Мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август

куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур

Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Президентимиз йиғилишда мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди.

Ҳақиқатан ҳам, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.

Маълумки, мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.

Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди.

Ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Сўнгги уч йилда юртимизда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди.

Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар очиб бермоқда.

Таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири борлиги ҳисобга олиниб, кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида халқ таълими тизимига 12 минг 871 нафар эркак ўқитувчи қайтди.

Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу олис ҳудудларда етишмаётган мингдан зиёд ўқитувчини жалб этиш имконини берди. Нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсияси тўлиқ миқдорда берилмоқда.

“Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи, деб биламиз, – деди Президентимиз. – Мактаблар тизимини ривожлантириш учун бундан буён ҳам маблағни, имкониятни асло аямаймиз. Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ”.

Аммо амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга қарамасдан, таълим тизимида ҳамон тизимли муаммолар борлиги, мактабларнинг моддий-техник базаси, айрим педагог ходимларнинг билим ва малакаси бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги йиғилишда танқид қилинди.

Таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган тамойилга асосланган ҳолда, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини пухта ишлаб чиқиш, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

“Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида халқ таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, муаммоларни комплекс ҳал этиш масалалари чуқур таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.

Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

“Мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантирмасак, унинг ҳаёт сифати даражасини оширмасак, ислоҳот, натижа ҳақида гапира олмаймиз”, деди Президент.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва Халқ таълими вазирликларига 2020 йилда халқ таълими ходимлари ойлик иш ҳақини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этишни янада рағбатлантириш учун уларга уй-жойлар, автотранспорт учун кредитлар бериш ҳам кўзда тутилган.

Бу ишлар давлатимиз томонидан изчил давом эттирилади. Лекин бу – масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, ўқитувчи ва мураббийларнинг ўзи ҳам билим ва касб маҳоратини ошириш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш, ҳалол меҳнати ва ташаббускорлиги билан бу касбнинг обрўсини ошириши кераклигига урғу берилди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, ҳудудларда 6 та педагогика институтлари фаолият кўрсатмоқда. Республика таълим маркази, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, вилоятларда ҳам шундай институтлар бор. Лекин ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг билим ва малакасини юксалтиришда, афсуски, уларнинг ўрни сезилмаяпти.

Йиғилишда педагогика йўналишидаги олий ўқув юртлари фаолиятини танқидий ўрганиб, такомиллаштириш, уларни энг нуфузли таълим муассасаларига айлантириш, педагогликка мойиллиги бўлган ёшларни мақсадли тарбиялаб бориш бўйича вазифалар белгиланди.

Президент мактаблари ва ижод мактаблари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида тузилма ташкил этилиши маълум қилинди.

Мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш муҳимлиги таъкидланди.

Оиладаги таълим-тарбия муҳити, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлиги масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Мактаб ҳаёти, фидойи ўқитувчилар ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, саҳна асарлари ва видеороликлар яратиш бўйича тавсиялар берилди.

“Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда иштирок этган раҳбар ва мутасаддилар, таълим соҳасида фаолият юритаётган тажрибали ва фидойи муаллимлар, зиёлилар, маҳалла фаоллари муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикр-таклифларини билдирдилар.

http://uza.uz/oz/politics/maktab-talimini-rivozhlantirish-umumkhal-arakatiga-aylanishi-23-08-2019

***

Президент: “Ўзингиз айтинг, ўз халқининг тарихини, маънавий ва диний қадриятларини ҳурмат қилмайдиган, уларни ҳимоя қилишга қодир бўлмаган одам ватанпарвар ва элпарвар бўлиши мумкинми?”

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни таълим тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

“Биз кейинги пайтда, минг афсуски, “маънавият” тушунчасининг обрўйини тушириб юбордик. Маънавиятга гўёки кераксиз нарсадек муносабатда бўлдик. Бугун кўпчилик ёшлар онгини истеъмолчилик кайфияти, Ватан, эл-юрт тақдирига бепарволик, “оммавий маданият” кўринишлари эгаллаб олмоқда. Ўзингиз айтинг, ўз халқининг тарихини, маънавий ва диний қадриятларини ҳурмат қилмайдиган, уларни ҳимоя қилишга қодир бўлмаган одам ватанпарвар ва элпарвар бўлиши мумкинми?

Буюк аждодларимиз ўзларининг илмий ва ижодий кашфиётлари билан дунёга устозлик қилишган. Бошқаларга эргашмаган, балки бошқаларни ўз ортидан эргаштирган. Биз ҳам эргашувчи эмас, эргаштирувчи кучга эга халқ бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, тараққиёт йўлидан чеккага чиқиб, яна таназзул ботқоғига ботамиз. Ота-боболаримиз эришган марраларни осонгина бой бериб қўямиз. Бу аждодлар руҳига, келажак авлодларимизга хиёнат эмасми? Бу соҳада бугун шошилинч чоралар кўрмасак, эртага кеч бўлади.

Жойларда мактабларнинг қурилиши, ўқув йилига тайёргарлик учун ҳокимлар ва сектор раҳбарлари шахсан масъул. Лекин уларнинг баъзилари бу масалага етарли эътибор қаратмаяпти. Шу сабабли, Халқ таълими вазири ва тизим бошқарув ходимлари бундай ташкилий ишлар билан овора бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, Халқ таълими вазирлиги ижтимоий ҳаётимиздаги, ҳукуматдаги нуфузи ва таъсирига кўра Молия вазирлиги билан баробар бир мавқеда туриши керак.

Вазирлик ва унинг бўлинмалари таълим-тарбиянинг мазмуни, ўқув дастурлари, унинг сифати ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратиши зарур. Мисол учун, бугунги кунда республикамиз бўйича 400 номдаги 32 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр қилинган. Бу режадаги кўрсаткичнинг фақатгина 87,5 фоизини ташкил этади. Бу масалалар билан бевосита шуғулланиши лозим бўлган Республика таълим маркази, Абдулла Авлоний номидаги раҳбар ходимлар малакасини ошириш институти, вилоятларда ўқитувчилар малакасини ошириш институтлари бор. Низомий номидаги бутун бир университет, ҳудудларда 6та педагогика институтлари мавжуд.

Лекин бу тузилмалар ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг билим ва малакасини ошириш, дарсликлар савиясини яхшилаш учун қандай амалий ишларни қилмоқда? Бундай салоҳиятдан нима учун унумли фойдаланилмаяпти? Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, олий таълим вазири И.Мажидов, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов бунга нима дейди?”

 

http://xs.uz/uzkr/post/prezident-ozingiz-ajting-oz-khalqining-tarikhini-manavij-va-dinij-qadriyatlarini-hurmat-qilmajdigan-ularni-himoya-qilishga-qodir-bolmagan-odam-vatanparvar-va-elparvar-bolishi-mumkinmi

***

Шавкат Мирзиёев: «Ўзим кўп йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаганим учун бу соҳанинг қанчалик қийин ва машаққатли эканини яхши биламан»

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, давлат раҳбари йиғилиш давомида ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўси мавзусини тилга олган.

«Мен муаллимларнинг жамиятимиздаги обрўсини ошириш ҳақида кўп ўйлайман. Чунки ўзим кўп йиллар олийгоҳда домла бўлиб ишлаганим учун бу соҳанинг қанчалик қийин ва машаққатли эканини яхши биламан.

Албатта, бу борада моддий қўллаб-қувватлаш муҳим, лекин бу касбнинг обрўсини фақат ўқитувчининг ўзи фидокорона меҳнати, ўз устида тинимсиз ишлаши, бошқаларга ўрнак бўлиши билан ошира олади. Биз энди жамиятимизда ўқитувчиларни «сиз»лаб, уларнинг шаъни ва ҳурматини бошимизга кўтарадиган, уларни том маънода келажак бунёдкорлари, деб улуғлайдиган муҳитни яратишимиз зарур.

Биз ёш пайтимизда таниқли адиб Парда Турсуннинг «Ўқитувчи» деган романи бўларди. Мен шу асарни жуда қизиқиб ўқиганман. Бош қаҳрамон — фидойи муаллим Элмурод образи мени ҳаяжонга солган. Буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг «Биринчи муаллим» қиссаси ҳам яхши кўрган асарларим қаторига киради.

Лекин, савол туғилади — нима учун барчамизга таълим-тарбия бериб, бизнинг камол топишимиз учун ўзини аямасдан фидойилик кўрсатган мўътабар зот — азиз ўқитувчи ва устозлар ҳақида бугун ана шундай асарлар, фильм ва спектакллар яратилмаяпти?

Агар ҳозирги мактабларимиз ҳаёти ҳақида битта зўр бадиий асар ёки фильм ишланса, жамиятнинг онг-у тафаккурини ўзгартиришга кучли таъсир ўтказиши табиий», — деди давлат раҳбари.

https://kun.uz/news/2019/08/24/shavkat-mirziyoyev-ozim-kop-yillar-oqituvchi-bolib-ishlaganim-uchun-bu-sohaning-qanchalik-qiyin-va-mashaqqatli-ekanini-yaxshi-bilaman

***

Ўзбекистонда университет ва институтлар мактабларга бириктирилади

Фото: ЎзА

Ўзбекистонда университет ва институтлар мактабларга бириктирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

«Вазирлар Маҳкамаси (Арипов), Халқ таълими вазирлиги (Шерматов), Олий таълим вазирлиги (Мажидов) бир ой муддатда барча ҳудудларда фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Университет ва институтларни, уларнинг кафедра ва деканатларини мактабларга бириктириш лозим. Яъни улар мактабларни «оталиққа олиш»лари керак», — дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан олдин, президент Халқ таълими вазирлиги ижтимоий ҳаётимиздаги, ҳукуматдаги нуфузи ва таъсирига кўра Молия вазирлиги билан баробар бир мавқеда туриши кераклигини айтган эди.

https://kun.uz/news/2019/08/24/ozbekistonda-universitet-va-institutlar-maktablarga-biriktiriladi

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *