“ЛАГАН” (Ҳазил)
Байрам куни бўлди томоша,
Чинни лаган олди-ю Норхол,
Ҳадя этди боғча опага,
Пинҳон тутиб эридан алҳол.
Лаганига ёздирмиш битик:
“Гўзал кентдан бўлсин эсдалик!”
Гоҳ ҳаётда саломга қараб,
Ҳар бандаси олади алик…
* * *
Қуллуқ қилиб оларкан совға,
Боғча опа енгил тортади.
Ахир, у ҳам мактабни ўйлаб,
Ташвишлари мудом ортади.
Муаллимга совға керак, деб
Қилган эди ўғли хархаша.
Шу лаганни ҳадя этса-чи?
Обрўсига бўлар яраша!
* * *
Лагандаги битикни ўқиб,
Яйраб кетди муаллим роса.
Кичкинтойи шифохонада,
Дўхтиргаям керак муроса…
* * *
Сайқал бериб ёзилган битик,
Ёқиб тушди дўхтирга чунон.
У лаганни завқ билан кўриб,
Хаёлидан гап ўтди шу он.
Сал тўполон қилиб тўнғичи,
Қонатганди бировнинг бурнин.
Арзимаган зўравонлик ҳам,
Панжарадан топаркан ўрнин…
Лаганини кўтариб аста,
Дўхтир жўнар миршабхонага.
Шапкавойлар каттасининг ҳам,
Раҳми келар бундай онага…
* * *
Тошбағирмас, миршаб ҳам ота!
Босди-босди қилар ғавғони.
Бола ёш-да, эси кирар деб,
Сўнг ўзи ҳам олди совғани.
Иши битгач, миршаб завқ билан,
Уйига сим қоқади дарҳол:
– Алло, ошни дамлагин боплаб,
Лаган ҳадя этаман, Норхол!
* * *
Алқисса шу, сир бўлди ошкор,
Бека танир у “атаганин”.
Остонада масхара бўлиб,
Эри мақтар ўша лаганин…
Тўлқин ЭШБЕК
Қойил! )) Сендан угина, мендан бугина дейилармиди?
Э қойил-эээээ! Гап йўқ! яшанг устоз!
Zor. Ustoz bundan ham go’zal hazil sherlarni kutib qolamiz sizdan. Ko’p yashang
Aylanib aylanib lagan yana öz joyida
Bu she’r sendan ugina mendan bugina yoki kasalni yashirsang isitmasi oshkor qiladi qabilida bo’libdi.Qoyil.
Ey, qoyil! Rost)) Hazilning tagida zil gap yotibdi. 😀
Qoil qolmasdan ilojimiz yo’q. Zo’r. Bu kabi she’rlar odamni o’ylashga majbur etadi.