ИШҚ БЎЛМАСА
Шеърият шайдоларига
Бўйимиз тенгмас, вале, кўнгилларимиз мосдир,
Бирга бўлсак, кун – Наврўз, тун – Қадрга қиёсдир.
Ҳар либос оҳоридан мосуво бўлмай қолмас,
Фақат одобу ҳаё ҳеч тўзимас либосдир.
Ғаразли муҳаббатдан умрзоқлик кутилмас,
Меҳрда беғаразлик жон дўстлар учун хосдир.
“Ишқ асли эски – ҳар ёш уни қайта ёнгорто”1,
Ишқ бўлмаса бу олам эски ҳаммому тосдир.
Арғамчига қил қувват, дариғ тутма нигоҳинг,
Васлингга зор кўнгилга “ла ҳавла”2 иқтибосдир.
Ишқинг ғазалга солган Тўлқиндан етса нома,
Кўзингга сурмасанг ҳам, лабинг муҳрини бостир.
Тўлқин ЭШБЕК
2023 йил 25 декабрь
—————————————
1 татар шоири Ҳоди Тоқтош сатри
2 “Лаҳавла вала қуввата…” – “Фақат Аллоҳдан қувват сўрайман” ояти
Сўнгги фикрлар