Кашандалик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик

«Соғлом она – соғлом бола» концепцияси умуммиллий ҳаракат дастурига пайваста мазкур қўлланма ишингизда  қўл келсин, дейди Дониш домла.

му3

 Кашандалик. «Дунёда кашандалар сони тахминан 1,3 миллиард кишини (1,1 миллиард эркак, 230 миллион аёл) ташкил этаётгани бу офат кўлами нечоғли кенглигини исботламоқда»[1].

Тамаки тутуни ҳомиладор аёлга ва ҳомилага хавфли таъсир кўрсатади. Ҳомиладор аёл хоҳ фаол, хоҳ нофаол равишда сигарет чекканидан сўнг йўлдош қон томирлари спазми (торайиши) содир бўлади ва ҳомила бир неча минутга кислород етишмовчилиги ҳолатига тушади. Шунингдек, мунтазам чекишда ҳомила доимо сурункали кислород етишмовчилиги ҳолатида бўлади. Бунинг оқибатида ҳомила она қорнида секин ривожланади ва у турли хил патологиялар билан ёки бола муддатидан олдин, чала, вазн етишмовчилиги билан туғилиши мумкин. Чекувчи аёлдан туғилган чақалоқлар тутқаноқ хуружларига мойил бўлишади, эпилепсия билан кўпроқ касалланишади ва ақлий ривожланишдан орқада қолади. Ҳомиладорликда чекиш бола нобуд бўлиш эҳтимолини 15 маротаба оширади. Чекувчи она сутининг 1 литрида 0,5 мг никотин бўлиб, сут ёқимсиз ҳидли ва таъми ҳам бузилади, бундай сутни эмишдан бола бош тортади[2].

Тамаки жамоат соғлиғини сақлаш учун энг йирик хавф ҳисобланади. 2015 йилда ҳар олти сонияда бир киши ва йилига олти миллион инсон у билан боғлиқ касалликлардан, яна 600 минг инсон иккиламчи тамаки тутуни таъсирида нобуд бўлмоқда. Энг ёмони, уларнинг 1,5 миллиони хотин-қизлардир. 2030 йилга бориб бу миқдор 8 миллионга кўтарилиши мумкин.

ЖCCТ текширувларига кўра, Греция, Ирландия, Италия, Япония, Хитой, Кувайт, Филиппин, Россия, Швейцария, Франция ва Уругвайда чекиш инсонлар саломатлигига тобора кўпроқ зарар етказмоқда. Чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли Хитойда ҳар йили 1,2 миллион киши, Францияда 73 минг киши оламдан ўтмоқда.

Кашандаликнинг олдини олиш учун ҳозирги пайтда жаҳондаги 33 мамлакат тамакининг чакана савдосига 75 фоиздан ортиқ солиқ жорий қилган.

«Тамаки маҳсулотларига солиқларни ошириш уни истеъмол қилиш ҳажмини камайтиришнинг энг самарали усулидир, – дейди ЖССТ бош котиби Маргарет Чен хоним. – Ҳукуматлар саноатчиларнинг баҳоналарига эмас, балки соғлиқни сақлашда сиёсатнинг энг яхши шаклларини қабул қилиши керак».

ЖССТнинг тамакига қарши кураш бўйича ҳадли конвенцияси 2005 йили кучга кирган ва 170 мамлакат уни ижро этиш мажбуриятларини зиммасига олган. Конвенцияда ўз ифодасини топган тамакига талабни камайтириш бўйича тадбирларни амалга ошириш стратегияси (MPOWER) 2,8 миллиард инсонни қамради ва ҳозиргача миллионлаб одамлар ҳаёти сақлаб қолинди. MPOWER тамаки истеъмоли ва профилактика сиёсати мониторинги, тамаки тутунидан одамларни ҳимоя қилиш, унинг истеъмолидан воз кечишга ёрдам кўрсатиш, тамаки хавфи ҳақида кишиларни огоҳлантириш, тамаки рекламаси ва ҳомийлигини тақиқлаш, тамаки сотувига солиқни ошириш каби йўналишларни қамровчи дастурдир.

