Саховат савоби ва кўмакдан кўтарилган кўнгиллар
ЎзМУда “Сардобага саховатнинг сараси!” хайрия акцияси давом этмоқда.
Кўпнинг дуоси ҳам, хайру саховати ҳам кўл бўлар экан.
Кечанинг ўзида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари Сирдарё вилояти Сардоба туманига юборган моддий ва хайрия ёрдамлари миқдори ёзилган маълуотномага разм соламан. Болаларга 864, аёллар ва қизалоқларга 1094, эркакларга 593 бош кийим-кечаклар, 102 жуфт пойафзаллар, 20 қути хўжалик моллари ва санитария-гигиена воситаларидан ташқари 33 миллионн 749 минг сўм тегишли манзилларга етказилган.
ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов уззу кун жабрдийда одамлар билан бирга. Ҳар бир оилага мурувват кўрсатилишида Устознинг ўзлари бош-қош бўлаётир. ЎзМУнинг психология ва социология мутахассислиги бўйича профессор-ўқитувчиларидан 20 нафари хонадонма-хонадон юриб, одамлар билан мулоқот ўтказишмоқда.
– ЎзМУ жамоасининг “Сардобага саховатнинг сараси!” хайрия акцияси бугун ҳам қизғин давом этмоқда,– дейди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Камолиддин Мирзааҳмедов.– Саховатпеша жамоамиз аҳли атаганларини пешма-пеш етказиб келишмоқда. Ҳадемай навбатдаги карвон Сирдарё сари йўлга тушади.
Одамларни руҳлантириб, илҳомлантириб, эзгу ишларга даъват этиб туришда ҳам кўп ҳикмат бор. ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Маҳлиё Мирсоатова телеграм каналида шундай ёзади:
– “Инсон бошига иш тушса кимни кимлиги биланар”, дейишади. Мен ҳам икки кундан буён ЎзМУ жамоасининг жонбозлик билан қилаётган ҳаракатларини кўриб, саховатпешалигу, меҳр-оқибатидан юрагим тўлқинланиб кетди. Шундай ажойиб халқнинг фарзанди эканлигимдан, ўзбеклигимдан фахрландим. Профессор-ўқитувчиларимиз, ходимларимиз, ҳатто баъзи талабалар саховат улашишни ўз бурчи, деб билдилар. Ҳурматли Ректоримиз Авазжон Мараҳимов ўша куниёқ ҳукумат вакиллари сафида Сирдарёга йўл олган бўлсалар, бу ерда проректорлар, бўлим бошлиқлари, деканлар, кафедра мудирлари ва бошқа масъуллар ташкилий ишларни баҳамжиҳатлик билан йўлга қўймоқдалар. Четдан қаралганда худди бир оилага ўхшаймиз. Ҳа, чиндан ҳам биз ягона илму маърифатпарварлар оиласимиз!
Хорижий филология факультети декани Ирода Жўраева:
– “Сардобага саховатнинг сараси!” хайрия акциямизда иштирок этаётган жамоамиз билан бирга собиқ курсдошларим ҳам ҳимматларини кўрсатаётганидан мамнунмиз. Жамила Жумабаева раҳбарлик қилаётган Инглиз филологияси кафедрасининг фидойи профессор-ўқитувчилари бу борада таҳсинга лойиқ ишлар қилишмоқда.
Ижтимоий фанлар факультети Этика ва эстетика кафедраси мудири, таниқли олима, профессор Лаълихон Муҳаммаджонованинг даъваткор сўзларини ҳаяжонсиз ўқий олмайсиз:
– Ўтган йили Сирдарё вилояти мактабларида маҳорат дарсларини ўтиш учун борган Ректоримиз Авазжон Мараҳимов ўша заминда жабрдийда халқ билан ҳамнафас бўлиб турибди. Кеча ЎзМУдан борган улкан юк машинасидан тушурилаётган кийим-кечак ва бошқа ашёларни кўриб: “жамоамиз билан жуда фахрланаман” дегани бизга янада руҳий куч бахш этди. Бугун эрталабдан яна саховатпеша жамоамиз ҳаракатга тушиб кетди. “Сардобага саховатнинг сараси!” хайрия акциямизда мен тўпланаётган нарсаларни кўриб енгил тортдим. Деярли ҳаммаси янги нарсалар, ҳаттоки аёллар учун оёқ кийимлар, қимматбаҳо матолар, эркаклар учун кўйлаклар тахлам-тахлам. Проректоримиз Камолиддин Мирзааҳмедовнинг айтишича, Гулистон шаҳридаги коллежлардан бирида қўним топган 9 ёшли болакай ЎзМУдан борган кийим-кечаклар орасидан битта адёлни олиб хаста отасини ўраб-чирмаб қўйибди.
Хорижий филология факультети Жаҳон адабиёти кафедраси доценти Содиқжон Ёқубов болалар кровати, монеж коляска ва бешик инъом этибди. Уни бир ёш она ҳаяжон билан қабул қилар экан, “ўғилчам бешикка ўрганган эди, барака топинглар” деб дуо қилибди. Болакай ҳам кўрпачада ётолмай инжиқланиб турган экан, бешикка белаши ҳамоно юзида ширин табассум билан ширингина уйқуга кетибди!
Айни пайтда ЎзМУ Хотин-қизлар қўмитасига етакчилик қилаётган Лаълихон опамизнинг ҳикоясини тингаб, туйғулар беихтиёр шеърий сатрларга уланиб кетди:
БЕШИКДАГИ БОЛАКАЙ
Бешигида бехавотир ухлаб қолган болакай,
Эрта сени ЎзМУ деган улуғ даргоҳ кутади!
Ғамга ботмас ота-онанг, кўрди ҳаёт синовин,
Эл меҳри-ю саховатдан андуҳни унутади!
Саховатнинг сарҳади йўқ, меҳрга кон элмиз биз,
Бир майизни қирққа бўлиб, баҳам кўриш қонда бор!
Сув тошқини синов бўлса, бардошимиз етарли,
Қўлни қўлга бериб яшаш ҳар ўзбекда, жонда бор!
Сув аслида – бало эмас, оби-ҳаёт бахш этар,
Жиловини қўлга олсак, дала-даштлар яшнайди.
Елкасида Алпомишдек болакайлар ўтирган,
Бойчибордек учқур отлар улоқ чопиб кишнайди.
Келажаги порлоқ болам!
Улғаявер бешикда!
Янги замон авлодлари, эрта – таянч-тоғимиз!
Бизнинг Миллий дорилфунун – иқтидорлар бешиги,
Сенга қанот бахш этади боқий илм боғимиз!
Юртбошимиз меҳри мадад эрта-ю кеч элимга,
Ўзбекистон янги руҳда ташлар дадил қадамин.
Бунёд этар замонавий кўркам шаҳар, қишлоғин,
Тинч-осуда ҳаётнинг ҳам қадрин билиб ҳар дамин.
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар