Илмнинг баҳоси рақсдан пастми?
Фарғоналик математика ўқитувчиси Исроил Тиллабоев ўзининг «Фейсбук»даги
саҳифасида бир лойиҳа якуни бўйича ўз мулоҳазаларини билдирган. Ишонамизки, бу фикрлар сиз учун ҳам қизиқарли.
Ўзни доно билган уч-тўртта нодон
Эшак табиатин қилур намоён.
Улар қаторида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса кофир деб қилурлар эълон.
Aйтгим келмаганди, бўлмади. «Индиго» финали тугади. (Канал номини айтмайман, сўраманг). Навоийлик «калкулятор бола» финалда чиқди. 2 ва 3 хонали сонни 5 хоналисига бемалол кўпайтирди, 5-6 хонали сонларни 2-3 хонали сонга хотирада бўляпти! Гиннесс рекорди ҳам худди шу натижа экан, кўз ўнгимизда у рекордни янгилади (норасмий, албатта). Мен математикман, шу болага курсга қатнасам ҳам бундай хотирага эга бўлиб, бу ишни бажаролмасам керак. Ҳар ҳолда туғма қобилият устунлигини сездим ва ўрнимдан туриб қарсак чалдим! Ҳакамлар билан таништирай (асосийси) — Сардор Раҳимхон, Ҳалимахон ва яна бир «Ниҳол» олган ниҳол…
Ҳакамлар у бола оғзаки ҳисоблаганни калкуляторда ҳисоблаб зўрға улгуришди, 7-8 хонали сонни ўқиб беришолмай доналаб айтишмоқда, жавобни битта-битта рақамлаб текширишмоқда. Aнча саволлар бериб бўлишгач, йигитча қизишиб кетди, 9 хонали сонни 1 хоналига кўпайтираман, айтинглар, деди. Камига қўшимча қилди, «лекин буни калкуляторда ишлаб бўлмайди», деди. Энди ҳакамлар олдида «ғоят мушкул» вазифа турганди, қўлларига қоғоз ва ручка олиб, миллионлар синфи қаршисида кўпайтиришни, кўпайтириш бўлганда ҳам 4-синф даражасидаги мисолни ечишдек ғоят «мураккаб» вазифа турганди. Иштирокчи-ку, 4-5 сонияда хотирада топади, лекин бизнинг доно ҳакамларимиз атиги 5 дақиқагина олдин математикани заррачаям билмасликларини тан олиб бўлишган эди.
Табиийки, улар қоғозда бажара олмасликларини билгач, «йўқ, ишондик, тан бердик», дейишди. Тан берди, 1-ўрин нақд, деди мен каби миллионлаб мухлислар телевизор ортида. Танлов якунида, биласизми, бу болага шу «академик»ларимиз нечанчи ўринни беришди?
Ҳушёр туринг, там-тарам-тарарам: ҳеч қандай ўрин!!!
1-ўринни лезгинка музикасига ўйнаган бошқа бир болага беришди… Йўқ, калкуляторсиз ҳисоблай оладиган, ўзлари айтгандек, Гиннеснинг рекордини янгилаб қўйган бола булар наздида қобилиятли ҳисобланмас экан, чунки унинг зеҳни беқиёс ўткир бўлса-да, битта айби — рақсга яхши ўйнолмайди…
Карахт бўлдим, балки мен истеъдод, қобилият деганларнинг ўлчовини нотўғри тушунармиканман. Хўп, мен кабилар нотўғри тушунсак, нега ҳакам ва ташкилотчиларнинг ўзлари изоҳ бериб тушунтирмади?! «Ҳой, халқ, ИНДИГО деб мана бундай илм-фанни ўрганган ва ёки туғма ҳисобдонлик қобилияти билан туғилганларга айтилмайди, ИНДИГОман деган ёшга биринчи талаб жаҳон мусиқаларига қойиллатиб рақсга тушиш”, дейишмайдими? ИНДИГО сўзининг маъносини гуглдан сўрадим: «…дети индиго обладают высоким интеллектом, необычайной чувствителностью. И телепатическими способностями», деган таърифни топдим.
Ўйлаб ўйимга етолмадим, бу ерда айб кимда? Аслида бундай катта аудиторияни қамраб олган танловни баҳолаш учун бу соҳада бирор илми йўқ ашулачиларни ҳакамликка тайинлаб қўйган телеканалдами ёки математикани билмаслигини ўзи тан олиб туриб, бу соҳада Гиннесс рекордини янгилаб қўйган 12-14 ёш норасида қатнашчини бир четга отиб, рақсга тушган болани иқтидор деб ўринни бериб юборган «ҳакам»лардами?
Йўқ, менимча, айб ўша иштирокчи «калкулятор бола»да: бало борми, шуларга илмингни хор қилиб, фанни тушунмаган одамларга уқтиришга ҳаракат қилиб. Улар сен қилган ишни калкуляторда бажара олади-ку, сенинг жажжи миянгда миллиардлаб функциялар ўтиб кетаётганлигини улар тасаввур қилармиди? Тузсиз кўрсатувига чиқиб паст кетгандан кўра бира тўла Гиннесга ҳаракат қилганингда бўлмасмиди-я болагина?!
Aфсус, минг афсус.
Ҳурматли телеканал ходимлари, сизлар Ўзбекистонни ривожлантиришга ўз ҳиссангизни қачон қўшасиз, ўзбек халқини илм-маърифатли қилишга ўз улушини қўшадиган танловларни ўтказиб, зеҳни ўткир, билимли ёшларни олди-қочди қўшиқчи, раққослар олдида ўкситишни қачон бас қиласиз. Қачон телеканалларингиздаги артистлару отарчилардан вақт орттириб, олимлар, зиёлилар, маърифатпарварларга ҳам телеканал орқали ўз ибратли пурмаъно сўзларини айтишга имкон берасизлар? Президент юритаётган сиёсатда ақл-заковатли, ватанпарвар кадрларга эҳтиёж туғилаётган вақтда ёшлар онгини саёзлаштирувчи, илмли бола қолиб енгил-елпи соҳаларни танлаган ёшларни тақдирлайверсангиз, олимнинг қадрини бир пул қилишга ҳисса қўшасиз-ку? Ёки шунга ҳам Президент аралашиб, «етар», дейиши шартми сизларга? Ростдан ҳам ўртоқлар, етар-а?
Муаллифнинг фикрлари билан бўлишган журналист Шарофиддин Тўлагановга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
xabar.uz
Сўнгги фикрлар