Ижодкор масъулияти

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ярим йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди

yozuvchilar uyushmasi

 

“Дўрмон” ижод уйида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2016 йилнинг биринчи ярмида амалга оширган ишлари ва келгуси режаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда уюшма раиси Муҳаммад Алининг ҳисоботи тингланди.

— Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда ушбу қутлуғ санага катта тайёргарлик кўрилмоқда,-деди маърузачи.- Ёзувчилар уюшмаси ижодий ташкилотларнинг пешқадамларидан бири сифатида бу ишда камарбаста бўлмоғи керак. Истиқлол йиллари юртимизда улкан миқёсдаги янгиланишлар жараёни кечмоқда. Айниқса, адабиётга, демак маънавиятга  катта эътибор берилмоқда. Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китоби, “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида миллатимиз маънавиятини янада бойитиш юзасидан қимматли фикрлар билдирилган. Бу китоблар  фаолиятимизда биз учун ҳамиша дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ўтилган йўлга бир назар ташласак,  йигирма беш мобайнида Республикамизда мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакатни ривожлантириш мақсадида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганининг гувоҳи бўоламиз. Бундай масъулиятли жараёнда шоир ва ёзувчиларимизнинг ҳам фаол иштирок этиб келаётганлигини таъкидлаш ўринлидир. Бу машаққатли йўлда турли катта-кичик довонлар ошиб ўтилди, сезиларли ютуқлар қўлга киритилди. Бу каби тарихий жараёнларни, буюк тарихимиз ва азалий қадриятларимиздан ибрат олиб, Ватанимиз шаъни ва обрўсини улуғлаётган она юрт фарзандларининг жасоратини бадиий асарларда тараннум этиш, Истиқлол солномасини ёзишда иштирок этиш ёзувчи ва шоирларимиздан катта масъулият талаб этади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси ва аъзолари томонидан 2016 йилда қатор тадбирлар амалга оширилди. Иш режасига мувофиқ, Уюшма қошидаги Ижодий кенгашларнинг ўтган йилги фаолияти натижалари ишлари таҳлил этилиб, жорий йилга мўжалланган режалари тасдиқланди. Пойтахтда яшаб ижод қилаётган 40 нафардан ортиқ таниқли адиблар вилоятларга ижодий сафарларга юборилди. Ижодкорлар сафар давомида вилоятларда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, юртдошларимизнинг турмуш тарзи, ободлик, фаровонлик йўлидаги интилишлари билан яқиндан танишиб, публицистик мақолаларида акс эттирдилар. Бунинг натижасида марказий газеталарда “Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан” рукнида 30 дан ортиқ салмоқли публицистик мақолалар чоп этилди.

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати мамлакатимиздаги ҳарбий қисмларда бўлиб ўтган ижодий учрашувларда 36 нафар шоир ёзувчи иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. 9 феврал куни Тошкентда, шоир номидаги Ўзбекистон Миллий боғида шоир ҳайкали пойида ёзувчи-шоирлар, жамоатчилик вакиллари, талабалар, хорижий мамлакатлар элчихоналари вакиллари иштирокида тантанали маросим бўлиб ўтди. Шу куни мамлакатимизнинг барча вилоятларида  шоир асарларидан ташкил топган назм ва наво кечалари ташкил этилди.       Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада Ўзбекистон Фанлар академияси тил ва адабиёт институти билан ҳамкорликда илмий анжуман ўтказилди.  Юбилей муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Навоий асарларини жаҳоннинг ўн тўртта тилига таржима қилишга киришилди. Хусусан, улуғ шоирнинг ўзбек тилидаги “Хазойин-ул маоний” номли ғазаллар тўплами, рус тилидаги “Сокровишица мыслей” номли ғазаллари тўплами нашр этилди. Айни пайтда бу асарнинг немис тилидаги нашри устида иш олиб борилмоқда. Ўзбек шоирларининг улуғ алломага бағишланган асарларидан иборат “Ҳазрат Навоийга эҳтиром” китоби, Ойбекнинг “Навоий” романининг инглиз тилидаги таржимаси нашриётга топширилди. Абдулла Қодирийни нг  “Ўтган кунлар” романи тожик тилида нашр қилинмоқда.

Мен шу йил 12 февраль куни Германиянинг Берлин шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференцияда иштирок этиш бахтига мушарраф бўлганимни мамнуният билан тилга оламан. Берлин давлат кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг совғаси сифатида Алишер Навоий 10 томлик “Асарлар” мажмуаси топширилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллиги муносабати билан мамлакатимиздаги кўплаб олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва умумтаълим мактаблари, ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда ёзувчи ва шоирлар иштирокида “Бобур асарлари – бебаҳо маънавий мерос” мавзуида ижодий учрашувлар ўтказилди

Февраль-март ойларида Ёзувчилар уюшмаси Ижодий кенгашларининг ҳисобот йиғилишлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Минг бир ибратли ҳаёт” китоби  нашр этилди. Китоб тақдимотини ўтказиш чора-тадбир режаси белгиланди. Истеъдодли ёш ижодкорларнинг асарлари жамланган “Биз — истиқлол фарзандларимиз” деб номланган ёшлар баёзи нашрдан чиқди. Унда 66 ёш иқтидорли шоирларнинг асарлари жамланган.  Шу йил 16 июн куни Ёзувчилар уюшмасида мазкур китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли адиб ва адабиётшунос олимлар, китобда шеърлари чоп этилган барча ижодкор ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Биринчи китобим” лойиҳасида 11 нафар истеъдодли ёш ижодкорларнинг илк китобларининг ҳар бири 20 минг нусхадан, жами 220 нусхада чоп этилди. Бу китоблар мамлакатимиздаги таълим муассасаларига, бир қатор ташкилотларга беғараз совға сифатида етказиб берилди. Шунингдек, “Баҳор булбулларининг чаҳ-чаҳи” ёш таржимонлар баёзи ҳам 20 минг нусхада  нашрдан чиқди. Бу китоб мамлакатимизда нашр этилган ёш истеъдодли таржимонларнинг илк баёзи эканлиги билан қимматлидир.  Бу китобда 15 нафар ёш таржимонларимизнинг ўнта хорижий тилдан ўзбек тилига қилган таржималари ўрин олган.

IMG_5605

 Ёзувчилар уюшмаси Ёшлар билан ишлаш бўлими қошида “Ёшлик” ижодкор ёшлар клуби тузилди. Клубнинг  Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ва “Биринчи китобим” муаллифлари ҳамда ”Онажоним шеърият” тўгараги иштирокчиларидан иборат. Клубининг 30 та аъзоси бўлиб, шулардан 15 та аъзоси ҚорақалпоғистонРеспубликаси, Хоразм вилояти, Навоий, Самарқанд вилояти, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятида ижодий сафарда бўлдилар,  вилоятларда амалга оширилаётган улуғвор бунёдкорликлар билан яқиндан танишдилар. Ҳар бир сафар вақтида 10 дан ортиқ ижодий учрашувлар ўтказилди. Ҳар бир вилоятга 10 тадан клуб аъзолари сафарбар этилди.

Ана шу ижодий сафарлар натижасида юзага келган “Сени яхши кўрамиз, Ўзбекистон” бадиий-публицистик мақолалар тўплами нашрга тайёрланди. Унда  истиқлолимиз берган саодатга, фаровонликка ёшлар билан қаралган мақолалар жамланган.

Юртдошларимиз, айниқса ёш авлодни мамлакатимизда  адабиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ўзбек ёзувчиларининг ҳаёти ва ижодидан кенгроқ хабардор қилиш имконини яратиш мақсадида “Ўзбек адиблари” китоби нашрга топширилди.. Ёшларнинг истиқлол ҳақидаги тушунчалари ва маънавий оламини  бойитиш мақсадида “Болалар адабиёти антологияси”нинг икки томлиги нашрга тайёрланмоқда. Ўтган асрнинг 80-йилларидаги машъум “Пахта иши” бўйича ноҳақ жабрланганлар ҳақидаги “Адолат йўли” номли бадиий-публицистик мақолалар китоби нашрдан чиқди.

Умуман олганда, 6 ойда  18 китоб нашрдан чиқди, 4 та китоб еашрадан стқтш аорафасида.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 май кунги А.С.Пушкин таваллудининг 217  йиллигини юқори савияда нишонлашни ташкил этиш масалалари тўғрисидаги 21-сонли мажлиси баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 6 июн куни пойтахтимиздаги А.С.Пушкин ҳайкали жойлашган майдонда тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Республика байналмилал маданият маркази, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, ёзувчи-шоирлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Ушбу сана муносабати билан республикамиздаги кўплаб олий таълим муассасалари, маҳаллиий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жойларда пушкинхонлик кечалари юқори савияда ташкил қилинди.

Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан” Республика кўрик-танловининг иккинчи босқичида шоир ва ёзувчиларимиз фаол иштирок этишмоқда. Мустақиллик айёми арафасида ўтказиладиган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловини ташкил этишда Ёзувчилар уюшмаси доим  фаол қатнашади.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами муносабати билан истеъдодли ёшлар ва фаол ижод қилаётган адибларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш мақсадида “Ватанни мадҳ этиш бахти” мавзуида энг яхши адабий асарлар танлови эълон қилинди. Танлов давом этмоқда.

9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати таълим муассасаларида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда қирқ нафардан ортиқ шоир ва ёзувчилар иштирок этди.

Тошкент, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 1 май — “Фавворалар сайли”да  56 нафар таниқли шоир ва ёзувчилар, ёш ижодкорлар иштирок этди.

Бу ишларнинг ҳаммаси яхши. Бироқ ҳали фаолиятимизда айрим камчилик ва нуқсонлар ҳам йўқ эмас. Бугун ёзувчиларимиз қандай ижодий ишларни амалга оширмоқда? Ижодкорлар ўзларининг фуқаролик позициясини, масъулиятини етарли даражада ҳис этаяптими? Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, буюк ўзгаришлар ҳақида қандай янги асарлар яратилмоқда? Ёзувчилар ўзларининг бурч ва масъулиятларини қай даражада адо этаётир? Бу саволларга афсуски, қониқарли жавоб беролмаймиз. Бугун ёзувчиларимизда кескин, долзарб муаммоларни англаш, ташаббускорлик, ижодий ҳозиржавоблик етишмаяпти.  Ёшлар тарбияси бугуннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Маданий, адабий фаолиятимиз ҳам жаҳон миқёсида рақобатга кириша оладими-йўқми? Маънавий ҳаётимизни соф сақлаб қолиш, мафкуравий хуружлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш бугун бизни безовта қилаётган асосий масалалар саналади. Муҳтарам Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида баён қилинган ғоялар, фикрлар барчамизни огоҳликка ундайди. Оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ташқи мафкуравий таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз зарур. Бугун маънавиятни ҳимоя қилиш – жасорат бўлиб қолди.

Ёзувчилар уюшмаси маънавият учун курашда ҳамма ижодий уюшмаларнинг марказида туриши керак. Таклифлар, ташаббуслар биринчи бўлиб Ёзувчилар уюшмасидан чиқиши керак.

Яқинда Ғафур Ғулом боғида катта китоб байрами ўтказилди. У ерда пештахталарга қўйилган китоблар орасида тарихий асарлар, ўтмиш меросимизга оид китоблар, шунингдек, болалар адабиёти вакилларининг китобларини кўрдик. Лекин, замонавий адибларнинг асарлари йўқ эди. Бугунги матбуотда “Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан” рукнида чоп этилаётган мақола ва очерклар жуда сийраклашиб қолган. Афсуски, “Оммавий маданият” деймиз-у, бу салбий ҳолат ўзимизнинг ичимизда ҳам бор. Ғоявий бузуқ китоблар, савияси паст асарларнинг келтирган зарари “Оммавий маданият” таъсиридан кам эмаслигини унутмаслигимиз керак.

Бадиий жиҳатдан заиф китобларни нашр этишга йўл қўймаслик керак. Адабий танқиднинг фаолияти бугун жуда ҳам суст. Яхши асар яратиш учун машаққатли меҳнат, покиза эътиқод керак.

Адабиётда замонамиз қаҳрамонини яратиш муҳим, айниқса бугунги кунда. Ёзувчилар уюшмаснинг  бу борада олиб бораётган изланишлари етарли эмас, жуда суст. Ёзувчиларни руҳлантириш борасида ижодий кенгашларда қизғин фаолият олиб борилмайди, гўёки хўжакўрсинга ишланади. Чунончи, ҳалигача бирон бир ёзувчимиздан муайян бир мавзу ҳақида  асар ёзаман, қўллаб-қувватлашингизни сўрайман, деган аризани кўрганимиз йўқ.

Ёш ижодкорлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. “Ижод” фонди ҳомийлигида кўп ёшларнинг биринчи китобларини чиқардик. Энди уларнинг тақдири нима бўляпти? Иккинчи китоблар ёзиляптими? Адабий жараён майдонида борми бу ёшлар, шу масалага ҳам қизиқишимиз, керак бўлса, ёшларни тарбиялашимиз керак. Масалан, “Биринчи китобим” лойиҳасида Сирдарё вилоятидан бирорта ёш ижодкорнинг китоби чиқмади. Бунинг учун ким айбдор? Нима, Сирдарёда иқтидорли ёшлар йўқми? Шахсан мен бу гапга ишонмайман. Бор улар. Фақат уларни топишимиз керак.

IMG_5596

    Муҳтарам Юртбошимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида айтилган фикрлар барчамизни янада фаол бўлишга даъват этади. Бугун амалий ишларга ўтиш вақти келди.

Сўзимнинг охирида, барчангизни “Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним фидо сенга Ўзбекистоним” деб шарафлайдиган азиз Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги чин дилдан муборакбод этаман.

Шунингдек, йиғилишда Ёзувчилар уюшмаси вилоят ҳудудий бўлинмалари масъул котибларини ҳисоботлари тингланди.

Таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирдан фотолавҳалар

IMG_5663

IMG_5590

IMG_5591

IMG_5592

IMG_5597

IMG_5598

IMG_5599

IMG_5607

IMG_5610

IMG_5617

IMG_5621

IMG_5622

IMG_5624

IMG_5632

IMG_5634

IMG_5640

IMG_5644

IMG_5653

IMG_5658

IMG_5668

IMG_5671

IMG_5673

IMG_5675

 Йиғилишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Ижодий кенгашлар, вилоят бўлинмалари фаолияти натижалари таҳлил этилиб, навбатдаги режалари тасдиқланди.

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати 

Улуғбек Усмонов олган суратлар

ijod.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *