Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерришга бизнинг минтақамизда биринчи марта бўлиб ўтаётган ушбу форумни ўтказиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун самимий ташаккур билдираман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, бошқа ҳамкор ташкилотлар, Осиё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг юқори мартабали вакиллари, шунингдек, кўзга кўринган хорижий давлат ва жамоат арбоблари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги етакчи экспертлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссия раҳбарлари ушбу форумда иштирок этаётганидан миннатдорман.
“Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида ўтказилаётган мазкур анжуманнинг долзарблиги ана шу асосий ҳужжатнинг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати билан белгиланади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет хоним таъкидлаганидек, “биз юксак адолат ва тенглик сари ҳаракат қилган тақдирдагина янада барқарор тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга эришмоғимиз мумкин”. Мен бу муҳим принципни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Тарих шундан далолат берадики, дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган.
Масалан, бундан 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик – “Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутади, зўравонлик ва адолатсизлик рад этилади.
Шунингдек, Шарқнинг буюк ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний XII асрдаёқ ўзининг “Ҳидоя” асарида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини сақлаш зарурлиги тўғрисида муҳим ғояни илгари сурган эди.
Ана шу муқаддас қадриятлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва мазкур форум кун тартибига ҳамоҳангдир.
Таъкидлаш жоизки, 70 йил аввал қабул қилинган Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш борасида янги имкониятлар очди.
Афсуски, бугунги кунда биз барчамиз ана шу ижобий жараёнга тўсқинлик қилаётган мураккаб ва зиддиятли тенденциялар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Бу ўринда жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётгани, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар ҳақида сўз бормоқда.
Иложсиз ҳолда ўз юртини ташлаб кетаётган кишилар ва қочқинлар сони тобора ортиб бораётгани, таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти йўқлиги, одам савдоси ва мажбурий меҳнат, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, қашшоқлик ва очликка барҳам бериш зарурати билан боғлиқ муаммолар мураккаблашиб бораётганига биз четдан томошабин бўлиб қараб туролмаймиз.
Шу маънода, бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ.Ҳурматли форум иштирокчилари!
Бугун Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган бир даврда биз “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган бош тамойилга амал қилмоқдамиз. Айнан ана шу тамойил 2021 йилгача Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Биз парламент ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирдик, жамоатчилик назорати институтларини мустаҳкамладик, фуқаролик жамиятини фаол ривожлантирмоқдамиз. Суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тубдан ислоҳ қилинмоқда. Оила институти ва жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизини мустаҳкамлаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда, баркамол авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш учун барча шароитлар яратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тузилмалар билан яқин шериклик кенгаймоқда, ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасида ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан амалий мулоқот йўлга қўйилган.
Биз ана шу муҳим ишларни қатъий давом эттирамиз. Бизнинг устувор вазифамиз инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш, унинг асосий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат.
Бу жамиятда тинчлик ва барқарорлик, фаровон ҳаётни таъминлашнинг асосий шартидир.
Ишончим комил, форум якунида қабул қилинадиган Самарқанд декларацияси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, бу эзгу ишни янги, янада юксак поғонага олиб чиқишга хизмат қилади.
Анжуман доирасида иштирокчилар томонидан илгари суриладиган таклиф ва ташаббуслар ҳамда уларнинг хулосалари инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий дастур ва стратегияларни ишлаб чиқишда инобатга олинади.
Форумнинг барча иштирокчилари ва меҳмонларига самарали фаолият олиб боришни, уларнинг мамлакатимизга ташрифи мазмунли ўтишини тилайман.
Сўнгги фикрлар