Саводхонлик куни

  Ҳар йили 8 сентябрда Халқаро Саводхонлик куни нишонланади.

.    Бу сана 1965 йил 8 сентябрда бўлиб ўтган “Саводсизликни бартараф этиш бўйича Таълим вазирларининг Жахон конференцияси” иштирокчиларининг тавсиясига биноан ЮНЕСКО томонидан 1966 йилда эълон қилинган. Айни шу куни саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар тахлил қилинади.  Маълумки, ЮНЕСКО фаолиятиининг асосий мақсадларидан бири саводсизликка бархам беришдан иборат.

   Тахлилчиларнинг фикрича, катта ёшдаги жахон аҳолисининг ҳар бешдан бири – тўғрироғи, 20 фоизга яқини саводсиз эди. Шундан учдан икки қисмини аёллар ташкил қилади. Жахон мамлакатларида кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, 781 миллион кишининг саводсиз экани айтилади. Сайёрамизда салкам 100 миллионга яқин бола, аниқ рақамларга мурожаат қилсак, 86,4 миллион бола мактабга бормайди. Саводсизларнинг ярми Жанубий ва Ғарбий Осиё минтақасига, Африка мамлакатлари хиссасига саводсизларнинг бешдан бир қисми тўғри келади Жахондаги хар олти боланинг биттаси Нигерияда истиқомат қилади.  Бу мамлакатда болаларнинг тенг ярми мактабга бормайди. Қуролли тўқнашувлар давом этаётган минтақаларда эса салкам 48,5 миллион бола таълим олишдан махрум. Шунингдек, кўплаб болалар таълим олаётган ўқув муассасаларининг холига маймунлар йиғлайди. Бу даргохларда таълим бериш мавжуд стандартларга мутлоқо жавоб бермайди. Айни дамда мактабларнинг ташқарисида қолаётган хотин-қизларни дарсларга жалб қилиш хам асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Саводхонлик инсониятнинг энг катта бойликларидан бири. Аммо сайёрамиздаги барча инсонларни саводхон қилишнинг хозирча имкони бўлмаяпти. Айни дамда ер юзидаги саводхон кишилар сонини 4 миллиардга етказиш бўйича ишлаб чиқилган мақсад бажарилмаган.

Саводхонлик инсон хуқуқларидан бири бўлиб, шу билан бирга ахолининг ижтимоий-маданий тараққиёти даражасини белгилайди.

2000 йилнинг апрель ойида Сенегал пойтахти Дакарда ЮНЕСКО томонидан таълим масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда 2015 йилга бориб катта ёшдаги(айниқса аёллар) саводсизлар сонини икки баробар камайтириш масаласи мухокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди. Шунингдек, 2015 йилга бориб барча ўғил ва қизларнинг бошланғич таълим олишини таъминлашга эришиш борасида “Таълим барча учун” номини олган  қарор қабул қилинган эди. Бу мақсад ўша йили жахон рахбарлари томонидан қабул қилинган БМТнинг  Минг йиллик мақсадари хужжатида яна бир бор ўз аксини топди. ЮНЕСКОнинг дастури биринчи навбатда ахолисининг ярмидан кўпи саводсиз ва саводсизлар сони 10 миллион кишидан ошадиган мамлакатларга ёрдам беришга йўналтирилади. 2015 йил эшиқ қоқмоқда. Аммо қабул қилинган хужжат қоғозда қолиб кетаётгандек туюлмоқда.

Саводсизликка бархам бериш БМТнинг минг йиллик мақсадларидан биридир. Сўнгги ўн йилликда ўғил ва қиз болаларнинг мактабга бориши кўпайган бўлишга қарамай, қўйилган мақсад тўлалигича амалга ошди деб бўлмайди.

Саводхонлик ва саломатлик бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Ўқиш ва ёзишни билганлар ўзларига ишонч билан қарашади. Саводли  ота-оналардан тарбия кўрган болалар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етади. Саводхонлик нафақат бир шахсга, балки оила ва жамиятга фойда келтиради. Таълим одамларга қашшоқлик ва ишсизликни бартараф этишга, иқтисодий ривожланиш ва демократия ривожига  ёрдам беради.

ЮНЕСКО ташкил этилган 1945 йилдан бери ташкилот саводсизликка қарши курашиб келади. Мазкур муаммо миллий ва халқаро даражада мухокамалар мавзуси бўлиб келаётган бўлишига қарамай, сайёрамизда катта ёшдаги 781 миллион киши ўқиш ва ёзишни билмайди. Айрим болалар эса оиласининг камбағаллиги ва ижтимоий муаммолар сабаб мактабни ташлашга мажбур бўлмоқда.

Мактаб таълими аёллар учун айниқса мухим экани айтилади. Хотин-қизларнинг саводхонлиги оилавий даромадни кўпайишига хисса қўшади. Бу ўз навбатида соғлом фарзанд туғилишини, болалар ўлими камайишини англатади. Шу сабабли хам БМТ муассасалари таълим дастурларининг асосий обьекти сифатида хотин-қизлар кўрилади.

БМТ тузилмалари таълим сохаситда турли датурлар устида иш олиб боради. Таълим сохасида БМТнинг Таъли, Фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти –ЮНЕСКО мухим роль ўйнайди. Бу ташкилот бошқа хамкор муассааслар билан хамкорликда болаларнинг мактабга бориши, у ерда малакали ўқитувчилардан дарс олиши учун саъй-харакат қилади.  ЮНЕСКО бошланғич таълим бепул бўлиши лозимлигини таъкидлаб келади. Акс холда саводхонлик билан боғлиқ вазият янада ёмонлашар экан. ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокованинг фикрича, давлат хар бир боланинг таълим олиш хуқуқини таъминлаши керак.

Болаларнинг тўйиб овқат емаслиги глобал муаммо сифатида тан олинган. Тўйиб овқат емаслик беш ёшгача бўлган хар учта боланинг биттасида кузатилмоқда. Бу ўз навбатида уларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатади.

Тахлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда болалар мехнат бозори гуллаб-яшнамоқда. Улар арзимаган пул эвазига зарарли бўлган ишларни бажармоқда. Бунинг оқибатида болалар ўртасида жиноятчилик, фохишабозлик кўпайиб бормоқда. Айрим маълумотларга кўра, бугунги кунда ер юзида оила мехридан ва ўқитувчилар таълимидан бебахра бўлган “кўча болалари” 100 миллионга яқинлашиб қолди.

Шархловчилар бундан-да дахшатли статистикани келтиришмоқда. Сўнги ўн йилликда қуроли тўқнашув ва урушлар туфайли бир миллионга яқин бола ўлдирилган, тўрт миллионга яқин бола жарохат олган. Беш миллион бола эса етим ва қочқин бўлган.

Дайди-болалар, ўсмир-аскарлар  -миллатлароро қирғин баротлар давом этаётган мамлакатларда одий воқелика айланиб улгурди. Буларнинг хаммаси жахон хамжамияти хал қилиши керак бўлган  глобал муаммолардир.

             Шарофиддин Тўлаганов

                 “Сиёсат” ахборот тахлил маркази эксперти

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *