарди.
Шу аснода ўзим ҳам юрагимни би-ир бўшатиб олдим. Анча енгил тортдим! Муҳими эса бу эмас. Ушбу гурунгга қанча қалам ҳақи беришаркин, хаёлим шунда!

* * *
Қаранг, йиллар ва тараққиёт мақоламнинг “долзарб”лига барҳам берибди.
Худди раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг бир ҳангомасига ўхшаб кетади, десам хато бўлмас. Машҳур қизиқчининг аскияси ёдингизда бўлса керак; биттаси дўконга кириб гугурт борми, дейди. Йўқ, деган жавобни эшитгач, оқ қант, шакар, совун сўрайди. У нима сўраса “йўқ” деган жавоб эшитавергач, “Унда нима қилиб ўтирибсиз? Дўконни қулфлаб кетмайсизми, ака?” деса, “Қулф йўқ-да, ука” деган жавоб эшитади…
Кўп нарса тахчил бўлиб қолган ўша кезларда бу ҳангомани эшитганлар роса мириқиб кулишган. Дўконларимиз росмана тўлиб-тошган ҳозирги кунда эса ўша ҳангомани эшитганларнинг энсаси қотиши аниқ.
Шунга ўхшаб бир пайтлар жуда катта муаммо бўлиб кўринган масалалар аллақачон ўз ечимини топиб, мақолам долзарблигини йўқотибди.
Бунақа мавзулар “долзарб”лигини йўқотганига ҳам шукрона айтамиз!

Тўлқин ЭШБЕК,
“Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори

1999 йил

https://uchildiz.livejournal.com/?fbclid=IwAR1t0hQP6LRnzBLJl3WhSL58vgEEBDG0KwxkOwYLGqts6-TEW6tI19jNg4w

2014 йил 17 март

Вам может также понравиться...

Ответов: 25

  1. Бир танишим бор: «Улуғбек, битта долзарб мавзуда ёзган материалингизни бериб туринг, газетага юбориб, ишга кириб олай», деганди. Мен ҳайратландим ҳам, жаҳлим ҳам чиқди. Ижодкор ҳеч қачон ижод маҳсулини бировнинг қўлига тутқазиб қўймайди, ахир. Ушбу мақолани ана шундай танишимга ўхшаб фикрлайдиганлар ўқиса, барчасини тушуниб етишарди…

  2. Малика Суюнова:

    Домла ана шундай чиқишларни оммавийлаштириш керак.

  3. Малика Суюнова:

    Мақолангиз менга ёқди, ижодингиздан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп!

  4. Nafaqat Ulug’bekni tanishiga o’xshaganlar, balki butun jurnalist olami o’qisa maqsadga muvofiq bo’larmidi…

  5. Профессионал даражадаги мақола, қойил!

  6. To’g’risini aytsam, tan olaman qalamga olgan har bir mavzuyingiz va ularga qo’yilgan sarlavhalar mani lol qoldiradi

  7. Uzoq mulohazaga chorlaydigan maqla.

  8. Maqola haqiqatan ham zo’r. Jurnalist uchun mavzu topish va tanlash doimo muhimdir.

  9. Журналист маънавий олами ҳақида худди роман ўқигандек таассуротга эга бўлдим.

  10. Журналист маънавий олами ҳақида худди роман ўқигандек таассуротга эга бўлдим. Муаллифдан яна шундай асарлар кутиб қоламиз.

  11. O’qisak, uqsak, Hayajonlansak va harakatga tushsak hamda yuksak natijalarga erishsak.
    Bunga nima sabab bo’ladi deb o’ylaysiz? Albatta, shunday maqolalar.

  12. Ustoz, har doimgiday bizni qoyil qoldirasiz… Jurnalist kasbi qanchalar ma’suliyatli kasb ekanini ishlab bilyabmiz

  13. OLTINOY MADAMINOVA:

    JURNALIST BO’LISH UCHUN QANCHADAN QANCHA QALAMLARNI CHARHLASH LOZIM

  14. Haqiqiy jurnalist bo’lish haqiqatdan qiyin bo’lsa kerak, deb o’ylab qoldm. Yozgan bu hikoyangiz menga juda yoqdi. Ajoyib!

  15. Men jurnalistika haqida shu davrga qadar boshqacha fikrda edim. Barcha kasbkarning o’ziga yarasha mashaqqatli va jazibali tomonlari mavjud. Men jurnalistika fakultetida ta’lim olayotganimdan xursandman.

  16. Mahfurat Jumanova:

    Yozishga mavzu sõragan jurnalsit- jurnalsit emas.

  17. Inson o’z kasbini o’z xohishi bilan tanlaydi.Harakat qilib, harakatiga yarasha maosh olishi bu kasbiga bo’lgan muhabbatidir.Kasbini sevmaydigan inson doimo kasbidan noliydi: xoh maoshidan,xoh ishlash sharoitidan.

  18. Inson o’z kasbini o’z hoxishi bilan tanlaydi. Lekin jurnalistika tanlanadigan kasb emas. Unga albatta este’dod kerak. Ushbu maqolangizda bunga yana bir bor amin bo’ldim. Qoyil ustoz.

  19. Har bir inson borki bolaligidan o’z oldiga maqsad qo’yadi va o’sha maqsadi yo’lida tinmay izlanadi. Jurnalistika ham ana shunday mashaqqatli sohalardan biri hisoblanadi. Bu sohani nonini yeyish uchun tinimsiz mehnat qilib, halol va pok ishlash kerak. Men shu sohani tanlaganimdan faxrlanaman. Jurnalist qachonki, xolis bo’lsagina barcha cho’qillarni egallashi mumkin.

  20. Зокирова Мадина:

    Мақолангиз менга жуда ёқди.
    Журналист олами ҳақида таассуротларга эга бўлдим.

  21. Jurnalistika kasbi avvalo ijodiy kasbdir. Jurnalist o’z layoqati, qiziqishi, ijodiy imkoniyati bilan matbuotning ma’lum bir sohasida ishlashi, ma’lum bir mavzular va janrlarda ijod qilishi lozim. Bu kasb doimiy mehnat, aql va his-tuyg’ular idrokini, ijodiy mahoratni talab qiladi. Ana shu talablarga javob bergan kishigina bu kasbda yetarli darajada faoliyat ko’rsata oladi deb o’ylayman. Maqola menga juda yoqdi.

  22. Jurnalist bu oddiy kasb emas va jurnalist bo’lish ham oson emas. Jurnalist har domi o’z ustida ishlashi tinmay izlanish kerak. Xalqimizda jurnalistni oyogi boqadi degan gap bejizga aytilmaydi shunday ekan izlanishdan to’xtamaylik.

  23. Jurnalist- asli kasblar ichida eng mashaqqatlisi shu bilan birga jamiyatga keraklisi boʻlsa kerak deb oʻylayman.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *