“Меҳмон”

“Тўйимизга айтилганлардан кўра айтилмаганлар кўпроқ келишибди…”

Маҳалладош суҳбатидан.

DSC_0384

Уни тўйга айтиш шарт эмас,

Эшитса бас, келади ўзи.

Чиқиб олар давра тўрига,

Сўнг бақрайиб туради кўзи.

 

Қулоғига чалинса бўлди,

Айтилгандек ҳозиру нозир.

Меҳмонжонлар бир четда қолиб,

Ўзи роса дилини ёзур.

 

Унга шароб тутиш шарт эмас,

Тортиб олиб ўзи қуяди.

“Тамада”лик биздан бўлсин, деб

Бошқаларга кулиб қўяди.

 

Сув ўрнига сипқорар ароқ,

Ичаверар қолгунча бўкиб.

Сўнг алжирар тўй эгасига,

Ҳасратини солади тўкиб:

 

“Нега мени тўйга айтмадинг?

Ахир, менсиз ўтадими тўй?!

Гуноҳингдан кечмоқлик учун,

Қани яна юз граммдан қуй…”

 

Куй авжига чиққанда у ҳам,

Рақсга тушар роса диконглаб.

Қистир-қистир бўлармикин, деб

Атрофига қўяр аланглаб.

 

Нафс қонса ҳам тўймайди кўзи,

Қўлига не илинса олар.

“Тўйдан юқсин” дея хаспўшлаб,

Мамнун ҳолда қўйнига солар.

 

Карнай-сурнай садоси ичра,

Кўнгил овлаш бўлса ўйингиз.

Баъзан шундоқ “меҳмон”лар билан,

Балки қизиқ ўтар тўйингиз…

ТЭшбек

Тўлқин ЭШБЕК

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *