Мақсад – етук кадр бўлиб етишиш
Олий таълим муассасасида таҳсил олаётган иқтидорли йигит-
қизларнинг эзгу ниятлари – етук кадр бўлиб етишиш ва эл-у юртига муносиб хизмат қилишдир.
Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари орасида иқтидорли ва ноёб истеъдод соҳиблари кўпчиликни ташкил этади. Улар илм-фан сирларини янада мукаммалроқ эгаллашлари учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида алоҳида имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шафелигида мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасидан чинакам иқтидорли ёшларни топиб, суҳбат асносида ўқишлари ЎзМУга кўчирилди. Ҳозирги кунга қадар бундай иқтидорли ёшлар сони 200 нафарга яқинлашди.
ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ана шу иқтидор соҳиблари билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Унда талабаларга пухта илм олиш, инглиз ва бошқа хорижий тилларни ҳам мукаммал ўзлаштириш баробарида илмий изланишлар, тадқиқотлар, инновация билан ҳозирданоқ шуғулланиш, бунинг учун академиклар, профессорлардан илм-фан сирларини пухтароқ ўрганиш мақсадга мувофиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.
– Бугун ҳурматли ректоримиз Авазжон Мараҳимов билан очиқ мулоқотимиз бизга маънавий қанот бахш этди. Мен Фарғона давлат университети Ижтимоий-иқтисодий факультетида ўқиб юрган кезларим Тошкентда таҳсил олишни орзу қилардим. Ҳеч бўлмаса магистратура босқичини пойтахт шаҳримизда давом эттиришни ният қилган эдим. Бу орзуимга анча барвақт эришдим. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган танловда иқтидорли талабалар сафида сараландим. Айни пайтда ЎзМУ талабалари сафида ўзимни нақадар бахтиёр ҳис этган ҳолда таҳсил оляпман. Албатта, бу даргоҳда берилаётган билимлар савияси, илмий жиҳатдан мукаммаллиги билан ажралиб туради,– дейди Ижтимоий фанлар факультети 2-курс талабаси Салимабону Масирова.– Бу даргоҳда ҳар бир фан сирларини етук мутахассис домлалар ўргатаётгани билим ва тасаввурларимни янада кенгайтирмоқда. Келгусида устозлар қаторидан ўрин олганимда ёш авлодга мана шундай юксак савияда дарс беришни ният қилдим.
Ошкора мулоқотда иқтидорли талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар