Зерикаётган одам

Журналист ҳар қандай вазиятда ҳам дилидагини тилига чиқара олиш

маҳоратини Ўрол СОДИҚнинг қуйидаги эссеси мисолида кўриш мумкин. Бўлғуси журналистлар ЎзАда такроран ёритилган мазкур эссесини ўқиб устоз журналистнинг маҳоратидан баҳра олиши ва ўрганиши ўзлари учун нақадар фойдалидир, дейди Дониш домла.

ЗЕРИКАЁТГАН ОДАМ

ЗЕРИКАЁТГАН ОДАМ

90-йиллар ўзбек эссечилиги туркумидан
ЭССЕ
 
I
…Менинг қисман бир-икки нарсага ҳаққим бор бу ҳаётда. Мен сиз айтгандек эмас, ўзимга ўхшаб кун кўришни истайман. Майли, одамови бўлай. “Телбароқми?” деб шубҳаланинг. Лекин мана шу янграётган қўшиқни эшитиб жилмаёлмайман.
Ўзимнинг устимдан кулишга мажбур этманг мени, биродар. Бундай дейишга ҳаққим бор. Сиз эса билганингизни қилинг. Чунки, сизнинг ҳам қисман ҳаққингиз бор. Ана, телевизор, буранг, “мени ташлаб кетди” деб тиржайиб туради биттаси… Севги одамдан интеллект талаб қиладими? Наҳотки, у тажриба маҳсули бўлса… “Интеллектуал шахс севгиси авомникидан маънолироқ бўлади” деган гапга ҳеч ишонгим келмайди. Юзидан ёғ томиб турган хонанда бўлса қўшиқни тиржайиб туриб айтади. Сиз эса овқатга қўшиб истеъмол қиласиз бу қўшиқни. Айрилиқ ҳақида ҳеч ким ўйламайди. Маъносиз кўзларини сузиб қўшиқ айтаётган хонанда ҳам, қисқичга қўшиқ сўзларини илдириб паққос тушираётган сиз ҳам… Дарвоқе, маъносиз кўзлар. Ўлаксахўр қузғунлар макони бўлмиш саҳро келбат кўзлар. Бу кўзларга кўпам маҳлиё бўлманг, биродар. У Тиржаяяпти-ку, деб ўзингизни овутманг. Бу кўзларда минглаб шаҳидлар ётибди. Бу кўзлар поклар қабристонидир.
II
…Умримнинг нечанчи куни билмайман, мен адойи тамом бўла бошладим. Отамга хат ёздим! “Ота мен чарчадим, кўчмоқчиман… Суякларим совуқдан қисирлаб бораётир. Бу ҳашаматли бинода юзлаб одамлар истиқомат қилишади. Бурунлари терлаб, юзларидан ёғ томиб туради, уларнинг. Мен эса жунжикиб боряпман. Тўққиз қовурғали мана бу печ ўзидан тўхтовсиз совуқ пуркаётгандек туюлаётир. Китоблар, картиналар ҳамма-ҳаммаси музлатилгандек. Тўрт қават кўрпада қорга ағанагандек ётаман, Ота…” Кўп ўтмай отамдан хат келади. “Болам, сен энг катта шаҳарда яшаётирсан. Бундан бўлак яна қаерга кўчмоқчисан. Ҳар нарсага кўнглингни бузмай, ишингни қил, Ё, қишлоққа қайт. Ҳар ҳолда қишлоқ илиқроқ…”
…Мен қишлоққа қайтолмасдим. Қўшиқларни шаҳарда қолдириб қишлоққа қайтолмаслигимни отам биларди. Билса-да, “қайт” деди. Меҳр билан айтди бу сўзни. Охирги илинжни-да айтди отам. Мен эса бу пайтда аллақачон кўчиб улгурган эдим. Бобурнинг “Баҳор айёми” ғазали билан айтилувчи бу қўшиқни биз уч киши бирга тингладик. Юраклар илингандай бўлди. Кўнгилга нур инди. Қўшиқ менга тўққиз қовурғали печлари бор ижарахонамиздан илиқроқ туюлди. Бу қўшиққа тикилиб ҳуркак қушчаларни, кўзидан ёш чиқиб қаҳ-қаҳ ураётган оломонни кўрмадим, мен. Чексиз бир саҳрони дарбадар кезиб, ўкириб-ўкириб йиғласанг-да, ҳеч кимга халал бермайдиган, ҳеч ким сенга ҳайратланиб қарамайдиган саҳрони кўрдим. Ва эрта тонгда бу мамлакат дарвозасини қоқдим…
III
Баҳорнинг илк кунларида биз уч биродар ижарахонадан ҳайдалдик. Ижарачи — кўзлари доим чақчайиб турадиган, бу дунёда пул топишдан бўлак аъмоли бўлмаган, икки лунжи бўқоқдек осилиб тушган қоп-қора хотин лаш-лушларимизни ташқарига улоқтириб, эшикни зичлаб ёпиб олди. Биз, калласига ақл сиғмаган уч далли дийдираб анча маҳал остонада турдик. Балки ҳовуридан тушар, раҳм этар, деб кутдик. Садо бўлавермагач бошимизни эгиб бекат томон юрдик.
Бекатга етиб англадикки, ижарадор бизнинг барча буюмларимизни улоқтирган, ичкарида фақат севимли ҳофизимизнинг қўшиқлари ёзилган кассета қолган эди. Лорсилдоқ бу хотин бизда шу даражада нафрат уйғотган эдики, мабодо унинг қўлида кийим-кечагимиз ёхуд бошқа бир буюмимиз қолганида қайтиб бормас ва унга ялинмас эдик. Лекин тўрт-бешта китоб ва шу кассетадан бўлак бу шаҳарда бошқа илинжи бўлмаган ғариблар қайтиш азобига маҳкум эдик. “Қадрдон гўша”га мен бордим. Эшик қўнғироғини босишим билан қаршимда бир жуфт чақчайган кўз, одамни руҳан толиқтирадиган қоп-қора, беўхшов турқ намоён бўлди. “Кассетамиз қолган экан” дедим мен. “Чақаси йўғ-у қўшиқ эшитганига бало борми, буларнинг?” ўдағайлади ижарадор. Мен ялиндим: “Охирги илтимосимизни рад этманг, сизга бошқа қорамизниям кўрсатмаймиз, хўп денг, чиқариб беринг…” Хуллас, кассета ўттиз сўмга баҳоланди. Ўртоқларим ёнига бориб воқеани айтганимда улар унашмади. “Ўттиз сўмга иккита кассета олса бўлади. Эсинг жойидами”, дейишди улар. Мен таажжубда эдим. Унинг қўшиқлари ёзилган кассетани бу бефаросат хотин қўлида қолдиришга кўнглим чидамас, ундан қизғанар эдим. Дўстларимга эса, менинг кимдандир қарз олиб, кассетани қайтариб олиш фикрим эриш туюлиб энсаси қотарди. Ўша куни, хуллас, пул топдик ва шаҳарга оқшом оралаганда кассетани олиб қайтдик.
IV
Биз унинг қўшиқларини тинглаб улғайдик. Шунданми, кўнглимиз армонларга, орзуларга қўналға бўлиб қолди. Қишлоққа борсам ҳар гал “Излаганлар бизни саҳройи балодан излангиз” ашуласи ёдимга келаверади. Чексиз дашту биёбонга тикилиб, ҳолдан тойган афтодаҳол ошиқ йигит сиймоси кўз ўнгимда гавдаланади. Бу ерларда бир пайтлар мен шундай кезинганман. Мендан-да олдин кўпчилик кезинган бу ерларда. Қўшиқни тинглаб оғир-оғир хўрсинганман, йиғлаганман. Бир қанча ошиқ йигитлар йиғлаган қўшиқни эшитиб. Йиғилар кўп. Гармселдай мавжланиб ётибди йиғилар.
Қишлоқда чўпон амаким бор. Ул ҳофиз қўшиқ айтяпти, деса отдан тушади. Қўшиқ тугагунча ҳеч кимни гапиртирмайди. Гапираётган одамга хўмрайиб ола қарайди. Ёши олтмишга бораётган бу одамга нима бўлган экан, деб ўйлайман мен. Сочлари оқарган одамнинг севги ҳақида қўшиқ тинглаб ўтириши эриш туюлади менга. “Эй, бунга етадиган йўқда. Шу эшитиб ўтириб-ўтириб, отни миниб бир ёқларга солиб кетсамми, дейман”, дейди амаким. Мен хавотирланаман. Амаким ҳозир отга ўтириб, осмону фалакка учиб кетадигандай туюлаверади. Мен учадиган отлар фақат эртакларда бўлишини биламан, шундай бўлса-да хавотирланавераман.
Бир ажиб боғ ичра жонон
ўлтирур,
Сочларин ёйиб шамол ўйнаб
турур.
Сезмайин қолди ёниға
борғаним,
Воҳ, санам, бунча паришон
ўлтирур.
Сўзлар хонанданинг бўғзидан аланга бўлиб чиқади. Борлиқ эртакка дўнаётганга ўхшайди… Мен бундан қўрқаман…
Ёзнинг сўлим оқшомларидан бирида қишлоқда тўй бўлди. Амаким мени туртди, “Қара, қара, ўзи-я, нақ қуйиб қўйгандай”, Даврани олиб бораётган қўшиқчи бола. “Кўзинг нозик…” ашуласини куйлаётган эди бу маҳал. У овозни шу даражада ўхшатаётган эдики, олисроқда туриб эшитаётган одам тўйга ўша санъаткор келибди-да, деб ўйлаши мумкин эди. Амаким хумор қилиб ўтирди. Фақат тўй яримлаганда унинг авзойи бузилди. Бузилгандаям ёмон бузилди. Ўтирган жойида қўшиқчи болани шу қадар бўралаб сўкдики… Бечора бола шалпайиб, кенг давра ичида мулзам бўлиб қолди. Ҳамма олазарак бизга қарайди. Мен зўр бериб амакимга ёпишаман. У ширакайф ғижиниб сўкинади: “Қўшиқни билмасанг айтмагинда ҳе…” Ўша куни тўйдан жуда ҳолсиз қайтдик. Мен бу воқеадан алланечук оғир бўлиб олдинда борар, амаким бўлса, “Қўшиқни бузди баччағар, қўшиқни бузиб айтди” деб тинмай ғулдираб келарди.
V
Мен қўшиқни ёлғиз ўзим эшитишни яхши кўраман. Агар ёнимда биров бўлса безовталанаман. Маъшуқасига севги изҳор этаётиб бехос бегона нигоҳга назари тушган ошиқдек ўнғайсизланиб қоламан. Сўнг хижолатдаги ошиқ ҳолида бегона нигоҳни бошқа хонага бошлаб кираман.
VI
Хонандалар кўп. Лекин… Балки, менга шундай туюлар. Ҳар ҳолда қўшиқ айтиш билан қўшиқ айтишнинг фарқи бор. У “Биринчи муҳаббатимни” айтганда деярли ўспирин бўлган. Эҳтимол унинг ўша пайтлари иқтидори, маҳорати бугунгидек юксак бўлмагандир. Аммо у бу туйғуни яшаган, бошидан кечирган. Йўқса, қўшиқ бу қадар яшай олмасди. Кўпчилик эса қўшиқ учун чиройли овоз, куй ва шеърнинг ўзи кифоя деб ўйлашади. Менда қўшиқ куйлаётган хонандалар икки хил таассурот уйғотади. Бири шоир изтиробини йўл-йўлакай бировга ҳикоя қилиб кетаётган йўловчи. Иккинчиси эса “Истаганлар бизни саҳрои балодан истангиз” дея кимсасиз саҳро томон телбавор талпинаётган жунун. Жунунда кибр бўлмайди. Худбинлик ва риёкорлик кўчасидан юрмайди жунун ва биз шунинг учун ҳам уни севамиз, унга талпинамиз.
VII
…Саънат ва санъаткор деган сўзлар бор. Бунинг маъно ва моҳияти кўпчиликка маълум. Лекин бу сўзлар бизда шу қадар кўп ишлатиладики, ҳақиқий санъаткорни нима деб аташни билмай каловланиб қоламиз. Негаки, биз ҳар қандай отарчию, театр ёки кинода ўткинчи рол ижро этадиган одамниям, ҳақиқий истеъдод эгасиниям бир хил, санъаткор, деб атаймиз. Эҳтимол, у шунчаки, артист ёки актёрдир. Йўқ, биз барчасини бир хил санъаткор деб атаймиз. Чунки, товуш мавжуд экан, сўз тугунмасдур, деб ўйлаймиз.
VIII
Гоҳида… Одам тафтини одам ололмайди. Миллионлаб одамлар орасида зерикасан. Ҳар куни минглаб, ҳиссиз, ҳаяжонсиз кўзларга дуч келасан. Уларга қараб муомала қиласан. Тавозе билан табассум ҳадя этасан. Лекин барибир ёлғиздай ҳис этасан ўзингни. Икки қўлингни бўм-бўш чўнтагингга солиб, бошингни елкаларинг орасига олиб шаҳар кўчаларини кезасан. Дарахтлар ва турли рақамлар чаплаб ташланган симёғочлар узра жим одимлайсан. Қаршингда юзлаб, минглаб тўрва қўлтиқлаган, йўлнинг шундоқ ёқасига раста ёйиб, ҳайқириб молини мақтаётган одамлар чиқади. Улардан тортиниб қўлларингни чўнтагингдан суғуриб оласан. Бўм-бўш қўл ҳавода гизланиб-гизланиб яна чўнтакка киради. Чунки уни сен шунга маҳкум қилгансан. Беҳуда ва бемаврид ҳаракатланишига изн бермайсан. Зерикаётганингни сезган қўллар типирчилайди. Сен эса тишингни тишингга босиб уйга йўл оласан. Етиб келиб чарчоқ танангни курсиустига ташлайсан. Итоаткор ва содиқ қўлларингни чўнтагингдан бир-бир суғуриб, стол устига қўясан. Қўлларинг сендан имо кутмай магнитофон сари йўналади. Оҳиста унинг тугмачасини босади. Хонанданинг ўтлиғ овози янграйди.
Кеча оқшом фалакда ой
бўзариб ботганда,
Руҳимда бир маъюслик,
сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи
муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи
муҳаббатим...
 
Ўрол СОДИҚ
P/S: Мазкур эссе 1995 йил “Оила ва жамият” газетасида чоп этилган. Эътибор берган бўлсангиз асарнинг бирор жойида Шерали Жўраев номи тилга олинмаган. Маълумки, у даврларда ҳофиз номи ўзбек матбуотида тилга олиниши чекланган эди.
 http://uza.uz/oz/culture/zerikayetgan-odam-11-04-2019

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *