Маърифатли инсон қандай бўлиши керак?
ЎзМУ профессор-ўқитувчилари айни кунларда маънавий-маърифий тарғибот ишларида фаол иштирок этмоқдалар
Педагог ходимлар даврасида маънавий-маърифий мавзуда суҳбат қуришнинг ўзи бир сабоқ.
Таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган мураббийлар бу мавзу устида ҳар куни изланишларига тўғри келади. Демакки, бу борада ҳар бир мураббий муайян билим ва тажрибага, ўзининг мустақил фикрига эгадир. Яқинда Республика Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида бўлиб ўтган ижодий учрашувда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек ҳар бир мураббий аввало ўқимишли инсон бўлиши зарурлиги ҳақида сўз юритди. Яъни, ўқимишли инсон айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Ўқимасдан гапирган одам хатоликка йўл қўйиши кўп кузатилган. Маълумки, ҳар бир фикр ёки сўзнинг қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:
- Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
- Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
- Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).
Маънавият бобида сўз юритганда ҳам аввало унинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказишини маърузачи қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик сўзларнинг ҳам мазмун-моҳиятини тушуниб олиш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилиб турган зиёли ютқазмайди.
Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир. Суҳбат асносида маърузачи сўнгги пайтларда “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзи кимсалар “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини, ваҳоланки, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилганини изоҳлаб берди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг яқинда нашр этилган “Сўз латофати” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.
Юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин ва теран фикр-мулоҳазалар “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўз ифодасини топган. Бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур, деди маърузачи. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари ғоят муҳим манба ва таъбир жоиз бўлса – ишончли қўлланма, дейиш ўринлидир. Бу асарни қанчалик чуқур ўргансангиз, шу қадар маънавий юксакликка эришавераверасиз, деди маърузачи. У мазкур асар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, асрлар давомида не-не босқинларни кўрган аждодларимизни ҳеч ким тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қила олмаганини қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Бундан кўриниб турибдики, энг қудратли, енгилмас КУЧ – юксак маънавият бўлган экан!
Суҳбат давомида ёзувчи Ёвдод Илёсовнинг “Сўғдиёна” романида ана шундай босқинлар ҳақида қизиқарли маълумотлар баён этилгани, алалхусус, бир замонлар Александ Македонский ўз армияси билан қай тариқа бостириб келгани, заминимизни вайрон қилгани, “Авесто”дек нодир асаримизнинг катта қисмини ўтга ташлатиб ёндиргани, ниҳоят ўзи ҳам аянчли қисматга дучор бўлгани ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Энг қизиғи, ўша босқинчилар ҳам буюк аждодларимизнинг юксак маънавияти таъсирида аста-секин туб ерли маҳаллий халқ бағрига сингиб кетгани тарихий ҳақиқатдир.
Кейинчалик юртимизга тиғ кўтариб келишган эронийлар, араблар, мўғуллар ва бошқа босқинчиларнинг ҳам қисматлари шундай якун топгани кўплаб адабиётларда ва илмий-оммабоп мақолаларда теран ёритиб берилгандир.
“Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида баён этилганидек, эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.
Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган.
Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.
Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Она юртимиз бахту иқболи – маънавий-маърифий суҳбатларимиз бош мавзусига айланган. Она Ватанимизнинг буюк келажаги йўлида хизмат қилиш ҳар биримиз учун – энг олий саодатдир!
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китоби мазмун-моҳиятини теран ўрганишга бағишланган суҳбатда Тошкент шаҳар халқ таълими мутасадди ходимлари шундай хулосага келдилар.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур китоби давримизнинг ўзига хос солномаси бўлган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Эътибор берган бўлсангиз, муҳтарам Юртбошимизнинг турли йилларда чоп этилган китоблари номларидаёқ ўша даврдаги ҳаётимиз, бошимиздан кечирган воқеа-ҳодисалар моҳияти акс этганини англайсиз. “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг”, “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”, “Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик”, “Ислоҳотдан мақсад халқ турмуш даражасини юксалтиришдир”, “Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин”, “Бунёдкoрлик йўлидан”, “Янгича фикрлаш – давр талаби”, “Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан”, “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”, “Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз”, “Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз”, “Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак”, “Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли”, “Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ”, “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди”, “Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир”, “Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида”, “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари”, “Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш – мамлакатимиз тараққиётининг асосий мезонидир”, “Мамлакатимизни янада обод этиш ва модернизация қилишни қатъият билан давом эттириш йўлида” “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”…
Бу китоблар номида ҳам, уларнинг замирида ҳам ўша даврдаги воқеликлар ўз аксини топган. Мана энди бугунги дориломон кунларга хос-у мос китоб: “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир”. Давлатимиз раҳбарининг бу янги китобида Она юрт бахту иқболи ҳақида фахр билан сўз юритилмоқда! Буюк келажагимиз йўлида хизмат қилиш – энг олий саодат эканлиги ҳақидаги фикрлар ҳар биримизга ғурур бахш этади.
Шуни фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобининг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзлари, Президентимиз Ислом Каримов бўлса, асосий қаҳрамонлари – Юртбошимиз атрофига жипслашиб Ватан равнақи учун астойдил хизмат қилаётган заҳматкаш халқимиз, мўл-кўл ҳосиллар етиштираётган бободеҳқонлар, серҳосил боғлар яратаётган боғбонлар, замонавий бинолар барпо этаётган бунёдкорлар, равон йўллар қуришаётган йўлсозлар, борлиққа нур таратаётган энергетиклар, узоқ манзилларни яқин қилишаётган ҳаво кемаларидан тортиб поезду автомобилларгача бошқариб келишаётган фидойилар, зиёлилар, олимлар, ихтирочилар, санъат ва маданият ходимлари, пиру бадавлат отахону онахонлар, камол топаётган ёшлар ва барча эзгу ниятли замондошларимиздир!
Ушбу китобда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш, жумладан, ижтимоий соҳалар – таълим-тарбия, илму фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, жамиятимизда аёллар, кексалар ва ёшларнинг ўрни, уларга янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар; ҳар бир ҳудуд ва минтақа бўйича яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган режалар, устувор лойиҳалар; қадимий ва янги тарихимиз ҳақида, собиқ советлар тузуми моҳиятини фош этадиган мисоллар, бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида бу тузумни тиклашга бўлаётган ҳаракатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлари ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён қилинган. Китобда баён этилган кўплаб воқеа-ҳодисалар мустақил Ўзбекистонимиз, халқимизнинг янги тарихини ўрганишимизда ғоят қимматли манбадир.
Ўтмишини унутган халқнинг келажаги қандай бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борадаги билим ва маънавий оламимизни янада бойитиш учун ҳаётга теран нигоҳ билан боқиш билан бир қаторда ушбу мавзудаги ишончли манбаларни, китобларни чуқур ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
Бу китобнинг асосий мазмун-моҳияти унинг мундарижасидан ўрин олган мавзуларида ўз ифодасини топган. Китобга битилган сўзбошида қайд этилганидек, 2015 йил 29 март куни юртимизда улкан сиёсий воқеа Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Бу ҳакда сўз юритганда, аввало, ҳар томонлама юқори савияда, муқобиллик асосида ўтган бу сайлов мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида яна бир муҳим, ҳал қилувчи босқич бўлиб, халқимизнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончи нақадар мустаҳкам экани, унинг сиёсий-ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, Ватанимизнинг бугунги ва эртанги такдири учун дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётганини амалда яққол намоён этганини таъкидлаш лозим.
Мазкур тўпламнинг бош ғоясини қуйидаги сўзларда мужассам бўлган энг муҳим ўзак фикр ташкил этади: «Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда «Эртага ким бўлишимиз. кандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим». Китобда шундай ёндашув асосида мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли теран таҳлил қилиниб, бу ҳаётий саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоблар берилган.
Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этган ушбу китоб биз учун аввало янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини яна бир бор кашф этишга асос бўлади. Шу билан бир қаторда бу асар жамиятимиз тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, эртанги кунга умид ва ишонч туйғуси билан қарайдиган барча замондошларимиз, айниқса, дунёқараши муносиб шаклланаётган ёшлар давлатимиз раҳбарининг бу китобини зийраклик билан ўқиб ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.
Давра суҳбати иштирокчилари бу китобдан ўрин олган мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Ҳар қандай китобни ўқиш билан бирга унинг мазмун-моҳиятини теран уқиб олиш учун у ҳақда жонли мулоқотлар жуда муҳим ўрин тутади. Маънавият тарғиботчиси бўлган педагог ходимлар “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобида баён этилган эзгу ғоялар моҳиятини теран англаган ҳолда эл ичра маънавий нур ва зиё таратишни ҳам олий саодат деб биладилар.
Эркин УСМОНОВ,
журналист,
Суратлар муаллифи Нурбек РАЖАБОВ
Сўнгги фикрлар