Айрим минтақаларда қизлар тамакини деярли ўғил болалар қатори истеъмол қилишмоқда. Масалан, ЖССТнинг Америка минтақасида 13-15 ёшдаги 23 фоиз ўғил болалар, 21 фоиз қизлар тамаки истеъмол қилмоқда. АҚШда аҳоли жон бошига кунига ўртача 6 донадан сигарет тўғри келса, Грецияда бу миқдор 12 донани ташкил этяпти.

Кунига икки қути тамаки чекувчи эркакнинг импотентга чалиниш хавфи чекмайдиган инсонларга қараганда 40 фоиздан юқори бўлар экан. Чекиш ёки тамаки тутунидан пассив нафас олиш хотин-қизларнинг бепуштлик касаллигига чалиниш сабабларидан бири ҳисобланади. Сигарет тутуни билан организмга кирувчи никотин ва бошқа зарарли кимёвий моддалар эстроген (овуляцияни тартибга солувчи гармон)нинг синтез бўлишига халақит қилади.

Чекувчи аёлларнинг бешдан бири гарчи иккиқатлик вақтида бу ёмон одатини ташлаётган бўлса-да, аввалги одатнинг зарари, барибир, ҳомилага таъсир этмасдан қолмайди. Кашанда аёлнинг боласи вазни енгил бўлиб туғилади. Аёл никотинни қанча кўп истеъмол қилса, туғилажак бола вазни шунча кам бўлади. Чекувчи аёлларнинг ҳомиласи юраги, мияси ва юзида нормадан четга чиқиш ҳолатлари кўп учрайди.

Чекиш жаҳоннинг айрим минтақаларида камроқ оммалашаётган бўлса-да, аммо кашандалар умумий сони муттасил ўсишда давом этяпти. Вашингтон университетининг Саломатлик кўрсаткичлари ва баҳолаш институти тадқиқотларига биноан, 2012 йилда ҳар куни 967 миллион инсон чеккан. Ваҳоланки, 1980 йилда уларнинг сони 721 миллиондан ошмас эди. Олимларнинг аниқлашича, ҳар куни сайёрамиздаги эркакларнинг 31  фоизи, аёлларнинг эса 6 фоизи чекмоқда.

Шарқий Тимор тамаки истеъмол қилиш бўйича жаҳонда биринчи ўринни ҳеч кимга бермай келмоқда. Бу ерда ҳар куни аҳолининг 61 фоизи чекади. Индонезия, Кирибати, Арманистон ва Папуа-Янги Гвинея «кучли бешлик»ни мустаҳкам банд этган. Энг кам чекувчилар Антигуа ва Барбуда ороллари, Сан Томе ва Принсипи, Нигерия, Эфиопия, Гана ҳамда Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. Бу давлатларда кашандалар аҳолининг 5 фоизига ҳам етиб-етмайди.

«Ҳукуматлар томонидан агар тамакига қарши ялпи сиёсат олиб борилганида, сигаретлар сотувига солиқлар оширилганида, чекишни тақиқлаш бўйича қонунлар қабул қилинганида миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлар эди», – дейди профессор Кристофер Мюррей.

2004 йилда Бутан ўз ҳудудида тамаки ва тамаки маҳсулотларини сотишни бутунлай тақиқлади ва шахсий эҳтиёж учун уни четдан олиб кирувчилар учун 100 фоизлик божхона тўловларини жорий қилди. У бундай қатъий қонунга эга дунёдаги ягона давлатдир.

АҚШ, Хитой ва Буюк Британия тамакини энг кўп ишлаб чиқарувчилар, Хитой, Яман, Камбоджа ва Жибути аҳолиси асосий истеъмол қилувчилар ҳисобланади[3].

Тамаки компаниялари ишчиларининг ўртача маоши бошқа корхоналар ходимлари ойлигидан икки маротаба баландлиги ҳам тармоқ ривожини рағбатлантиради. 2013 йилда етакчи тамаки компаниялари – «Philip Morris International» (АҚШ, 31,4 миллиард доллар), «Japan Tobacco» (Япония, 24,6 миллиард доллар), «British American Tobacco» (Буюк Британия, 24,1 миллиард доллар), «Imperial Tobacco» (Буюк Британия, 23,7 миллиард доллар), «Altria Group» (АҚШ, 17,5 миллиард доллар), «ITC» (Ҳиндистон, 5,2 миллиард доллар), «Gudang Garam» (Индонезия, 5,2 миллиард доллар), «Lorillard» (АҚШ, 4,6 миллиард доллар), «Reynolds American» (АҚШ, 4,4 миллиард доллар), «KT&G» (Жанубий Корея, 3,7 миллиард доллар), «Swedish Match» (Швеция, 1,8 миллиард доллар) ва бошқалар жами 140 миллиардга яқин даромад кўрди.

ЖССТ болаларни асраш мақсадида ҳукуматларни тамаки истеъмоли саҳналари бўлган фильмларни томоша қилишни чеклашга чақирмоқда. Ҳар йили минглаб болалар кинонинг қудратли таъсирида чекишни бошлаб юборяпти.

«Фильмлардаги чекиш саҳналари тамаки маҳсулотларининг таъсирчан рекламаси ҳисобланади, – дейди ЖССТнинг Ноюқумли касалликлар профилактикаси бўйича департаменти директори Дуглас Беттчер. – Тамакига қарши кураш бўйича ЖССТнинг ҳадли конвенциясида тамаки рекламаси, унинг сотувларини рағбатлантириш ва ҳомийлик қилиш қораланади».

Ўттиз етти фоиз ёшлар экрандаги чекиш саҳналари таъсири остида бу йўлга қадам қўяр экан. АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази баҳосига кўра, 2014 йилда кино саҳналари 6 миллион боланинг чекишга иштиёқини оширган. Бинобарин, Ҳолливуд фильмларининг 44 фоизида чекиш саҳналари борлиги аниқланди. 2002–14 йилларда энг кассабоп фильмларнинг 59 фоизида тамаки истеъмоли саҳналари жойлаштирилган. АҚШ бош санитар врачи келгусида бундай лавҳаларнинг олиб ташланиши ёшлар ва ўсмирлар ўртасида тамаки истеъмол қилиш билан боғлиқ 1 миллион ўлим ҳодисасининг олдини олиши мумкин, деб ҳисоблайди[4].

Хитойда чекиш саҳналарининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетмаслиги ҳақида қарор қабул қилингани, Ҳиндистонда миллий фильмлар ва теледастурларда тамаки маҳсулотлари ҳамда уларнинг маркаларини кўрсатишни чеклаш бўйича янги тартиб жорий этилгани ибратли иш бўлди.

Қолаверса, сўнгги йилларда электрон сигаретлар ёшлар ўртасида, айниқса, оммалашмоқда. 2013 йили АҚШда унинг савдоси 2 миллиард долларни ташкил қилди. Европа қитъаси мамлакатларида ҳам тахминан шунча сигарет сотилган. Электрон сигаретлар даволанишнинг қандайдир ажралмас қисми бўлган дори воситаси эмаслиги аён. Шу сабабли 2010 йили Германия ва АҚШ электрон сигаретларни дори воситаси сифатида тавсифлаш ҳақидаги қарорни бекор қилди.

Ичкиликбозлик. Спиртли маҳсулотларнинг кўп истеъмол қилиниши ҳам, наинки алоҳида шахсларни, балки умуммиллат саломатлигига дахл қилмоқда.

Спиртли ичимликлар бозорини ўрганиш билан шуғулланадиган «IWSR» (International Wine & Spirit Research) компанияси маълумотларига кўра, 2012 йилда дунё миқёсида спиртли ичимликлар истеъмоли 27 миллиард литрга етди. Ҳар йили спиртли ичимликлар истеъмоли билан боғлиқ 3 миллион ўлим қайд этилмоқда.

Ўсмирлар ва туғиш ёшидаги аёллар ҳисобига пиво ва кам қувватли алкоголь ичимликлари савдоси ҳажми ортмоқда. 2010 йил майда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси алкоголнинг зарарли истеъмолини қисқартириш бўйича Глобал стратегияни қабул қилди.

Гиёҳвандлик. «Енгил наркотиклар» деб аталувчи воситаларни айрим мамлакатлар легаллаштираётгани кишини хавотирга солмоқда. Чунки гиёҳванд воситалар глобал хавфсизликка ва давлатлар тараққиётига рахна солади, мамлакат ва минтақаларда беқарорликни келтириб чиқаради, террорчилар ва трансмиллий жиноятчилар тегирмонига сув қуяди. Инчунин, ҳар йили гиёҳвандлик воситаларининг 320 миллиард долларлик ноқонуний айланмаси амалга оширилмоқда. Интерполнинг маълум қилишича, гиёҳванд моддаларнинг олди-сотдиси жиноий гуруҳларга йилига 500–800 миллиард доллар фойда келтирмоқда. Биргина марихуананинг йиллик айланмаси 142 миллиард долларни ташкил қиляпти.

Халқаро ҳамжамият томонидан Наркотик моддалар тўғрисидаги умумий конвенция (1961 й.), Психотроп моддалар тўғрисидаги конвенция (1971 й.), Наркотик моддалар ва психотроп моддалар ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисидаги конвенция (1988 й.) қабул қилинганига қарамай, «қора ажал» қурбонлари йил сайин ортиб бормоқда.

2016 йил апрелида БМТ Бош Ассамблеяси махсус сессиясида қайд этилганидек, бугунги кунда дунёда 256 миллион гиёҳванд бўлиб, уларнинг 182 миллиони марихуана, 48,9 миллиони героин, 17 миллиони кокаин, қолгани эса анфетаминлар, экстаз ва бошқа моддаларни истеъмол қилмоқда[5]. 27 миллион банги зудлик билан даволанишга муҳтож. Ҳар йили дозасини ошириб юборгани ёки гиёҳванд моддалар истеъмолининг бошқа сабабларига кўра 207 мингдан зиёд инсон ҳаётдан кўз юммоқда[6].

Криминологик кузатувларнинг аксарияти эса содир этилаётган қотиллик, зўравонлик, фаҳш, безорилик каби жирканч жиноятлар, асосан, гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмоли туфайли юз бераётганини кўрсатмоқда. Агар спиртли ичимликлар истеъмоли 35 фоизга камайтирилса, қотиллик жинояти 40 фоизга, безорилик эса 25 фоизга қисқариши мумкин экан[7].

Лазиз Раҳматов,

журналист

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 2016 йилда чоп этилган “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)” қўлланмасидан олинди.

(Давоми бор. Сайтимизни кузатиб боринг)

ЎзМУ Журналистика факуьтетида таҳсил олган истеъдодли ижодкор Лазиз Раҳматовнинг мазкур китоби ўқувчини маънан бойитишга хизмат қилади.

Сайтимизнинг фаол мухлислари ва зукко талабаларимиз мухтасар фикрномаларини баҳам кўришларига умид қиламиз, дейди Дониш домла.

му5

[1] Муҳаммаджонов О., Зарарли одатларга қарши кураш // «Маърифат» газетаси, 2016 йил 22 июнь, № 50 (8907), 12-бет.

[2] Болтаев Э., Умрнинг кушандаси // «Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, Здравоохранение Узбекистана» газетаси, 2016 йил 20 май, № 20 (1093) 5-бет.

[3] К 2030 г. от курения ежегодно будет умирать 10 млн человек, РБК (10 ноября 2007). Проверено 6 августа 2014.

[4] Фильмы, где демонстрируются сцены курения, должны быть ограничены для просмотра, чтобы уберечь детей от пристрастия к курению, 1 февраля 2016 г. | Женева. http://www.who.int/mediacentre/news/releases/2016/protect-children-from-tobacco/ru.

[5] США: империя наркоторговли, 18.12.2015, Лайла Тахельдин (Laila Tajeldine),  http://inosmi.ru/eco-nomic/20151218/234850836.html.

[6] В Нью-Йорке завершилась 30-я Специальная сессия Генеральной Ассамблеи ООН по наркотикам, http://www.un.org/russian/news/story.asp?NewsID=25813#.Vypl73Z6SUk, 21.04.2016.

[7] Муҳаммаджонов О., Зарарли одатларга қарши кураш // «Маърифат» газетаси, 2016 йил 22 июнь, № 50 (8907), 12-бет.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *