Маҳорат мактаби: Мухбир ва “Чио-чиосан”
Бўлғуси журналистларга машғулотни бошлашдан аввал адабиётларни
эълон қила бошладим. Аввало муҳим илмий-назарий манбалар, мутахассисликка оид дарсликлар, сўнг «қўшимча»ларига ўтдим:
– Нусрат Раҳмат. “Мен мухбирман”…
Гапим бўғзимда қолди. Камолиддин (исмини ўзгартирдик) деган талаба гўё энг “нокамтарона” гап эшитгандек ҳайқириб юборди:
– Йўғ-е!!
Уни тўғри тушундим. Ҳарқалай, ижод майдонига энди қадам қўя бошлаган ҳаваскор: «мен мухбирман» ёхуд «шоирман», «адибман» деса баъзилар наздида «мақтанчоқ»дек туюлади. Зўр китоблари ила донг таратган адиб ё шоир ўзини «мухбир» деб ёзса, нима бўлади?.. Ҳаваскорнинг гапи қанчалик манманликдек туюлса, таниқли адибники шунчалик камтарлик ҳисобланишини, Нусрат Раҳмат ҳам камсуқумлиги билан айнан МУХБИР деган сўзнинг салмоғини бир қадар кўтарганини бу талаба ҳали тушуниб етмаганини англадим…
Кези келганда яна бир воқеани эсламасликнинг иложи йўқ. Ўтган йили бўлғуси журналистлар туман таҳририятида амалиёт ўташгани ҳақида мақола ёзиб, ўша газета ходимларига ҳам ташаккур изҳор этгандим. Буни қарангки, бўлим мудирини «мухбир» деб ёзиб юборибман. У ўзини «камситилган» ҳисоблаб, роса хуноб бўлибди. Энг ачинарлиси, «мен мухбир деган сўздан ор қиламан» қабилида Бош муҳаррирга шикоят қилибди… «Жанжал»ни бости-бости қилишда ҳам Нусрат аканинг шу китоби жонимизга оро кирганди!
Бошқаларни билмадиму, шахсан мен учун МУХБИР, ЖУРНАЛИСТ деган сўзлар – ота ва она каби муқаддас номлар қаторида туради! Назимда, мухбирлик – қаламни чархлашда катта синов ва машқ майдонидир. Қалами қайралган ижодкор эса шеърият бўстонига ёхуд наср боғига шахдамроқ қадамлар ила кириб боришига замин мустаҳкамланади. Устоз адибларнинг кўпчилиги турли газета ё журнал таҳририятларида фаолият кўрсатишгани ҳақида талабаларга фахр-ифтихор билан айтамиз. Таниқли адиб Нусрат Раҳматнинг «Мен Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган мухбир, журналистман» деб ёзгани нафақат камтарлиги, балки шу улуғ соҳага бўлган буюк эҳтироми, деб биламан. Ўша талаба «адабиётлар»ни мутлақо ўқимасдан синов имтиҳонларига «дадил кириб» келди! Табиийки, саволларга жавоб бера олмай, мум тишлаб қолди. Ҳатто, ОАВ қонунларини эслай олмади… Жўяли жавоб эшитмагач, «қўшимча адабиёт»га ўтдим:
– Хўш, «Мен мухбирман» китобида нималар ҳақида ёзилган экан? Халқаро журналистика муаммоларига дахлдор фикрлар ҳам бисёр, шундайми?..
– «Халқаро…»га тегишли жойини эслатинг…– Ўзича «нозик жойи»дан тутди пўримгина кийинган талабам. Қойил-е, дедим ичимда. Саволининг «залвори»ни қаранг! Нусрат ака бу китобини ёзган кезлари (1987 йилда «Мен редакцияданман» номи билан чоп этилган!) биз ҳам «халқаро журналист» деган тушунчадан анча йироқ эдик. Бироқ, ўша даврда ҳам китоб муаллифи «халқаро журналистика»га дахлдор фикрларнинг кифтини келтирган! Ўша жойини эслаб, Камолиддиннинг талабини қондирдим:
– Бўлажак халқаро журналист сифатида дунёвий асарларни кўпроқ биласиз, шундайми?
– Қайсини айтай?
– Шундай асарлардан бири – «Чио-чиосан», тўғрими?
– Тўғри,– деди талабам қошларини чимириб. Аслида у шунақа асар борлиги ҳақида биринчи марта эшитаётганини тиришган пешонаси айтиб турарди.
– «Мен мухбирман» китобида айнан ўша саҳна асарини деҳқонларимиз қай даражада томоша қилишгани ҳақида роса қизиқарли гаплар бор. Бундан ҳам муҳимроғи, тажрибали журналист сифатида Нусрат Раҳмат жуда долзарб мавзуни кўтарган. Эътибор беринг, «Матбуот ҳаётдан бир қадам олдинда бўлиши, оммани эргаштириши керак, дейишади назариётчиларимиз. Лекин амалий жиҳатдан у…»,– дедим талабамга тик боқиб,– хўш, у ёғини давом эттиринг-чи? Шунчалик зўр фикр ёзилганки, бутун халқаро журналистикага бирдек татийди!..
Талабанинг нафаси ичига тушиб кетди. Аудиторияга назар ташладим. Ҳамкурсларининг кўзларида ҳаяжон! Гўё, шу саволга мен жавоб берсам майлими, дегандек баъзи зукко йигит-қизлар қўл кўтаришарди. Билдимки, саволим ноўрин эмас. Бундан ҳам муҳимроғи, севимли адибимиз бўлғуси журналистларга роса «татийдиган» асар яратгани ўз исботини топаётганга ўхшарди наздимда!..
Бу фикримнинг исботини эртаси куни кўрдим. «Мен мухбирман»ни талабалар қўлма-қўл (талашиб!) ўқиётганларининг шоҳиди бўлдим. Энди улар «мажбурий адабиёт» сифатида эмас (чунки, кеча имтиҳоним тугаган!), чинакам журналистика сирларини ўргатишга хизмат қиладиган, беқиёс маънавий озиқ берадиган асар сифатида мутолаа қилишарди. (Баъзи талабаларим кутубхонадан ҳатто «Чио-чиосан» асарини ҳам суришибди!..)
Нусрат аканинг олдида «қарзим» бор эди; 1987 йили бу китобнинг биринчи нашрини ўқигач, муаллифини роса излагандим. «Меҳнат» нашриётида учрашгач, «Тақриз ёзаман!» дея ваъда бергандим. Афсус, ўша китобда ёзилган гаплардан ошириб бирор сўз айтолмагач, ёзишга журъат эта олмаскансан. Неча йилдирки, «Мен редаксияданман» шахсий кутубхонамнинг энг нодир китоблари қаторида турибди! Ўша кезларда туғилган ўғил-қизлар эса бугун талаба! Бугунги талабани эса – эртанги журналист, дея умид қиламиз! Ўша китоб ёнидан «Чўлпон» нашриёти қайта чоп этган – «Мен мухбирман» ўрин эгаллаган. Бу китоб нафақат кутубхонамдан, балки қалбимдан ўрин эгаллаган! Уни ўқиб, камина ҳам баҳоли қудрат редаксия ходими, мухбир бўла олган бўлсам, ҳақиқий муродимга етган ҳисоблайман ўзимни!..
Талабаларим ҳам уни нафақат «мажбурий адабиёт» сифатида, балки энг катта «Амалиёт китоби» сифатида севиб мутолаа қилишаётир.
Китобга тақриз сифатида айтажак гапларим фақатгина шу эмас. Юртимиз истиқлоли шарофати билан ўнлаб журналистлар хорижга бориб келишаётир. Улар ўз таассуротларини қаламларига яраша ёритишмоқда. Худо ёрлақаб, Нусрат ака дунё кезиб келса борми, «Мен мухбирман» китобининг иккинчи томи ҳам ёзилармиди!.. Унда адиб илғор давлатлар журналистикасининг ибратли жиҳатлари, хусусан, таҳририятларнинг жамоатчилик билан алоқаларига оид тажрибаларини ва бошқа қизиқарли маълумотларни ёритиб берармиди! Ўша тўплам ҳам бўлғуси журналистлар учун муҳимроқ қўлланма бўлармиди!
SS
Ушбу мақола “Ҳуррият” газетасининг 2004 йил 10 март сонида ёритилган эди. Орадан шунча йил ўтибди! Бу орада устоз адибимизнинг Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларга бориб келгани ҳақидаги сафарномаларини мароқ билан ўқидик. Устоздан янада ажойиб асарлар кутиб қоламиз.
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар