Журфак талабларидан кутганимиз…

Ота-она фарзандларидан нималарни кутиб яшайдилар?

Бу саволга жавоблар сероб. Худди шундай Устозлари ҳам шогирдларининг комил инсон, етук ижодкор ва албатта бахтли оила соҳибу соҳибаларига айланишидан умидвор бўлиб юрадилар. «Уч илдиз» романининг асосий ғояси ҳам шу! ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олганлар бир кун ижод бўстонида Шодижондек мевасини кўрсатса, биз учун энг катта бахт шу! Азиз талабалар! Мана шу мўътабар даргоҳ — Журналистика факультетидан етишиб чиққан ака-опаларингизга эргашинг, ўрнак олинг ва албатта ўз ижод бўстонингизни яратинг, дейди дуо қилиб Дониш домла.

8

Халқим дардинг олай, кўксимни очиб…

Шоди ОТАМУРОД – 1978 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги Солин қишлоғида туғилган. 2000 йили ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Соғинч ранглари” шеърий тўплами, болаларга аталган “Мулойим мушук” номли китоби чоп этилган.. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлайди.

МУНОСАБАТ

Тил билган яхши-ю, билмас ёмондир,

Тилни унутганлар ранги сомондир,

Жонимга пайваста тилим омондир,

Энди қайтиб кўрмас собиқ замонни..

Бахмал қирларига кетди ўйларим,

Яйловга ярашган қўзи-қўйларим,

Итлардан холидир азиз жойларим,

Арвоҳлар қайтарар энди ёмонни.

Ўзбекча сўз бериб мадҳиясига,

Ўзбекча тушунган моҳиятига,

Ўзбекча кулади аскиясига,

Кезсангиз водийни, воҳа томонни.

Сергак бўладирман она тилимда,

Хушҳол бўладирман она тилимда,

Тушлар кўрадирман она тилимда,

Шеърдек ҳадя қилар тунларим тонгни.

Ўзининг қўли бор яратай деса,

Ўзининг йўли бор юритай деса,

Ўзининг тили бор гар наъра тортса,

Тинч қўйинг ўзбекни, Ўзбекистонни…

ИНСОН

Эй қадрдон, эй жигар

Деб айтайлик барчага,

Кўнгли дардчил бўлса гар,

Дардига дармон керак.

Ғалла пишсин далада,

Ризқимиз шу ғаллада,

Тараққиёт паллада,

Ўзбекка хирмон керак.

Тўйсин асал, болига,

Қўйингиз ўз ҳолига,

Таъқиблардан ҳориган

Айиққа ўрмон керак.

Қулун керак бияга,

Саҳро керак туяга,

Юрмасин деб қияга

Карвонга сарбон керак.

Қўшиқ айтсам тоза зўр,

Сен ҳам менга бўлгин жўр.

Тўзғимагин, иноқ бўл,

Душманга сарсон керак.

Қуёшига, ойига

Ким шеър атаб бойиган.

Нима дерсиз, шоирга

Зомину Дўрмон керак.

Кезиб дунёнинг ичин,

Юртим кўрсатди кучин,

Мадҳини битмоқ учун

Туганмас достон керак.

Қуёш керак оламга,

Ватан керак одамга,

Билинг, ҳар бир қадамда

Инсонга инсон керак.

ХАЛҚИМ

Халқим,

Бардам бўлгин, ёнингда борман,

Бежиз чорламайсан, кўнглингда борман.

Йилларингда борман, кунингда борман,

Ойларингда борман, сийратингдаман.

Кўнглинг фарзандларда, қўлларинг ишда,

Элга хизмат дейсан ёздами қишда.

Сен ҳормай ишлаган далаю даштда,

Сойларингда борман, ғайратингдаман.

Халқим,

Дардинг олай кўксимни очиб,

Елкамни тутайин меҳримни сочиб,

Борсам, уйларингда дарвозанг очиқ,

Чойларингда борман, суҳбатингдаман.

Тинмайсан меҳмонга ҳиммат кўрсатиб,

Кўнгилга етганда шеърнинг фурсати,

Пойгакда ўтириб, ўқиб тўрт сатр,

Уйларингда борман, иззатингдаман.

Халқим,

Қуллуқ қилсам, қуллуғим арзир,

Мингта шеър ёзсам ҳам узилмас қарзим,

Сен айтган тилакда, сен қилган орзу –

Ўйларингда борман, заҳматингдаман.

Теракларинг аскар қаторасига,

Ўғлонларинг ўхшар тоғ қоясига,

Отамерос юртнинг ҳимоясига

Шайларингда борман, қувватингдаман.

Халқим,

Эрк кўнглингга бахш этди олов,

Дилда дардинг бўлса, билмасин биров.

Икки оғиз тилак, бир ошам палов –

Тўйларингда борман, хизматингдаман.

Халқим,

Гуллаб-яшна, сен улкан дарахт,

Узилиб тушмасин сендаги бир банд.

Ўзбекистон дегич жаннатга монанд

Жойларингда борман, Давлатингдаман.

http://uza.uz/oz/culture/khal-im-darding-olay-k-ksimni-ochib—01-06-2019

Вам может также понравиться...

Ответов: 14

  1. Ustoz yaxshi tilaklaringiz uchun katta rahmat. Sizlarni, ota-onalarimizni ishonchini oqlab, yuzlaringizni yerga qaratmasdan, o’z kasbimizning fidoyi, malakali mutaxassisi bo’lib yetishish uchun astoydil harakatda, o’qishda, izlanishda bo’lamiz.

  2. Ustoz fikrizga qo’shilaman. Men ham ota-onamizni ishonchini oqlash uchun shu dargohga kirganman. To’g’ri fakultetdagi barcha ustozlar talabalarni yetuk jurnalist bo’lib yetishib chiqishini istaydi, lekin ustozlarda barcha talabalarga birdek munosabat bo’lish degan tushuncha biroz yo’qroq, ustozlarda xolislik yetishmaydi.

  3. Farzand kamolini ko’rish har bir ota ona eng katta orzusi. Biz farzadlar esa mana shu orzu ro’yobi uchun harakat qilib ota onamiz balki ustozlarimizning ham ishonchni oqlaymiz, inshaolloh!

  4. Sitora Samadjonova:

    Ustoz sizga katta rahmat.Biz yoshlar mana shu oliy dargohda ta’lim olar ekanmiz, oldimizga ulkan maqsadlar bilan yetuk inson bo’lishga harakat qilamiz.

  5. Албатта биз ҳам комил инсон бўлиб устозлардан, журналистика факултетида етишиб чиқган журналистлардан ўрнак олиб ва ўз ижод бўстонимизни яратамиз. Устоз Шоди Отамуродга ҳам омад ҳамда ижодий парвозлар тилаб қоламан
    Дониш домла жонкуярлигингиз ва самимий тилакларингиз учун сизга ҳам ташаккур!

  6. Ustoz duolaringiz har doim bizga hamroh bo’lsin! Ilohim yurtimizga nafi tegadigan, qayerda bo’lsa ham O’zbekistonni yer-u ko’klarga alishmaydigan biz kabi yoshlar ko’payayversin! INSHAOLLOH!!!

  7. Baratjonova Janona:

    Har bir ota ona uchun farzandi kamoli, baxti va uning yutuqlarini ko’rish ulkan baxt. Har birimiz ushbu dargohga katta orzu va maqsadlar bilan keldik. Biz uchun vaqti va mehrini ayamay dars berayotgan ustozlarimizga katta rahmat! Biz jurnalistlar ham kelajakda sizlarning ishonchingizni oqlab, yurtimiz taraqqiyoti uchun o’z hissamizni qo’shib, kasbimizning fidoyilari bo’lamiz!

  8. Shodi Otamurod ijodi menga notanish edi. She’rlarida o’ziga xos uslub bor ekan. Ayniqsa, «Munosabat» she’ri menga yoqdi: ko’ngilga yaqin va xalqona.

  9. Ustoz katta rahmat bu she’rlarni, Shodi Otamurod she’riyatini biz bilan baham ko’rganingiz uchun. Juda xursand bo’ldim o’qib.Ayniqsa,she’rdagi «INSONGA INSON KERAK»jumlasini shior qilib,baralla aytish kerak.

  10. Ustoz shunday yaxshi she’rlarni biz talabalaringizga ham baham ko’rganingiz uchun rahmat.

  11. To’g’ri Shahlo menga ham aynan shu she’ri yoqdi.

  12. Ustoz she’r yaxshi chiqibdi. Muallif ijofiga omad.
    Ustozga katta rahmat biz ham mahoratli jurnalist bo’ish uchun xarakat qilamiz.

  13. Ustoz she’r yaxshi chiqibdi. Muallif ijodiga omad.
    Ustozga katta rahmat biz ham mahoratli jurnalist bo’ish uchun xarakat qilamiz.

  14. Malikova Dildora:

    Илм ҳам, ижод ҳам баҳс билан тирик. Маърифат излаган инсон хато килишдан чўчимайди. Маърифатли инсон бировнинг хатосидан кулмайди. Билмасанг гапирма, жим ўтир, демайди. Хатони тузатади, ўз фикрини айтади. Хато айтган ҳам қизариб-бўзармайди. Баҳс қилади, ё » фикрини маъқул», дейди.
    Еркин Воҳидов.
    Домла ҳам бизга жим ўтир демадилар фикрингни билдир, ижод қил, бўш юрма дея танбех бердилар. Бизнинг қалбимизда ижодга мухаббат уйғотдилар

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *