Инвестиция – иқтисодиётимиз юраги
Аввал иқтисод, деганларидек, бугун ҳар бир инсон жамиятимиз пойдевори ва
тараққиётида ғоят муҳим ўрин тутувчи инвестиция ҳамда уларни юртимизга кўпроқ жалб этишни такомиллаштириш ҳақида кенгроқ билим ва тасаввурга эга бўлмоғи зарур.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари тарғибот гуруҳи қатор ташкилотларда, муассасаларда “Хорижий инвестицияларни Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этишни такомиллаштириш йўллари” мавзуида маърузалар ўқиб, тингловчиларнинг бу борадаги билим ва малакаларини оширишга хизмат қилмоқдалар.
“Савдогар” акционерлик-тижорат банкида ўтказилган давра суҳбати ҳам шу мавзуга бағишланди.
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбек ўз маврузасида хорижий инвестицияларни Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш истиқболлари ҳақида сўз юритди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида янги – 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном бериш таклиф этилди. Бу 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган,– деди деди маърузачи.–
Инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди. Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади.
Инвестицияларни қандай қилиб кўпайтирамиз, ижтимоий муаммоларни қандай ҳал қиламиз, деган саволлар олдимизда кўндаланг бўлиб турибди. Ҳар бир раҳбар – у вазир ёки марказий идора бошлиғи бўладими, депутат ёки сенатор бўладими, компания ёки хўжалик бирлашмаси раиси, вилоят ёки туман ҳокими бўладими – барча-барчамиз бу ишни энг биринчи вазифамиз, деб билишимиз зарур. Биз фақат инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришга эришамиз. Иқтисодиётдаги ижобий натижалар эса ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш имконини яратади.
Иқтисодий ислоҳотлар негизида қуйидаги мақсадлар мужассам:
– очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш учун зарур шароитларни яратиш;
– иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш;
– иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш орқали юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш;
– “яширин” иқтисодиётга қарши курашиш, унинг ҳажмини кескин қисқартириш;
– валютани эркинлаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, барқарор монетар сиёсатни амалга ошириш;
– иқтисодиётни ривожлантиришга доир стратегик вазифаларни рўёбга чиқаришга қодир малакали кадрларни тайёрлаш.
Бу мақсадларга эришиш учун қуйидаги устувор вазифаларни амалга ошириш талаб этилади.
Биринчидан, биз макроиқтисодий барқарорликни ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашимиз шарт.
Инфляцияни жиловламасдан туриб, макроиқтисодий барқарорликка эришиш мумкин эмас.
Жаҳон тажрибасини пухта ўрганиб, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, монетар сиёсатни такомиллаштириш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш концепциясини ишлаб чиқишимиз зарур.
Ўтиш даврида иқтисодиёт соҳасида статистик ҳисоботларни тўғри юритиш ва давлатнинг иқтисодий салоҳиятини аниқ баҳолаш жуда муҳимдир.
Шу орқали ялпи ички маҳсулотни холисона баҳолашга эришиш мумкин.
Шу мақсадда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро валюта фондининг Миллий ҳисоблар тизимини республикамизда 2020 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ жорий этишимиз лозим.
Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, биринчи навбатда, етакчи соҳалар ривожига бевосита боғлиқдир. Қайси соҳада юқори қийматга эга маҳсулот яратилса, биз ана шу соҳани биринчи навбатда қўллаб-қувватлаймиз. Шунинг учун иқтисодиёт ривожига жиддий туртки берадиган соҳаларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишимиз лозим.
Иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқишимиз керак. Шу асосда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ҳаётга татбиқ этишимиз зарур. Рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлиллар ҳам буни тасдиқламоқда.
Шунинг учун Ҳукуматга икки ой муддатда рақамли иқтисодиётга ўтиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилади. Бу борада ахборот хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Иккинчидан, иқтисодиётимиз ривожининг муҳим шарти бўлган фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттирамиз.
2019 йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.
Бу борада тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори жорий йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар оширилиб, 4,2 миллиард долларга етказилади. Натижада 142 та замонавий корхона ишга туширилади.
Келгуси йилнинг биринчи чорагида юртимиз тарихида илк марта Ўзбекистоннинг суверен давлат облигацияларини халқаро молия бозорларига чиқарамиз. Бу борада биз “J.P.Morgan”, “Citibank”, “Deutsche Bank” каби етакчи халқаро инвестиция банклари билан ҳамкорлик олиб бормоқдамиз.
Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун мамлакатимизнинг инвестиция салоҳиятини тўла намоён этиш чораларини кўришимиз керак.
Биз иқтисодиётимизга сармоя киритишга интиладиган инвесторлар учун ҳудудлар ва тармоқлар бўйича инвестиция лойиҳаларини пухта шакллантира олсак, бу масалада ижобий натижага эришиш мумкин.
Бу борада эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш лозим.
Биринчи навбатда, экспортга маҳсулот чиқараётган, инновацион ва юқори технологик ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларга ва чет эллик инвесторларга шундай имконият яратиш керак.
Учинчидан, банк ва молия тизимида ислоҳотларни жадал давом эттириш, соҳага замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш зарур.
Бугунги кунда банк тизимидаги энг асосий муаммо – улар капиталининг асосий қисми, яъни, 83 фоизи давлатга тегишли эканидир. Бу, ўз навбатида, банк секторида соғлом рақобатга тўсиқ бўлиб, хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир қилмоқда.
Ҳукумат ва Марказий банк халқаро молия институтлари кўмагида банк-молия тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиши лозим. Бунда банк тизимига хусусий ва хорижий капитал кириб келиши ҳисобидан биз давлат банклари улушини босқичма-босқич камайтириб борамиз. Бу эса соҳада рақобат муҳитини яхшилашга, тижорат банклари фаолиятини, кредитлаш сифати ва маданиятини ҳар томонлама оширишга хизмат қилади. Шунингдек, молия бозорлари, жумладан, фонд бозорини ривожлантириш ҳам янги иқтисодий шароитда асосий мақсадларимиздан бири бўлиши керак. Янги молиявий инструментларни жорий этиш ва облигациялар чиқариш орқали,банк хизматлари кўламини янада кенгайтириш, илғор ахборот технологиялари асосида банк тизимини ривожлантириш зарур.
Инвесторлар мамлакатимизда ўзини имкон қадар эркин ҳис қилишлари учун валюта бозорини янада эркинлаштириш талаб этилади.
Тўртинчидан, фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши керак. 2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин.
Афсуски, ялпи ички маҳсулотда “яширин” иқтисодиётнинг улуши катта бўлиб, бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш “яширин” иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўлидир. Шунинг учун бу борада таъсирчан чораларни назарда тутадиган алоҳида дастур ишлаб чиқишимиз зарур.
Бундан ташқари, ўзимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинаётган юқори ликвидли маҳсулотлар маркировкасини жорий этиш бўйича жадал иш олиб бориш талаб этилади.
Бешинчидан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилади. Буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратлари “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар. Ҳақиқатан ҳам, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз.
Олтинчидан, иқтисодиётни бошқаришда давлат аралашувини кескин камайтириш лозим. Бугун мамлакатимизда 603 та акциядорлик жамияти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 486 тасида давлат улуши 52 триллион сўмни ташкил этмоқда.
Еттинчидан, биз эркин бозор тамойилларини ўрнатмоқчи эканмиз, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш орқали соғлом рақобат муҳитини яратишимиз шарт.
Саккизинчидан, иқтисодиётимизни жаҳон бозорига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш устувор вазифадир. Келгуси йили экспорт ҳажмини 30 фоизга ошириб, 18 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўймоқдамиз. Биз экспортга йўналтирилган иқтисодиётга ўтишимиз, ички бозорда рақобат муҳитини шакллантиришимиз зарур.
Тўққизинчидан, ҳудудларни комплекс ривожлантириш тадбирларини изчил давом эттириш лозим. Иқтисодиётдаги тизимли ўзгаришлар натижасида ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши жорий йилда 35 фоиздан 37 фоизга ортиши кутилмоқда. Бироқ айрим шаҳар ва туманларда бу ўта муҳим масалага етарлича эътибор берилмаяпти.
Ўнинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиздир. Кейинги йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур.
Биринчидан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозим. Бу борада ишсизларни касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш ҳамда бошқа ижтимоий ёрдам усулларидан кенг фойдаланиш керак.
Иккинчидан, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур.
Учинчидан, илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарур. Халқимизда “таълим ва тарбия бешикдан бошланади” деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди.
Олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга қаратилган ишларни янада кучайтиришимиз зарур. Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9-10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли, биз бу рақамни 15 фоиздан оширишга эришдик. Лекин бу ҳали етарли эмас. Чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади. Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш – муҳим вазифамиздир.
Тўртинчидан, халқимиз генофондини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш лозим. Мақсадимиз – нафақат касалликни даволаш, балки унинг олдини олишдан иборат.
Бешинчидан, хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозим.
Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар билан ишлаш масаласи, бундан буён ҳам энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси фаолиятини янада кенгайтириш зарур.
Фарзандларимизнинг турли радикал ва зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик – асосий вазифамиздир. Бу борадаги ишларни янгича ёндашувлар билан давом эттиришимиз керак.
Олтинчидан, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уни муносиб турар-жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Еттинчидан, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш яна бир долзарб вазифадир.
Саккизинчидан, туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўришимиз лозим. Бизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд.
Тўққизинчидан, олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарур.
Давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилишимиз, илғор давлат менежменти ва “ақлли” бошқарув принципларига босқичма-босқич ўтишимиз лозим. Давлат идоралари халққа хизмат қилиши зарур.
Давра суҳбатида мазкур банк масъул ходимлари Азиза Раимжонова, Илҳом Азимов ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Тингловчиларни бу мавзуда қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди.
Шаҳноза ҚОСИМОВА,
“Савдогар” акционерлик-тижорат банки ходимлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Сўнгги фикрлар